- Ижтимоий ҳаёт, МУҲИМ ХАБАРЛАР

Оролнинг яхши қалқони (2019 йил, 5 сон)

Шу кунларда Орол денгизининг суви қочган ҳудудларида янгидан пайдо бўлган бепоён қум саҳроси узра улуғ бир сурон кезмоқда. Туну кун акс-садо бериб ишлаётган бир неча юзлаб тракторлар наъраси денгиз ўрнида яшил қалқон яратаётган фидойи инсонлар қалбидаги бунёдкорлик қудратини намоён этаётир. Улар барпо этаётган ўрмонзорлар Орол фожиасидан завол топган она табиатимиз дардларига малҳам бўлади. Боғ ва экинзорлар, дала-даштларимиз, набототу ҳайвонот дунёси, бутун борлиқ заққум бўронлар ҳамласидан нажот топади. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари, барча вилоятлардан Оролбўйига етиб келган ўрмончию механизаторлар, зироатчи мутахассислар, ер тузувчи муҳандису ишбошилар Мўйноқдан юз-икки юз чақирим олис ҳудудларда ўз қароргоҳларини тиклаб, оғир уруш йилларида атиги қирқ беш кунда қазилган Катта Фарғона канали қурилишида бўлгани каби беқиёс мардлик ва матонат намуналарини кўрсатишмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббусидан руҳланган ўрмончи-ҳашарчилар қишнинг қаҳратон совуқ ва изғиринларини писанд этмасдан саксовул кўчатлари ва уруғларидан яшил олам яратишмоқда. Оролқумни сунъий ўрмонзорга буркашга жаҳд этган азаматлар эгарлаган пўлат тулпорлар осмонда арғамчи ёйган турналар карвони каби оппоқ қор узра чуқур из қолдириб, жавлон урмоқда. Буюк сафарбарлик – буюк мўъжиза яратмоқда!

Бир пайтлар Оролнинг мовий тўлқинлари кўкка ўрлаб, Мўйноқ ва Қозоғистоннинг Орол шаҳарлари орасидаги қарийб беш юз километрли денгиз сарҳадларини теплоходлар яқин қилган чоғларда ана шу кўм-кўк баҳри муҳит ўрнида Оролқум саҳроси пайдо бўлади, дейишса ҳеч ким ишонмасди. Ишониш у ёқда турсин, “э, нафасингни ел учирсин”, дея маломат қилишлари мумкин эди.

Афсуски, ўтган асрнинг 60-70-йилларида қулоққа чалинган гаплар рост бўлиб чиқди… Оролнинг тақдири ҳақидаги нохуш хабарлар қачон овоза бўлганини айтиш қийин. Сабаби шўро цензураси оғиз очгани қўймас, матбуот бу ҳақда ишора ҳам қилолмас эди. Лекин горбачёвча “ошкоралик замони”да “Литературная газета”, “Новый мир”, “Огонёк” каби нашрлар ҳақиқатга юз буришди. Айни ўша даврда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳам халқимизни қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар, экологик фожиаларни дадил тилга ола бошлади. Бунда газета бош муҳаррири, машҳур адибимиз Одил Ёқубовнинг фидойилиги, ҳақиқат ва адолатнинг юзига тик қарай олгани қўл келди.

Орол фожиасига доир илк мақолаларни (“Қирғоқдан қочаётган денгиз”, “Орол билан юзма-юз”, “ЎзАС”, 1987 йил 16 январь, 20 февраль) таниқли шоир Маъруф Жалил ёзган эди. Миллат ва Ватан тақдирига ижод аҳлини масъул деб билган Маъруф ака Нукус ва Мўйноққа бориб, қорақалпоқ дўстларига: “Менга ўша қадр­дон қирғоқларини ташлаб кетаётган денгизни бир кўрсатинглар, ҳеч бўлмаса охирги марта бўлса ҳам бир кўриб қолай”, деб ўтинган. Ўшанда денгиз Мўйноқдан саксон-тўқсон километрлар чамаси узоқлаб, Урга, Оқбеткай, Оққала каби овул-қўрғонлардан одамлар бутунлай кўчиб кетишган, кемалар соҳилларда қумга ёнбошлаб қолган кезлар эди. Шу боис ботқоқланиб ётган соҳиллар оша жон талвасасидаги Оролнинг кўм-кўк мавж­ларига қадар етиб бора олишмаган. “Нега олдинроқ бормадим? Сувга тўлиб, чайқалиб, тўлқинланиб турганида борсам бўлмасмиди? Унинг соғлом, бақувват, хушчақчақ пайтида бормай, энди кундан-кунга озиб, ҳолсизланиб ётган бемор чоғида бораётганимни ўйлаб, юрагим ачишиб кетади”, деб ёзганди муаллиф.

Туронзаминнинг ҳаёт-мамот манбаи бўлган ягона денгизимиз дийдорига тўя олмасдан қайт­ган шоирнинг кечинмалари гўё онасидан эрта айрилган фарзанднинг оҳу фарёдини эслатганди. Жон талвасасидаги денгиз ва унинг бўйидаги одамлар тақдири, инқирозга юз тутаётган табиат муаммолари рўй-рост ёзилган мақолалар катта акс-садо берди. Ўша йил 10 апрелда таниқли адабиётшунос олим Пирмат Шермуҳамедов ташаббуси билан тайёрланган “Орол тақдири – бизнинг тақдиримиз” сарлав­ҳали қўш саҳифада Чингиз Айтматов, Абдужамил Нурпеисов, Сергей Залигин, Максим Танк, Алесь Адамович, Григорий Бакланов, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Ўлмас Умарбеков каби атоқли ўзбек, қирғиз, қозоқ, рус ва белорус адиблари Оролни сақлаб қолиш наинки ижтимоий масала, балки долзарб маънавий масала ҳам эканлигига бутун жамоатчилик эътиборини жалб этган эди. “ЎзАС”нинг ушбу чиқиши “Литературная газета” (“Орол – бизнинг умумий дардимиз”, 1987 йил, 22 апрель) томонидан қўллаб-қувватланиб, “Турон миллатларига мансуб адиблар гуруҳининг бу чиқиши – бизнинг давримиз учун ғоят муҳим, долзарб воқеадир”, деб баҳоланган эди.

Орадан бир йил ўтиб, “Помир” ва “Новый мир” журналлари ташаббуси билан ёзувчилар, олимлар, сув хўжалиги мутахассисларидан иборат “Орол-88” илмий экспедицияси ташкил этилди. Экологик фожиа кўлами чуқур ўрганилиб, собиқ иттифоқ Сув хўжалиги вазирлиги ўз режаларини оммадан сир тутиб, холис экспертизадан ўтказмасдан амалга ошириб келгани денгизни ҳалокатга маҳкум этган асосий сабаб қилиб кўрсатилди… Бироқ энди кеч эди. Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов армон билан ёзганидек:

 

Отанг кетса агар, ота бўлурсан,

Онанинг ўрнини босгай қиз, сингил.

Денгизинг қуриса не ҳам қилурсан,

Қайга бош урурсан, эй мунглуғ кўнгул?!

Шундай бўлиб чиқди. Денгизимиз бутунлай қуриб-қақшаб, ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида кўнгилларимиз мунглуғлигича қолиб келди. Боз устига рўй-рост гаплар билан бирга жамоатчиликни чалғитувчи – шўроларнинг очкўзлиги ва калтабинлиги боис келиб чиққан экологик фожиа айбдорларини ҳимоя қиладиган тутуриқсиз ғоялар ҳам илгари сурилди. Асл ҳақиқатни хаспўшлашга қаратилган шундай қарашлардан бирида “Денгиз Ер сайёрасида рўй бериб турадиган табиий жараёнлар туфайли илгари ҳам бир неча марта қуриб, бир неча марта тўлган” ёки “Орол денгизининг суви Каспийга оқиб кетган” каби уйдирмалар ўртага ташланди.

Орол денгизи шўроларнинг узоқни кўзлаб амалга оширган геосиёсий мақсадлари тақозоси билан қуришга маҳкум этилган эди. Бу “Орол – 88” экспедициясининг собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган ҳисобот мажлисларида қозоғистонлик олимлар тақдим этган – денгизнинг қуриган ҳудудларида Сибир суви билан деҳқончилик қилишга доир хариталар орқали фош этилди. Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиё томон буриш эса, буюк давлатчилик тарихи ва кучли ўзига хос маданиятга эга, бироқ иқтисодиёти сув манбалари билан бевосита боғлиқ бўлган шу ҳудуддаги республикаларнинг абадул абад қарам бўлиб қолиши, мустақиллик орзуси уларнинг тушига ҳам кирмаслиги учун керак эди. Бундай режа, ҳатто қизиллардан аввалги чор генералларида ҳам бўлгани хусусида кейинги вақт­да топилган манбалар гувоҳлик бермоқда. Шу мақсадда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўп ўтмай Орол денгизининг асосий қон томири бўлган Амударё сувининг тенг ярми Қорақум саҳросига оқизилиб, Оролнинг насибаси қирқила бошлади. Ҳозир ушбу канал минг километр­дан ортиқ саҳро ичидан ўтади ва унда теплоходлар қатнайди. Кейинчалик қўриқ ерларни ўзлаштириш баҳонасида экс­тенсив деҳқончиликка зўр берилди. Марказий Осиё жумҳуриятларидан реал имкониятдан келиб чиқмаган ҳолда асоссиз равишда миллионлаб тонна пахта талаб қилина бошлади. Оқибатда кўп пахта олиш учун сув манбаларини талон-тарож қилиш урф­га айланди. Обиҳаёт самарасиз сарфланди. Натижада сизот сувлар сатҳи кўтарилиб, унумдор ерлар шўрлай бошлади. Шўр ювмасдан деҳ­қончилик қилиб бўлмай қолди. Оқибатда зовурларга тушадиган оқова сув миқдори ошиб, минтақа ҳудудида катта-катта кўллар пайдо бўлди. Сариқамиш, Айдаркўл, Денгизкўл каби табиий кўллар майдони юз баробардан зиёдга кенгайди. Сув омборлари қанча кўп қурилган бўлса, янгидан пайдо бўлган шўр кўллар миқдори ҳам шунча ошди.

ИЛМИЙ МАЪЛУМОТ: Россия ва АҚШ олимлари масалага илм-фан ютуқлари асосида ёндашиб, муаммога ойдинлик киритишди. Interfax.ru cайти шу йил 22 январда РФА Сибир бўлимининг “Наука в Сибири” нашрига асосланиб тарқатган маълумотга кўра, Орол денгизининг ёши – 17 минг 600 йил экан. Асосий тадқиқотлар Соболев номидаги Геология ва минералогия институти ҳамда Аризона университети олимлари томонидан олиб борилган. Орол денгизининг геологик тарихи бўйича янги маълумотлар олиш учун тадқиқотчилар денгиз чуқурлигининг шимолий қисмида бир қанча бурғилаш ишларини амалга ошириб, кўл тубидаги барча чўкмаларни қатлам-қатлам ҳолда текширишга муваффақ бўлишди. Шунинг­дек, чўкмалар таркиби ҳамда микрофаунаси (майда зарралар ҳолидаги сув мавжудотлари, карбонат кальцийга айланган чиғаноқлар – остракод ва фораминиферлар) ўрганилди.

Моллюскалар чиғаноғи ва остракодлар ёшини аниқлашга доир туркум радиоуглерод тадқиқотларга асосланиб, “Ҳавзаси майдони 1970 йиллардан қисқара бошлаган Орол денгизи бундан 17,6 минг йил аввал пайдо бўлгани биринчи марта ишонч­ли тарзда аниқланди”, дейилади илмий хабарда.

Олимлар хулосасига кўра, 17 минг 600 йил аввал шу ернинг чуқур ботиқ жойига дарёлар суви мунтазам равишда мўл-кўл келиб турган бўлса-да, бу даврдан кейинги бир минг уч юз йил мобайнида сув тушиши озайиши туфайли унинг шўрланганлик даражаси бирмунча ошган. Шўрланиш даражасининг ошиш даври 14,5-14 минг йил бурунга тўғри келади, 14-13 минг йил аввал эса, сув яна чучуклана бошлаган. Сув манбалари ҳосил бўлишининг геологик таҳлили шуни кўрсатдики, бундан 18-23 минг йил бурун юз берган Ер сатҳини сўнгги муз қоплаши даврида Помир ва Тиёншон тоғларидаги музликларда жуда кўп миқдорда муз қатламлари вужудга келган.

Бундан 18 минг йил аввал рўй берган нав­­батдаги глобал исиш даврида ана шу музликлар тез эриб, Амударё ва Сирдарё ўзанлари орқали шитоб билан мавжуд чуқурлик-ботиқлик сари оққан ва уни сувга тўлдира бошлаган. Натижада ҳозирги Орол денгизи пайдо бўлган. Денгизнинг инқирозга юз тутиши эса, Сирдарё ва Амударё оқимининг жуда катта қисми йирик-йирик каналлар тизими орқали Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларини суғориш ва хўжалик эҳтиёжлари учун олинаётганда бошланди. Оқибатда денгиз қирғоқларидан тез чекиниб, туз ва пестицидлар ҳамда бошқа кимёвий моддалар чўкмаси қоплаган яйдоқ туби очилиб қолди.

1989 йили денгиз иккига – Шимолий (Кичик) ва Жанубий (Катта) ҳавзаларга ажралди. 2003 йилга келиб аввалги Орол денгизи сатҳининг чоракдан ҳам оз бўлаги, сувининг эса бор-йўғи 10 фоизга ҳам етар-етмас қисми қолди. 2014 йили Катта Оролнинг шарқий ҳудуди бутунлай қуриган эди, кейинги йилларда унга яна сув туша бошлади, бироқ ёз ойлари сатҳи саёзланиб, майдони қисқаради. 2017 йилнинг ёзида шарқий Катта Оролнинг сатҳи бироз кўтарилди. Бинобарин, нафақат Сирдарёдан, айни чоғда Амударёдан ҳам унга бироз сув келиб тушган кўринади.

* * *

Албатта, юз бераётган фожиа асоратларидан кўз юмиб бўлмай қолди. Фондлар тузилди, тобора ҳолдан кетаётган денгиз ва Оролбўйи аҳолиси дардига дармон бўлиш, ичимлик сув таъминоти ва тиббий хизмат савиясини яхшилаш, иш ўринлари очиш, шўрхок қум тўзонлари кўчишининг олдини олиш чоралари ахтарилди. Бироқ бу фалокатнинг кўлами шу қадар катта эканки, чора-тадбирлардан кўрилган баҳра гўё денгиздан томчидеккина эди. Айниқса, сўнгги йилларда қум тўзонлари кучайиб, нохуш табиат ҳодисалари тез-тез қайталаниши масалага мутлақо бошқача ёндашиш зарурлигини кун тартибига қўйди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол фожиасига қаратиб шундай деди:

“Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқ­ёс­даги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда. Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз”.

Шундан сўнг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада экологик вазиятни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари доимийлик касб эта бошлади. 2018 йил август ойида Туркманбоши шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жам­ғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида кун тартибига амалий вазифалар қўйилиши, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан Амударё ва Сирдарё­нинг сув манбаларидан фойдаланиш тўғрисида конвенция ишлаб чиқилиши, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст фонди тузилиши Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда туб бурилиш ясади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил 20-22 январь кунлари расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлган чоғида атроф-муҳитни муҳофаза этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, Германия ҳукуматига Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирди, Берлинни Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятида фаол иштирок этишга чақирди.

24 январь куни пойтахтимизда Атроф-муҳит ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражадаги VI конферен­ция­си ташкил этилиши ҳам бу борадаги Ўзбекистон ташаббусларининг мантиқий давоми бўлди. Анжуманда иштирок этган Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар вакиллари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш иштирокида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Оролни қутқариш халқаро жам­ғармаси фаолияти доирасида минтақавий шерикликни янада ривожлантириш, ташқи молиявий-техник кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама этилди.

* * *

Ўзбекистоннинг ўзида эса буюк сафарбарлик бошланди. Оролбўйидаги умумхалқ ҳашари давлатимиз раҳбари даъватидан руҳланган бунёдкор халқимиз салоҳиятини яна бир бор тўкис намоён этаётир. Ҳар куни минг­дан зиёд ҳашарчи беш юздан ортиқ зироатчилик техникаси ва самолётлар ёрдамида денгизнинг сувсиз ҳудудларида саксовулзорлардан яшил қалқон яратишмоқда. Шу йилнинг ўзида 500 минг гектар ерга саксовул экиш белгиланган. Ҳозирга қадар 440 минг гектардан зиёд майдонга саксовул кўчатлари экиш учун жўяклар олинди. 162 минг гектардан ортиқ майдонга 614 тоннадан кўп саксовул уруғлари сепилди. Бу ишларга 550 яқин техника воситалари ва самолётлар сафарбар этилган. Оролбўйи ҳудудида давом этаётган умумхалқ ҳашари ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Яқинда халқ севган санъаткорлар Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Феруза Жуманиёзова ва бошқа хонандалар минглаб гектар майдонларга саксовул экаётган ўрмончилар ҳузурида ўзларининг концерт дастурларини намойиш этишди. Бир неча гуруҳ қорақалпоқ санъаткорлари ҳам қаҳрамонона меҳнат манзараларини дилбар куй-қўшиқлар орқали тараннум этмоқдалар. Оролқум кенг­ликларини макон тутган ўрмончилар қароргоҳларида буюк бунёдкорлик шукуҳи кезмоқда.

Она табиатни асраш, унинг кўксини ғуборлардан поклаш йўлида эзгу ният билан бошланган ҳар қандай улуғ иш Оллоҳнинг мукофотига лойиқ экан. Куни кеча Мўйноқдан 200 километр олисдаги Шағала деб номланувчи манзилда чучук сув манбаи топилгани шундан далолат эмасми?! Жанубий Орололди ҳудудларидан шалоладек отилаётган бу сув 260-280 метр чуқурликдан чиқмоқда. Унинг минераллашуви уч грамм, қаттиқлиги эса 6 миллиграмм эквивалентга тенг экан. Бу каби 47-50 даража иссиқликдаги сувлар Қозоқдарё, Қораўзак, Чимбой ҳудудларида ҳам мавжуд.

Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси томонидан тумандаги “Уйғониш” ороли, Сургил, Ахантайда яна элликка яқин артезиан қудуқдан сув чиқариш кўзда тутилмоқда. Чучук сув кўзларининг очилиши мазкур ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам кенг шароит яратади.

Мурод АБДУЛЛАЕВ,

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan