Бўғзимни тилади бахт синиқлари (шеърлар. 2019 йил, 3 сон)

260

шаҳар тонги
шаҳидлар хиёбонида
тонг отиб келмоқда

бу ерда
тонг ёришмас
фақат отади
отаётган тонг
туннинг зулматидан
телеминора йўнар
ҳайкалтарошдай
дарахтларни ясаб ташлар бирма-бир
қатор

ва қуш ясаб шаҳидларнинг арвоҳидан
дарахтларга қўйиб юборар
чирқиллатар қушчаларни
улар тонгни
қуёшни уйғотар

тайёр бўлган оламга
қуёш эниб келар телеминора
ва дарахтлар учидан тик
Бўзсувдан юзини чайиб олмоққа
ҳафсала
ҳафсала кун етиб
пир бўлди охир

этагидан тутди
эгатларда
бекатларда
расталарда
хасталанган кўй
адашиб юрган миллат

этагини силкди
ҳафсала
тутдай тўкилди миллат
ҳафсаланинг пойига

лойиқ келган муридлардан бир жуфтини
кавш қилиб илиб кетди у
оёқларига

яна танлаб бешта олтитасин
қўйнига ҳам солиб олди
сайилларда алиштириб кийгани
ё бергани болаларига

бир одам
бир одам
бахтли қила олар битта аёлни
ҳечқурса
бир одам
қирқта бўлса қилиғи бошқа
болага ота бўлар
нари борса

бир одам
қурбон қилиши мумкин ватанга
битта жонини
ундан ҳам ўтса

лекин
бир одам
сотиб юбориши мумкин
ғорат қилиши мумкин
бутун бошли ватанни
гуноҳсизлик тавбаси
маъюс табассумингда
мен қилмаган гуноҳлар бир-бир
жилваланар шикаста,
аянч

қароқларга қалқиб чиқмаган
бир томчи ёш
бўғзимга тиқилар хўр-синиқ бўлиб
бўғзимни тилади бахт синиқлари
кимдир гуноҳидан тавбалар қилса
мен қилмаган гуноҳим учун
тиз чўкишга турибман тайёр

лекин
гуноҳсизликни
на сен кечирасан
на Парвардигор

бувим хотирасига
баҳор осмонида
сузиб кетаётган парқут булутнинг
бир бўлагин узиб олиб
ичидаги дўлларини чигитлаб ташлаб
шолчага солар
ва
таёқлар билан саваб булутни
солар неварасин кўрпачасига

ишкомдаги токнинг бўлиқ барглари
орасидан сўрига тушган
нур қатими билан қавийди кўрпачани

сўнгра
янги чиққан ойга белар неварасини
кўрпача тўшаб

елбешик бўлар ой

тонгласи
ечиб олар уни елбешигидан

азон айтар қулоғига тўрғайлар
қалдирғочлар тилаб берар ризқин Худодан

тушиб қолмаслиги учун бола юраги
жавзо
яшин билан қалдироқни
ўчириб туради келгуси кўкламгача

ариқ чулдирашни,
қушлар чуғурлашни ўргатар унга
қуш тилида тили чиқар боланинг аввал
кейин ўрганади ўзбекчамизни

энди тили чиққан бола
фаришталар тилини
бизнинг тилга таржима қилиб
ҳайратга солар ҳаммани
завқланамиз унинг ғалати
саволлару топилдиқларидан

йиллар ўтиб унутади қуш тилини болакай
ҳайратлари босилади сут тиши оғриғидай
қўшилиб кетади кўп қаторига

болакайнинг оёқ остига тушиб
издай босилган ҳайратларини
бир-бир териб олар ва асраб қўяр
эртаклар учун

унинг кўнглини
лавҳга солиб ўқиб ўтирар
тақдирига
тангридан таҳрирлар тилаб бермоққа
девонайи машрабу
қисасул анбиё хатмидан
бир нафас тин олиб…

ФАХРИЁР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг