Мусаввирлари сарвари (2019 йил, 3 сон)

635

Ҳаётда турфа инсонлар ва турли тақдирлар билан учрашишга тўғри келади. Баъзи одамлар ўз соҳасида нималаргадир эришади ва бу ютуқларидан эл-юрт хабардор бўлади. Баъзан арзимаган ишларини ҳам достон қилиб, ўзларини кўпчиликка намойиш этиш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиганларга ҳам дуч келамиз. Лекин асл инсонлар, ўз касбининг ҳақиқий фидойилари фақат иш, ижод билан банд бўлиб, кўпам шон-шуҳратга ўч бўлмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбек миллий академик драма театрида ўтказилган хотира кечасида ўтириб, хаёлимдан шундай фикрлар ўтди. Дарҳақиқат, шу куни хотирланган ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, бетакрор саҳналаштирувчи рассом Георгий Брим ўз ишини қойиллатиб бажарган, лекин камтарона ҳаёт кечирган инсон эди. Хотира кечасини очаркан, Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Г.Бримнинг ижоди ўта қизиқарли ва ҳар бир ижодкор ҳавас қилса арзигулик экани ҳақида фахр билан сўзлаб, ўзбек театр санъати бу бетакрор истеъдод олдида қарздор эканини айтиб ўтди.

— Агар унинг ижодий фанта­зия­си, сценографияси маҳсули бўлмиш спектакллар рўйхатига назар ташласак, қанчалар сермаҳсул ва сермазмун ижод қилганига гувоҳ бўламиз, — деди вазир ўз сўзида. — “Шоҳ Эдип”, “Мария Стюарт”, “Самандар”, “Бой ила хизматчи”, “Мен Чилига ишонаман”, “Қиёмат қарз”, “Келинлар қўзғолони”… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Яна “Риголетто”, “Кармен”, “Бўрон”, “Отелло”, “Майсаранинг иши” опералари… Георгий Брим деганда кўз олдимизга режиссёр Баҳодир Йўлдошев келади ёки аксинча. Чунки бу икки ижодкорнинг ҳамкорлиги натижасида ўтган асрнинг охирги 30 йили нари-берисида тенг­сиз саҳна асарлари юзага келди. Ушбу спектаклларда рассом саҳналаштирувчи режиссёр билан елкама-елка туриб ижод қилди. Бугунги хотира кечасининг аҳамияти яна шундаки, ушбу тадбир миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини юқори даражада йўлга қўйиш мақсадида Германия Федератив Республикасига амалга ошириладиган олий даражадаги ташриф олдидан бўлиб ўтяпти. Ҳали бу каби тадбирлар, учрашувлар давом этади.

Шу куни асли немис миллатига мансуб, ўзбек миллий театр санъатининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган улкан рассом ҳақида Ёқуб Аҳмедов, Ёдгор Саъдиев, Олимжон Салимов, Александр Батиков, санъатшунос Дилафрўз Қодирова ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан гапирдилар. Жумладан, таниқли режиссёр Олимжон Салимов бу рассом билан фақат битта спектакль устида ишлаган бўлса-да, бой тажриба орттиргани ҳақида ғурурланиб сўзлади: “Очиғи, унча-бунча ўзбекман, деган одамдан ўзбекроқ эди. Тафаккури, ақлининг теранлиги билан бошқа театр ижодкорлари орасида ажралиб турарди. У оддий, айни пайтда, улуғ инсон эди”.

Таниқли рассом, Г.Бримнинг шогирдларидан бири Александр Батиков устознинг камтарлиги, ижод жараёнида ҳар қандай ишни ҳеч иккиланмай биргаликда бажариб кетавериши ҳақида тўлқинланиб сўзлади: “Георгий Брим деган галактика бор. Ана шу галактикада унинг шогирдлари ҳам бор. Ўзим ҳам унинг шогирдлари орасида эканимдан, тақдир бизга Бримдек ажойиб инсон билан бирга ишлашни насиб қилганидан миннатдорман”.

Бу гаплар айни ҳақиқат. Г.Бримнинг шогирдлари бугун театр санъати соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар бўлиб етишишди. Демак, устоз рассомнинг ибратли умри ва ишлари шогирдлари ижодида давом этмоқда.

 

Г.УМАРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг