Сўфизода қачон туғилган? (2019 йил, 2 сон)

315

Миллий Уйғониш даври адабиётининг йирик вакили, 1937 йилдаги сталинча қатағон қурбони Муҳаммадшариф Сўфизода ҳаёти ва ижодининг баъзи нуқталари, афсуски, ҳали-ҳануз ноаниқлигича қолмоқда. Чунончи, унинг таваллуд санаси турли манбаларда турлича қайд этилади. Наманганлик қаламкаш Ҳусайн­хон Орифов ушбу мубҳамлик оқибатларига диққатни қаратиб, маърифатпарвар шоирнинг туғилган йили Чуст шаҳридаги бюсти остига 1869, Наманган шаҳридаги бюсти остига эса 1880 деб битилгани  ҳақида ёзади. Юртимизга ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар бу икки ёдгорлик билан танишгач, айни ҳолдан ҳайрон бўлсалар керак, деб таажжуб билдиради у ўз хатида. Сўнгра эса янада куюнчаклик билан: “Ортимиздан келаётган ёш авлодлар-чи?” дея ҳақли савол қўяди. Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида атоқли адабиётшунос, академик Наим Каримовга мурожаат этдик. Қуйида олимнинг таҳририят илтимосига кўра ёзган мақоласини чоп этаётирмиз.

Танқид ва адабиётшунослик бўлими

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида туғилиб, ХХ асрнинг биринчи ярмида ёруғ дунёни тарк этган барча ўзбек шоир ва ёзувчилари ғоят мураккаб тарихий шароитда яшаб ижод қилишган. Ота юртида турли таъқибларга учраб, ўзга диёрлардан паноҳ топишга мажбур бўлган шоирларнинг эса на туғилган йиллари маълум, на ёзган асарлари авлодларга тўла етиб келган. Умри дарбадарликда кечган шундай шоирлардан бири Муҳаммадшариф Сўфизодадир.

Биз яқин-яқингача Сўфизоданинг 1926 йили ўзбек ёзувчилари орасида биринчи бўлиб “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланганини билмас эдик. 1937-1938 йилларда минглаб Сўфизодалар  манглайига “халқ душмани” тамғаси босилиб, отиб ташланганидан сўнг улар номини тилга олиш, асарларини ўқиш ва сақлаш қатъиян тақиқланди. Кимнинг уйидан бирор “халқ душмани”нинг китоби чиқиб қолса, уни ҳам қамоққа олиб, борса-келмас жойларга сургун қилиш оддий ҳодисага айланди.

Шукроналар бўлсинки, “Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди” деганларидек, дориломон кунлар келиб, юзлаб Сўфизодалар ҳақидаги аччиқ ҳақиқатлар юзага чиқди.

Сўфизода тўғрисидаги илк маълумот “Фарғона” газетасининг 1925 йил 30 март сонида босилиб чиққан. Наманганлик журналист ва адабиётшунос Лутфулла Олимийнинг “Унутилган шоир” мақоласидан маълум бўлишича, Сўфизода унга мактуб ёзиб, эл-юрт манфаати йўлида узоқ вақт хизмат қилганига қарамай, унутилиб, хорлик ва зорликда умр кечираётганидан шикоят этган. Л.Олимий ўз мақоласида дўстининг ночор бир аҳволда яшаётганини маълум қилиш билан бирга, унинг шеърларидан айрим намуналарни ҳам эълон қилган. Шулардан бирида кекса шоир бундай васиятнамо сўзларни юрак қони билан ёзган экан:

…Нотавон, маъюс Сўфизода
меҳнатдин ҳориб,
Ишчилар бирлашганини
кўрмайин ўлса қариб,
Ёшлар кўмсун ўлугимни
қизил бўзга сариб,
Йиғласун қашшоқлар мунглуғ
мозоримга бориб,
Ўзгалар жавлон гаҳи, кўрдингми
тоқу тумтароқ,
Бора-бора мен юқоридан
қуйиға дўмбалоқ…

Сўфизоданинг бундай аянчли ҳолати адабий жамоатчиликни ҳам, ҳукумат ходимларини ҳам лоқайд қолдирмади. Л.Олимий мақоласидан кейин кўп ўтмай, “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 1926 йил 10-11-қўшма сонида Шокир Сулаймоннинг “Шоир Тоҳир Сўфизоданинг қисқача таржимаи ҳоли” деган мақоласи босилиб чиқди. Ш.Сулаймоннинг 1926 йил 30 октябрда Ҳамзага йўллаган хатидан маълум бўлишича, у дастлаб ҳар икки шоирга мурожаат қилиб, улардан  “шу яқин кунларда ўз таржимаи ҳоллари”ни ёзиб беришни сўраган. Ш.Сулаймоннинг шу сўзларига асосланиб айтиш мумкинки, унинг “Маориф ва ўқитувчи” журналида эълон қилинган мақоласи замирида Сўфизоданинг ўз қўли билан ёзган маълумотномаси ётади. Шу таржимаи ҳолда ёзилишича, Сўфизода 1870 йили Фарғона вилоятининг Чуст шаҳрига яқин Аҳси шаҳанд қишлоғида туғилган.

Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, Сўфизода Л.Олимийга  хат ёзишидан аввал Наманган уезд-шаҳар ижроия комитетига ва бошқа юқори идораларга ариза билан мурожаат этиб, ўзига нафақа тайинлашларини илтимос қилган. Ҳамза ҳам худди шу масала билан жиддий шуғулланган. Бу икки шоирнинг саъй-ҳаракати билан уларга нафақа белгиланибгина қолмай, 1926 йил 27 февралда Сўфизодага “Ўзбекистон халқ шоири”, Ҳамзага эса “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонлари берилган.

Шуниси ачинарлики, Сўфизодага нафақа тайинланиши ва унвон берилиши муносабати билан тузилган ҳужжатларда унинг ҳаёт йўлига, хусусан, туғилган санасига оид бирор маълумот қайд этилмаган. “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 1926 йил 10-11-сонларида босилган “таржимаи ҳол”да эса бизни қизиқтирган масала ҳақида бундай сўзлар ёзилган: Асли исми Муҳаммад Шариф бўлиб, Фарғона музофотининг Чуст шаҳрига яқин Аҳси шаҳанд қишлоғида 1870 йилда таваллуд топган. Ўзи йўқсул бир оиладан бўлиб, эски усулда хат-саводини чиқарган ва ўз ижтиҳоди соясида газет ва матбуотга берилиб, замоннинг сўз тараққийпарварларидан бўлиб танилган…” “Таржимаи ҳол”нинг шу сўзларига қараганда, Сўфизода 1870 йили Чуст яқинидаги Аҳси шаҳанд қишлоғида дунёга келган. Унинг қайси ой ва қайси кунда туғилгани масаласи эса очиқ қолган.

Сўфизодага “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилганидан сўнг бир неча йил ўтгач, унинг ҳаётида хушнуд ўзгаришлар рўй бера бошлайди. 1934 йили Ўзбекистон Тил ва адабиёт илмий текшириш инс­титути Сўфизода ижодини ўрганиш масаласини муҳокама қилиб, кекса илмий ходим Миён Бузрук Солиҳовни Чуст шаҳрига илмий сафарга юборади. Олим Чуст шаҳрида, Сўфизоданинг уйида яшаб, унинг ҳаёти ва адабий меросини ўрганиб, “Сўфизода ва унинг ижоди ҳақида” рисоласини ёзади.  1934 йили Тошкентда чоп этилган бу рисола Ўзбекистон халқ шоирига бағишланган биринчи йирик тадқиқот эди. Аммо бу рисолада нима учундир энг муҳим илмий муаммолардан бири – шоирнинг туғилган санаси четлаб ўтилган эди.

Миён Бузрук Солиҳовнинг рисоласи нашр этилганидан сўнг, орадан 34 йил ўтгач, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти замонавий ўзбек адабиёти тарихини яратишга киришади. Шу муносабат билан ёш илмий ходим Тўлқин Расулев Чустга бориб, Сўфизоданинг замондошлари ва қариндош-уруғлари билан суҳбатда бўлиб, шоирнинг ҳаёт йўли ва адабий меросини тиклашга уринади. У Сўфизода шеър­ларини “Тароналар” номи билан нашр эттирибгина қолмай, атоқли шоирнинг “ижодий портрет”ини яратиб, уни “Ўзбек совет адабиёти тарихи”нинг 1-жилдида эълон қилади. Ёш  тад­қиқотчи шоирнинг туғилган санасини ҳар икки нашрда оғзаки манбаларга асосланиб, “1869 йил” деб кўрсатади ва бу билангина кифояланмай, Сўфизоданинг туғилган куни ва ойига ҳам “равшанлик киритиб” ёзади:  “Муҳаммадшариф Сўфизода 1869 йил 29 январда ҳозирги Андижон областининг Чуст районида туғилган”.

Хўш, ёш илмий ходим Т.Расулев бу “мукаммал сана”ни қайси манбага таяниб айтган? Шу сананинг Сўфизода таваллуд топган кун, ой ва йил эканига ишониш мумкинми?..

Гап шундаки, 1935 йил 29 январда Тошкент шаҳрида Сўфизода туғилган куннинг 65 йиллиги нишонланган. Тахмин қилиш мумкинки, Т.Расулевга шоир туғилган санани белгилашда ана шу йил, кун ва ой асос бўлиб хизмат қилган.

Афсуски, Ўзбекистоннинг биринчи халқ шоирининг 65 йиллиги 1935 йилнинг 29 январида Тошкент шаҳрида нишонланган бўлса-да, шу воқеа муносабати билан шоир ҳақида бирорта ҳам мақола чоп этилмаган. Бинобарин, Сўфизоданинг худди шу куни туғилганини тасдиқловчи бирорта ҳужжат ёки маълумот оммалашмаган. Фикримизча, шоир юбилейининг айнан шу куни ўтказилиши, француз адиби ибораси билан айтсак, Тасодиф ҳазрати олийларининг хоҳишидир.

Сўфизоданинг туғилган йили турли манбаларда 1866,1867,1869 деб келинади. “Чуст ҳақиқати” газетаси “Шоир Сўфизоданинг қисқача таржимаи ҳоли” даги 1870 рақамини 1869 деб бузиб эълон қилган. Шунинг учун шоир юбилейи 1969, 1979, 1989… йилларда нишонлаб келинди. Лекин 1993 йили, кутилмаганда, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 23 июль сонида наманганлик Аҳмад Муҳаммад Убайд исмли муаллифнинг “Сўфизода қачон туғилган?” сарлавҳали мақоласи босилиб чиқади. Муаллиф Сўфизоданинг таваллуд кунига оид барча рақамларни бекор қилиб, унинг 1880 йилда туғилганини “асословчи” “ҳужжат”ни келтиради. Наманган вилоят давлат архивида 173-рақам билан сақланган бу “ҳужжат” шоирнинг қисқача таржимаи ҳолидан иборат бўлиб, унда бундай маълумот берилган экан:“Мен 1880 йилда Чуст шаҳридаги Кўнчигарлик жамоасида туғилганман. Отам ерсиз камбағал бўлиб, деҳқончилик қилган ва ўзи ерсиз камбағал синфидан эди. Аҳволим ғоят тубан бўлиб, отамдан 15 ёшимда айрилдим, менинг билан волидам ҳам укам қолди. Шу вақтларда мен даладан ўтин ташиб келиб, сотиб ва мардикорлик қилиб, ишлаб кун кечириб келар эдим. 1912 йилда қўшчилик қилганман…”

Бу таржимаи ҳол Иштирокиюн фирқасига кандидат Сўфизода қалами билан ёзилган бўлса-да, ундаги таваллуд санасига ишониш қийин. Зеро, маҳаллий бойлар ва руҳонийлар билан курашда чарчаган Сўфизода, ўтган аср­­нинг 20-30-йилларидаги комсомоллардек, ёшини яшартириб, шўролар ҳукумати  фойдасига ишлашга тайёрман, деб онч ичган: “Агар, – деб ёзган у, – ҳозирда шўролар ҳукумати тарафидан ҳар қандай эзгу бир хизмат бўлса бўлсин, қилишга тайёрман, деб таржимаи ҳолни ёзувчи Чуст шаҳар фирқа кандидати Сўфизода”. Имзо ҳам, сана ҳам қўйилмаган. Балки ариза бошқа бир киши томонидан ёзилгандир…

Афсуски, бу “таржимаи ҳол”нинг эълон қилиниши аксар адабиётшуносларни довдиратиб қўйди. Ҳатто таниқли адабиётшунос Бегали Қосимов ҳам “Миллий уйғониш” монографияси ва “Миллий уйғониш даври адабиёти” дарслиги учун ёзган мақолаларида Сўфизоданинг туғилган санасини “1880 йил” деб қайд этган ва шу сана оммалаша бошлаган.

Сўфизоданинг 65 йиллиги нишонланган 1935 йилдан кейин икки йил ўтгач, шоир 1937 йил 8 май куни қамоққа олинади. Машҳур шоирни қамоққа олиш ҳақидаги қарорда унинг туғилган санаси 60 ёш (яъни 1877 йилда туғилган), маҳбуслик анкетасида эса 1897 йил деб кўрсатилган.

Сўфизоданинг туғилган санаси манбаларда қандай хилма-хил бўлмасин, модомики, Шокир Сулаймон Сўфизода берган маълумот асосида “Асли исми Муҳаммад Шариф бўлиб, Фарғона музофотининг Чуст шаҳрига яқин Аҳси шаҳанд қишлоғида 1870 йилда таваллуд топган”, деб ёзган ва шоир туғилган куннинг 65 йиллиги 1935 йил 29 январда – тирик тўйбоши иштирокида нишонланган экан, биз шу санадан келиб чиққан ҳолда (1935 – 65 = 1870) 1870 йилни Муҳаммадшариф Сўфизоданиниг таваллуд йили деб белгиласак, адолатдан бўлади.

 Наим КАРИМОВ,

ЎзР ФА академиги

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг