Янги рукн: “Тарбия — нажот”

830

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида инсонларни «яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтарувчи бир илм» – ахлоқ, яъни хулқлар мажмуи ҳақида фикр юритиб, ҳар бир хулқ эзгулик ва олижаноблик ёхуд разиллик ва бадбинлик тимсоли эканига эътибор қаратган ҳамда ҳаммаси тарбияга боғлиқлигини таъкидлаб, тарбия “ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё садоқат, ё фалокат масаласи”, деб ёзган эди. Бир аср муқаддам маънавий баркамолликка даъват этиб айтилган бу фикрлар бугун ҳам долзарблигини назарда тутиб, янги рукнларимиздан бирини “Тарбия – нажот” деб номладик.

Илдизга қурт тушганда…

Маҳбуслар колонияси. Учрашув хонасида ота ва ўғилнинг ўзаро гап-сўзлари қулоққа чалинади:

– Болам, хатони-ку қилибсан. Энди эс-ҳушингни йиғ, саркашликни ташла. Эгри йўлга тойиб кетганингни бўйинга ол. Эл-юртдан шарм қил. “Бу йўлдан қайтдим, тавба қилдим”, деб ёзиб бер, жон болам…

– …

– Ахир, онанг бечора тирик мурда бўлиб қолди. Хотининг, болаларинг ҳам қийналиб кетди. Қудаларнинг юзига қаролмайман. Дастингдан кўчага чиқолмаймиз…

Бу гапларнинг бирортаси маҳбусга чивин чаққанча таъсир этмайди. Сеҳру жоду қилингандек лоқайд. Фақат тўтидек бир сўзни такрорлайди:

– Энди қайтолмайман, дўзахи бўлишдан қўрқаман…

– Сен аллақачон дўзахи бўлгансан. Ўзи дин нималигини биласанми? Ўзингга ўхшаган дунёбехабарлар қўлида қўғирчоқ бўлаётганингни тушунасанми, аҳмоқ! Жонимдан тўйдириб юбординг-ку! Э, Худо, қайси гуноҳим учун бу тўнкага ота бўлдим? Ахир, туппа-тузук ишлаб юрувди-ку. Қайдан ҳам ўша “илонлар” инига кириб қолди. Оллоҳим, Ўзинг раҳм қил. Боламни бу йўлдан қайтар…

Ота ерга мук тушганча Парвардигорга илтижо қилади. Бироқ нолаю фиғонлар нобакор ўғилга зиғирча таъсир этмайди. Бечора ота ғазаб билан яна ўғлига юзланади:

– Норасида болаларинг, аёлинг, онанг бечоранинг ҳаётини дўзахга айлантириб, у дунёда топадиган жаннатингни баҳоси қанча, эй, номард?!

* * *

Билганлар гувоҳлик беришича, ота кўп йиллардан бери қамоқхонага шу тарзда қатнаган. Ҳар замонда бериладиган учрашув кунига чор-ночор ул-бул кўтариб боради. Манқурт ўғил инсофга келармикан, дея умид қилади. Гоҳида келини, набиралари, касалманд аёлини ҳам бошлаб келади – зора уларнинг афтодаҳол ранг-рўйини кўриб, унинг кўнгли юмшаса, деб ўйлайди… Ўғли каби хато йўлга кирганларнинг қанчаси авф этилиб, ҳаётдан ўз ўринларини топишди. Бу эса “без” бўлиб тургани-турган. Ҳар сафар кекса отанинг умидлари саробга дўниб қайтади. “Оқ” қилиб, юборсаммикан”, деган хаёлга ҳам боради ва яна Оллоҳдан сабр тилайди.

…Ўғил пайвандчи эди. Касби туфайли эътибор топганди. Бир кун ишлаб, икки кун дам оларди. Бўш вақтлари киракашлик қиларди. Кунларнинг бирида “ҳотамтой” мижозга учраб, телефон рақамини берди. Тез-тез хизматга чақириладиган, мўмай пул топадиган бўлди. Сўнг эса, шаҳарнинг паст­қам кўчасига ин қурган тўданинг “ўз одами”га айланди. Улар дину диёнатдан, илм­дан хабарсиз омиларни овлаб, ўз йўриғига солишарди. Ўзларининг экстремистик тарғиботини Оллоҳ йўлида жиҳод деб аташарди. Вақти келиб анчадан бери кузатилаётган “илонлар тўдаси”нинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари фош бўлди. Барчаси одил суд қаршисида қилмишлари учун жавоб беришди.

Суд уларга жиноий қилмиши жамият учун нечоғли хавфлилигига қараб, жазо тайинлади. Тўдадагилардан анча-мунчаси жазо муҳлатини ўтаб, бошқалари амнистияга тушиб ўз уйларига қайтишди. Бироқ уч-тўрттаси тавбасига таянмади. Соғлом муҳитни бузувчи сифатида қамоқда қолди. Манқурт ўғилнинг иснодини кўтара олмай она вафот этди. Сингилларнинг эса боши эгик. Ҳассага суяниб қолган ота ундан буткул кўнгил узди. Ичини ит тирнайди. “Энди невараларимнинг тақдири қандай кечади?”,  деб жони ҳалак… Ботаётган қуёшга мунгли боқиб, бот-бот: “Қаерда, қачон хатога йўл қўйдим?” деб изтиробдан титрайди. Баъзан бомдод намозидан сўнг хаёллари тиниқлашиб, бешафқат ҳаётдан маъни излайди. Йигит ёшида ароққа ружу қўйиб таралабедод юрган чоғларига лаънат ўқийди. Айни фарзанд тарбияси учун зарур фурсатни бой бериб, гумроҳларча кечирган ҳаёти учун тавба-тазарру қилади. Бироқ энди кеч. Жудаям кеч!

Худосизлик замони эди. Бирдан қоп-қора булут ортидан офтоб чиқдию ёруғликка ўрганмаган кўзлар қамашиб кетди. Айни ўша чоғ: “Биз диннинг ҳомийсимиз”, деб дину диёнатга етти ёт бегона каслар инларидан илондек ўрмалаб чиқиб, онги шаклланмаган ёшларга тузоқ қўя бошладилар. Унинг ўғли ҳам шу тузоққа тушганлардан бири эди. Вақтида эсини йиғиб, бу тузоқдан қутулиб кетганлар бўлди. Унинг ўғли эса, “ўпқон”нинг тўрига тушганлардан бўлиб чиқди. Не қилсин – осмон узоқ, ер қаттиқ!

Бироқ… машойихлар айтганидек, “ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” экан. Конституция байрами арафасида имзоланган Президент Фармони унинг ҳам кўнглида умид уйғотди. “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида”ги фармон ҳақида эшитиб, мамлакатда барқарорлашиб бораётган бағрикенглик муҳитидан, бу қадар беқиёс мурувватдан кўнгли юмшаб, кўзларига ёш олди. Сўнг қаддини тик тутиб, очиқ юз билан келини ва қизларининг олдига чиқди, набираларини бағрига босиб, Яратганга шукрона айтди…

* * *

Бу воқеани бежиз тилга олмадик. Шу кунларда интернет сайтларини очгани юрак безиллайди: кунда-кун ора бирор мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилгани ёки ўқувчи қизнинг бўйида бўлиб қолгани, мактаблардаги асоссиз пул йиғишлар ҳақида бир-бирига зид воқеаларни ўқиб қоласиз. Мактабга нима бўлди? Ахир алифни калтак дейдиган, юқорида тилга олганимиз каби зомбилар, ўйламай-нетмай ўз жонига қасд қиладиганлар қаердан пайдо бўляпти?! Асосини суриштириб келсангиз буларнинг бари маънавий савиянинг пастлигидан юз бераётир. Хўш, маърифат, таълим-тарбия ўчоғи ҳисобланиб келган қутлуғ даргоҳ қачондан бери бундай ночор аҳволга тушиб қолди? Бу воқеалар қандай шароитда рўй бермоқда. Яқиндагина икки севишган қалб жонларига қасд қилиб, ҳаётдан кўз юмгани ҳақида ўқигандик, энди шаҳрисабзлик саккизинчи синф ўқувчисига доир яна бир худкушликдан юраклар ларзага келмоқда. Бошқа бир воқеада эса эллик уч ёшли муаллима ўғлининг экстремистларга қўшилиб кетгани боис элдан иснод қилиб, ўз жонига қасд қилгани тилга олинган…

Ўйлаб қоласиз: мактаб ўзи ҳалиям таълим-тарбия даргоҳими ёки ким нимани хоҳласа шуни қиладиган бошбошдоқлик масканига айланиб қолдими? Бир синф раҳбари ота-оналардан “ташаббускор гуруҳ” тузиб, уларнинг қўли билан ўқувчилардан бемалол истаганча пул йиғдириб ётса…

Ҳукумат муаллимлар маошини босқичма-босқич ошириб, мактабнинг моддий-техник шароити яхшиланиб бораётган пайтда ўз билганидан қолмаган айрим муаллималар ҳануз “йиғ-йиғ” касалидан қутулолмаётганини қандай тушуниш керак?! Мураббийлар номига доғ тушираётганларни ким дейсиз?

Ҳали суриштирув-текширув ишлари охирига етмаган бўлса ҳам, ўша ўз жонига қасд қилган саккизинчи синф ўқувчиси яқинларига ёзиб қолдирган хатда бир синфдошидан вақтинча кроссовка олгани, уни эгасига қайтариб бериш сўралгани ёзилган экан. Эҳтимол, ўз жонига қасд қилишга бош­қа воқеа сабаб бўлгандир. Бироқ кроссовка воқеаси ҳам кишини ўйлатмай қўймайди. Негаки, ўша боланинг қўлида ҳам мобиль телефон бўлган, телефони бўлган-у, бироқ ўзининг оёғидаги пойафзал мактабда йиртилиб қолгани учун синф­дошининг кроссовкасини кийиб уйига қайт­ган.

 Ҳозирги ўқувчиларнинг муаллим талаб қиладиган ашқол-дашқоллари шу қадар кўпки, бир йўла икки-учта фарзанди мактабга қатнайдиган ҳар қандай оила уларнинг ҳаммасини бир пайтнинг ўзида тўкис таъминлаб бера олмайди. Яширишнинг ҳожати йўқ, ниманидир келгуси ойнинг маоши қўлга теккунча қолдириб туришга тўғри келади. Бунинг устига муаллимларнинг ҳар ойда чиқиб турадиган “йиғ-йиғ”лари ҳали тугагани йўқ. Ёшларнинг маънавий камолотига хизмат қиладиган китоб мутолааси, танловлар, адабий кечалар, учрашувлар ўрнига болаларни мешчанликка, молпарастликка ўргатадиган тадбирлар ўйлаб топилади.

Айрим мактабларда ота-оналар гуруҳи таъмагир муаллима ишорасига кўз қисиб, “йиғ-йиғ”ларини ҳамон авж олдиряпти. Жаноб директор эса “жим”, чунки бу унга ҳам хуш ёқади, “ишқилиб қўлга тушиб қолишмаса бўлди”, дея нафслари ҳакалак отгани-отган. Қўлга тушганларида эса, навбатдаги “сериал” – “кўз ёш”, “тавба-тазарру”, “билмай қолибман” ва бошқа баҳоналар тўқилади. Қоидаси шунақа! Бир синфда ўттиз беш бола ўқиса, бир марталик саксон минг сўмдан “йиғ-йиғ”да салкам уч миллион сўм йиғилади. Тадбирга унинг ярми ҳам кетмайди. Бунинг ҳисобини сўрайдиган тафтишчи йўқ. Бунинг устига айрим ХТБ ходимлари бирор иш билан мурожаат қилган ўқитувчига без бўлиб “телефонимга ўн минг сўм ташлаб қўйинг, бўлмаса ўчиб қолади” тарзидаги қилиқларни ҳам чиқаришган.

Тўғри, журналист ака, ёзсангиз мисоллар билан ёзинг-да, дейдиганлар ҳам топилади. Ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ. Аммо шуниси бор гапки, буларнинг бари шу кунларда сизу бизнинг кўз ўнгимизда бўлаётган, қулоғимизга чалинаётган гаплар ва давом этаётган ҳолатлардир. Фақат ҳаммаси ими-жимида. Таълим савиясини кўтариш, ўз устида ишлаш ўрнига манфаатга ружу қўйганлар тўхтовсиз тадбир ўйлаб топишади: ромларга парда олиш, парталарни тепага олиб чиқиб ўрнатиш, линолеум ётқизиш учун уста ҳақи, кийим-кечак шкафини бутлаш учун 85-90 минг, ойма-ой фондга 5 -10 минг, винеткага 50 минг сўмдан, синф раҳбарининг туғилган куни, бейжик учун, арчани безатиш, ўқитувчиларнинг электрон журнали ва ҳоказолар учун ҳам муттасил пул йиғилаверади. Ҳар ойда камида битта тадбир. Тадбирбозликлар учун бой берилган вақтнинг “хуни”ни ким тўлайди?..

Ҳукумат муаллимлар маошини нега ошир­япти?! Қинғир ишларни тўхтатиш даври келди, демаяптими? Ўқувчиларни тарбия жараёнидан чалғитиб, турли ёт иллатлар урчишига хизмат қиладиган тадбирбозликдан воз кечиш вақти етмадими?! Ўттиз-қирқ йил муқаддам синфда партаю доска, глобус, девордаги харитадан бўлак ҳеч нарса бўлмасди, мактаб кутубхонаси турли адабиётларга тўла эди. Қолаверса, ўқитувчиларнинг аксарияти эркак муаллимлар эди. Улар ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчиларга ҳақ олмасдан қўшимча сабоқ берарди ва буни ўзлари учун ифтихор деб билишарди. Ашқол-дашқоллар кўпайган ва, айниқса, эркак муаллимлар ўзларини мактабдан четга олган сайин таълим-тарбия жараёнидан путур кета бошлади. Бу ҳолни таълим соҳасида жиноятчиликнинг кўплиги ҳам тасдиқлаб турибди.

2018 йилда жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларга доир Бош прокуратура маълумотига асосан 580 нафар хўжалик юритувчи субъект раҳбарларининг 257 нафари таълим соҳаси, 83 нафари эса соғлиқни сақлаш тизимининг вакиллари экан. Шу чоққача жуда кўп танқид қилинадиган соғ­лиқни сақлаш тизимидан ҳам кўра таълим соҳасида жиноий жавобгарликка тортилганлар сони юқорилиги бизни ҳушёр торттирмаслиги мумкинми?

Албатта, барча таълим даргоҳларида аҳвол шундай демоқчи эмасмиз. Юқорида тилга олинган “йиғ-йиғ”ларнинг ҳам аниқ манзиллари мавжуд. Шунга қарамай яқин ўтмишнинг яроқсиз иллатларидан қутула бошлаган таълим даргоҳлари кўпайиб бораётгани кўнгилда ёруғлик уйғотади. Устоз шоиримиз Абдулла Орипов матбуотдаги бир суҳбатида “Болалар – ҳимоясиз гуллардир”, деганди. Юқоридаги мисолларда кўрилгани каби ота-она ҳар қанча эҳтиёткор бўлмасин фарзандини ҳар куни кўз кўриб, қулоқ эшитадиган иллатлардан ҳимоя қилиши мушкул. Айниқса, ёмоннинг қораси тез юқади. Болалар эса, авж олиб ўсаётган чиройли гулларга ўхшайди. Кимдир авайлаб парвариш қилади, кимдир топтаб ўтади… Онги энди шакллана бошлаган болаларнинг беғубор кўнгилларида, томчида қуёш акс этганидек, жамиятнинг барча гўзаллиги ҳам, қусурлари ҳам акс этиши шундан.

Шукрки, эндиликда мамлакатимизда болалар тарбиясига, хусусан, мактабгача тарбия соҳасига жиддий эътибор қаратилмоқда. Соҳанинг ўз вазирлиги ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш, маънавий тарбия масалалари давлат иши даражасига кўтарилди.

2019 йилнинг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистонда халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилаётгани, “Олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар белгилаш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани, Халқ таълими вазирлиги сайтида бўш иш ўринлари бўлими ишга тушгани соҳадаги жараёнларни замон талаблари даражасига кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиладиган янги тизим ёрдамида халқ таълими даргоҳларидаги бўш иш ўринлари ва лавозимга қўйиладиган талаблар билан танишиш, ишга жойлашмоқчи бўлган педагоглар ўз мутахассислиги, стажи ва тажрибасига доир қисқа маълумотларни махсус сўровнома орқали вазирликка юборишлари мумкин бўлади. Ушбу веб-сайтнинг ишга тушиши халқ таълими тизимида ходимларни тўғри танлашда шаффофликни таъминлайди. Битта бўш ўринга бир нечта номзоддан энг яхши мутахассис танланади. Бу тизимни четлаб ўтган раҳбар лавозимидан олиниб, жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, халқ таълими соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ва соҳага доир қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш мақсадида Адлия ҳамда Халқ таълими вазирлиги ўртасида қўшма лойиҳа имзоланди. Мазкур лойиҳа асосида вазирликлар таълим соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳамкорлик қилади. Шунингдек бутун республика бўйлаб халқ таълими муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ва «одоб-ахлоқ» ойлиги ўтказилиб, бу ҳақда тезкор ва аноним хабар бериш тизими такомиллаштирилади.

Шубҳасиз, мамлакат халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги мазкур тадбирлар эл фарзандларининг ҳар жиҳатдан илм­ли, маънавий етук бўлиб камол топишлари учун соғлом муҳит яратади. Албатта, булар яқин келажакда амалга ошириладиган ишлар. Аммо бугун, шу кунларда нималар қилиняпти? Бу ҳақда навбатдаги мақолаларда тўхталамиз. 

Мурод АБДУЛЛАЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг