Оролбўйидаги жасорат (2019 йил, 2 сон)

2

“Ҳозирги вақтда Орол фожиаси туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Ҳар йили 100  миллион  тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  Оролбўйи минтақаси учун  Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида “Траст фонди”нинг тузилиши  ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди”.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтилган шу сўзларни ўқир эканман, яқин ўтмишни эслайман: “Эҳ-ҳей, Оролбўйини экологик офатдан қутқазиш ҳақида қанчадан-қанча гап-сўзлар бўлган, лекин уларнинг кўпи қоғозда қолиб кетган эди-я”. Аммо, бугун экологик фожиа ҳудудининг қоқ марказида – Мўйноқ туманида бошланган беқиёс ишларни кўриб, “Сувга чўккан одамни унинг ўз қўлигина қутқазади”, деган мақол нақадар тўғри эканини тан олмай илож йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан тилга олинган ушбу рақамлар ва далиллар ҳам кўнглимизда умид ва ишонч уйғотмоқда: “Биз Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган. Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида келгуси йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади”.

Кўриб турганимиздек, Оролнинг қуриши боис юз берган экологик фожиа асоратларидан қутилиш йўли ўз қўлимизда экан. Бугун бундай улуғвор ишларга Ўзбекистонимизнинг қурби етади. Мўйноқ туманида амалга ошаётган бунёдкорлик ишлари эртанги кунга ишонч уйғотди. Яқин икки йилда бажариш кўзда тутилган 504 миллиард сўмлик лойиҳалар ва 1 триллион сўмлик инвестициялар натижасида туман қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгаради. Мўйноқ яқин йилларда замонавий инфратизимли экотуризм марказига айланишига шубҳа йўқ. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонни, айниқса, Мўйноқ туманини саноати ва иқтисоди ривожланган обод масканга айлантириш учун катта ғамхўрлик кўрсатмоқда. 2017 йил 28 февралда қабул қилинган Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қарор асосида амалга оширилган ишларнинг ўзи ҳам мўйноқликлар кўзини қувонтирмоқда. 20 гектардан зиёд ҳудудда ташкил этилган “Мўйноқ” кичик саноат зонаси ёшларни чорламоқда. Дастлаб рўёбга чиқарилган битта лойиҳа шарофати билан юз нафар йигит-қиз ишли бўлди. 2018 йили амалга оширилган олти миллиард сўмлик ишнинг ўзи ҳам туман қиёфасини буткул ўзгартириб юборди. 2021 йилга келиб 1,5 триллон сўмлик бунёдкорлик ишлари рўёбга чиқарилади. Ана ўшанда келиб кўринг Мўйноқни!

“Омад қўшалоқ келади” деганларидек, айни кунларда денгиз суви қуриган ҳудудларда ўрмонзорлар барпо этиш учун ўрмончилар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, механизаторлар кўламли ишларни бошлаб юбордилар. Агар Қорақалпоғистоннинг бош қалъаси Нукус мамлакатимиз пойтахтидан салкам бир ярим минг километр масофада жойлашган бўлса, денгизнинг суви қочишидан энг кўп зарар кўрган туманлардан бири Мўйноқ Нукусдан ҳам қарийб уч юз чақирим олисда. Қишнинг совуқ кунларига қарамай мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ҳашарга келган мутахассислар денгизнинг сувсиз ҳудудида 500 минг гектар ўрмонзор барпо этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширишмоқда. Кўпчилик ойнаи жаҳон орқали ҳар куни шу манзарани кўриб турибдики, қудратли тракторлар, тиркалма механизмлар қор қоплаган денгиз тубидаги яйдоқ шўрхокликлар бағрини тилиб ўқариқлар олмоқда. Шундай қилинса, ёғин-сочин шарофати билан нам тўпланади ва кўкламнинг илк кунларидан бошлаб уларга саксовул ниҳоллари қадалади. Мутахассислар гувоҳлик беришича, саксовуллар униб катта-катта туқайзор майдонлар ҳосил бўлгач, бу дарахтнинг бир тупи ўн тоннадан юз тоннагача қум кўчиши олдини оларкан. Саксовулнинг турган-битгани хазина, у заққум тузларни ютиб, атроф-муҳитни тоза ҳаво билан бойитади, натижада ўт-ўланлар, шифобахш гиёҳлар унади, чорва озиғи мўл бўлади. Демак, чорвачилик ривож топади, янги иш ўринлари очилади.

Олимларнинг илмий тавсияларига кўра, яна ўн йил жасорат кўрсатиб меҳнат қилинса, Орол денгизининг барча суви қочган ҳудудларини саксовул, қандим, черкез ва бошқа саҳро ўсимликлари билан қоплаш, бинобарин, Оролқум саҳросини яшил ўрмонзорга айлантириш мумкин экан. Бу вазифа минтақамизнинг экологик муҳитини соғломлаштириш борасида мисли кўрилмаган буюк иш бўлади. Ҳозир барча куч ва техникалар Президентимиз даъвати билан ана шундай улуғ ишга  сафарбар  этилган.

Мўйноқ ҳудудида фақат ўрмонзорлар эмас, замонавий шаҳар ҳам барпо қилинади. У беш юз гектардан зиёд майдонни эгаллайди. Етмишга яқин кўп қаватли уйлар бунёд этилади. Уларнинг дастлабкилари шу йилнинг ўзидаёқ битказилади. Қурилиш ишлари аллақачон бошланган. Бугун мўйноқликлар ана шундай катта имкониятлар яратилган худудда яшаб, меҳнат қилаётганидан ғурурланади. Орол суви чекинган ҳудудлар Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистоннинг гўзал бир парчасига айланишига шубҳа йўқ. Бунга барча қорақалпоқлар, мўйноқликларнинг ишончи қатъий.

 

Кенгесбой КАРИМОВ,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here