“Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур”

2

Юртимизда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” катта шодиёна ва умумхалқ байрами сифатида нишонланиши гўзал анъанага айланди. Бундай шукуҳли кезларда кўпинча суҳбат мавзуси мардлик, жасорат ва адолат тимсоли бўлмиш Соҳибқирон Амир Темур ибрати хусусида бўлади.

Ўзбек халқининг шаън-шавкати тимсолига айланган Соҳибқирон сиймоси ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Амир Темурнинг шонли ҳаёти — Ватан ва миллатга хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз суҳбатларида ушбу ҳақиқатни бот-бот тилга олади, бугунги ислоҳотлар жараёнида улуғ Соҳибқирон сиймосининг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди: “Суворов мактабини Темурбеклар деб ўзгартирдик. Гап номда эмас, ғояда, мафкурада, ғурурда!

Соҳибқирон Амир Темур асос солган ҳарбий тизим ва унинг жасоратларга лиммо-лим шонли тарихи, ўз навбатида, миллатимизнинг юксак жанговар истеъдоди ва ғурури тарихидир. Ҳарбий даҳоси ва давлатчилик салоҳиятини намоён қилиб, улуғ салтанат барпо этишида, шубҳасиз, унинг лашкарбошилари, амирларининг ­хизматлари ҳам катта бўлган. Бир қатор ҳарбий юришларни Амир Темур шахсан таълим берган ва катта ишонч билдирган ҳарбий қўмондонлар муваффақиятли амалга оширган.

Буюк ҳукмдор атрофида унга муносиб истеъдодли ва юксак салоҳиятли сафдошлар, мулозимлар бор эди.

Соҳибқирон ўз амирлари ва сипоҳийларининг хизматларига юксак баҳо бериб, “Тузуклар”ида шундай деган: “Амирлар, сарҳанглар, сипоҳсолорларга мажлисимдан ўрин бериб, мартабаларини юқори кўтардим. Улар билан суҳбатлашдим, маслаҳатлар олдим… Амирларимнинг бариси ақл-ҳуш эгалари, базму разм шерлари, маҳоратли саркарда, лашкар тўпини бузиб, уни мағлуб этувчи кишилар эди”.

Улуғ Соҳибқироннинг оламшумул мероси асрлар мобайнида жаҳонда катта қизиқиш билан ўрганиб келинади, ҳарбий тузукларига нафақат юртимиз, балки кўплаб мамлакатларда бугун ҳам андоза сифатида қаралади. Жумладан, новосибирсклик тарихчилар Амир Темурнинг сафдошлари ҳақида илмий изланишлар олиб боришмоқда.

— Бу саркардалар ҳозирги замон ҳарбийларини ҳам қизиқтириши аниқ, негаки улар ҳақиқатан-да ёрқин қўмондонлар бўлишган, — деб ёзади Новосибирск давлат университети (Россия) гуманитар тадқиқотлар лабораторияси етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Леонид Бобров. — Уларнинг таржимаи ҳоли ХIV асрдаги Осиёнинг энг қудратли армиясида ҳарбий тафаккур қандай ривожланганини кузатиш имконини беради…

Соҳибқирон даврида қўшин тузилиши, лавозим ва унвонлар бериш, таъминот, қурол-яроғ тутиш тузуги, маош ва рағбатлантириш тузуклари, ҳатто муносиб нафақа – пенсия тизимигача дастурлар ишлаб чиқилган ва қўлланган. Нафақат амир, балки оддий навкарда ҳам садоқатли хизматлари эвазига юксак мартаба, мукофот ва унвонларга эришиш имкони бўлган. Умуман, давлатга қилинган хизматлар унутилмаган, доимо муносиб рағбатлантириб борилган. Тадбиркор амирлар ва жасур сипоҳийларнинг содиқ хизмати алоҳида тақдирланган. Масалан, етти йиллик юришдан сўнг қўшиндаги барча амирларнинг унвони бир йўла оширилган. Оддий аскарларга эса “ботир” унвони муносиб кўрилган.

Кексайиб, ҳарбий хизматдан истеъфога чиққан сипоҳийларга етарли даражада ер-сув ва бошқа имтиёзлар берилган, тўй, байрам ва бошқа маросимларда йўқлаб, турмушларидан хабар олиб турилган. Сипоҳийларнинг оилавий таъминот масалалари давлат сиёсатида муҳим ўрин тутган.

Соҳибқирон: «Сипоҳий  давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга  ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради», дея уларнинг мураккаб ва шарафли вазифаларини юксак қадрлаган. Бирор-бир сабабга кўра сипоҳийлар маоши кечикса, кейинги сафар уларга қўшимча устама ҳақ тўланиши белгиланган. Бундай адолатли тадбирларнинг аҳамияти барча замонлар учун ибратлидир.

Адолат, қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати, иймон-эътиқодга – маънавиятга юксак эътибор туфайли армия енгилмас кучга айланганининг ёрқин намунасини Амир Темур салтанати мисолида кўриш мумкин эди!

Амирлар жангу жадалда қанчалик моҳир бўлишса, бунёдкорлик борасида ҳам шунчалик омилкор бўлишган. Бу жиҳатдан ҳам Соҳибқирон қўшинининг тарихда ўхшаши йўқдир. Ўтган буюк жаҳонгирлардан бирортаси ободончилик, шаҳарлар ва боғ-роғлар барпо қилишда Амир Темурга тенглаша олмаган. Самарқандни ер юзининг сайқалига айлантирар экан, бу ободончиликларда ҳарбий амирларнинг ҳам хизмати катта бўлган. Улар Соҳиб­қирондан ўрнак олиб, пойтахт атрофида ва бош­қа манзилларда бир-биридан гўзал боғлар барпо этишган.

Соҳибқироннинг ёвқур амирлари фаолияти бугунги авлодлар учун Ватанни севиш, унинг равнақи учун бор кучи, билими ва салоҳиятини бағишлашда улкан ибрат, бебаҳо сабоқ вазифасини ўтайди. Шонли тарихимиз миллий ғурур-ифтихор туйғуларини кучайтиради. Фарзандларга улуғ боболар жасорати, ибратли ҳаёти ҳақида қизиқарли, содда ва таъсирчан ҳикоялар тақдим этсак, бугуннинг долзарб масаласи – мафкуравий иммунитетни янада кучайтирган бўламиз.

2018 йилнинг ноябрь ойида Миллий армиямиз жанговарлигини кўздан кечириш мақсадида илк бор кенг кўламли ўқув машқлари ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбийлар билан учрашиб, улуғ саркардаларимиз, хусусан, Амир Темур бобомизнинг бой меросини яна бир бор эсга олди:

“Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтайлик, улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”ини қанча аскар ўқиган? Ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади”.

Давлатимиз раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин, албатта, “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари”дан синов топшириши кераклигини таъкидлади. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар олиб бориш, бадиий китоб­лар, кинофильмлар яратиш тўғрисида кўрсатмалар берди. 

Бугун мустақил Ўзбекистон армиясида хизмат қилиш – фарзандларимиз учун шараф. Алпқоматли, кўзларида ўт чақнаган ҳарбийларимизга ғурур билан қараб, улар сиймосида жанговар боболар тимсолини кўрамиз.

Улуғ Соҳибқироннинг “Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур”, деган машҳур ҳикмати бугун “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, деган шиор ўлароқ ҳаётга жорий этилмоқда.

Бахтиёр Ҳайдаров,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here