Ўн сония (ҳикоя). Хуршид ДЎСТМУҲАММАД (2019 йил, 2 сон)

5

Ҳадемай осмонга қарата ўқ узилади.  Дастлабки тўрт қаторда йигитлар, кейинги ёнма-ён тўрт йўлакда қизлар сафга тизилишган. Беллашув осон кўчмаслиги муқаррар. Ғолибларга ҳозирлаб қўйилган совға-саломларнинг чўғи ҳар сафаргидан анчагина баландлиги рақобат шиддатига мой   сепиши тайин.

К. бадани, қўл-оёғини  қиздириш, ундан-да муҳими, ҳаяжонини босиш кўйида дам турган жойида ирғишлаб сакраб-сакраб қўяр, дам кифтига, биқинига, болдирига  устма-уст муштлаб ўзига ўзи далда берарди.

Уч рақибдан иккитасини яхши танийди. Улар билан юз метрли масофа пойгасида иштирок этган, бўш келмаган, лекин К. бу сафар, айниқса, улоқни бой бермаслиги шарт. Мўлжали камида ўн сония! Шу тезликни ололса икки танишига қўшилиб учинчи рақибнинг ҳам масаласи ҳал бўлди деяверинг! Фақат ғалати жойи – йигитлар билан қизларни ёнма-ён сафга тизиш кимнинг хаёлига келди?! Қандай зарурият туғилди бундай “янгилик”ни синовдан ўтказишга – номаълум! Тўғри, йигитлар ўзича, қизлар ўзларича югуришади, бир-бирларига дахл қилишмайди, лекин қандай бўлмасин, ёнгинангдаги йўлакда югуриб бораётган қиз,  танишми-нотанишми, хаёлни чалғитиши  табиий. Бунинг устига, қуръага кўра К. “4” рақами остида тўртинчи йўлкани эгаллади, яъни “1” рақамли  қиз билан ёнма-ён,    елкама-елка югуриб ўтиши керак масофани. Йигитлар дастлабки уч-тўрт сониядаёқ қизлардан анча илгарилаб кетишлари  эса тамомила бўлак мавзу.

К. беихтиёр “Биринчи”га кўз ташладию шу заҳоти ҳушини йиғди, ўзидан норозиланди: югуришингни ўйла, масофани чамала, қайси сонияларда тезликни қанчага ошира оласан – пухталаб ол!

Одатда бундай дамларда ҳакамлар кўп гапиришмайди, чунки барча шарт-шароитлар мусобақа маромида белгиланган, ҳеч қандай ғайриодатий ёки фавқулодда ўзгаришга йўл қўйилмайди, инчунин, ўзаро баҳс-мунозара ва ғала-ғовурга ўрин йўқ, мана, ҳозир ўқ узиладию саккиз пойгачи оёқ тирговучидан узилиб, қад ростлаб-ростламай   олдинга ташланади. Югуриш мубоҳасасининг энг қисқа масофаси бу, юз метр – юз одим дегани.

Ҳаёт ҳақиқатларини, ҳикматларини ўзида мужассам этган тимсол-тамсилларнинг   саноғи йўқ дунёда. Адабиёт, санъат, спорт олами ана шундай тимсолу мажозлар билан тирик. Юз одимли масофани босиб ўтиш эса умр сарҳадларининг нечоғли қисқалиги, вақт шиддатининг тутқич бермаслиги, тезлик, тезлик ва яна бир карра тезлик инсон зотининг ўй-хаёли, кундалик турмуши, жамики орзу-ҳаваслари борми, барча-барчасини аллақачонлар маҳв этиб юбораётганининг, ўз измига бўйсундириб улгурганининг аломати, тимсоли, рамзи! Осуда кўклам шабадасининг бир нафаслик эпкини янглиғ омонат, айни вақтда саноққа ҳам дош бермас ушбу лаҳзаларда бу ёруғ маъвонинг ўзидек узун, мазмунларга тўлиб-тошган, ҳаяжону эҳтирос мавжларига лиммо-лим воқеалар намойиш этилгувчи ўзгача сеҳр-жоду мужассам масофа. Яқин-яқингача бундайин ҳаёт ҳақиқатларини йигирма сонияда тасдиқлашга мушарраф бўлган, яъни юз одимлик масофани шу фурсатда босиб ўтган югурувчилар хос кишилар янглиғ қаҳрамонларга айланишган, уларнинг номлари зарҳал ипларда битилиб, ўзлари олқишларга кўмилган (энди улар қаерда?!). Бироқ “тезлик”, “шиддат” дея ном олган аллатовур кўз илғамас махлуқлар ҳамон бетоқат – одамларга қўшилиб замонлар, замонларга эргашиб одамлар ўзгармоқда, шунинг шарофати ила дунё ақл бовар қилмас шиддат измига кўчмоқда. Шиддат этагини тутқазмаяпти, у бандасига безак ўрнида ўтгувчи азалий ҳаловатни, босиқлик, вазминлик куйларини ютиб юбормоқда, машойихлар айтмоқчи, бу изнга мубтало инсонлар тугул она замин, унга тобе самовий сайёралар ўзларининг илоҳий ўқлари атрофида одатдагидан тезроқ, жадалроқ айланишга юз тутмишлар. Бунга сайин ҳаётнинг чўнг ҳақиқатини ўн саккиз, ўн олти, ўн беш, ўн тўрт сонияда тасдиқлаганлар бўлди. Инсон имкониятларининг чексизлиги мўъжиза янглиғ пойгачиларни, уларга қўшилиб бутун олам аҳлини ҳайратларга солмоқда. Ақллар лол, тафаккурлар шиддат олдида маҳзуну мазлум. Шиддатнинг суратини чизмоқ     истагидагилар саросимада. Энди… энди эса юз одимни ортда қолдириш учун ўн сониядан ортиғи – ортиқ! Яшин тезлиги, чақмоқ тезлигини талаб этмоқда ҳаёт ҳақиқатлари – моҳиятини англаш ва тасдиқлаш истаги, эҳтиёжи!

К. рақибларига эмас, ўнг ёндаги “Қўшни”га ров кўз ташлади. У ҳам ўз ташвиши-ўйларига андармон – пойгада ўзиб кетиш, ёнидагиларнинг имкониятларини ўлчаш-чамалаш. Лекин бу дилбар қизгина саноқли  сониялар ичида яна қанақанги мўъжиза воқеа-ҳодисалар юз бериши мумкинлигини, бу тезкор замон шиддати тақдир, қисмат савдоларини ўртага қўяётганини ҳис қилаётирмикан? Э, ҳа-а, К. англаб қолди пойгани ташкил этишдаги янгиликнинг боисини. Ташкилотчилар юз одимли масофани босиб ўтиш асносидаги саноқли лаҳзаларда эркаклар нималарга қодиру аёл-қизлар нималарга қодирлигини бир йўла синашга қарор қилишган! Ҳа, шундай – бир йўла-бир    пайтда, бир зумда! Зеро, ҳаётнинг муҳимдан-муҳим ҳақиқатларини англаш дамларини синовдан ўтказиш, тадқиқ ва тасдиқ этиш истаги инсон ақл-идрокидан ғоятда кутилмаган, ғоятда шаккок услубларни-да синовдан ўтказишни тақозо этмоқда.

– Диққат!

Оёқлар тирговучга қадалди, букилган тиззаларнинг шиддат билан ростланиши пойгачини олдинга ит­қитиб юборади, соатнинг энг тезкор ва шиддатли ўлчов мили жойидан қўзғалди. Юз одимли югуришда бирон  қадам ҳаяллаш тузатиб бўлмас армону  афсусларга, адоқсиз надоматларга олиб  бориши муқаррар, яшин тезлиги ҳам оз, нигоҳ тезлиги даркор, нигоҳ-назар тезлиги, бинобарин, ўқнинг узилиши – шиддатли ҳаёт йўлининг бошланиши, ортга йўл йўқ, буёғига кўнгил тубидаги туганмас орзу-умидлар заррача сусткашликка тоқат қилмайди, зеро ҳамон ўқдек отилиб ҳаёт йўлига отландингми, ке-е-етдинг, шу ондаёқ ёнингдагилардан лоақал бир қадам, лоақал бир қарич, лоақал бир баҳя илгарилаш, ўзиш эпини топишга мажбурсан, мажбур!

– Олға!!

К. пойганинг хўп ҳадисини олган, шунга кўра ҳар босар қадамини аввалдан ўйлаб қўяр, лаҳзанинг лаҳзасини қайтмас бойлик, ғанимат ҳисобларди.

У беш-олти одимдаёқ учала рақибидан ўзиб кетди, тезликка зўр берди. Шу шиддатни бўшаштирмаса ҳамда еттинчи, саккизинчи сонияларда яна жиндек ғайрат кўрсатса олам гулистонлигини ҳис қилар, ҳаётнинг битмас-туганмас мазмунларини бор-йўғи ўн сонияда башарият кўз ўнгида намоён этиши қанчалар улкан шодиёнага айланишига ишончи комил эди.

Бешинчи сония. Беихтиёр “Қўшни”га  назари тушди. Тушдию “Биринчи”нинг    чеҳрасида мужассам шиддатни кўриб юраги гупириб кетди. Қаердадир кўргандек, жуда-жуда таниш чеҳра. “Қўшни” дув қизарди, шу қадар кўз илғар-илғамас ҳолат ҳам йигитнинг хаёлини алғов-далғов қилиб юборди. Сезилди, “Биринчи” тортинчоқ, иболи, ҳаёли! Пойгачи қизларнинг орасида бунақаси кам учрайди.

К. тезликни оширди. Ошира туриб ўнг томонига ўғринча разм солди. Айни пайти – кўриб-таниб-билиб-синаб олмаса, кейинги сонияларда улгурмайди, фурсатни бой беради, аҳволи вой бўлади, вой! Унинг разм солганини қиз фаҳмлади, лекин сир бой бермади, бошини бурмади, аксинча тезликка тезлик қўшди. Оҳу мисол югуриб бормоқда – оёқ олишлари бирам чиройли, бирам бежирим, бирам шахдам. Ўзи хипчагина, кўзлари шаҳлогина, билаклари оппоққина, сочлари узунгина – ишқилиб ортда қолмасин-да,  рақибаларига бўш келмасин-да!

Еттинчи сония. Шу лаҳза К. қиз ҳам унга ўғринча нигоҳ ташлаганини пайқаб қолди. Севиниб кетди, ҳатто кулгидан тия олмади ўзини, “Ҳа-а, қўлга тушдингми?!” деб юборди. Шундай дедию югуриш шиддатидан ҳосил бўлган тана ҳарорати гугурт чақилишидан ўт олгандек гуриллаб аланга олди, аланга вужудини, аъзои баданини қоплади.

Чап ёнидаги рақиби унга тенглашди. Шундан К. тезлиги сусайганини сезди. Бироқ тезликни оширса “Қўшни” ортда қолади – нигоҳлар риштаси узилади. Э-энди топдим деганида ўзиб кетса қиз нима деб ўйлайди, не хаёлларга боради? Унга хиёнат қилган бўлади-ку, К.!

К. табиатан қизларга эътиборсизроқ эди. Ўсмирлик палласи ортда қолди, вояга етди, у тенги ўртоқлари бирин-сирин чимилдиққа кира бошладилар. Шунда онаси ҳаракатга тушиб қолди – “Кўз остингга олганинг борми, айт, бориб кўрай, сен топмасанг, ўзим топай”, деб қисди-бастига олди. “Кўча тўла қиз, жигарингдан ургани йўқми?!” дея дангалига кўчди отаси. Бироқ кўз остига олиш ёхуд жигаридан уриш қандай бўлишини билмаса, бирон қизнинг оҳанрабоси тортмаган бўлса уни, нима деб оғиз очади ота-онасига?! Ундайини қайдан топади, қандай топади, қаердан топади? Таниш-нотаниш қизларга эмин-эркин, бамайлихотир  эътибор беришга фурсат бўлмаса. Мана шундай бир пайтда, иттифоқо, шиддат ила югуриб бораётиб…  кўз остига олиш, “жигаридан уриши” шу бўлса керак-да?! 

– Чалғиманг! Чалғиманг! Тезлашинг!

Саноқсиз томошабинларнинг ҳайқириқлари орасидан қулоғига чалинган бу меҳрибона далда-даъват қулоғига шу қадар ёқимли эшитилдики! Сал бўлмаса тўхтаб ёнида оҳу мисол югуриб бораётган қизнинг ипакдай майин-мулойим ва меҳр тўла киройи бир товушда далда беришини жон қулоғи билан тинглагиси келди. Шунда чап томонидаги йигитлар эмас, ўнг ёнидаги қиз ҳам ундан узоқлашиб бораётганини пайқади. “Қўшни”нинг бир тутам қилиб боғланган сочи елкалари, бели аралаш талаш бўлаётганини рўйи-рост кўрди.

Наҳотки?! Наҳотки, у узоқлашиб кетса?! К.ни ортда ёлғиз қолдириб, бир ўзи маррага етса?!

Марра, марра, марра. Ҳар ким ўз маррасини кўзлайди, қачон ва қай тариқа етиши эса… қоқилмаса бас, оёғи тоймаса бас! Бахтиёр марра, шукуҳли марра – қисмат марраси, саодат марраси!..

К. тезликка зўр берди. Саккизинчи сонияда ғолибликнинг тақдири ҳал бўлади! Шу он мутлақо кутилмаган воқеа юз берди – К. пойга натижасини, тақдирини ўйламай қўйди! Не-не пойгаларда “жон олиб-жон бериб” шердек олға ташланишнинг кифтини келтирган К., мана, илк дафъа ғолибликни эмас, у билан ёнма-ён йўлкада югуриб бораётган қизнинг “қадам олиши”га қараб қолди. “Қўшни” чалғитди уни, ёмон чалғитди!

Тўққизинчи сония. Кўз очиб юмгунча-я! Ҳаёт шу, умр йўли шу. Адоқсиз туюлган йиллар кўз очиб юмгунча ортда қолади – англаганинг қанча, англамаганинг-чи? Юз одим ва ўн сонияда ҳам аҳвол ўша-ўша – англамаган лаҳзалар ва одимлари қанча?! Ҳаёт-мамот, тақдир муҳри босилмоқда шу сонияларда, ушбу юз одимлик масофа оралиғида.

К. неча дафъалар югуриб, ғолиблик    нашидаларини беармон суриб ҳам ҳозиргидек, бу сафардагидек ҳузур топмаган, жони роҳат туймаганди.

Ўнинчи сония. Ана, марра! Ана, қийқириқ! Ана, олқиш! Муҳими, муҳими, К. қизга етиб олди, у билан ёнма-ён. Худди қўл ушлашиб югуриб келишгандек, ўн сониялик масофада туғилган меҳр-муҳаббат ҳаққи-ҳурмати улар бу ёғига тоабад етаклашиб-етаклашиб юришга, югуришга аҳд-паймон қилишгандек… Дарвоқе, марра бўсағасида К. тортинмай-нетмай “Қўшни”нинг қўлини тутиб олди. Таваккал қилди. Шундайига ҳам уялиб-қизариб югурган қиз янаям аланганинг яллиғланган тилидек, бир қучоқ қизил атиргулдек ловуллаб кетди, лекин муҳими, э-энг муҳими, қўлини тортиб олмади.

Олқишлар ҳар қачонгидан ўзгача янгради. Қаердадир томошабинлар томондан карнай-сурнай, чилдирма-ноғора садолари таралди. Ёш-яланг йигит-қизларнинг шодиёна қийқириғи тутди атрофни. К. қизнинг қўлини бирон лаҳза бўшатмас, оёқлари остига тўшалган оппоқ шойи матога ирғитилаётган анвойи гуллардан баттар мутаассирлашаётган эдилар. Уларни табриклаш, қутлаш ниятида, иложини топди дегунча, бирга-бирга суратга тушиш истагидагилар издиҳоми ортгандан-ортаётганди.

К. билан қиз ўзларини тамом йўқотишди. К. негадир ўзини ғолибдек тутар, ундаги бу туйғу қизга ҳам кўчган, у ҳам бу тарз ғолибликдан уялгандек бошини қуйи солиб олган, дам кулгиси-дам йиғлагиси келар, тобора қизғин тус олаётган олқишларга бош кўтариб миннатдорлик билдиролмас, ибо-ҳаё ёшларини тия олмаётган эди…

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here