МАРДЛИК МАНГУЛИК ДЕМАК

“Бир марта керак бўладиган ханжар умр бўйи тақиб юрилади”. Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг ушбу фикрида катта ҳикмат бор. Ёвуз душман билан юзма-юз келганда инсонга, албатта, ханжар зарур бўлади. Бироқ душман қаршисида қуролсиз, ҳимоясиз қолмаслик учун бу ханжарни умр бўйи тақиб юришга тўғри келади. Буюк шоир бу ўринда “ханжар”ни мажозий маънода ҳушёрлик тимсоли сифатида тилга олаётир.

Бинобарин, Ватанга садоқат, эл-юрт манфаати учун фидойи бўлмоқлик ҳар лаҳзада мардлик ва матонат кўрсатишга тайёр туришни англатади. Қалбида ватанпарварлик туйғусини камол топтирган мард ва ёвқур инсонгина ҳақиқат ва адолат учун доимо курашга шай бўлади, она-Ватанни ҳимоя қилиш учун кўксини қалқон қила олади. Негаки, унинг қўлидаги ханжари – қалбидаги ватанпарварлик туйғуси, мардлиги ва матонатидир.

Ҳар ҳафтанинг жума кунлари бўлиб ўтаётган “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” тадбирларида бу ҳақда кенг мушоҳада юритилмоқда. Бу янги анъана нафақат ҳарбий хизматчиларимиз, айни чоғда, олий ўқув юртлари талабалари томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда.

Яқинда Тошкент давлат Шарқшунослик институтида ҳарбий хизматчилар, истеъфодаги офицерлар, шунингдек, институт проректори Исматилла Бекмуродов иштирокида ўтган тадбир ҳам ғоятда сермазмун бўлди. Талабалар Ватан ҳимоячилари, хусусан, миллий армиямиздаги янгиланишлар борасидаги маълумотларни қизиқиб тинглашди. Ватан ҳимояси аждодлардан мерос қадрият эканлиги хусусида самимий мулоқот бўлди.

Билимга чанқоқ, уйғоқ қалбли талабалар ҳарбийларимиз мардлигига доир воқеларни жон қулоғи билан тинглашди. Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган капитан Баҳром Жўраев ҳақида сўзлаётиб, унинг онаси айтган ушбу сўзларни тилга олдим: “Мен ўғлимга бирор хавф-хатар туғилса, аввал ­ўзингни, сўнг Ватанни ҳимоя қил, деб ўргатмаганман. Лекин ўғлим ўз қалбининг буюрганини қилди. Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этганидан ифтихор қиламан!” Бу сўзлар ёшларнинг қалбига ёзилиб қолганини уларнинг юз-кўзларидаги сермаъно ифодалардан англаш қийин эмасди.

Лейтенант Бобур ўаниевнинг офицер акаси онаси олдида тиз чўкиб, “Мени кечиринг, укамни асрай олмадим” дейди. Шунда она кўз ёшларини ичига ютиб: “Қаддингни тик тут, болам. Мен сизларга Ватан ҳимояси учун оқ фотиҳа берганда, шундай кунга ҳам тайёр турганман”, деб жавоб қилади. Ўзлари камолга етказган фарзандлари каби фидойи бу оналарни ким деймиз: она тимсолидаги Ватанми ёки Ватан тимсолидаги она?! Ҳар иккиси бир ­вужудда жо бўлган Ватан тимсоли!

Айни кунларда Ватан ҳимоячилари кунига тайёргарлик доирасида бўлиб ўтаётган учрашувлар, тадбирларда ҳам Нажмиддин Кубро каби буюк аждодларимиз, ҳарбий санъатни юксак мақомга кўтарган соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ саркардаларнинг ворислари бўлган мард ва довюрак жангчиларимиз ҳаётидан ибратли мисоллар келтирилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган катта лейтенант А.Отабоевнинг “vatanparvar.uz” cайтига йўллаган таклифи ҳам “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” тадбирлари қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. У бир ойда тўрт ёки беш маротаба ўтказиладиган бундай тадбирларнинг сермазмун ўтиши ва хилма-хиллигини таъминлаш мақсадида шундай таклиф билдиради:

– Ёзувчилар уюшмаси ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар иштирокида ижодий учрашувлар, янги китоблар тақдимоти ва китобхонлик тадбирлари;

– олий таълим муассасалари ва Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда фан ва таълим соҳаси вакиллари, олимлар, ҳуқуқшунослар, диншунослар, имом-хатиблар билан учрашувлар;

– театрлар ва ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда халқимиз ардоғидаги санъаткорлар, актёрлар, хонандалар билан учрашувлар, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг театрларга ташрифлари ёки театр жамоаларининг ҳарбий муассасалардаги сайёр томошалари;

– мамлакатимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига, музейларга экскурсиялар;

– ҳарбий муассасалардаги ижодий тўгараклар, ансамбль ва оркестр жамоаларининг чиқишларини ташкил этиш.

Чилонзор туман мудофаа ишлари бўлими масъул ходими Шерзод Ҳикматовнинг ташаббуси ҳам эътирофга лойиқ. У “Шахдам қадамлар” шиори остида ҳарбий-спорт фестивалини ўтказишга бош-қош бўлди. Ш. Ҳикматов бу фестивални янада мукаммаллаштириш устида изланмоқда.

Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти эса, “Биз – ватанпарварлармиз” шиори остида ўзига хос акция бошлади. Маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбирларни қамраб олган бу акция ёшларимиз ўртасида бутун республика бўйлаб ўтказиляпти. Кўргазмали чиқишлар, техникалар намойишини ўз ичига олган бу тадбир ёшларимизни ҳарбий касбни танлашга қизиқтиради, соҳани мукаммал ўзлаштиришга интилиш, ҳарбий-техник воситалардан самарали фойдаланишга ўргатади, спорт билан мунтазам шуғулланиш кўникмасини ҳосил қилади, жисмоний ва маънавий комилликка интилишни рағбатлантиради.

Натижада жисмонан етук, кучли ва шижоатли, Ватан манфаатини ҳар нарсадан устун қўядиган, фидойи, садоқатли, ҳалол, фаол ҳаётий позицияга эга авлод тарбияланади. Шундай баркамол авлодгина чинакам Ватан ҳимоячиси бўла олади.

Алижон САФАРОВ,

полковник

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг