Маданий меросимиз истиқболи (2019 йил 1 сон)

2

Кейинги йилларда  кўп асрлик тарихга эга маданий меросимизни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, мамлакатимиз, қолаверса, дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Чунончи, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 28 декабрдаги  Олий Мажлисга мурожаатномасида “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда, унинг дастурларини пухта шакллантириш зарур”, дея таъкидланади. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ­Наманган вилоятида хорижий тилларга ихтисослашган Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернати ҳамда музей, Қарши туманида Абул-Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳи, Сурхондарё вилоятида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Урганч шаҳрида 4 минг кишига мўлжалланган Ниёз Муҳаммад Охунд бобо  масжиди, Тошкент шаҳрида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид қурилди. Шиддатли ислоҳотлар даврида жамият тараққиётида  маънавий эҳтиёжлар  масаласига алоҳида эътибор қаратиб, мамлакатимизнинг бугунги туб бурилиш палласида шахснинг роли ниҳоятда муҳим эканини  ўз  амалий фаолияти мисолида намоён этаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Осиё журналистлари ассоциацияси “Йил одами” дея эътироф этгани  ҳаммамизга фахр-ифтихор бағишламоқда. 

Халқимизни рози қилиш, ишбилармон тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, Ватанимизни обод ва гўзал масканга айлантириш, дунё ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аждодларимиз барпо этган, айни чоғда дунё маданиятининг дурдоналарига айланиб, умуминсоний қадриятлар сифатида эътироф этилаётган маданий ёдгорликларимизни  асраб-авайлаш Президентимиз раҳнамолигида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор вазифасига айланди. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни кучайтириш, инновацион технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланиш, лойиҳалаш ва реставрация ишларида давлат назоратини замон талаблари асосида қайта ташкил қилиш тақозо этилади. Президентимиз томонидан  2018 йил  19 декабрь куни “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши ушбу саъй-ҳаракатлар йўналишида муҳим қадам  бўлиб, унда муаммоларни бартараф этиш  чора-тадбирлари  батафсил кўрсатиб берилган.

Бугунги кунда республикада 7476 та моддий маданий мерос объекти мавжуд. Шундан, 7123 таси давлат мулки, 353 таси хусусий мулк ҳисобланади. Жумладан, 4308 та археология, 2079 та архитектура объекти, 694 та маҳобатли санъат асари, 395 та диққатга сазовор жой бор. Миллий фондларимизда эса 2,5 миллиондан зиёд музей ашёлари, 100 мингдан ортиқ ёзма асарлар сақланади.

Маданият вазирлиги ҳузурида ноёб меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодга бекаму кўст етказиш, уларни илмий тадқиқ қилиш, сақлаш учун масъул муассаса – Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси  мавжуд  бўлса-да, унинг айни пайтдаги фаолиятида жиддий муаммолар борлиги кўзга ташланиб қолди. Таъмирлаш ишларининг архитектура-муҳандислик меъёрларига мос келмаслиги, замонавий инфратузилманинг ривожланмагани, моддий-техник базанинг юксак талабларга жавоб бермаслиги,  шунингдек, кўпгина объектларнинг ижтимоий мақоми ҳамда иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ниҳоятда паст даражада эканлиги, объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида ўрнатилган тартиб-қоидалардан четга чиқилиши, қонунларга тўлиқ риоя қилинмаслиги, идоралараро бошқарувда ўзаро келишмовчилик ва бошқа масалалар айни пайтда ўз ечимини кутаётир.

Президент қарорига асосан Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос ­депар­таменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош­қармалари ташкил этилади. Департа-мент­нинг асосий вазифаси моддий маданий мерос, жумладан, археология объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишдан иборат.

Унда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ва уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, бундай объектларда қурилиш, реконструкция ишларини амалга ошириш фаолиятини лицензиялашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш масаласи ўз аксини топган.

Қарорда  Департамент қошида доимий равишда фаолият олиб борадиган тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассислардан иборат Илмий-эксперт кенгаши тузилиши таъкидланган. Эндиликда  моддий маданий мерос объектларида қурилиш ва реставрация ишларини олиб бориш ҳамда илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш фақат Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида амалга оширилади.

Қарорда Департаментнинг бюджетдан таш­қари Маданий мерос жамғармаси ташкил этилиши, унинг маблағлари маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш, илмий-техник тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда кенг тарғиб этиш, Департамент ва ҳудудий бош­қармаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Илмий-эксперт кенгаши аъзолари ва ходимларни моддий рағбатлантириш, хорижий мутахассисларни жалб этишга сарфланади.

Қарорга мувофиқ, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида  “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари ташкил этилади.

Эндиги вазифамиз моддий-маданий меросимизнинг бугуни ва истиқболи борасида қўйилаётган талаб ва вазифалар ижросини таъминлаш учун, оддий фуқародан тортиб раҳбарларгача, барча-барчамиз миллий давлатчилигимизнинг пойдевори бўлган, ўз маҳобати ва улуғворлиги билан мозийнинг чинакам мўъжизаси саналган меросимизни амалда кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборат.

Азамат ҲАЙДАРОВ,

Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори, профессор

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here