Дутор созининг мохири (2019 йил 1 сон)

175

Мақом санъати ҳақида гапирганда, беихтиёр бу қадим санъат мактабининг Набижон Ҳасанов, Фахриддин Содиқов, Берта Давидова, Шокиржон Эргашев, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Коммуна Исмоилова, Орифхон Ҳотамовдек дарғалари ёдга олинади. Уларнинг айримлари бу соҳада маълумот олмаган эса-да, куй “тили”, “кайфияти”ни қалбан ҳис этиб, ҳаётини санъатга бағишлаган. “Қарс икки қўлдан чиқади” деганларидек, хонандаларнинг ижроси созандалар жўрлигисиз бўлмайди.

Мутахассисларнинг эътирофича, мусиқа санъатида энг саводли кишилар созандалар бўлиши лозим. Зеро, куй либос мисоли овозни безаб, меъёрга солсагина ижро мукаммаллик касб этади. Уста созандалардан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Юнусов дутор созининг моҳир ижрочиларидан, юзлаб шогирдлар етиштирган, дуторчилик мактабини қурган санъаткордир.

— Ўтган асрда Ўзбекистонда дуторчилик санъатининг кўзга кўринган уч нафар намояндаси — Ориф Қосимов, Зокиржон Обидов, отам бўлиб, “Маҳмуд тараша” дадамнинг тахаллуси эди, – дейди Маҳмуджон аканинг ўғли Аҳмаджон Юнусов. — Юнус Ражабийга устозлик қилган Тўйчи ҳофиз дадамга санъат соҳасида устоз бўлган. Бир куни ҳофиз дадамнинг дутор пардаларини босиб, бошқача маҳорат билан чалишини эшитиб: “Ия, қотириб, тараша қилиб ташладинг-ку!” деган экан. Шу-шу дадамни “Маҳмуд тараша”, деб чақирадиган бўлишган. Ўзим, гарчи бошқа мутахассисликни танлаган бўлсам-да, ақлимни таниганимдан дадамнинг дутор чалганларини кўриб улғайдим. Созга қизиқдим. Айниқса, у кишининг хотираларини, санъат ва санъаткорлар тўғрисидаги суҳбатларини кўп тинглаганман. Ана шундай суҳбатлар чоғида созандаликка қизиқишлари нимадан бошланганини билиб олганман.

Ўсмирлик йилларида  чолғу асбобига ишқибоз бўлиб, ўзларича ёғочни созга ўхшатиб ўйиб, унга резинка тортиб чалиб юрганларини кўрган  бувим қўлбола дутор ясаб берган эканлар. Кейин интилишлари астойдиллигини кўриб, дутор олиб беришган. Бу воқеалар 1925-1930 йилларга тўғри келса керак. У пайтларда микрофон йўқ, ҳофиз камёб, аммо қаерда тўрт киши йиғилса, дуторчи топиларкан. Мен ҳам ёшлигимда кўпчиликнинг уйида дутор осиғлиқ турганини кўрганман. Аммаларим қўлидан дутор чалиш келиб қолган укаларини қизларнинг ўтиришларига олиб боришаркан.

Бувимиз дадамни Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабийга шогирдликка берган. Сўнг ўзлари тўлиқ мусиқий савод, билим олиш мақсадида консерваторияга ўқишга кирган. Афсуски, ўша пайтда ўзбек анъанавий чолғу асбоблари бўйича факультет бўлмагани, маҳаллий миллат ўқитувчилари нотани билмагани боис ўқишни тамомлай олмаган. Нотани кейинчалик мустақил ўрганган.

— Ўша давр санъаткорларининг ўз ишига фидойилигини бугунги кун ёш созандаю хонандалари учун ибрат мактаби, дейиш мумкин. Маҳмуд ака Ўзбекистон радиосида узоқ йиллар фаолият кўрсатганини кекса шинавандалар яхши хотирлашади…

— Юнус Ражабийдан чолғучилик сирларини бир муддат ўрганган дадам Ўзбекистон радиосида очилган ансамблда узоқ йиллар халқ чолғу куйларини ижро этувчи созандалар қаторида фаолият юритган. Аммо улар мақом эмасди. Овоз ёзув тасмалари бўлмагани сабабли, ижролар жонли, концерт дастурлари ҳам хонандаларнинг келишига қараб, қисқа фурсатда тузилиб эфирга узатилган. Дадам кейинчалик радио қошидаги филармонияда ҳам ишлаган.

1934 йили Москвада нашр қилинган “Радио в СССР” номли китобда дадамнинг дутор ушлаб тушган фотосурати бор. 1937, 1957 йилларда Москвада ўтган Ўзбекистон санъати ва адабиёти кунларида Юнус ака бошчилигидаги гуруҳда қатнашган. Мақом ансамбли ташкил этилгач, Фахриддин Содиқов (мусиқа раҳбари), Бертахоним Давидова, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Холисхон Қодирова, Эсон Лутфуллаев, Адиба Мирзаева, Ориф Алимахсумов билан бирга ишлашган. Ориф Қосимов ва дадам етакчи дуторчи бўлишган. Кейинчалик улар радио қошидаги этнографик ансамблда ҳамкорлик қилишган. 

— Маҳмуд Юнусов истеъдодининг ­бошқа дуторчилардан қандай фарқли жиҳатлари бор эди?

— Дадам дутор танламасди: дўконникими, қўл дуторими, янгими, эскими – ўзларига мослаб, созлаб чалаверарди. Аммо шундай чалардики, овоз овозга уланиб, чиройли чиқар, ҳамма тан берарди. Бармоқлари дуторга мос — ингичка, қўллари қопқоққа тегмасди. Пардаларни эзиб, тортиб чалгани учун “Маҳмуд тараша”нинг ижросини ҳамма ёқтирарди. Улар ҳам дўст, ҳам рақобатчи бўлишса-да,  бир-бирларини ҳурмат қилишган.

Барча торли чолғуларни чалишдан ташқари, паузадан унумли фойдаланишлари билан ҳам ажралиб турган. Паузани меъёрида ишлатиш профессионаллик белгиси, дейишади созандалар.

— Маҳмуд ака санъатимиз хазинасини ижролари билан бойитибгина қолмай, жуда кўп  шогирдларга устозлик ҳам қилган эканлар…

— Техникумда, педагогика билим юртида, Тошкент 1-клиник шифохонасида қизларга кўп дарс берган, бадиий ҳаваскорлик тўгаракларини бошқарган. Шифохонадаги бир раҳбар дадамга: “Қизларга “Катюша” ашуласини дуторда ўргатинг”, дебди. Шунда дадам ўзбек халқ куйлари ва созларига муҳаббати юксаклиги боис у ердан ишдан бўшаб кетган. Бироз ўтмай ўша раҳбар илтимос қилиб қайта ишга чақирган.

Консерваторияда ўша пайтда дутор санъатидан таълим берилмагани сабабли, бу соҳага қизиққан йигит-қизлар дадамни излаб келишарди, ижролари ёзилган пластинкаларни эшитишарди, баъзан уйимизда ўнлаб шинаванда, ихлосманд шогирдлар йиғиларди. Ота-оналар фарзандини дутор чалишга ўргатиш учун етаклаб келар, ҳовлимиз гавжум бўларди. Дадам вазминлик ва сабр билан устозликни ўрнига қўйганлар. Қобил Усмонов ва Қобил Орипов ишонган, яхши кўрган шогирдлари эди. Карим Мўминов, Зокиржон Султоновнинг ижрочиликдаги иқтидорини сезиб, ҳофиз бўлишларига туртки берган. Ўзбекистон радиоси қошида дуторчи қизлар ансамблининг тамал тошини қўйган.

— Маҳмуд ака бир муддат радиода ­сухандон ҳам бўлган экан-а?.. 

— Ҳа, соҳада мутахассислар кам бўлгани учун бир муддат таниқли сухандон Туйғуной Юнусхўжаева билан ҳамкорликда ишлаган. Бир воқеа сабаб бўлиб бу фаолиятлари ниҳоя топган: етакчи сухандон сифатида ахборот дастуридан кейин қандайдир пленум йиғилиши ҳақидаги матнни белгиланган муддатдан ўн дақиқа олдин ўқиб тугатган. Яъни қоғоз тақчиллиги туфайли варақнинг орқасига ёзилган матнни ўқимай қолдирган. Бироқ шу заҳоти микрофонни қайта ёқиб: “Ҳозир ўзбек халқ куйларидан “Чоргоҳ”ни эшитасиз”, деб олтита куйдан ўн дақиқага етгулик қилиб чалган. Бу “топқирлик”ни биров билиб, биров билмаган, лекин замон қалтислиги туфайли бошлиқларга гап тегиб қолишидан чўчиб ўзи ишдан бўшаган. 

— Сиз, гарчи бошқа соҳада ишлаган бўлсангиз ҳам, қонингизда мақом санъатига мухлислик, унинг нолаю наволарига ошуфталик бор. Отангизнинг ижролари ёзилган пластинкаларни авайлаб-асрайсиз, бугунги қўшиқчиликдан бохабарсиз. Ҳозирги ёш хонандаларнинг ижрога муносабати ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдик.

— Ёш санъаткорлар орасида “ўзига хос ижро этди” деган сийқа ибора пайдо бўлдики, шуни рўкач қилиб мумтоз ашула, қўшиқларни ҳам ўзлари истагандек куйлашни урф қилиб олишяпти. Ана шундан хавотирдаман. Коммуна ва Берта опалардек катта санъаткорлар ҳам ҳар бир янги ўрганган ашуласини устозлар, муаллиф, бадиий раҳбар олдида ижро этиб, уларнинг розилигини олиб кейин саҳнага чиқишган. Мақомлар – асрлар давомида сайқалланиб, маромига етиб, ягона айтиш усули бўлган қадим санъат дурдоналари. Тасаввур қилинг, мусаввирлар, наққошлар аждодларимиздан қолган қадимий обидалар безак-нақшларининг кўчиб, синиб, йўқолган жойларини аслидек тиклаш учун  изланиб, ўқиб ўргансалар-у, ёш ижрочилар устозлар анъанасидан хабардор бўла туриб мумтоз қўшиқларни ўз қолипларига мослаб олсалар. Бу ҳолатнинг анъана тусини олиши ташвишланарли.

Собиқ шўро тузуми даврида миллий куй-қўшиқларимизга қарши курашилган: айрим чолғу асбобларимизни бузиб, ўзгартиришга уринилган. Ўшандай қалтис вақтда ҳам катта авлод санъаткорларимиз ўз эътиқодида мустаҳкам тургани, мумтоз мусиқий дурдоналарни оҳори тўкилмайдиган жилолари билан авлодларга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ёшларга сабоқ бўлиши керак.

Ирода ХЎЖАХОНОВА,

Консерватория талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг