- МУҲИМ ХАБАРЛАР, Театр ва кино

Ривожланиш йўли (2019 йил 1 сон)

Ўтган йилда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги фаолиятини такомиллаштириш ва республикамизда кинематография соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир неча қарор ва ҳужжатларнинг қабул қилиниши юртимиз кино санъати ҳаётида муҳим даврни бошлаб берди. Ушбу қарорлар асосида “Ўзбекфильм” киностудияси қошида “Мультипликацион фильмлар студияси” унитар корхонаси ташкил этилди, илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси “Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонасига айлантирилди. “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг янги ташкилий тузилмаси, унинг Низоми ҳамда Агентлик қошидаги Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси устави тасдиқланди, “Республика кино маркази” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Шунингдек, “Ўзбеккино” томонидан хал­қаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилди, жумладан,  Туркманистон, Қир­ғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Япония, Туркия, Хитой, Польша, Чехия, Словакия республикаларининг Ўзбекистондаги элчилари ҳамда Европа Иттифоқи делегациясининг вакили билан учрашувлар ўтказилди. Бир қанча мамлакатларда “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтди. “Ўзбеккино” ва Япониянинг “Loaded films” кинокомпанияси ва Хитой Халқ Республикасининг “Chine film promotion” кинокомпанияси ўртасида биргаликда фильм ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Май ойида Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон павильони ташкил этилди. Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган туркий халқлар кинофестивалида ўзбек фильмлари намойиш этилди. Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар кинофестивали доирасида ташкил этилган кинобозорда Ўзбекистон павильони ташкил этилди. Олмаота халқаро кинофестивалида  “Дадам бетоб” фильми совринга лойиқ топилди.

Ўзбек киносининг янги даври деб баҳоланган 2018 йилдаги фильмлар рўйхатини бадиий-публицистик жанрда суратга олинган режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Исломхўжа” фильми бошлаб берди. Орадан кўп ўтмай режиссёр Ҳ.Насимовнинг “Ҳаёт” номли ўткир сюжетли  ҳарбий-ватанпарварлик жанридаги фильми киномухлислар эътиборига ҳавола этилди. Фильмда 2002 йили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида юзага келган таҳликали вазият ва ҳарбийларимизнинг жасорати билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Атоқли ёзувчи Ч.Айтматовнинг 90 йиллик юбилейига бағишланган  “Сарвқомат дилбарим” фильми қирғизистонлик киноижодкорлар  билан  биргаликда яратилиб,  сўнгги йиллардаги илк ҳамкорлик картинаси сифатида эътироф этилди. Режиссёр Умид Ҳамдамовнинг“Иссиқ нон”  фильми тарбиявий-ахлоқий мавзуси билан бошқа фильмлардан фарқ қилади.  Фильм ота-онаси ажрашгач, бувисиникига қишлоққа келган ўсмир дунёқарашининг аста-секин ўзгариб бориши ҳақида ҳикоя қилади. Қизиқиш билан кутилган Зулфиқор Мусоқовнинг “Берлин-Оққўрғон”  фильми хақиқатан ҳам катта воқеа бўлди. Картинада Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ўзига хос сиёсий ўйинлар фонида ўзбек ва яҳудий хонадонларида кечаётган воқеалар акс эттирилади.

Шунингдек, Акбар Бектурдиевнинг “Тинч­лик ортида”, И.Муҳаммадиброҳимовнинг “Парвоз”, А.Унарбоевнинг “Одамлар орасида”, Абдувоҳид ўаниевнинг “Элпарвар” фильми премьералари ҳам мухлисларда қизиқиш уйғотди. Ўтган йилги бадиий фильмлар премьераларининг сўнггиси “Саид ва Саида” (режиссёр Нозим Аббосов) фильмида ёзувчи Саид Аҳмаднинг туҳмат билан қамалиши ва қатағон қилиниши, рафиқаси Саида Зуннунованинг садоқати билан боғлиқ воқеалар уларнинг ўзаро мактублари, ёзишмалари асносида кўрсатиб берилади.

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг “2 ойда 10 та премьера” лойиҳаси доирасида мухлислар интиқлик билан кутган фильм­лар бирин-кетин намойиш этилди. Ўзбек киноси тарихида ҳали бундай катта воқеа бўлмаган эди. Албатта, бу фильмларни идрок этиб, уларнинг бадиий-эстетик, маънавий-маърифий ва бошқа жиҳатлари ҳақида жиддий таҳлиллар қилиш олдинда. Бу фильмлар мавзу ва жанрларига кўра ранг-баранглиги, уларни суратга олишда тажрибали режиссёрлар билан бирга  катта кинода дебют қилаётган ёш режиссёрларнинг қатнашгани эътиборга лойиқ. Лекин сценарий муаллифларининг  етишмаслигидан бўлса керак, баъзи қалам усталарининг бир неча сценарийларга муаллифлик қилиши  бу соҳада муаммолар борлигидан далолатдир.

Албатта, иш, ижод бор жойда ечилиши зарур бўлган муаммолар, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзага келиши табиий ҳол. Энг муҳими бу масала, муаммоларни енгишга қодир салоҳиятли ижодкорларнинг борлигидир. Бу эса кадрлар тайёрлаш вазифасини ҳал қилиш билан боғлиқ. Бугун Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтида кинематограф учун зарур бўлган барча соҳаларда кадрлар тайёрланмоқда. Фақат нимагадир бу нуфузли институтни  тугатаётган талабалар, магистрларнинг кўпчилиги кинода ўз ўрнини топа олмаяпти. Баъзи ёш режиссёрлар эса қисқаметражли фильмлардан  нарига ўта олмаяпти.

2019 йилда очилиши режалаштирилаётган кино факультети ва кейинчалик Кино институти кадрлар муаммосини тубдан ҳал қилишга йўналтирилган.  Кинематография специфик соҳа бўлгани учун, дарсларни ҳам фақат мутахассислар ўтиши зарур. Мисол учун, киношунослик соҳасини олайлик. Юқорида келтирилган “2 ойда 10 та ­премьера” лойиҳаси доирасида ўтган фильмлар тақдимотида модератор атрофдагиларга “Киношунослар етишмаслиги боис, журналистлар уларнинг вазифасини бажаришига тўғри келади”, дея мурожаат қилди. Лекин, тан олиш керак, бундай матбуот анжуманлари киношунослар иштирокида ўтса, ­савияси, салоҳияти ва мазмун-моҳияти жиҳатдан бутунлай ўзгача бўларди. 

Кино тарихи ва назариясида кенг тар­қалган бир аксиома бор: агар мамлакат кинематографиясини ривожлантирмоқчи бўлсангиз, энг аввало, киношуносликни ривожлантириш керак. Ҳақиқатан ҳам, киношунослик ҳамма учун бирдек зарур. Киноижодкорлар учун профессионал таҳлил, холис баҳо, томошабинлар учун эса фильм ва ижодкорлар ҳақида ҳаққоний маълумотлар билан танишиш зарур.

Ўзбек бадиий киноси вужудга келганига 95 йил бўлганига қарамай, ҳалигача “Ўзбек кино тарихи” номи билан фундаментал илмий иш яратилмагани ҳам бугунги ўзбек киношунослигининг қониқарсиз аҳволини кўрсатади. Киношуносликни ривожлантириш учун  эса киножурнал бўлиши шарт. 2018 йилнинг ёз ойларида нишона сони  дунё юзини кўрган “Кино санъати” журналининг тақдири ҳалигача ноаниқ бўлиб турибди. Юртимизда йилига 50дан ортиқ бадиий, ҳужжатли, мультипликацион фильмлар суратга олинади, демак, уларнинг савияси, мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритадиган, кино саноати, кино санъати жараёнларини ёритадиган, фильмлардаги ютуқлар ва камчиликларни муҳокама қиладиган, кино тарихимизга оид илмий ишларни чоп этадиган  кино журналимиз бўлиши керак.

Назаримда, ўтган йилги сермаҳсул ижод ўзбек кино санъати ривожланиш сари юз тутганидан далолат бериб турибди.

Ойбек ВЕЙСАЛ ўғли

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan