- Адабиётшунослик

Танқид кимга ёқади? (2019 йил 1 сон)

Танқид кимга ёқади?

Ёхуд адабий танқиднинг бугунги аҳволи  ва истиқболи хусусида ўйлар

“ЎзАС” кейинги вақтда адабий танқидчилигимизни юксалтириш орзусида куюнчаклик билан ёзилган мақолаларни чоп этиб, эътиборимизни тортди. Ана шу чиқишлар таъсирида хаёлимга “Танқид кимга ёқади?” деган савол ортидан айрим фикрлар келди.

Тарихга разм солинса, мунаққидлар ҳамма замонларда камчил бўлган кўринади. А.Пушкин 1829 йилда: “Бизда гўзал адабиёт бор, аммо ҳозирча танқид йўқ”, деб армон билан ёзади. Шоирнинг армони тезда ушалди. Шу адабий авлод асарлари тийнатидан талантли танқидчи В.Г.Белинский майдонга чиқди… Нима демоқчиман? Мунаққидларнинг фаоллиги, ўқиши, уқиши, мақташи, танқиди, таҳлили, талқини, баҳолаши жуда муҳим, аммо ижод оламида истеъдодли адиб шахсиятининг бунёд бўлиши ундан ҳам муҳимроқдир.

Сир эмас, гоҳида бирор ўқувчидан илиқ муносабат кутса ҳам, аслида, истеъдодли ижодкор юраги нимани қандай ёзиб қўйганини аксар бехато ҳис этади. Чунки унда интуиция – ички сезим бўлади. Шунга кўра, атрофдан махсус уюштирилган мақтовлар ёғилишига эҳтиёж сезмайди. Ёзганларини тарғиб-ташвиқ этиш йўлида ташвиш тортмайди.  Масалан, бундан ўттиз йиллар олдин бир адабий учрашувда Абдулла Орипов мухлислар саволига жавоб бериб, мазмунан: “Танқидчилар менинг ижодим тўғрисида нима деса десин, аммо мен нима билан шуғулланиб юрганимни ҳам, шеърларим даражасини ҳам жуда яхши биламан”, деганини ҳамон эслайман.

Аслида, адабий танқидий мақолалар – ҳақиқат йўлидаги изланиш, изтироб, меҳнат, машаққат, илҳом, жазава, эҳтирос ва бошқа кўплаб маънавий-руҳий омиллар маҳсули. Қаловини топиб ҳақиқатни айтмоқ керак. Адабий танқидий мақола ҳам, бошқа ижод намуналари сингари, обдон пишиб етилмаса, силлиқланмаса, тарашланмаса, далилланмаса қуриган дарахтнинг шохига ўхшаб мўрт келади. Тез синади, ўтин бўлади, унутилади, чиқитга чиқади.

Одатда, танқидчидан бадиий асар тўғрисидаги барча илмий ҳақиқатни айтиш талаб қилинади. Ҳақиқатни айтишнинг йўл-йўриғи, усули, этикаси, мавриди, макони, адиб ва ўқувчи кўнглига қарашдек нозик жиҳатлари бор. Ривоятга кўра, бир сайроқи қушча ўрмонда ўтинлар остига ёнарқуртни қўйиб, олов олдириш мақсадида жон-жаҳди билан пуфлаётган маймунга дуч келибди. Қуш ёнарқуртнинг чўғ эмаслигини тушуниб, бир-икки марта сайрабди. Пуфлаётган жонивор эса бепарвогина ишида давом этибди. Шунда қушча “Гапимни яхши эшитмади, шекилли” деган хаёлда дарахтнинг пастки шохига қўниб,  гапини яна такрорлаган экан, маймун бир сакраб, унинг қанотларини узиб маҳв этибди. Ҳазрат Навоийдан қолган ҳикматни ҳар ким билади:

Хирадманд чин сўздин ўзгани демас,

Вале бари чин ҳам дегулиг эмас.

Донишмандлар гапни бежиз қопга солинган бигизга ўхшатмаганлар.

Танқидчи санъатнинг назарий қонуниятларини пухта биладиган олим; танқидчи – юксак савияли китобхон; танқидчи – холис ва одил баҳоловчи-ўқувчи. Шу билан бирга танқидчига хусумат, тарафкашлик ярашмайди. Адабий танқид оппоқ кўйлакдаги митти қора доғни достон қилмаслиги; мунаққид ҳақорат, мазах, пичинг, гуруҳбозликни ўзига касб қилмаслиги лозим. Танқидчи адиб ва китобхон орасида туриб холис фикрлашга масъул экан, одамлар фикрини нотўғри ўзанга солиш бу соҳада ҳалол луқма ейман, деган марднинг иши саналмайди.

Назаримда, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик, ҳамтовоқлик авж олган муҳитда ҳеч қачон холис ва адолатли адабий танқид бўлмайди. Анъанавий қолипга мос равишда кўпинча мақталади, озгина камчилик айтилади. Тамом. Агар жиддийроқ танқид қилинса борми,  ўзаро душман қутблар пайдо бўлади. Битта асари қачонлардир курашчан мунаққид танқидига учраган тажрибали адибнинг адабий давраларда ўша танқидчи устига мағзава ағдариб, мавзуга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, унинг исми-шарифини қистириб очиқдан-очиқ масхара қилганини кўп кузатганман. Айтинг-чи, танқид кимга ёқади? Танқидчига ким қачон раҳмат айтган? Ижод аҳли учун мақтов муҳим. Мақтов кимга ёқмайди? Бироқ адабий танқид мадҳия ҳам, қасида ҳам, тўйчининг ноғораси ҳам эмас. Бинобарин, адабий жараённи холис баҳолашга бел боғлаган танқидчилар иши ҳеч қачон осон бўлмаган.

Мунаққидлик заҳматига бир мисол. Беш юз саҳифали романни ўқиш учун энг камида бир-икки ҳафта вақт кетади. Тақриз ёзиш учун фикрлаб, чизиб, ўчириб… айтаётган фикри исботи учун дунё алломалари бисотидан иқтибослар олиб ўқиса, яна шунча вақт керак. Майли, босмақолип-стереотип тақризларда бу нисбатан осон иш, яъни асарнинг атиги айрим фазилатлари ва жузъий камчиликлари айтилади, холос. Энди тасаввур қилинг, асосли танқидий, чуқур таҳлилий мақола ёзиш лозим бўлса, фикрнинг ишончлилиги, адабий танқид этикаси риояси учун қанчадан-қанча куч-қувват сарфлаш, эзопона тилни чархлаш керак бўлади. Агар мақола яхши чиқиб, унутилмаса бу – ютуқ. Бироқ у ўша савияси паст роман билан бирга унутилса-чи? Адабиётчи сарфлаган умри ва вақти учун ақалли ачинса керак. Китоблар ўқиб кўнгил кўзи очилган ва қўлида тутган тоғоранинг тешиклигини билган оқил одам эси борида этагини ёпиб олади.

Тасаввур қиламиз: бугун жиддий мунаққидларимиз етарлича. Бундай шароитда икки сабабга кўра адабий жараёндаги янги асарлар эътиборсиз қолиши мумкин. Биринчидан, бадиий асарни тушуниш ва тушунтиришга мунаққид идроки етмайди. Иккинчидан, “асар” танқид ва таҳлилга арзимайди. Бугунги адабий жараёнда иккинчи сабабга асло омад тиламаган бўлар эдим. Ҳақиқий мунаққидлар учун ёзилмаган мезонлар бўлади; маълум бир ижодкорга ёлланиб, унинг отизи-томорқасига қовун экмайди; сабаби – бўш асарни кўкларга кўтариш алалоқибат ижодкорни хурсанд қилмаганидек, мунаққидга ҳам обрў келтирмайди.

Чин адабиёт қадри, мақоми устидаги тортишувлар, маънили-маънисиз иншолар ҳамма замонларда ҳам бўлган. “Аслида, маънисизлик икки хил бўлади: биринчисида туйғу ва фикрлар етишмайди; ортиқча вайсама сўзлар кўпайиб кетади. Иккинчисида, туйғу ва фикрлар ҳаддан ташқари кўп бўлиб, улар ифодаси учун сўз топилмай қолади”. А.Пушкиннинг барча замонлар мунаққидига ёрдам берадиган бу фикрини хаёлига келган гапни бадиий асар ўлароқ ёзиб юрганлар маслаҳат ўрнида қабул қилишлари ҳам мумкин.

Юқорида айтдик, бадиий адабиёт истеъдодлар билан умрбоқийдир. Истеъдодлар эса туғилади. Уларни завод ё фабрикада ишлаб чиқариб бўлмайди. Ижодкорларни хўрозқандга ўхшатиб қолипга солиб ясаш замонлари ҳам ортда қолгани рост бўлсин. Бироқ бугун босилаётган китоблардаги аксар сўзбоши ёки сўнгсўзлар ана шундай “ясаш”га уриниш бўлиб кўринади.

Айрим сўзбоши ё сўнгсўзларни мен ҳам ёзганман. Уларни жамласам, кичикроқ китоб бўлади.  Гоҳида китоблар учун менинг сўзимдан кўра илмий даража ва унвон зарурмикан, деган хаёлга ҳам бораман. Аммо сўзбоши ва сўнгсўзларга тегишли муҳим бир гап шуки, бўйнигами ё қўйнига тақилган тумор инсон манглайига ёзилган тақдир битигини асло таҳрир қила билмайди.  Китобларга, янги босилаётган асарларга ёзилган сўзбошилар ҳам тумордек гап. Исм-шарифлари ёнида қатор унвонлари илова этилган сўзбоши ва сўнгсўзлар китоблар қисмати – умр йўлини ўзгартириши жуда қийин. Асарнинг ўзи гўзал бўлса, уни кимнингдир елкасига миндириш шарт эмас. Шукрким, бугунги адабий жараёнда бундай ҳолга куни қолмаган, ўз сўзининг қадри ва сеҳрини билиб асарлар ёзиб юрган адиблар ҳам бор.

Аслида, ҳар қандай одам ўз ишидан завқланиши лозим. Жумладан, қалам аҳли ҳам. Агар ижодкор ўзи ёзган матнни ўзи ўқиб завқланмаса, биров ундан маъни топмайди. Шеъри эсда қолмаган шоир ўша оддий гапларидан ўзи ҳам таъсирланмайди, ҳайратланмайди, ҳаяжонланмайди. Ҳолан оддий сўзлар йиғими бошқалар юрагига етиб бормайди. Шу сингари адабиётшунослик асарлари, адабий танқидий мақолалар ҳам завқ-шавқ билан ёзилиши лозим; уларда зарур мулоҳазалар,  ўйлантирадиган, ҳайратлантираган фикрлар бўлиши шарт. Оригинал фикр – ҳар қандай олимнинг бебаҳо хазинаси.

Адабий назарияларга кўра, адабий танқид адабий жараён билан бирга яшайди. Янги назариялар шу жараёнда туғилади ёки янги ном олади. Адибларнинг асарлари вақт ва адабий жараён элагидан ўтади. Дунё адабиётшунослигида тажриба шундай.  Адабий танқид ҳам ўз специфик хусусиятига эга ижоднинг бир тури. Мунаққид адибларнинг таваллуд кунларида қўлларида гул тутиб саҳнага чиқадиган нозанин ҳам, маърака-маросимларда чопон киядиган ҳассакаш ҳам эмас. Агар шундай тасаввур қилинадиган бўлса, мунаққидликка доир бундай хато тушунчани таҳрир этиш, ўша қотиб қолган тушунчани ўзгартириш керак. Негадир адабиётчи-мунаққидлар айнан кимларнингдир таваллуд айёмларида ғимирлашиб, гўёки бир марталик зарур “матоҳ”га айланишади. Сўнг яна чеккада қўл қовуштириб, бекатда навбатдаги уловни, уловчи ва унинг қўшиғини кутади. Мунаққидликнинг бундай “хизмат тури”да ўта енгиллик, ўткинчилик ва юзакилик сезилади. Ҳолбуки, адабиётшунос-мунаққиднинг вазифаси бундан кўра жиддийроқ, илмийроқ, тизимлироқ,  юклироқ, масъулиятлироқдир.

Ҳар қандай соҳада ёшлар куч-қуввати, ташаббусидан умид қилинади. Илмнинг бу йўлидаги ёшлар бугунги адабий ҳаёт ичига кириши, ўз фикрларини айтиши лозим. Аммо қани ўша ёш мунаққид? Бир-иккита ёшларнинг чиқишларини ўқидим, рағбат учун олдинроқ улар номини бир мақолада тилга ҳам олдим. Таассуфки, улар ҳозирча бу сермашаққат ишда изчил ва фаол эмас. Бугун ўзини кўп ҳам ёқимли бўлмаган шу ижодий ишга чоғлаган, ўз нияти билан мунаққид бўлишга қатъий бел боғлаган ёшларни топиш  қийин. Чунки бу илм соҳасида кўп китоблар ўқиш, ҳис-туйғуларга берилиш, гапни тўғри тузишнинг ўзи камлик қилади. Жаҳон адабиёти ва адабиётшунослигидан хабардорлик, адабий-назарий ҳодисаларни теран анализ қилиш, кенгқамровли билим, эстетик дид, фаҳм-фаросат керак; бадиий асарга оригинал ёндашув усулларини ўрганиш ва кашф этмоқ лозим.

Чинакам бадиий асарда руҳ, тил, юрак, жон, жаҳон, ҳаёт мавжуд. Руҳсиз тана – жонсиз жисм. Руҳсиз, тилсиз “бадиий асар” устидан тегирмон тоши юритиш билан ҳам жонлантириб, тирик адабий дурдоналар сафига қўшиб бўлмайди. Дидли адабиётчи бундай кўнгилсиз юмушни зиммасига олмайди. Асрлардан асрларга ўтадиган адабиётшунослик асарлари ортида ҳам ўткинчи оммавий қарсакбозликларга жўр бўлишдан ор қиладиган, ўз адабий-эстетик, илмий-назарий, ижтимоий-ҳаётий концепцияси-тутумларига эга юраги бутун ижодкор ШАХС туради. Кунгабоқарлик қисматидан узоқлашиб, илдизи мустаҳкам асрий чинорлар билан бўйлашиш орзуси ҳар қандай ижодкорни абадият гулшанига ноил этади…

Хуллас, бугунги адабий-ижодий муҳитдаги одиллик ва холисликка, тўғрилик ва ҳақгўйликка даъват одамни умидлантиради; кўнглида ана шундай эзгу орзу-ниятлар уйғотади.

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори, профессор

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan