- Назм ва наср

Ташналик (ҳикоя) (1 сон, 2019 йил)

Арслон бобо бир кам саксонга борганида кампири бандаликни бажо келтирди. Кутилмаган бу кулфат, бемаврид жудолик ўн йигитга ўрнини бермай юрган қарияни довдиратиб қўйди. Отанинг назарида дунёнинг файзи кетди, олам ҳувиллаб қолди. У уйдан чиқмай қўйди, ҳеч нарсага ҳуши йўқ. Тўй-томошаларга мутлақо йўламади, ҳатто чойхонага бормади. Арслон ота йўқлиги учун оқсоқоллар даврасини қизитган аския, ҳазил-ҳузуллар ўз-ўзидан барҳам топди, гап-гаштаклар совиди. Ёлғиз ўзи уйига қамалиб, нортуядек чўкиб ётган чолни тенгқурлари келиб, даврага чорлар, қария эса кескин рад этиб, «Ҳар ишнинг ўз вақти бор» деб қўярди…

Дунёдан қўлини ювиб қўлтиққа урган ота бир масалада жуда қаттиққўл эди. У яккаю ёлғиз ўғлини зир югуртириб, кампирининг маъракаларини ўз вақтида, кўнгилдагидек ўтказди. Келди-кетди тийилиб, қўли бўшагач, ота ўғли ва келинига рухсат берди.

Бола-чақаси билан шаҳарга қайтиб борганига бир ҳафта бўлмай, ота ўғлини зудлик билан яна чақиртирди. «Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да!». Автобусга сабри чидамай, такси ёллаб, минг бир хавотирда етиб келган Жавлон отасининг жиддий гапи борлигини дарров пайқади. Негаки, чол  гапини мақолдан бошлаганди.

– Ўйчи ўйлаб бўлгунча, таваккалчи ишини битиради, ўғлим, – деди соқолини дамба-дам силаб қўяётган отаси Жавлоннинг кўзларига тикилиб. – Мана, кунлар ҳам жўнашиб кетди. Энди буёғи ёз, уйни сал кенгайтириб олсаммикин, девдим…

Жавлоннинг хаёлида ҳозир яшаб турган шароити, уйининг аҳволи жонланди. У кута-кута эндигина орзусига эришган, шаҳар марказидан тўрт хонали квартира олганди. Хотини ишлайдиган мактаб чақирса овоз етадиган жойда. Фарзандлари хотини билан бирга, қийналмай ўқишга бориб-келиб туришибди. Ҳамқишлоқлар шаҳарга тушса, албатта, йўқлаб ўтишади. Хотини Муҳайё шаҳарлик, жуда меҳрибон, келган меҳмонни ош билан сийламаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Хуллас, иккинчи маош қўлга теккунча, биринчиси силлиққина кетиб туради. Эски уйларни бузиб, ўрнига янги иморат турғизишнинг ўзи бўладими!..

– Ҳа, мум тишлаб қолдинг? – ота Жавлоннинг кўнглидагини уқиб тургандек зарда билан давом этди. – Сендан бир мириям сўрамайман. Онанг иккимиз уй қурамиз деб пул йиғиб қўйган эдик. Раҳматли, янги уйни, болаларини бағрида кўришни орзу қила-қила ўтиб кетди. Уйни тикласак, кўчиб келсанг, онангниям руҳи шод бўлармиди…

Жавлонни энди қишлоққа кўчиб келиш ваҳимаси босди. У уйланиш олдида Муҳайёга шаҳарда яшаймиз, деб ваъда бериб қўйганди. Болаларининг боғчаси, мактаби нима бўлади? Бу ерда эса боғча кўп йиллардан бери қурилиб-қурилмай ётибди. Мактабда ҳам таълимнинг мазаси йўқ, дейишади. Буёғи қандоқ бўлди?! Йигитнинг хаёли охири йўқ калавадек чувалашиб кетди.

–  Мундо-о-оқ кўнглингдагини гапирсанг-чи, тилинг борми ўзи?! – деди ота чинакамига жаҳли чиқиб.

– Қайдам, ўйлаб кўрармиз…

– Э…сенга қолган куним шу бўлса!..

Арслон ота этагини қоқиб, ўрнидан турди. Йўл-йўлакай кетмонни қўлига олди-да, орқа эшикдан чиқиб, бора солиб, эски томни чангитиб очаверди. Отанинг меҳри каби қаҳри ҳам қаттиқлигини яхши билган ўғил унинг ёнига йўлай олмади-да, орқа эшикдан чиқиб, аста шаҳарга жўнаворди…

* * *

– Дадам соғ-саломат юрибдиларми, қариндошлар тинч-омонми? – ҳар доимгидек дарров суриштирди, мошкичирини дастурхонга қўя туриб Муҳайё.

– Ҳа, – истар-истамас жавоб берди Жавлон қовоқ-тумшуғи осилиб. Муҳайё бошлаган гапини тўхтатди. Одатда эри уйга хафа бўлиб қайтган кезларида, ўзига келиб олгунча индамас, тинч қўйиб берарди. Кенжасини ҳам боғчадан ўзи олиб келди. Ҳар кунгидек, бир амаллаб озгина овқат едирди, дам ялиниб, дам уришиб, зўрға ухлатди. Жавлон девор томонга ўгирилиб олганча, ҳар замон-ҳар замонда «уҳ» тортиб, миқ этмай ётаверди. Унинг уйқуси ўчиб кетган, отасининг ғамгин ва асабийлашган юзи, ораларида бўлиб ўтган қисқа ва кескин суҳбат хаёлидан сира кетмасди.

Ошхона юмушларидан қўли бўшаган Муҳайё, хоналарнинг чироқларини ўчирди-да, келиб эрининг ёнига оҳиста чўкди. Жавлоннинг юрагидаги дардни тахмин қилиб, паст ва майин овозда кўнглидаги гапни айтди:

– Адажониси, дадам боёқишга қийин бўлди-да! Қариганда йўлдошидан айрилиб ёлғиз қолди. Бир ўйлаб кўрсакмикин? Агар сиз рози бўлсангиз, қишлоққа…

– Ҳа, энди сен етмай турувдинг! Қишлоққа кўчайлик демоқчимисан? Кўчмайман, эшитдингми, кўчмайман! Нима, пешонамга фақат сарсонлик битилганми? Ёки мени синаб кўряпсанми, сир олмоқчимисан?

Жавлон сакраб туриб, диванга ўтирди.

– Ҳай, ҳай, намунча ёниб кетмасангиз, – майингина кулимсираб ўзини вазмин олди Муҳайё. – Янги танишганимиздаги анави гапни айтяпсизми? Тўйгача берилган ваъданинг кўпиги кўп бўлади. Сиз биттагина ваъдангизни бажармай қўя қолинг! Мен буни ҳеч қачон юзингизга солмайман. Ахир, ўйлаб кўринг, шаҳардан қишлоққа борсак, нимани ҳам йўқотардик! Мен    ўқитувчилигимни қилавераман, сиз иқтисодчилигингизни. Қолган кам-кўстларни сизу биз бўлиб тугатамиз-да. Қани, бир жилмайиб юборсинлар-чи!

Жавлон Муҳайёнинг гапларини жон қулоғи билан эшитди-ю, кутилмаган таклифга ишонқирамай, зимдан қаради.

– Келинг, муғамбирликни қўйинг! – Муҳайё овозини бир парда кўтарди. – Ўзингиз ҳам жон-жон деб турибсиз-ку! Буёғини билмоқчи бўлсангиз, бағрикенг қишлоқ ҳавоси, одми одамлар менга ҳам ёқиб қолган. Ёқиш ҳам гапми, обдан боғланиб, ҳавасмандман шу жойларга!

Жавлон бир сўз демаса ҳам Муҳайё­нинг наздида, эрининг юзи ёришиб, чиройи очила бошлагандек эди. Жавлон ўрнига ётиб, хотиржам уйқуга кетганидан кейингина Муҳайё­нинг кўнгли жойига тушди.

*  *  *

Пешонасини рўмолча билан  танғиб олиб, тупроқ босиб қолган шох-шаббаларни ажратаётган Арслон отанинг кўзи бир зум тиниб кетгандек бўлди. Чанқаганини ҳис этиб, нарида турган човгум жўмрагини оғзига тутди. Човгумнинг қопқоғи кесаклар орасига тушди-ю, чолнинг оғзига бир-икки томчи томди, холос. Шу пайтда отанинг кўнгли эзилиб кетди, бирдан дармони қуриди. Ногаҳон кампирини қўмсаб, бирдан йиғлаб юборай деди-да, жавдираётган кўзларини узоқларга тикди. Олисларда қишлоғи сари ғизиллаб келаётган машиналар кўриниб турарди. Чол улардан кўз узолмай қолди.

Тўнғич невараси билан истараси иссиқ келини кўз ўнгидан ўтди. Қулоқлари остида кенжа неварасининг қичқириғи эшитилгандай бўлди, бўйнида чирмашган жажжи кўлларини ҳис этди. Афсуски…

Бирдан ҳоли қуриб, тиззалари қалтираб кетган ота қалқиб, тупроққа ўтириб қолди. У катта йўлдан бурилиб, маҳалласи томон яқинлашган машинадан кўз узолмасди. Гўё бир зум қарамай қолса, йўқотиб қўядигандек, киприк қоқмай тикилди.

Машина сеҳрланган сингари Арслон отанинг уйи томонга бурилди. У қияликдан вағиллаганча чиқиб келиб, ариқчадан бир силтаниб ўтди ва дарвоза олдида тўхтади. Кабина эшиги очилиб, жингалак соч, қоп-қора юзли шофёр сакраб тушди.

– Ҳорманг,   бобой,   юракдан   ҳам   бор   экан-да,   а?   Бир   ўзингиз қўрқмасдан ҳамма уйларни бузиб ташлабсизми?!

Ота шофёр билан ўрнидан турмасдан кўришди, индамасдан қандайдир илинж билан унинг оғзини пойлади. Шофёр чолнинг қўлини қўйиб юбормай туриб сўради:

– Ота, дўхтир Турсунбой аканинг уйи қаерда? Жуда керак бўлиб қолди.

Чолнинг гапиришга мадори йўқ, қўли билан юқори маҳаллага ишора қилди. Машина ўтиб кетгач, ота титроқ бармоқлари билан човгум дастасидан оҳиста тутди, ўнг қўлига таяниб, ўрнидан турди, бошини қуйи эгганча, ариқ томонга бир қадам босган ҳам эдики, ортида машина тўхтади. Ўгирилиб қараган отанинг кўзлари порлаб кетди. Машинадан тушган йигит ўғлига, сумка кўтарган аёл келинига ўхшарди. Болалар ҳам неваралари, шекилли…

– Дадам, дадажоним!

Тўнғич невараси Лола чопқиллаб келиб, бобосининг бўйнидан қучди, юзларидан чўлп-чўлп ўпди.

– Эй, Худо, борингга шукр, кўрсатганингга шукр, – шивирлади ота ташналикдан қақшаб кетган лабларини тишлаб. Қария қалтираган бармоқлари билан неварасининг сочларини силаркан, серажин юзидаги чангда из қолдириб томчилар юмаларди.

Бу пешона терими, кўз ёшларими… билиб бўлмасди.

Асад АСИЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan