Янгича ишлаш даври (1 сон, 2019 йил)

1

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 7 декабрда Конститутиция кунига бағишланган тадбирда сўзлаган нутқида айрим қарорлар, фармонлар қоғозда қолиб кетаётгани ҳақида гапирди. Ваҳоланки, давлат жамиятга, халққа хизмат қилиши керак. Аллақачон янгича ишлашга ўтиш вақти етгани ҳаммамизга маълум. Афсуски, баъзи вазирликлар буни тушунмаётгани биз санъаткорларни ҳам ташвишга солади. Демак, ҳаммамиз янги йилда янгича шижоат билан сусткашликка барҳам беришга киришмоғимиз керак. Шунингдек, Президентимизнинг 28 декабрь куни Парламентга йўллаган мурожаатномаси 2019 йил халқимиз учун улкан янгиланишлар йили бўлишидан далолат берди.

Эски йил охирлаб, янги йил остонадан хатлаб ўтганда ҳар биримиз беихтиёр ортда қолган йилни бир сарҳисоб қилиб оламиз. Замоннинг ўзи олдимизга қўяётган талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, мен ҳам бугун миллий театр санъатимиз, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри жамоасининг ўтган йилги ва келгусидаги фаолиятига бир назар ташлашга жазм қилдим.

Аввало шуни айтиш керакки, 2018 йилни халқимиз билан бирга кўнглимиз тўлиб кузатдик, десак хато бўлмайди. Президентимиз томонидан юртимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишга йўналтирилган йигирмадан ортиқ қарор ва фармойишларни ҳаётга тадбиқ этиш ишлари жадал бошланиб, бугун қизғин паллага кирди. Жумладан, театр санъати соҳасида ҳам тилга олса арзигулик воқеалар содир бўлди. Бунда, аввало, буюк адиб ва давлат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини муносиб кутиб олиш ҳақида Президент Ш.Мирзиёевнинг қарорига биноан ёзувчи асарлари асосида юртимиз театрларида саҳналаштирилган спектаклларни тилга олиш жоиз.

Театримиз ижодкорлари Санъат ва маданият институтининг маҳоратли педагогларидан бири Рамзиддин Қодировнинг ташаббуси билан ёзувчининг “Сарвқомат дилбарим” асари асосида спектакль яратдилар. Спектаклни томоша қилган Қирғизистон Республикаси давлат арбоблари, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси, мухлислар ижобий фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Ҳар галгидан ўзгача руҳда ташкил этилган ёш ижодкорларнинг “Дебют” кўрик-фес­тивали, назаримда, театр йилининг эътиборли тадбирларидан бири бўлди. Театримизнинг ёш умидли режиссёри Достон Худойбердиев саҳналаштирган “Қобил ва Ҳобил” спектакли учинчи ўринга сазовор бўлгани жамоамизни хурсанд қилди. Бу режиссёрдан умидимиз катта.

Хуллас, республикамиз театрларида ижобий силжишлар кўзга ташланди. Давр ва томошабин талабига жавоб берадиган саҳна асарлари яратишга иштиёқ кучайгани сезилди. Айни пайтда олдимизда катта ижодий вазифалар турибди. Театр мавсумини яхши томошалар билан якунлашни ният қилган. Жумладан, тарихий шахс, халқ қаҳрамони Тўмарис ҳақида спектакль қўйишни режалаштирганмиз. Шунингдек, бир вақтлар ўзбек саҳналарини безаган “Ҳалима” спектаклини қўймоқчимиз. Чингиз Айтматов асари асосида яна бир спектакль яратмоқчимиз. Тошкентнинг Бешёғоч ва Эскишаҳар даҳалари азалдан машҳур. Шу вақтгача мусиқали театримизда бирорта мюзикл саҳналаштирилмаганини назарда тутиб, шу мавзуда мюзикл саҳналаштирмоқчимиз.

Мана, Янги йил бошида умид билан турибмиз. Ҳамкасбларимни, мухлисларни байрам билан қутлаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги фаолиятларида омад тилайман.

Мирза АЗИЗОВ,

Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри директори

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here