Мундарижа янада  бойийди (1 сон, 2019 йил)

120

ПрезидентШавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бугунги янгиланишлар жараёни, аввало, маърифатга таянишни алоҳида қайд этиб, “Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди”, деб таъкидлади. Маърифат воситасида инсонни комиллаштириш, жамиятни эса тараққий эттириш — илм-фан, таълим-тарбия соҳалари каби матбуотнинг ҳам бош мақсадидир.

Мустақилликнинг илк даврида мамлакатимиз кўплаб соҳаларда жиддий ислоҳотларга  эҳтиёж сезди, шулардан бири – матбуот ислоҳоти эди. 1997 йилда таъсис этилган “Жаҳон адабиёти” журналини ана шу ислоҳот меваси деб бемалол айтиш мумкин. Ўзбек ва дунё адабиёти билимдони, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов биринчи бош муҳаррир сифатида таъмал тоши қўйган ушбу мажалла, мана, йигирма йилдан ортибдики, мунтазам равишда чоп этилмоқда. Журнал мухлислари бугун, ҳатто, қўшни давлатларда ҳам кўпайиб бораётир.

Шу кунгача “Жаҳон адабиёти”нинг икки юз олтмиштага яқин сони чоп этилди. Ўтган йилда  унинг 20 ёшлик тўйи мамлакат миқёсида нишонланди. Шунча йиллик нашрни ўз ичига олган “Жаҳон адабиёти” журнали библиографияси” китоб шаклида чоп этилди. Бундан ташқари, “Ўзбекистонда мустақиллик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти” илмий-публицистик мақолалар тўплами олам юзини кўрди.

 “Жаҳон адабиёти” журнали, мазмун-моҳиятига кўра, халқаро нашрга айланиб улгурди. Журнал саҳифаларини варақлар экансиз, жаҳон  халқларининг адабиёти, маданияти ва ўтмиш тарихи, ҳаёт тарзидан тортиб маънавий   дунёсигача бир-бир кўз ўнгингиздан ўтади. Турли тиллардан ўзбек тилига ўгирилган роман, қисса ва ҳикоялар, мемуар асарлар ўзбек  китобхонлари учун маънавий туҳфа бўлмоқда.   “Адабиётшунослик”, “Фалсафа”, “Публицистика” рукнлари остида берилаётган илмий-таҳлилий мақолалар  журналхонларга маъқул келаётир. Ҳар бир соннинг сўнгги саҳифаларида шуҳрати оламни тутган адабиёт ва санъат намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқа ва лўнда маълумотга эга бўласиз.

2018 йилда журнал саҳифаларида Б.Шлинкнинг “Китоб ўқиб берувчи” (таржимон М.Акбаров), Қ.Қулиевнинг “Қиш эди” (таржимон А.Мўмин), Т.Манннинг “Лоттанинг Веймардаги ҳаёти” (таржимон Я.Эгамова), Р.Собировнинг “Гурганч” (таржимон А.Саидматов), Х.Муракамининг “Пинбол-1973” (таржимон А.Отабоев),  Ф.Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” (таржимон И.ўафуров) романлари, шунингдек, Ҳ.Ҳессенинг “Сиддхартха”, М.Бахтийнинг “Қария” қиссалари, С.Моэм, Х.Кортасар, Т.Драйзер, В.Сумин каби атоқли ёзувчиларнинг сара ҳикоялари эълон қилинди. 

Журнал саҳифаларида чоп этилган Леся Украинканинг “Ўрмон қўшиғи” (таржимон С.Рауф),    америкалик драматург Уильям Теннессининг “Орзу трамвайи” (таржимон А.Файзулла) пьесалари драматургия мухлисларига маъқул бўлди. О.Асилбек қизининг “Адабиёт чиндан ҳам инқирозга юз тутдими?”, Ш.Ҳайитовнинг “Туркий халқлар адабиётида Бобур ижодининг ўрганилиши”, Н.Шодмоновнинг “Гўзаллик, Ишқ ва Изтироб шарҳи”, Л.Нохлиннинг “Нега аёллардан буюк рассомлар чиқмаган?” номли мақола ва эсселари ижобий маънода баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

2019 йилда  журналда Ф.Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” романининг давоми, Гюстав Флобернинг “Туйғулар тарбияси”, Эрих Мария Ремаркнинг “Қарзга олинган умр”, Ирвин Шоунинг “Тиланчи ва ўғри”, Стефан Цвейгнинг “Кристина”, Бронислав Нушичнинг “Жамоанинг боласи”, Аҳмад Шимширгелнинг “Амир Темур”, Райне Ҳаггарднинг “Доктор Терн”, Кадзуо Исигуронинг “Қалбингдан паноҳ истаб”, Шарлотта Бронтенинг “Жейн Эйр”, Тони Моррисоннинг “Муҳаббат”, Кенесбой Каримовнинг “Зардўшт” каби роман ва қиссалари эълон қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, ўарб ва Шарқ шеъриятининг нодир намуналари, сўнгги йилларда жаҳон адабиётида ҳодиса сифатида эътироф этилган энг сара драма ва ҳикоялар, ижтимоий-сиёсий, илмий-публицистик руҳдаги мақолалар, олам ва одам дунёси чуқур таҳлил қилинган адабий-фалсафий эсселар, трактатлар келгуси йил мундарижасидан ўрин олган.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг