“Кумуш аср” туҳфалари

4

Довруғли композиторлар Игорь Стравинскийнинг “Қақнус” ва Римский — Корсаковнинг “Шаҳризода” балетлари Россия тарихида “Кумуш аср” (1890 — 1915) деб номланган даврда яратилган. Айнан шу даврда рус зиёлиларида Шарқ шеърияти ва маданиятига муҳаббат кучайгани кузатилади. Шу кунга қадар жаҳон санъат шинавандалари назаридан тушмай келаётган бу икки балет яқинда Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри жамоаси томонидан томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳар икки балетни афсонавий раққос Марис Лиепанинг ўғли, таниқли балетмейстер, Россия халқ артисти Андрис Лиепа саҳнага қўйди.

Бахт, севги ва яхшилик тимсоли бўлган Қақнус қуш ўзининг ёрқин қанотлари билан спектакль премьерасида ҳозир бўлган томошабинларнинг кўзи ва кўнглига ёруғлик бахш этди. Қақнус — балерина Нодира Ҳамроеванинг саҳнадаги илк парвозиёқ спектакль ҳақида ижобий фикрлар уйғотди. Ўлмас Кашейнинг қасрига учиб келган қақнус ҳеч бир хавотирсиз хўжайиннинг боғида пишган олмадан татиб кўради. Рус паҳлавони Иван Царевич — солист Беҳзод Акимбоев эса пайт пойлаб бу эртаксимон гўзал қушни тутиб олади.

Нодира ва Беҳзоднинг бу илк хореографик-пластик мулоқоти бутун спектаклнинг энг нозик ва ёрқин саҳналаридан биридир. Қуш шаҳзоданинг қўлларида нозик ҳаракатлар билан типирчилаб, қўйиб юборишини илтижо қилади. Барча ҳаракатлари зое кетган қуш ҳолдан тоя бошлайди. Қушга ниҳоятда ачинган шаҳзода уни қўйиб юборади. Бунинг эвазига Қақнус унга ўз патидан совға қилади… Мазкур хореографик диалог бор-йўғи етти дақиқа давом этса-да, спектаклнинг энг мураккаб саҳнаси ҳисобланади. Айнан шу саҳнада Нодира ва Беҳзоднинг бор маҳорати ҳамда балетмейстер А.Лиепанинг юксак қобилияти намоён бўлган.  И.Стравинский ва А.Лиепа томонидан кашф этилган рус классик шеъриятининг пластик руҳияти, нозик хореографик унсурлар, мусиқанинг ниҳоятда ўзига хос жарангини ижрочилар катта маҳорат ва меҳр-муҳаббат билан намоён қилолганлар. Қақнус — Н.Ҳамроеванинг нозик ва узун қўллари (қанотлари) рус халқ эртагига жамланган нафосатни очиб беради. Балетмейстернинг оригинал хореографик топилмалари мазкур дурдона асарнинг илк ижодкорлари ишини такрорламайди. Янги талқинда “Кумуш давр”нинг бутун бойликлари рус мусиқий-хореография маданиятининг энг яхши ижод намуналари орқали яққол намоён бўлади. Тасвирий хореография ва мусиқий-поэтик санъат ўзаро қоришиб, инсонни, унинг одамийлигини, гўзалликка муҳаббатини, тинчлик ва озодликка интилишини куйловчи рамзга айланади. Н.Ҳамроева ва Б.Акимбаев ижросидаги ниҳоятда мураккаб мазкур дуэт-диалог ўзбек-рус балетида жуда катта давр мобайнида эришилган ютуқларнинг яққол намойишидир. Ижрода ҳеч қандай ортиқча ё кераксиз хатти-ҳаракат йўқ. Барчаси ниҳоятда шоирона ва кўтаринки руҳда ижро этилган.

Н.Ҳамроева Ҳамроевлар сулоласи вакили сифатида актёрлик имкониятларини илк бор кенг намоён этишга муваффақ бўлган. Шубҳасиз, бунда режиссёр-балетмейстер А.Лиепанинг хизматини таъкидлаш жоиз. Ўлмас Кашей ролидаги Андрей Немировский ижроси ҳам ана шу шахс меҳнатларининг мевасидир. А.Немировскийнинг Кашейи ёмонлик ва ўлим тимсолидан кўра, “кумуш аср” ижодкорлари фантазияси сифатида бадиий-поэтик топилмани эслатади. Раққоснинг актёрлик маҳорати асарнинг биринчи ижодкорлари — М.Фокин ва М.Булгаков ижоди билан ҳамнафас бўлиш имконини берган. Кашей образи балетмейстер талқини ва раққос ижросида ўн тўққизинчи аср охирларида ижод қилган рус рассомларининг кулранг ва ним ҳаворанг бўёқлари орқали намоён бўлади. 

Ситора Хисматова ижросидаги Малика образи ҳам “Қақнус”даги асосий қаҳрамонлардан бири. Бу образ ҳақиқат ва юксак маънавий ғоялар учун курашган Зебунисо ва Нодирабегим каби ўзбек маликаларини эслатади. Кашей асирлигидаги ўн учта ёш малика қуршовидаги гўзал Малика — С.Хисматова фақат тундагина олтин олмаларни қўлга олиб хурсандчилик қилишлари мумкин. Маликанинг Иван Царевич билан кутилмаган учрашуви спектаклнинг ғоявий-драматик юкини ташкил этади. Малика — С.Хисматова образининг саҳна талқини ва асосий мағзи Иван Царевич образини янада бойитиш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.  Ўн уч раққоса, Малика ҳамда Иван Царевич қатнашган хореографик дуэт бу борада муҳим аҳамият касб этган.

Балетнинг хотима саҳнаси замонавий хореография санъатининг бор ютуқларидан фойдаланган ҳолда яратилган. Балетмейстер бу саҳнада ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, том маънода профессионал маҳоратини намоён қилган. Кашейнинг ўлимидан сўнг қаср Малика ва Иван Царевичнинг никоҳи ўқиладиган ибодатхонага айланади. Бу саҳнада ёруғлик ва рангтасвир унсурлари спектаклнинг ғоявий-руҳий якуни, севги ва ҳақиқатнинг ғалабасини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Н.Римский-Корсаковнинг “Шаҳризода” спектакли эса Шарқ поэзияси, унинг кучли маданияти, маънавий-эстетик қадриятлари эътирофидир. Мазкур асарнинг бугунги талқини, бизнингча, М.Фокин ва ўтган аср ижодкорлар авлодининг эстетик талабларига тўлиқ жавоб беради. Шуни эслатиб ўтмоқчимизки, 1960 йили таниқли санъаткор Галия Измайлова Римский-Корсаковнинг “Шаҳризода”си асосида мусиқий асар яратганди. Лекин ўшанда “Шаҳризода” “1001 кеча” асарига ўхшаш талқин қилинганди. Бироқ бугунги талқин айнан рус “Кумуш даври” асарини эслатади. Яъни бу балет Шарқ маданияти ва шеъриятига рус ижодкорларининг қараши сифатида  дунёга келди. Шу сабаб, ҳозирги талқинда    XV — XVII асрларнинг буюк миниатюрачи   рассомлари Камолиддин Беҳзод, Султон  Муҳаммад ва Риза Аббоснинг бадиий-эстетик, рақс-пластик бўёқлари кўзга ташланади.

Саҳна очилгач, “Кумуш аср” даври рассоми И.Головин безаклари қўлланган Шаҳриёр саройи томошабинни ҳайратга солади. А.Лиепанинг пластик талқини туфайли томошабин мазкур спектакль воқеаларини булутли-зангори бўёқлар орқали тасаввур қилади. Бу эса шарқона, европача бадиий-эстетик қадриятларга ҳамда “Кумуш аср” талабларига мос келади. Мазкур саҳна асарида ҳам бор-йўғи тўртта қаҳрамон — шоҳ Шаҳриёр, унинг укаси, форс ҳукмдори Земан, шоҳнинг хотини Зубайда ва саройда хизмат қилувчи Олтин қул қатнашади. Земан хотинининг вафодорлигини синаб кўриш учун акасига бир неча кун саройдан йироқ кетишни таклиф қилади. Улар саройни тарк этиб, тезда қайтиб келадилар ва бевафоликнинг гувоҳи бўладилар. “1001 кеча”нинг бошланиш қисмидан олинган мураккаб бўлмаган бу сюжет А.Лиепа талқини орқали икки аср ўртасига кўприк бўлиб тушади. Кўз ўнгимизда гўё Шарқнинг буюк миниатюрачи рассомлари картиналари жонланади. Тасвирий кўринишлар, мусиқий-шоирона матн, пластик рақс суратлари ниҳоятда  нозик уйғунлашган ҳолда аниқ образларни пайдо қилади. Ака-укалар овга жўнаб, саҳнада Олтин қул пайдо бўлгандан сўнггина саҳнада ҳаракатлар ривожланиб, кучая боради.

Зубайда ва Олтин қулнинг биринчи адажио-дуэти мазкур асарнинг марказий воқеасидир. Зубайда — Мадина Юсупова эҳтирос билан Олтин қул — Улуғбек Олимовнинг бағрига отилар экан, қул ўз севгилисини бутун борлиғи билан қарши олади. Уларнинг бу қизғин учрашуви бир-бирига жисман интилиш эмас, ушалмаган муҳаббат орзуси, икки эрксевар қалбнинг ўзаро талпиниши экани ижрочиларнинг хатти-ҳаракатида кўзга ташланиб туради. М.Лиепанинг пластик матнига таянган М.Юсупова ва У.Олимов аниқ образларни эмас, ўрташарқлик севишганларнинг поэтик қиёфасини яратишга муваффақ бўлишган. Ижро жараёнида Умар Хайём, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби буюк шоирларнинг ўлмас сатрлари ёдимизга келади. Ушбу адажио гўё севги тантанасига, озодликка мадҳиядек таассурот қолдиради. Солистларнинг профессионал маҳорати уларга энг юксак чўққига кўтарилиш имконини берган. Афсус, бу бахт узоққа чўзилмайди. Қаҳрамонлар овдан   қайтган ўз ҳукмдорлари — Шаҳриёр (З.Фазлутов) ва Земан (Т.Шангариев) қўлида ҳалок бўладилар. “Зубайда ва Олтин қул ўртасидаги севги ғолиб бўлади — улар майин, нурли табассум-ла бир-бирларининг қучоғида жон беришади”, деб ёзганди мусиқа муаллифи Н.Римский-Корсаков ўз кундалигида.

Албатта, ушбу икки янги спектаклда тузатиш мумкин бўлган баъзи камчиликлар бор. Бу ҳақда премьерадан сўнг артистларнинг ўзлари билан суҳбатлашдик. Лекин яхлит олганда, “Қақнус” ва “Шаҳризода” балетлари узоқ вақт мухлислар ёдида қоладиган, юксак профессионал савияда яратилган саҳна асарларидир.

Аҳмаджон РАҲИМОВ,

санъатшунос

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here