Муаззинлик қилар булбуллар

294

Муаззинлик қилар булбуллар
(Эркин Воҳидов ғазалига мухаммас)

Бу чин изҳор, бу чин иқрор: сенингдирман, сенингдирман,
Бўлай собит ва ё сайёр, сенингдирман, сенингдирман,
Магар соғман ва гар бемор, сенингдирман, сенингдирман,
Ватан, то танда жоним бор, сенингдирман, сенингдирман,
Таним хок ўлса ҳам сен ёр, сенингдирман, сенингдирман.

Рақиб тегса ҳамиятга дилимни қўзғаган орсан,
Йигитлик созида баравж вафони куйлаган торсан,
Ажаб руҳий сафо мавжуд, вужудим ичраки ёрсан,
Жаҳон кенгдир, фалак кенгдир, юрак кенгдир чу сен борсан,
Сенингсиз икки дунё тор, сенингдирман, сенингдирман.

Агар хосман – сенга мосман, сенга хослик улуғ неъмат,
Терай ризқимни киприк-ла қучоғингда қилиб ғайрат,
Сенинг ишқингки бетаъма, сенинг меҳрингки беминнат –
Менга бегона элларда насиб гар ўлса юз роҳат,
Чекай бағрингда минг озор, сенингдирман, сенингдирман.

Қадимдан бу қадим ғоздир, менингдирсан, менингдирсан,
Бошим мағрур, сарафроздир, менингдирсан, менингдирсан,
Сўзим дардинг-ла мумтоздир, менингдирсан, менингдирсан,
Агар шодликларинг оздир, менингдирсан, менингдирсан,
Магарким ғамларим бисёр, сенингдирман, сенингдирман.

Сенга манзур битик битсам салафлардин бўлак, айру,
Шудур олий менга матлаб, бироқ ундан буюк орзу –
Садаф бағрида дур янглиғ ниҳон тутган дуоим бу –
Бугун бор, эрта йўқ жисмим, вале руҳим учун мангу
Сенинг мангулигинг даркор, сенингдирман, сенингдирман.

Абад жисмингга мос исминг қолур жон тоқида зарнақш,
Сенга Рустам бу тахмисни умид бирлан этибдур бахш,
Шараф – дил кўзига гардинг суришким тўтиё айлаш,
Сенинг ишқинг билан ёндим, кетар жонимда бу оташ,
Сенингдирман, яна такрор, сенингдирман, сенингдирман.


 

Афу эт

Афу эт, ноилож соғинганимда,
Васлингга меҳробдай сиғинганимда.

Кўзингдан бўсалар сўрганим маҳал
Ва унда ненидир кўрганим маҳал –

Лабингга билдирган эътирозимни,
Ҳар бирига бўлак эҳтиросимни…

Афу эт, ўзимда бўлмаганимда,
Гоҳ кўнглим қисматдан тўлмаганида.

Нетай, қолдирганинг таассуф менга,
Энди ҳажринг – меҳроб – тасаввуф менга.


 

Ибодатга чорлар намозшомгуллар

Қошимга бир лаҳза кечиккан маҳал,
Ичимда минг йиллар ичикиб кутдим.
Нигоҳи тушганда ёдимга ҳар гал –
Ўзимни эслолмай охир унутдим…

Оҳ, ўзни йўқотдим, лек уни топдим,
Маҳрумиятда бор муяссарият.
Оғзимни ёпиғлиқ қозондай ёпдим,
Қалб кўзим очилди мошдай, хайрият!

Хайрият, кўринди ҳислар зебоси,
Ялангтўш хирслардан фарқли ўлароқ.
Иймонга ўт пуркар ўарбнинг юҳоси –
Нетиб монеъ бўлдик Шарқлик ўлароқ?!

Шарқ, ахир, азалдан нозик масала,
Бунда гап қочса ҳам нафосат устун.
Кўзлар суқланмоққа қилмас ҳафсала,
Ҳаё миршабининг измида тутқун.

Бунда тиконлар ҳам бир кун очар зеб,
Ибодатга чорлар намозшомгуллар.
“Аввал кўнгил уйин тавоф айланг!” – деб
Муаззинлик қилар бунда булбуллар.

Бунда ғунча билан очилгач қалам,
Шабнамсўз тўкилар гулнинг бандига.
Бунда кўнгил учун ҳусн аҳли ҳам
Бироз шакар қўшар заҳархандага.

Не тонг, кўнгил учун барча-барчаси,
Жон учун, жисм учун эмасдир асло.
Ҳайҳот, узилса гар кўнгил парчаси –
Олам ҳам тўкисман, демасдир асло.


Умр китоби

Болам – япроқ, бобом – илдизим – Ватан,
Ушоқ ҳам нон дерлар, бас, ўзим – Ватан.
Умрим китобини варақласангиз:
Сўзбошим Ватандир, сўнгсўзим – Ватан.

 

Рустам МИРВОҲИД

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг