- Адабиётшунослик, Ижтимоий ҳаёт, МУҲИМ ХАБАРЛАР

Бобур қурдирган мақбара топилди (52 сон)

Бобур қурдирган мақбара топилди

«Сайхун сувининг… жанубий тарафидаги шаҳарлардан бири
Андижон ўртада жойлашган. Фарғона вилоятининг пойтахтидир».

«Бобурнома»

«Сафедбулон» зиёратгоҳидан Ўзбекистонга қайтишда Косонсой тумани божхона постидан ўтиб, Янги Ахси томон йўлга тушдик. Энди Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо ибн Абусаид мирзонинг мангу қўним топган жо­йини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Мирзо Бобур ёзади: «Кенгаш қилмоққа отамнинг мақбарасининг жанубий айвонида йиғилдик». Ахсида отасининг мақбараси ёнида Бобурнинг ҳарбий кенгаш чоғида, Аҳмад Танбал икки минг кишилик лашкар билан Ахсига кириб, Бобурни чекинтиргани воқеалари айтилган. Шунда Бобур озчилик навкарлари билан шимол томондаги тоққа чекинишга мажбур бўлади. Аввал Пули Равон, сўнгра Гунбази Чаманга, ва ниҳоят, Санг қишлоғига етади. Ушбу чекинишда Бобур Ахси билан Санг ораси икки шаръий, яъни тўрт километр эканлигини ёзади («Бобурнома», 2002 йил, 95 — 97-бетлар).

Бобур Санг суви юқориси бўйлаб юриб, Карнон сойига етишиб, Карноннинг маҳаллаларидаги хилват боғларнинг бирига бориб тўхтаганини баён этади. Бобур Аҳмад Танбал кишиларига: «Ростингни айт, агар иш ўзгачароқ бўлгудек бўлса, мен таҳоратимни олай», дейди. Ўлимни бўйнига олиб, икки ракат намоз ўқийди. Ўша ҳолатда Бобурнинг яқин навкарлари Андижондан етиб келиб, уни қутқариб, пойтахт Андижонга олиб кетишади («Бобурнома», 2008 йил, 95 — 99-бетлар).

Юқорида келтирилган воқеалардан кўриниб турибдики, Эски Ахсига Амур Темур ва темурийзодалар Умаршайх мирзо ва Бобур мирзонинг ҳеч қандай алоқадор жойи йўқ. Чунки Ахсикент XIII асрдаёқ вайрона аҳволда бўлиб, бугунги ўлик шаҳар кўринишига келган. Демак, ­Бобур мирзонинг падари бузруквори Умаршайх мирзо аниқ Янги ­Ахсига дафн этилган бўлиб, асрлар давомида Сирдарёнинг ўнг қирғоғини сув ювиши оқибатида Янги Ахси харобаларини Сирдарё оқизиб кетган.

Афсуски, «Ахси — Фарғона шаҳарларининг онаси», «Турист ва зиёратчилар учун йўл кўрсаткич» китобларини «Наврўз» нашриётида чоп эттирган муаллифлар Т.Қозоқов, М.Мирсайдуллаев, Б.Сатторов ва Б.Рўзинов темурийлар салтанати давридаги, пойтахт-шаҳарларга хос белги (XV-XVII аср) бўлган Ахси маданий-адабий муҳити ҳақида бирор оғиз сўз айтмаганлар, кўп ҳолларда тарихий манбаларни ҳисобга олмаганлар. Ҳатто «Бобурнома»ни ва ­Ибратнинг «Фарғона тарихи» асарларини ҳам яхшироқ ўқиб-ўрганишмаган кўринади.

Китоб муаллифлари 11 км. масофада жойлашган, йўқ бўлиб кетган Эски ва Янги Ахси шаҳар харобаларини эса ўтмишда  битта шаҳар бўлган, деб ёзадилар. Шунингдек, қадимий Андижонни “ўрта асрда Фарғона водийсидаги 7 та қишлоқдан бири бўлган”, деб иддао қиладилар.

Тўрақўрғонлик мутафаккир Исҳоқхон Ибрат «Фарғона тарихи»   китобида ва «Туркистон» газетасининг 1913 йил, 48-сонида «Ҳозирги Ахси икки ерда бўлиб, бирини Эски Ахси, бирини Янги Ахси дерлар. Эски Ахсини бузилган тарихи 1030 милодийда бўлган экан. Андин буён мазкур Ахсини ҳеч подшоҳлардин ёки фуқаролардин обод қилгани йўқ», деб ёзади («Фарғона тарихи», 325-бет). Яна Исҳоқхон Ибрат ёзади: «Андижон тўрт минг йил муқаддам ҳам шаҳар бўлган. Андижон Фарғона шаҳарлари ичида энг қадимийсидир. Афросиёб Турон подшоҳи бўлиб, Андижонни пойтахт қилган. «Тарихи фаришта» асарида ёзилибдурки, Умаршайх ўғли Бобурхон Андижонга ўн икки ёшида подшоҳ бўлди» («Фарғона    тарихи», 324-бет).

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Мовароуннаҳрдаги 22 йиллик умрининг 12 йили шаҳзода валиаҳд бўлиб пойтахт Андижонда ўтди, подшоҳлик йиллари эса, асосан, Андижонда, қисман  Самарқандда, Ҳушёр қишлоғи ва унинг атрофида кечди. Мирзо Бобур шу ўтган охирги 10 йил давомида оғир мусибатли кунларни бошидан кечирган. Ҳали 18 ёшга ҳам кирмаган ҳукмдор бобоси соҳибқирон Амир Темурнинг давлатини, тахтини тиклаш мақсадида ўзини ўтга, чўққа урди. Илк бор Самарқандни олганида 14 ёшда, иккинчи бор 19 ёшда ва учинчисида 27 ёшда эди.

Тажрибали ва кўп аскарли ғаними — Шайбонийхонга Самарқандни топширишга мажбур бўлган. У «Бобурномада» ёзади: «Ота юртим Андижон икки йилга яқинлашган эдики, қўлдан чиққан эди. Тангри инояти билан 1499 йили яна менга Андижон муяссар бўлиб эгалланди».

Маълумки, Амир Темур 1370 йили ҳокимият тепасига келгач, турли вилоятлар ва шаҳарларга ўз вакилларини тайинлайди.  Фарғона вилоятининг пойтахти Андижонни бошқаришга иккинчи ўғли амирзода Умаршайхни қўяди. Умаршайх мирзо чорак аср пойтахт Андижонни бошқаради, Амир Темурнинг ғарбга қилган  5 йиллик юришида қатнашади ва тасодифан отилган ўқдан ҳалок бўлади. Унинг жасади вақтинча Шерозга қўйилиб, сўнгра Кеш-Шаҳрисабзга кўчирилади. Фарғона вилоятини бошқариш Мирзо Умаршайхнинг 15 яшарли ўғли амирзода Искандарга ва кейинчалик унинг укаси Аҳмадга топширилади.

Шоҳруҳнинг вафотидан кейин ҳукмронлик Мироншоҳ авлодларига, яъни султон Абусаид мирзога ўтади. Султон Абусаид мирзо олти-етти яшар кичик ўғли Умаршайх мирзонинг суннат тўйини ўтказиб, Амир Темур пойтахт Андижонни бошқаришни иккинчи ўғли Умаршайх мирзога белгилаганини инобатга олиб, бу ҳукмдор ҳам Андижонни бошқаришни кичик ўғли Умаршайхга топшириб, Худойберди Туғчи Темиртошни бек атка қилиб юборади.

Мўғуллар —  Эсон Буғихон шимол тарафдан пойтахт Андижонга ҳужум уюштириб турган бир пайтда Умаршайх мирзо вақтинча оз муддатга ёзги қароргоҳ — Янги Ахсини пойтахт қилишга мажбур бўлади. Пойтахт Андижон тартибга солиниб таъмирлангач, тез муддатда салтанат яна қадимги пойтахт Андижонга кўчиб ўтади. Юқорида номи келтирилган китоб муаллифлари эса вилоят ва республика рўзномаларида чоп этилган «Илмий ҳақиқатларга содиқ бўлайлик» номли мақоладан тўғри хулоса чиқара олмаган кўринади. Улар «Ахсикент — қадимги Фарғона пойтахти» китобида археология, геология-сейсмология фанлари бўйича ҳам сўз юритиб, хато ва камчиликларга йўл қўйганлар.

Аввало, Эски ва Янги Ахсиларнинг йўқ бўлиб кетиш сабабларини рўй берган зилзилалар билан боғлаш нотўғри. Негаки, ер юзида ҳозиргача содир бўлган кўплаб зилзилалар туфайли бирор шаҳар бутунлай йўқ бўлиб кетгани маълум эмас. Эски ва Янги Ахси харобаларининг бугунги кўриниши Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган ер (тупроқ) қатламларининг ҳосил бўлиши — геотектоник жараёнлари билан боғлиқ. Эски Ахсидан ўтаётган Сирдарёнинг ўнг қирғоғи қаттиқ тошсимон қатламлардан ташкил топгани боис, у ерда дарё ўзанининг йўналиши ўзгармаган. Эски Ахси майдонини сув ювиб кетолмаган.

Янги Ахсида эса, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган тупроқ-қатламлари чўкинди тоғ жинсларидан ташкил топганлиги сабабли, дарё ўзанининг йўналиши шимол томонга ўзгариб, асрлар давомида Янги Ахси жойлашган ер майдонини Сирдарё ювиб кетган.

«Бобурнома»нинг 1494 йил воқеалари баёнида: «Сайхун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир. Жаҳонгир мирзо, беклар ва аҳли ҳарамлар Ахсидан пойтахт Андижонга келдилар. Андижонда аза расми бажо келтирилиб, ош тортилиб, вилоятларни тартиб-интизомга келтиришга ва ободонлаштиришга киришилди. Андижон ҳукумати ва эшик оғаликни Ҳасан Яқубга берилди. Ўш ҳокимлиги Қосим Қавчинга берилди. Ахси ва Мар­ғинон Узун Ҳасанга ва Али Дўст Тоғойига тайинланди», деб ёзади Бобур мирзо («Бобурнома», 2008 йил, 32-бет).

Агар Ахси пойтахт бўлганда эди Ахсидан ва бошқа водий шаҳарларидан шунча одамлар пойтахт Андижонга келармиди? Мирзо Бобур ёзганидек, Ахси ва Марғинон ерлари Узун Ҳасанга ва Али Дўст Тоғойига тайин бўлармиди? Қолаверса, Ахси пойтахт бўлганида, у ерда адабий-маданий муҳит шаклланиб, мирзо Бобурнинг отаси Умаршайх мирзодек зиёли подшоҳнинг қабр-мақбараси қаровсизликдан йўқ бўлиб кетармиди?

Бизнингча, Умаршайх мирзонинг номини абадийлаштириш учун унинг рамзий қабр-мақбараси Янги Ахси атрофида бунёд этилса, тарихий ҳақиқат тикланган бўлар эди.

Эски Ахси Хоразмшоҳ ва мўғуллар томонидан XIII асрда бутунлай вайрон қилинган бўлиб, икки аср ўтиб, соҳибқирон Амир   Темур XIV асрда Янги Ахсига асос солган ва XVII асргача ёзги қароргоҳ бўлиб хизмат қилгани тарихий манбалардан маълум. 1970 йиллари ЎзФА Археология илмий тадқиқот институтининг илмий ходими И.Аҳроров олиб борган археологик қазишмаларга кўра, Янги Ахси ёдгорлигида шаҳарсозлик маданиятини белгиловчи Арк,  Шаҳристон, мудофаа деворлари топилмаган (И.Аҳроров ҳисоботи, 20 варақ, Самарқанд). Демак, пойтахтга арзигулик манбалар йўқлиги бу жойнинг ёзги қароргоҳ бўлганлигини билдириб турибди.

Бобур ёзади: «Шоҳ Исмоил Шайбонийхонни Марвда енгган маҳали, Андижон вилояти мен томонга боқиб, баъзи қўрғонбегиларни қувиб, баъзи ерларини беркитиб, менга киши юбордилар».

«Мен Султон Саидхонга барча навкаримни топшириб, кўмак қўшиб, туғилиб ўсган ерим Андижон вилоятини унга бағишлаб, хон қилиб юбордим» («Бобурнома», 2008 йил. 153-бет).

Маълумки, Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида пойтахт шаҳарларнинг энг асосий белгиларидан бири шаклланган адабий-маданий муҳит ва илм-фан тараққиёти, бунёдкорлик ишларининг ривожланганидир. Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг фарзандлари-темурийзодалар Мирзо Умаршайх ва унинг ўғиллари Искандар, Бойқаро, Аҳмад, Саид Аҳмадлар, Султон Абусаид мирзонинг ўғли Умаршайх мирзо ва Мирзо Бобурлар пойтахт Андижонда туриб 130 йилдан кўпроқ вақтда, ҳокимият Шайбонийлар қўлига ўтгунга қадар фармонбардорлик қилиб келдилар. Абусаид мирзонинг кичик ўғли Умаршайх мирзо ва унинг фарзанди Бобур яшаган даврда пойтахт Андижоннинг адабий-маданий муҳити янада ривожланган эди. Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо адабиётни севар эди. У сиёсий ва ҳарбий фаолият билан банд бўлишига қарамай кўп китоб ўқир эди. Бобурнинг она томонидан бобоси Юнусхон ҳам назмий таъбга эга инсон бўлган. Шу боис, шеър ва адабиётга дид, ҳавас билан муносабат билдирган. Бобур оиласида алоҳида ўрин тутган яхши хислатлар болага отасидан ва бобосидан ўтгани аниқ.

«Бобурнома»да муаллиф бобоси Юнусхонни пойтахт Андижонга кўп маротаба келганини эслайди, аммо бирор марта Ахсига борганини ёзмаган. Шунингдек, 1528 йил Бобур мирзо пойтахт Агра шаҳрида катта тўй қилиб, Андижон, Тошкент, Самарқанд, Сўх ва Ҳушёр қишлоқларидан меҳмонлар таклиф қилинганини ёзади (“Бобурнома”, 2008 йил, 260-бет). Аммо Ахси тилга олинмаган, яъни у ерда пойтахт ва адабий муҳит бўлмагани боисидан ҳам таклиф қилишга лойиқ киши топилмаган. Академиклар Сабоҳат Азимжонова ва Азиз Қаюмов ўзларининг «К истории Ферганы второй половины XV века» (Ташкент, 1957) ва «Бобур давридаги Андижон адабий муҳити» (Тошкент, 2009) асарларида Умаршайх ва Бобурнинг пойтахт шаҳри Андижонда яшаган даврини, уларнинг сиёсий ва ҳарбий фаолиятини ёритиб, Андижон адабий-маданий муҳити тўғрисида ҳам муҳим маълумотларни берганлар. Академик Азиз Қаюмов шундай ёзган эди: «Бобурнома»да кўрсатилишича, ҳар бир саводли хонадонда, бундай хонадонлар Андижонда кўп, кишилар Алишер Навоийнинг шеърлари туркий тилнинг Андижон лаҳжасида ёзилганини қайд этар ва шу билан ифтихор қилар эдилар. Яна машҳур мусиқа устаси Хожа Юсуфнинг ҳам андижонлик эканини ғурур билан тилга олиб, ҳамма билар эди». Академик С.Азимжонова устози, таниқли олим Н.Ю. Якубовскийнинг Алишер Навоий ҳақидаги мақоласига асосланган ҳолда («Алишер Навоий давридаги ижтимоий ва маданий ҳаёт белгилари») Андижонда юқори доирадаги маданий жараён бошқа маданий марказ (пойтахт)лардан (Самарқанд, Кобул, Лоҳур, Ҳирот, Агра) орқада эмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Бобур мирзо ёзади: «Андижон эли туркдур (ўзбекдир). Шаҳар аҳолиси ва бозорга келувчилардан туркийни билмайдигон киши йўқ. Элнинг тили адабий тилга мувофиқ. Шунинг учун ҳам Алишер Навоийнинг асарлари гарчи Ҳиротда шуҳрат қозонган бўлса-да, бу тил билан ёзилган» (“Бобурнома”, 2008 йил, 29-бет). «Бобурнома»да Алишер Навоийнинг боболари Темурийлар хонадонида садоқат билан хизмат қилгани ҳам қайд этилган.

Навоий «Вақфия» асарида ўз ота-боболарининг темурийлар саро­йида юқори мавқеда бўлганлигини ёзади: «Бу хокисорнинг ота-бобоси ул ҳазрат Султон Ҳусайн Бойқаронинг бобо ва аждоди хизматларида улуғ мартабага сазовор ва бийик маносибқа бўлган эрдилар». Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъи Саъдайн», Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарларида келтирилишича, Алишер Навоийнинг бобоси Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган.

Юқорида тилга олинган тарихий манбалардан келиб чиқсак, пойтахт Андижонга подшоҳ Умаршайх мирзо билан амирлар, ноиблар, беклар, шунингдек, оила аъзоларига яқинлари-эмикдош аждодлари ҳам Андижонга бирга келишгани аниқ. Бундан тахмин қилиш мумкинки, Алишер Навоийнинг ҳам аждодлари, ота-онаси соҳибқирон Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх мирзо билан Андижонга келиб яшаган.

Албатта, мавзудан чекинмаган ҳолда тарихнавис, адабиётшунос олимларимиз учун чиндан ҳам илмий изланишларга арзийдиган ва айниқса, Алишер Навоий таржимаи ҳолини янги маълумотлар билан бойитишга сабаб бўладиган омиллар етарлича мавжуд, деб ўйлаймиз.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

Боқижон Матбобоев,

тарих фанлари доктори, профессор,

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, бобуршунос олим.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan