- Графика ва дизайн, Рассомлик

Ранглар жилосида акс этган умр (52 сон)

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги Республика мукофоти совриндори Жоллибой Изентаев ҳаёти давомида қорақалпоқ санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган рассом сифатида яратган бебаҳо асарлари билан тасвирий санъатимиз тарихида чуқур из қолдирди. 

Ж.Изентаевнинг рассомликка меҳри,   истеъдодини кўрган мактабдаги расм ўқитувчиси Омон Отабоев у билан дарсдан ташқари вақтларда ҳам шуғулланиб, тасвирий санъатнинг илк билимларидан сабоқ берди. Дастлаб Беньков номидаги республика билим юртида устозлари А.Перов ва Е.Мелниковдан, сўнгра Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида Р.Аҳмедов,   Т.Оганесов, М.Саидов каби соҳа алломаларидан таълим олди.

1974 йили институтни битирибоқ фаолиятини бошлаган рассом Қорақалпоғистон    Рассомлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Узоқ вақт раис лавозимида ишлади. Кейинчалик, Ажиниёз  номидаги Нукус педагогика институтининг «Расм ва чизмачилик» кафедрасида, 2000 йилдан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутати сифатида фаолият олиб борди. Қорақалпоғистон Республикасининг  миллий байроғи ва гербини яратди. Унинг жонбозлиги туфайли 1992 йили Нукус педагогика институтида «Расм ва чизмачилик» кафедраси, 1997 йили эса иқтидорли болалар махсус мактаб-интернати очилди.

Рассомнинг асарлари нафақат Ўзбекистон музейлари ва шахсий тўпламлардан, балки чет эл  коллекцияларидан ҳам муносиб ўрин эгаллаган. И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ижодкорнинг 90 дан ортиқ дурдона асарлари сақланади.

Рассом ижодида манзара, портрет, натюрморт, мавзули асарлар кўплаб учрайди. Мусаввир қайси жанрга мурожаат қилмасин, уларда ўзига хос чизгилар орқали бой фалсафий мушоҳада, тарихий ўзан, теран фикр билан бирга оддийлик ва самимийликни уйғунлаштира олган. Жумладан, манзара жанридаги «Мовий гумбазлар билан манзара», «Ўрмонга йўл», «Ҳовли. Ёз» сингари асарлари  томошабинни табиат билан ҳамнафас яшаётган инсон тўғрисида, замон ва абадият ҳақида мушоҳадага ундайди. Портрет жанрида яратилган асарларида эса шахснинг ички дунёсига янада чуқурроқ кириб боришга муваффақ бўлади. «Фин рассоми Пентти портрети»,  «Т.Жумамуратов портрети», «Рассом М.Зейналова портрети» каби асарлар фикримизнинг далилидир.

Ж.Изентаев ўзига яқин инсонлар портретларини қалб ҳарорати, завқ-шавқ билан чизган. Айниқса, «Онам портрети» алоҳида ажралиб туради. Рассом асарида нафақат онасининг қиёфасини, балки халқига хос маиший ва ҳаётий воқеликни талқин этишга эришган. Онаси сиймосида шарқ аёлига хос назокат ва қатъиятлилик хислатларини уйғунлаштира  олган. Ушбу портрет турмушнинг қувонч ва машаққатларини татиб, келгуси авлод олдида масъулиятини чуқур ҳис   этган оналарнинг тимсоли бўлиб кўринади.

Мусаввирнинг бир-биридан ажойиб натюрморт асарлари кишини ҳайратга солмай қолмайди. «Мусиқа асбоби билан натюрморт», «Қумғон билан натюрморт», «Гуппи билан натюрморт» асарларида томошабинга таниш буюмларни шакл, ранг, фактураси жиҳатдан ўзаро алоқадорликда ва мутаносибликда жойлаштирган. Бу буюмларда халқ ҳаёти, эстетикаси ва маънавиятига хос жиҳатлар ифодаланган.

Узоқ тарихий тараққиётни чуқур тушунган ва буни ўзининг ижодий фаолиятида акс эттирган Ж.Изентаев асарларининг яшовчанлигига ва ҳаққонийлигига, образларининг ёрқинлигига, тасвирларда жўшқин оҳангдорликка эриша олди. Рассомнинг «Умид йўли» асари айнан аниқ ҳодисаларга бағишланган бўлиб, унда тарихий жараёнлар ва халқ ҳаётининг тарихий онлари акс эттирилади. 

Мусаввир умрининг охиригача “Рассом ҳаётдан нусха кўчирмасдан худди шоир сингари завқланиши, у тўғрисида ўз қўшиғини куйлаши керак”, деган фикрга амал қилди. Асарларига қалби ва меҳрини жо этгани, уларга умрбоқий ҳисларни сингдиргани учун ҳам рассом шу ажойиб ранглар жилоларида мангу яшайди.

Юлдуз ШАРДЕМЕТОВА,

И.Савицкий номидаги санъат музейи бўлим бошлиғи

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan