Инсон ва жамият камоли (52 сон)

238
  1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?
  2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?
  3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари ­нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига ­навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

  1. Адабий жараёнга икки хил қараш, асосан, ўқувчи диди, унинг сони ва муносабати негизида пайдо бўлмоқда. Тўғри, бугун бадиий адабиётни ҳамма ютоқиб ўқиётгани йўқ. Шу маънода, айримларнинг кўзига адабиёт инқироз даврини бошидан кечираётгандек кўриниши мумкин. Лекин мен бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: собиқ совет даврида адабиёт гуллаб-яшнаган бўлса, хўш, унинг қандай ва қанча йирик намуналари жаҳон адабиёти мулкига айланди? Худди шу саволнинг давоми: бугунги адабиёт инқирозга юз тутган бўлса, хўш, нега унинг айрим намуналари ҳозирданоқ дунёга чиқа бошлади? Бу саволларнинг жавоблари кишини ўйлантириб қўяди. Шундай эмасми?

Кеча адабиётнинг ўқувчиси кўп бўлгани ҳақ гап. Лекин бу адабиёт ҳар қанча севимли, қадрдон бўлмасин, унинг яшаш майдони, асосан, икки дарё оралиғида эди. Буни катта шоиримиз Абдулла Орипов ҳам ўз вақтида алам билан эътироф этган. Бугунги адабиёт эса, бир қарашда, инқироз сари кетаётгандек кўринса-да (ўқувчи ва нашр ададининг камлиги боис), унинг бадиий тафаккур майдони икки қутб ораси қадар кенгайган. (Истиснолар ҳар икки давр адабиётида ҳам мавжуд, албатта. Биз умумий тенденция, умумий руҳ ҳақида гапирмоқдамиз). Шу маънода, бугунги сўз санъатимиз кечаги адабиётнинг вориси бўлиши билан бирга, унинг соясида қолиб кетма(й)ди. У алоҳида давр адабиёти бўлиб шаклланмоқда. Эндиликда замонавий адабиётимизнинг расмона сара  намуналари жаҳон адабиёти мутахассисларию мухлисларини қизиқтира бошлади. Хорижлик таржимонларнинг ўзлари хоҳлаб таржимага қўл урмоқдалар. Бунга мисоллар етарлича. Демак, миллий адабиётимиз ҳақида яхши гаплар ҳали олдинда кўп айтилади. Ҳатто жаҳон миқёсида ҳам.

  1. Муаммолар кўп. Улардан айримлари менгача бўлган суҳбатларда айтилди. Аксарига қўшиламан. Камина ҳам битта муаммони алоҳида урғулаб ўтсам. Мазкур муаммо кейинги пайтда яхши билан ёмон, сифатли билан сифатсиз, муносиб билан номуносибнинг қоришиб кетганлиги билан боғлиқ. Яъни кўпинча яхши асарлар қолиб, ўртамиёна асарлар ҳақида ёзишлар, кўтар-кўтар қилишлар, тарғибу ташвиқ этишлар, муҳокамалар уюштиришлар одатга айланди. Булар нафақат буюртмалар асосида амалга оширилмоқда, балки замон зайли билан ҳам рўй бермоқда. Яна бир сабаб борки, унинг оти – оммавий маданият ёки оммавий маданиятсизлик. Ҳозир бутун дунёда оммавий маданиятга хос оммавий дидсизлашув ҳадди аълосига кўтарилмоқда. Оқибатда дур билан кесакнинг қадри бир бўлган ёки ҳатто бунинг акси: дур қолиб кесак алқанаётган бир даврга кириб бормоқдамиз. Ҳозирги адабий жараён ҳам, начора, ана шу умумкайфиятдан холи эмас.

Хўш, нима қилмоқ керак? Умумий кайфият шундай экан, деб қўл қовуштириб ўтириш ярамайди, албатта. Вазиятни яхшилаш учун кимнинг қўлидан нима келса, шуни адо этиши керак. Дейлик, мен – мунаққидман. Аввало, яхши асарларга эътибор қаратишим, унинг яхшилиги нимада эканини холис таҳлил қилиб, ўқувчини қизиқтиришим керак. Худди шундай, инсон ва жамият камолига эмас, заволига (ёки турғунлигига!) хизмат қилгувчи асарларни ҳам ўқиб, муносиб баҳосини беришим (аксиология!) тўғри бўлади. Айни дамда, ноширлар  кўнгилочар “шиғир”ларни эмас, маънавий озуқа берувчи асарларни чоп қилса, ўқувчи ҳам ўз бадиий савияси устида бош қотирса, биласизми, адабий дид қанчалар ўсади! Бу мулоҳазалар бир қарашда эскиргандек туюлиши мумкин-у, аслида ундай эмас. Севиниш ва қайғуриш, кулиш ва кўзёш тўкиш, бир сўз билан айтганда, яшаш ҳеч қачон эскирмаганидек, яхшини тарғиб қилишу ёмонни танқид қилиш эҳтиёжи ҳам ҳамиша барҳаётдир.

  1. Кейинги вақтларда, дейлик, сўнгги уч йилда янада кўпроқ ўқишга ҳаракат қиляпман. Чунки университетда “Жаҳон адабиёти”дан дарс беряпман. Биласиз, жаҳон адабиёти – тенгсиз уммон. Уммонда “чўкиб кетмаслик” учун мудом ҳаракатда бўлмоқ лозим. Бизнинг ҳаракатимиз эса мутолаа. Натижада жаҳон ва ўзбек адабиётини солиштириб ўқияпман. Ва шундай хулосага келяпманки, ўзбек адабиётининг дунё сўз санъати олдида “тили қисиқлик жойи” йўқ экан. Адабиётимиз – муносиб адабиёт. Фақат унинг ичига кириш керак. Баъзида айрим баҳсу мунозараларга (масалан, ижтимоий тармоқлардаги!) кўзим тушиб, хафа бўлиб кетаман. Мубоҳисларнинг ўзбек адабиётидан ўқигани уч-тўрт китобдан нарига ўтмайди-ю, “Мен жаҳон адабиётини ўқийман, ўзбек адабиётида ҳеч нарса йўқ”, дея ҳукм чиқаришади. Шунда миллий адабиётимиздан озроқ хабардорлар уларга савол ташлашади: “Фалончини ўқидингизми, пистончини-чи?” “Йўқ, шунақа ёзувчи борми?” дейди ҳайрон бўлиб “ҳукмчилар”. Демак, дейман ўзимга ўзим, миллий адабиётимизнинг тарғиботи кўнгилдагидек эмас экан. Боз устига, мактаб, лицей ва олий ўқув юрти ўқитувчилари, улар тузган фан дастурлари ўзбек адабиёти, чунончи, ҳозирги адабий жараён ҳақида зарур тасаввур беришга қодир эмас. Ёки миллий адабиётимизга, ҳозирги адабий жараёнга ажратилган дарс соатлари камлиги ҳам бор гап. Яна адабиётдан дарс бераётган педагоглар савияси ҳақида ҳам жиддий қайғурмоқ зарур. Ҳар ҳолда, жорий аҳвол шуларга ишора қилмоқда. Демак, бу жабҳада ҳам талай ишларни амалга оширишимиз даркор.

Энди тўғридан-тўғри саволингизга келадиган бўлсак, айтишим керакки, кейинги қатор йилларда мени ўқувчи сифатида тўлқинлантирган шоирларимиз – Карим Баҳриев, Одил Икром, Нодира Афоқоваларнинг номларини алоҳида санамоқчиман. “Бизда адабиёт, айниқса, шеърият ўлди!” дегувчиларга “Сиз мана шу шоирларнинг шеърларини ўқиб, мағзини чақдингизми?” дегим келади.

Назаримда, Аҳмад Аъзамнинг “Рўё ёҳуд ўулистонга саёҳат”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романлари насримизнинг кейинги ўн йилликдаги адабий ҳодисалари бўлди. Наби Жалолиддиннинг Абдулҳамид Чўлпонга, Бахтиёр Абдуғафурнинг Жалолиддин Мангуберди ва узоқ вақт “босмачи” деб келинган миллат қаҳрамони – Мадаминбекдек ёвқур аждодимизга бағишланган  тарихий романлари жуда катта  заҳматлар эвазига яратилгани яққол кўриниб турибди. Афсуски, бизда ўткир ижтимоий муаммоларни дадил таҳлилу танқид қилиш етишмай келаётганди. Бу борада адабиётимизда бир бўшлиқ пайдо бўлгандек эди. Мен Қўчқор      Норқобилнинг “Тирик ҳайкал” ҳикоясини ўқиб, ана шу бўшлиқни тўлдириш мумкинлиги ҳақида ўйладим. Ҳикояда кўтарилган   мавзу ва асар тили менда катта   таассурот қолдирди. Миллатимиз менталитетига айланиб кетаёзган “хўжайинлик”нинг ва “хўжайин”  олдидаги мутеликнинг шармандали қиёфаси ёрқин эпизодларда фош қилинган. Ҳикоянинг тили  изланувчан тилшуносларимиз учун ҳам жуда яхши материал бўла олади. Зеро, теша тегмаган иборалару қочиримларга кўп бор дуч келдим. Буларнинг ортидан талай ёшларимиз келмоқда. Мен уларнинг насрий ва назмий машқларини ҳам ўқиб боряпман. Умид     бераётганлари ҳам бор ораларида. Насиб қилса, мавриди билан улар ҳақида ҳам ёзамиз.

Улуғбек ҲАМДАМ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг