Ҳалигача тарк этгани йўқ. Ҳозиргина “Иссиқ нон” деган кино ёпиқ премъерасидан қайтдим. 13-14 ёшлардаги ота-онаси ташлаб кетган ўсмир қизчанинг изтироблари. Кино бошланишида мактаб-интернатдан бувиси билан қишлоққа қайтиб келган қизалоқни кўрганимда яна бир олифта ёшлар ҳақидаги олифта кинода деб ўйлагандим.

Ахир кўзимиз фақат ўзига бино қўйган шаҳар, фақат кийинишга урғу берган одамлар, ҳашаматли уй орқали қалб очилмай қолган киноларни кўриб ўрганганмизда. 13 ёшли ўсмир қиз шаҳардан қишлоққа қайтиб бувиси ва тоғасининг хотини билан яшай бошлайди. Бир қизи бошқага эрга тегиб кетган, ўғли Россияга кетиб қайтиб келмаган муштипар кампир, (қайнона ролида Мунаввара Абдуллаева), эри ташлаб кетганини билсада, уни кўлдаги наҳанг балиқ еб кетган деб ўзини овутиб яшаётган келин ва онаси ташлаб бошқага турмушга чиқиб кетган, дадам Америкада яшайди, дея тўқиган ёлғонларига ўзи ишонадиган қизалоқ. Қайсар, чўрткесар ва шу билан бирга аламзада қизалоқ сизга ота-онасиз ўсаётган болаларнинг ҳақиқий қиёфасини очиб беради. Дарду аламига шерик қилади. (Қизалоқ ролида дебютант актриса фарғоналик Зарина Эргашова). 

Келин жуда юввош. Сизда лаллайган, аммамнинг бузоғи деган таасурот қолдиради. Аммо кинонинг муваффақияти ўша таассуротларингизни чилпарчин қилиб юввош келиннинг ҳақиқий инсонийлигини кўрсата олганида. Келин эмас, эри томонидан унутилган аёл эмас олийжаноб бир инсонни кўрасиз. Ва уни яхши кўриб қоласиз жуда ҳам. (Келин ролида ҳаммамизга таниш “Опа-сингиллар” сериалида ўйнаган актриса Феруза Сайидова). Нега биз Достоевкийнинг “Хўрланганлар ва ҳақотланганлар” асаридаги гадой қизча Неллини яхши кўриб қоламиз. Вафот этаётганда йиғидан ўзимизни тўхтата олмаймиз. Чунки Нелли гадой бўлса ҳам ғурурли. Тиламчи қиз улардан воз кечган бобосининг садақасини отиб юборгани учун уни яхши кўриб қоламиз. Яхши кўришимизга эса адибнинг чувринди ҳаётдан бизга олтин ёмби топиб бергани, яъни гадой қизчанинг қалбини очиб беролгани. Ёш режиссер Умид Ҳамдамов ҳам худди биз қачонлардан бери умид қилаётганимиз инсон қалбини қаҳрамонлари орқали очиб беришга ҳаракат қилган. Бу ҳаракатлари ўзини оқлаган ҳам. Эски, нураб кетай деган қишлоқ уйларидан бирида яшайдиган инсонларнинг гўзал қалбини очиб берган. Бу кинода қайнона, келин, қайнсингил деган тушунчалар йўқ. Бу кинода инсон бор. Бир-бирини гап-сўзсиз тушунадиган, қўллаб- қувватлайдиган ва сизнида бир дам бўлса бу ҳаётнинг ялтироқ нарсаларидан кўзингизни юмиб инсон қалбига мўралашга мажбур қилдиган олийжаноблик бор.

Бош қаҳрамон Зулфиянинг қайсарлиги, шартакилиги билан яхши кўриб қоласиз. Қўполлигини тарбиясизликка йўймайсиз. Балки ўсмир қизнинг изтироблари сизни бола қалби билан ҳазиллашмасликка ундайди. Бу кинода “мен хафа бўлдим”, “мен изтироб чекаяпман”, деган гапларни бирон марта эшитмаймиз. Аммо қиз тоғасини наҳанг балиқ еб кетмагани, балки Россияга кетиб бошқасига уйланиб олганини эшитганидаги изтиробларини ҳам сизга юқтиради. Уй ўртасига кийимларни отиб, кўрпа-тўшакларни сочиб йиқилиб қолгунча сакрайверади, сакрайверади. Яна бир сафар қизалоқ хамир қилаётган келинойисига, ҳаммасини ташлаб кетвормайсизми, шаҳарга, дейди. Шунда келинойиси қаёққаям борардим деб жавоб беради. Келинойисига ҳеч қандай ёрдам бериш қўлидан келмаган қизалоқ аламидан янгасини четга суриб хамирни муштлаб кетади. Янга ҳам уни индамай кузатади. Ана шу сукутда ҳам аёлнинг ички армонини ҳис қиласиз. Гап- сўзсиз. Кейин қизалоқни ёнига келиб тоғарадаги хамирни икклаласи муштлайди. Ҳеч қандай гап сўзсиз муштлайди, пишитаверади.
Бу кинода шаллақи хотин йўқ. Бу кинода энсасини қотирадиган, лабини беўхшов бурадиган қайнона йўқ. Бу кинода эркатой қизалоқ йўқ. Бу кинода қайнона келиннинг ҳаётда ҳам, кинода ҳам кўнгилга урган бачкана мулозаматлари йўқ. Ота-онаси ташлаб кетган қайнсингилга дўқ урадиган тоғанинг хотини йўқ. Беихтиёр хаёлингизда бўларканку, қайнона келин қайнона келин бўлиб эмас инсон бўлиб бир-бирини тушуниши мумкин эканку дейсиз. Филм ҳаддан ташқари ҳашаматли уйда, ҳаётда яшасада бир-биридан муттасил камчилик қидириб яшаётган қайнона ва келинлар, ёки қишлоқларда ҳам етишмовчилик баҳонасида бир-бири

билан қирпичоқ бўлиб яшаётган қайнона келинларга жуда катта сабоқ беради. Тўғри невара ерларни тепиб жанжал қилади, тандирнинг устига чиқиб сакраб тандирни синдиради, бувиси қизалоқ кўчадан кеч келгани учун сочидан тортиб уради, аммо уларни ёмон кўролмайсиз. Чунки қалбида сўнгсиз изтироблари бор бу аёлларни дард қайта-қайта топиштираверади. 

Умид Ҳамдамовнинг ютуғи нимада? Онаси тимсолида бошқа аёлларни кўра олганида. Она изтироблари орқали бошқа аёлларни тушуна олганида. Демак, шунчаки билимнинг, билишнинг ўзи камлик қилади. Ҳар бир ижод асарига фақат қалб билан ҳис қилиш орқалигина ёндошиш керак. Бугун бунга яна бир марта амин бўлдим. Актёрларни ҳам маҳорат билан танлаган. Қалби билан ҳис қилган. Маҳорат билан танлаганки, беихтиёр рол ўйнаётган қизалоқ Зулфия — Заринанинг, келин — Ферузанинг қалби шундайлигига ишонасиз. Агар қалби шундай гўзал бўлмаганида томошабин ҳам ишонмасди. Мен барча актёрларда ўта камтарликни кўрдим. Ва бу камтарлиги ортида ана шундай катта талант туришини ҳам ҳис қилдим. Демоқчиманки, агар режиссер келин ролига димоғдор, ўзидан аллақачон машҳур юлдуз ясаб олган бирорта актрисани жалб қилганида билмадим кино муваффақият қозонолмасди. Қайнонадаги бир-бирига қарама қарши — тошбағирлик ва фидойилик хислатлари, қизалоқдаги қайсарлик ва аламзадалик, келиндаги хокисорлик, мунгли кўзлар ортида синиқ табассум сизга буюк бир қалб эгаларини кўрсатиб беради. Гоҳ барча дардини ичга ютган, гоҳ оламни ўзгартирмоқчи бўлган бу уч аёл бошқа аёлларга ўрнак бўлгулик….
Мусиқалар, кўлнинг ранг-баранг товланиши, қишлоқ одамларининг кийиниши, гаплашиши ҳатто мимикалари Умиднинг назаридан четда қолмаган. Бугун қишлоқ одами қандай кийинади, қандай яшайди, уларнинг характери барча-барчаси бир бир қишлоқ аёли сифатида менга жуда таниш. Қишлоққа четдан кириб келган, мажбурлаб тиқиштирилган бирорта ортиқча деталь кўрмадим. Англадимки, режиссер буларнинг барчасини яхши ўрганган, изланган. Сценарий муаллифи ҳам Умид Ҳамдамовнинг ўзи. Бу ерда постановкачи оператор Жаҳонгир Ибрагимовнинг ҳам ҳиссаси катта.

Албатта муваффақиятлар ортидаги камчиликлар кўзга ташланмайди. Айтайлик қишлоқда катта бўлган қизалоқнинг онасида заррача қишлоқлик аёлнинг қиёфаси йўқлиги ёки отаси ташлаб кетган яна уч неваранинг изтироблари очилмай қолган. Аммо бу томошабинга деярли сезилмайди. 

“Иссиқ нон” киноси севимли режиссеримиз Зулфиқор Мусоқовнинг “Осмондаги болалар” киносидан кейинги ўсмирлар ҳаётига бағишланган иккинчи ажойиб филм. 

Умид Ҳамдамовга муваффақият тилайман. “Иссиқ нон” киносига албатта боринг. Ҳозиргина тандирдан узилган нон тафтидек иссиқ характерли одамлар, ИНСОН ва ҚАЛБ ҳақидаги кинони томоша қилишингизни жуда жуда истардим.

Барно СУЛТОНОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг