“Увайсийман” мумтоз шоира ғазаллари асосидаги кантата

148

Мумтоз адабиётга академик мусиқа ёзиш композитордан чуқур билим, тажриба, ўзбек мумтоз мусиқасининг сир-асрорларидан воқиф бўлишни талаб этади.

Мустақиллик йилларида миллий мусиқа ва мумтоз адабиётга юксак эътиборнинг самараси ўлароқ янги мавзулар, жанрлар ва шакллар ўзлаштирилиб, миллий ва замонавий мусиқа синтези борасида қизиқарли ижодий ишлар амалга оширила бошланди. Пировардида композиторларимизда классик шоирларимиз асарларига қизиқиш янада кучайди. Хусусан, М.Ашрафийнинг Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” асари асосида “Дилором”, Фурқатга бағишланган “Шоир қалби”, М.Бурҳоновнинг “Навоий” опералари, “Алишер Навоийга қасида”си С.Юдаковнинг Навоий ғазалларига романслари, С.Бобоевнинг Муқимий ғазалларига хор учун   “Навбаҳор” асари, С.Жалилнинг Атоий, Завқий, Фурқат ғазалларига ёзган романслари, М.Бафоевнинг “Хамса” бешлиги асосида яратган операси шулар жумласидандир.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Бастакорлик ва чолғулаштириш санъати” кафедраси профессори, композитор Ойдин Абдуллаева ҳам айнан шу йўлда ўзини синаб кўрди. Консерваториянинг катта залида бўлиб ўтган концерт дастурида янграган О.Абдуллаеванинг якканавоз чолғулар ва хор акапелла учун етти ғазалдан ташкил топган “Увайсийман” деб номланган кантатаси юқоридаги фикримизнинг далилидир. Шу ўринда асар ижроси олдидан Ўзбекистон халқ ҳофизи, профессор Маҳмуд Тожибоевнинг айтган қуйидаги фикрлари эътиборга молик, деб ўйлаймиз:

— Биз ҳозир тарихий воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз, десам адашмаган бўламан. Бундан икки ярим аср илгари яшаб ўтган ўзбек аёли, бетакрор шоиранинг дарду кечинмаларидан Ойдин бизни хабардор қилмоқчи. Инсон қалби кенг, кечинмалари чексиз. Ана шундай юксак фалсафий ўйларни шеъриятда акс эттириш алоҳида ноёб қобилиятли одамларга насиб қилади. Увайсий ана шундай инсонлардан бири.

Маълумки, шоира Увайсий асарлари чуқур мазмуни, юксак бадиияти билан барча даврлар ҳофизларини ўзига тортиб келади. Лекин академик мусиқа йўналишида ижод қилувчи композиторлар томонидан шу кунга қадар Увайсий ғазалларига мурожаат қилинмаган эди. Бу ишга илк маротаба қўл урган Ойдин Абдуллаеванинг асарлари нафис ва жозибадорлиги, чуқур мазмунга эгалиги билан ҳамиша мухлислар эътиборини тортиб келган. “Увайсийман” кантатаси ҳам миллийлиги ва мушоҳадага чорлаши билан аҳамиятлидир.

Янги ижод намунаси созандалар С.Абдуллаев (қонун), А.Зуфаров (танбур, сато), А.Мансуров (доира), Д.Нурметова (сўз устаси) ва Ширин Бобохонова раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат филармониясининг акапелласи жўрлигида янгради.

Жаҳон Отин Увайсийнинг “Увайсийман”, “Бўлмишам”, “Менга”, “Келурмиш”, “Ўргилай”, “Соғиндим”, “Салламно” номли етти ғазали учун ноодатий чолғучилар таркиби ва ўзгача ижро талқини бир-бирини тўлдириб, залга йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлади. Шоира ғазалларини аёл сифатида ҳис этган композитор ҳар бир ғазалга мос ифодали ва таъсирли мусиқий оҳанглар топа билган. Масалан, ҳасби ҳол руҳидаги биринчи ғазал шоиранинг дард-алам ва бошидан кечирган ситамлари ҳақида бўлиб, композитор уни сўзсиз тарзда, сирланган, дардли оҳанглар орқали ёритишга ҳаракат қилган. “Соғиндим” радифли ғазалида эса шоиранинг ўғли Муҳаммаджон сарбозликка юборилиши муносабати билан фарзандидан олисда бўлган онанинг чексиз изтироблари, соғинчи мусиқанинг драматик шиддатида акс этади. ўазални Дилфуза Нурметова самимий ва ўта таъсирли ўқийди.

Умуман олганда, О.Абдуллаеванинг “Увайсийман” кантатаси ижросида анъанавий ва академик вокал ижро анъаналари, жанр ва шаклларнинг синтез кўриниши намоён бўлди. Бу каби асарлар композиторлик ижодиётида янги уфқлар очилишига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Шаҳбозбек АБДУҲОШИМОВ,

Консерватория талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг