Ижод мактаблари

167

Дунё деганлари сержилва, башанг,
Унга учма, ҳақ йўл бордир, жумладан:
Диллару тилларни билмоқ истасанг,
Ибрат олиб яша Ибрат домладан.
Иймон, илму ирфон – нажот мактаби,
Бу азиз бир зотнинг ижод мактаби.

Водийларни яёв кезмоқдан мурод,
Шодлик ва бахт недир, англаш матлаби.
Кўкдан келаётир бир нурли имдод –
Уйғоқ яшаб ўтгин дарёлар каби.
Шу Ватан, шу халқнинг обод мактаби,
Ҳамид Олимжоннинг ижод мактаби.

Ҳар йили баҳордан этгай хабардор,
Оппоқ ифор сочиб ўрик гуллари.
Устод башоратин айтаман такрор,
“Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали”.
Муҳаббат, садоқат – сабот мактаби,
Зулфияхонимнинг ижод мактаби.

Кунхўжа, Бердақдан садолар берган,
Ажиниёз бирлан гулгун сўзларим.
Қорақалпоғимга мен ҳам бир фарзанд,
ўозлар қанотида қолмиш кўзларим.
Қорақалпоқ элин шаън, ёд мактаби,
Ибройим оғанинг ижод мактаби.

Ўзбегим, э воҳ – сўз, кўк қадар юксак,
Қалбингга қутқу ва шон солсин, дейман.
Ҳувайдо, Муқимий Ватандир бешак,
Боғинг Ватан деган ном олсин, дейман.
Энг латиф, энг тоза баёт мактаби,
Устоз Эркин Воҳид ижод мактаби.
Қачон поён топгай йиллар армони,
Иймондек азизсан, жон Ўзбекистон.
Маним кўп асрлик дардим дармони,
Шеърият, шеърият, жоним, Онажон.
Асли адабиёт – ҳаёт мактаби,
Абдулла Орифнинг ижод мактаби.

Қизғалдоқзор дала дўстимдир, эркам,
Райҳон исларига тўлиқ бу хитоб.
Аллоҳ неъматидир қолса гар сендан,
“Икки мисра шеъру бир сандиқ китоб”.
Эл меҳри, юрт ишқи – мурод мактаби,
Муҳаммад Юсуфнинг ижод мактаби.

Кўнглимни булбулдек куйлатар ҳаёт,
Ошиқ боболардан бу най навоси.
Муқаддас тупроқни сўйлатар ҳаёт,
Ҳар кимга ёр бўлсин элнинг дуоси.
Янги ғоя, янги авлод мактаби,
Ижод мактаблари, ижод мактаби.

Ғайрат МАЖИД

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг