Буюк адиб Чингиз Айтматовнинг асарларини юртимиздаги ҳар бир мактабда учратасиз, қолаверса, ҳар бир ўзбек хонадони китоб жавонидан ўрин олган ва қайта-қайта севиб ўқилади. Адиб яратган турфа тақдирли қиёфалар саҳналаштирилган спектакллар, кинофильмлар орқали халқимиз қалбидан чуқур ўрин олган. Албатта, бу меҳр буюк адибнинг асарларида азалдан илдизи бир бўлиб келган туркий халқларнинг миллий қадриятлари, орзу-армонлари, миллий анъаналари теран акс этганидан далолат.   

Атоқли жамоат арбоби сифатида Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистонга ҳурмати чексиз эди. Адабиётимиз, маданиятимиз тарихини юксак баҳолаб, «Қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин» деган пурмаъно сўзлари, ўз тақдирини ўзбек халқи тақдирига ўхшатиши унинг ана шу улкан меҳр-муҳаббатининг ифодаси бўлган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда қабул қилган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори буюк ижодкорга юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи бўлиб, унинг ибратли ҳаёти ва ижодини эътироф этиш, улуғлаш йўлида янги даврни бошлаб берди, қардош қирғиз халқи билан яқин қўшничилик ҳамда дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлади, адабиёт, маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирди, ёшларни инсонпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлди.

12 декабрь – буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллуд топган кун Тошкент шаҳрида ва мамлакатимизнинг барча вилоятларида муносиб нишонланди. Аслини олганда, ўзбек халқининг адибга бўлган меҳри туфайли қарор қабул қилинган кундан буён мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, илмий анжуманлар, адабий кечалар ўтказиш ­жараёни бошланган эди. Ўтган қисқа давр мобайнида адиб ижодига бағишланган юзлаб тадбирлар ўтказилди, “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китоби, “Сайланма” асарлар тўплами чоп этилди. Ўзбек миллий академик драма театри ижодкорлари “Жамила” ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссаси асосида “Лувр ўрдаги” номли спектакл саҳналаштирилди, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан қирғизистонлик ижодкорлар билан ҳамкорликда «Сарвқомат дилбарим» бадиий фильми суратга олинди. Ўзбек Миллий академик театрида ўтказилган анжумандан кейин “Икки халқ фарзанди” номли ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.

Адиб хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига унинг номи берилди ва барельеф ўрнатилдики, бу тадбирлар халқимизнинг унга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг яққол ифодасидир. Шунингдек, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида адиб бюсти ўрнатилди. Бу ижодий ишларнинг муаллифи ҳайкалтарош Баҳром Норбоев шундай дейди:

– Президентимиз ташаббуси билан Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида белгиланган тадбирлар ижросида Ўзбекистон Бадиий академияси зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда иштирок этганимдан хурсандман. Барча асарларида инсон, инсон қадри улуғланган буюк адибнинг қиёфасини яратиш ва уни халқимизга тақдим этиш ўта масъулиятли иш ва айни пайтда, ижодкорга ғурур бағишлайди. 

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб, Ўзбек миллий академик драма театрида ўтказилган анжуманда сўзга чиққан Қирғизистон Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли шоир, профессор Тинчликбек Нурманбетов ҳам қалбдан кечган туйғуларини шундай ифодалади: “Биз доимо Тошкентга интилиб яшаганмиз. Бугун қирғиз адибининг давлат даражасида улуғлангани бизни ниҳоятда тўлқинлантирди. Шубҳасиз, Чингиз ­Айтматов ижоди жаҳон адабиётига дахлдор. Ўзбекистонда амалга оширилган тадбирлар эса, унинг асарларини дунё бўйлаб янада кенг ёйилишига катта ҳисса бўлиб қўшилади. Эндиликда биз Тошкентни аввалгидан ҳам кўпроқ ­соғинамиз ва унга интилиб яшаймиз”.

Бир сўз билан айтганда, оламга ­донғи кетган буюк адиб Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан ўтказилган барча тадбирлар асносидаги бу кун асрга татигулик бўлди.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг