Шеъриятда аср қиёфаси

292

Истиқлол арафасидаги ўзбек поэзияси шиддатига бир назар

XX аср бошларидаги илк Миллий уйғониш ҳаракати 30-йилларда қатағон билан якун топган бўлса, орадан ярим аср ўтиб, Ўзбекистонда иккинчи Миллий уйғониш юзага келди. 80-йиллар ҳақида гапирганда, холис айтиш керак, жамиятнинг адабиймаънавий ҳаётида шеърият яловбардор бўлди. Бу даврни замонавий ўзбек поэзиясининг юксалиш даври сифатида эътироф этиш лозим. Ўша даврда Ватан мавзуси етакчи бўлиб, шоирларимиз бу мавзуда ёнибкуйиб ёздиларБу шунчаки ҳайқириқ эмас, балки халқ ва миллатнинг асрий армонлари, ҳасратлари эди, десак тўғри бўлади.

Халқни асрий мудроқликдан адабиёт, аниқроғи, жанговар шеърият уйғотди. Оммавий шеърхонлик, чин сўзга ташналик бор эди одамларда. Бир сўз билан айтганда, шоир, шеър халққа яқин келган, унинг  дард­дош ва дилдошига айланган эди. Бу уйғунлик ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлди. Чунки биргина калом жозибаси ва қудрати ила Алпомишу Гўрўғли, Широқ ва Тўмарис қаторимизга қайтиб, елкалари қисилиб, ғарибгина бўлиб қолган авлодларга пешвоз чиққан эди. “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” деган буюк  ҳикматга   ҳамма сомеъ эди ўшанда.

“Широқ” афсонасини ўқиб ҳаяжонланмаган ўзбек боласи бор эканми? Шоирларимиз ана шу халқ қаҳрамони номини шеърга солар экан, элнинг дарду аламларини қўшиб куйлаган. Муҳаммад Раҳмоннинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1985 йил 14 июнь сонида бир шеъри эълон қилинган. Унда  шундай мисралар бор:

Қумлар аро улоқиб ҳалок бўлар ёв тайин,

Тақдир ҳукми бешафқат – ўзи ҳам

қайтмас, бироқ

Саҳро ичкарисига одимлагани сайин

Абадиятга шунча яқин борган

мард Широқ!..

Шоир жасур ватанпарвар аждодимизни бежиз эсламаган. Шеърда бу табаррук тупроққа ёвуз ният билан қадам қўйганлар додини фақатгина жонфидо Широқлар беришига ишора бор. Ёки Равшан Файзнинг  1989 йил ёзган “Широқнинг шиддат-шашти” шеъридан:

Кўп зўр келиб шиддату шашти,

Юрагини олганча қўлга,

Қонга белаб далаю даштни

Чиқиб кетди чатнаган чўлга.

Чиқиб кетди, унинг ортидан

Шашти бўлиб эсди шамоллар…

Шеъриятда, умуман, адабиётда эркка ташналик, ҳар бир инсон ва бутун халқни эркин, озод кўриш иштиёқи ўша йилларда янгича бир руҳда намоён бўлди.

 Чўлпон Эргашнинг бундан ўттиз бир йил илгари ёзилган “Уйғон, ўғлон” шеърини,  ўша давр кўзи билан қараганда, чинакам жасорат дейиш мумкин. Шоир таҳқирлардан зада бўлган отанинг не бир умидлар билан фарзандини уйғотмоқчи бўлганини тасвирлайди:

Ўйнолмаган кўнгли тўлиб

Сендай чоғи бобонг ҳам,

Бола бўлиб ўйин нима

Билмаганман мен бўлсам…

Ҳозирча сен ўқи, ўрган,

Минорадек чўзиб бўй.

Ҳовлимизга ким тош отса,

Қулоғини чўзиб қўй.

 Бир қарашда, ҳа, энди, ота фарзандига насиҳат қилибди-да, дейиш мумкин. Аслида эса, шеърда уч авлод қисмати акс этган. Бобо ва ота — мустабид тузум қурбони. Улар  ўз ҳақ-ҳуқуқини  сўраш имконидан  мосуво  ўтган авлод. Ичидаги дардини тиш ёриб айтолмайди. Шу важдан ота музтар бўлиб ўғлига уқтиряптики, энди сен уйғон, ҳушёр бўл, кўзингни оч. Маърифат йўлини тутгин. “Минора” сўзи ҳам бу ўринда чуқур маъно англатади. Шоир шунчаки “теракдай бўй чўз” деса ҳам бўлар эди. У фарзандининг улғайишини минорага менгзаганига сабаб шуки, ­аждодлар каби адл бўл, мағрур ва жасур бўл,  демоқчи. ­Шеърдаги “ҳовли” сўзи тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам ватанни билдиради. Фарзанд, аввало, ватан ҳимоячиси. Кимки ватанга тош отса, унга дахл қилса, ватан ўғлонлари ғанимга муросасиз бўлиши ­лозимлиги таъкидланмоқда.

 Шоирнинг 90-йилларда ёзган “Тошкент”, “Нидо”, “Алвастилар қўшиғи” сингари ўнлаб шеърларида ҳам эрк, озодлик, ҳуррият ғоялари тараннум этилган.

Омон Матжоннинг  1987 йилда  ёзилган “Уйғониш” шеърининг дастлабки банд­лари ерни уйғотган баҳор, фарзандни уйғотган она, виждонни уйғотган имон, тунни уйғотган севги ҳақида. Шоир сўнгги бандда “ноўрин” савол бериб қўяди:

Лекин бир халқ мудраб, ётинқираса,

Ҳар кимга ўз тинчи ёқинқираса,

Шоирлари қўрқиб босинқираса,

Халқин ким уйғотар,

Саволим шулдир?!

1990 йили “Ёшлик” журналида Хуршид Давроннинг “Қўлёзмалар институти” шеъри чоп этилган. Шоир қадим қўлёзмалар саҳифасини жанггоҳ, сўзларни эса аскар қиёфасида кўради. Ҳикматга бой асотирларни ватан деб англаган ижодкор юрт даштида “Бир чечакдай унсам, Бир қушдай қўнсам”, дея орзу қилади:

Шу юрт тупроғига сингиб кетган қон,

Кўз ёши ҳикматин англайин дея

Сендан ҳам қўрқмасдим, ваҳший қатағон,

Умримни шу юртга қилардим ҳадя.

Абдумажид Азимнинг лирик қаҳрамони ҳам ҳақиқатпараст. У замин юзида қувғинда юрган ҳақиқатни барибир топаман, деб онт ичади. Чунки унинг юлдузи разолат ўқидан сўнса ҳам, мозори олис тупроқда чўкса ҳам, ҳатто “сағир қиз сингари хўрликка кўнса”  ҳам, барибир, шоирга ҳақиқат керак. “Шунчаки бир гапми ­боболар сўзи”,  дейди лирик қаҳрамон:

Агар сен бор бўлсанг ердами, кўкда

Ёки борса келмас бирон овлоқда.

Қуёш ётар жойи – алвон уфқда,

Оёқ куяр саҳро ё ёнар тоғда,

Мен сени топаман, ҳақиқат!

80 – 90-йилларга келиб шеъриятда “ватан” тушунчаси дард, изтироб, ўкинч ва аламга ёндош тушунча сифатида англанди. “Қон силқиб турганда сенинг кўксингдан, Мен қандоқ шўх куйчинг бўлайин, она?!” дея илтижо қилади Мирзо Кенжабек. Шоир соф шеъриятни бир четга йиғиштириб қўйиб, ҳақ ва қасос дарслари сабоғига амал қилганини таъкидлайди:

Ким зиндон тузумни яшар қуллуқлаб?

Ўликлар тушунмас қонли додимни.

Юртим! Эркинг учун ўзим куллуклаб,

Қурбонликка сўйдим истеъдодимни.

Мирзо Кенжабекнинг 80-йиллар охирида эълон қилинган шеърларини ўша йиллардаги кураш ва интилишлар мундарижаси дейиш мумкин. Шеърлардаги лирик қаҳрамон фақат шоирнинг кайфияту ўйларини эмас, балки омманинг, ёш авлоднинг қайноқ ва жўшқин фаолиятини ифодалагани билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўтган асрнинг 20 30-йиллар адабий муҳити зўравонлик билан сўндирилгач, давом этган узоқ танаффусдан сўнг ўзбек шоирлари ўша қадим ва замонавий оҳангни бир қадар тиклади. Аслида, Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат, Садриддин Айний, Ҳамза шеърияти таъсири ва уларга эргашиш 60 – 80-йилларда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш,  Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон,  Йўлдош Эшбек ва бошқа кўплаб ижодкорларда кузатилди. Бу шоирларимизда эрк ва озодлик ғоялари тўғридан-тўғри, очиқ бир шакл­да эмас, гоҳ маҳзун, гоҳ ҳазил, гоҳ киноя оҳангида жаранглар, миллий ўзликни англаш ва фахр-ифтихор қилиш тақиқлангани боис  бу маром янада пардали тус олган  эди. Табиийки, бундай асарларни тушуниш, мағзини чақиш кенг китобхонлар оммаси учун мушкуллик туғдирарди. Содда қилиб ­айтганда, эзоп тилида битилган асарларни англаш учун икки карра Эзоп бўлиш талаб қилинарди. Лекин мана шу йигирма йиллик адабий тарих бутун бир асрнинг қиёфасини белгилаб берди.

Олимжон ТОШБОЕВ,

филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг