Мақомларнинг шаклланиш омиллари

667

Иккинчи мақола

Сермаъно “мақом” атамаси мусиқа санъатида маълум парда (товушларнинг мукаммал уюшган) тузилмалари ва усуллар тизими асосида ижод этилган чолғу куй ва айтим(ашула)лар туркумини ифодалайди.

Салобатли мақом туркумларининг шаклланиши, демакки, моҳиятини теран англашда, аввало, уларнинг юзага келишида муҳим ўрин тутган объектив шарт-шароитлар ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш лозим. Бу борада атоқли олим, устоз Исҳоқ Ражабовнинг мақом таълимоти ишончли дастуриламалдир. Устоз бундан қарийб 70 йил аввал шундай ёзган эди: “Том маънодаги “мақом”ларнинг ҳам куй, ҳам лад тушунчаларининг пайдо бўлиши Шарқ халқлари мусиқа маданияти анча тараққий этган даврларга тўғри келади. Мақомлар инсоннинг мусиқа ҳақидаги тушунчалари, мусиқий-эстетик қарашлари баркамол бўлган, кишиларнинг онги ва савияси юксалган бир даврда юзага келган. Мақомлар тизимининг шаклланиши жаҳон илму фанининг ривожланиши билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Шарқ мусиқа олимлари мусиқанинг тиббиёт, фалсафа ва математика фанлари билан боғлиқ эканлигини уқдириб ўтганлар”. Олимнинг давр шароитига кўра буткул ошкор этилмаган, аммо ишораларга йўғрилган пурмаъно фикр-мулоҳазаларига бугунги саодатли давримизда олиб борилган илмий тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда баҳоли қудрат шарҳ бериб ўтамиз.

Мақомларнинг шаклланиши учун Исҳоқ Ражабов қайд этган омиллар VIII асрдан юзага кела бошлаган, IX-X аср­лар давомида эса буткул қарор топган эди. Айнан шу даврларга келиб Шарқ мусулмон оламида илмий-ижодий фаолият олиб бориш учун имкониятлар мавжуд бўлган шаҳарлар узил-кесил шаклланди, ишқ фалсафаси билан йўғрилган комил инсон таълимоти Шарқ халқлари орасида кенг ёйилиб, унинг ижобий таъсири бадиий ижод жабҳаларида кўрина бошлади. Шунинг­дек, аниқ фанлар таркибида мусиқа илми ҳам ривож топган эдики, пировардида касбий мусиқа қатламини мақсадли равишда янги босқичга юксалтириш учун муҳим асос яратилди.

Тарихдан маълумки, ислом дини кенг ёйилган Шарқ халқларининг маънавий ҳаётида туб ўзгаришлар рўй берган, ижтимоий ҳаётда исломий қадриятлар билан йўғрилган турфа маросим ва тадбирлар шаклланиб, айрим қадимий урф-одатлар мазмунан янгиланган, жойларда маданият ва санъатнинг юксалиши учун янги масканлар қарор топган эди. Бу борада, энг аввало, Шарқ мусулмон оламида антик дунёдаги политеслардан фарқли ўлароқ янги (очиқ) типдаги шаҳарларнинг маданий ҳаёти эътиборлидир. Жумладан, Бағдод, Дамашқ, Бухоро, Самарқанд, Урганч, Тошкент сингари шаҳарларда мамлакатлараро эркин савдо-сотиқ ишларини ташкил этиш билан бирга олиму санъаткорлар ўртасида ҳам илмий-маданий алоқалар жараёни учун қулай шароит яратилган эди. Айни пайтда бу шаҳарлар умумсаводхонлик марказлари ҳам бўлган. Зеро, ислом даъвати билан илм манбаи — китобхонлик оммавий тус олган ва бу ижтимоий эҳтиёжни қондириш учун йирик шаҳарларда кутубхоналар фаолият кўрсата бошлаган. Айниқса, Бухородаги “Сиван ал-ҳикма” кутубхонаси қимматли илмий асарларга бойлиги билан Шарққа машҳур бўлган. Табиийки, умумсаводхонлик муҳитида етишиб чиққан буюк ватандошларимиз — Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий (783-850), Аҳмад Фарғоний (797-865), Абу Райҳон Беруний (973-1048), Абу Али ибн Сино (980-1037) каби қомусий олимларнинг самарали илмий фаолияти боис аниқ фанлар (алгебра, астрономия, геометрия) ва тиббиёт беқиёс ривожланди. Абу Наср Форобийнинг (873-950) мусиқашуносликдаги буюк хизматлари ўлароқ Шарқ мусиқа илмига асос солинди.

Айни вақтда, шаҳарлар хунарманд­чилик ва санъат турлари равнақ топган маданий марказлар ҳам эди. Инчунин, ҳунармандчилик турлари қаторида созгарлик ҳам равнақ топганини, масалан, мусиқа амалиётида қўллаб келинган чолғулар ҳақидаги илмий маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Абу Наср Форобийнинг “Китаб-ул мусиқа ал-кабир” (“Катта мусиқа китоби”), Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг (вафоти 997 йил) “Мафатих ул-улум” (“Илмлар калитлари”) каби илмий асарларида танбур, шоҳруд, чанг, уд, барбад, анқо санж, рубоб, руд, най, мизмор, сурнай, жулжул, жом, бонг, миъзафа, даф, табл каби кўплаб соз­лар тасниф этилганини кўрамиз. Табиийки, асосан, касбий мусиқачиларнинг созлари ҳисобланган мураккаб кўринишли ушбу чолғулар созгарлик баробарида мумтоз мусиқа санъати ҳам ривожланганидан дарак беради. Маданий қадриятларнинг халқаро миқёсда алмашинуви жадал кечган бу даврда Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон ва араб халқларининг мумтоз мусиқасида муштарак анъаналар ва бир турли жанрлар қарор топа бошлаган. Бинобарин, касбий мусиқа ижодкорлиги ва ижрочилиги янги босқичга юксалиб, шаҳару саройларда номлари Шарқ оламида машҳур бастакор-хонанда ва созандаларнинг фаолият кўрсатишлари урфга кирган эди. Халифалар уларга иззат-икром кўрсатганлари ҳақида ёзма манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Хусусан, Ал-Исфахонийнинг “Китаб ул-ағоний”(“Қўшиқлар китоби”)да қайд қилинишича, ҳалифа Хорун ар-Рашид (786-809) саройида Иброҳим ал-Мавсилий, Исҳоқ ал-Мавсилий, Ибн Жомий каби атоқли санъаткорлар ноёб хонандалик ва бастакорлик истеъдодлари билан кўп олқишларга сазовор бўлганлари эътироф қилинади.

Бизнинг диёримизда ҳам касбий мусиқачилар мақоми баланд бўлганини IX аср oxри — Х acp биринчи ярмида Бухорода фаолият кўрсатган Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий, Алибек Танбурий, Абулаббос Бахтиёр, Абу Наср Мутриб каби санъаткорлар мисолида кўриш мумкин (Файзулла Тўраев, “Бухоро муғаннийлари” китоби). Уларнинг ҳар бири ўтмишдан келаётган мусиқий ёдгорликларни давр талаби ва эстетикаси асосида ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшган. Хусусан, истеъдодли шоир, маҳоратли созанда ва хушовоз хонанда Абу Абдуллоҳ Рудакий Бухоро ҳокими Наср II ибн Аҳмад Сомоний (914-943) саройида хизмат қилган бўлса, Шарқ мусиқа илмининг асосчиси ва айни пайтда, моҳир мусиқа амалиётчиси Абу Наср Форобийнинг номи бутун Шарқ оламининг йирик ­шаҳарларида машҳур бўлган. Ибн Халликон (1211-1282) берган маълумотга кўра, Форобий Ҳалаб шаҳрининг амири Сайфуддавла ибн Хамдон (916-964) ҳузурида жуда катта обрў-эътибор қозонган.

Шунингдек, бу даврга келиб мусиқа санъатининг янги мазмун касб этишида тасаввуф мактабларининг таълимоти ҳам аҳамиятли бўлган. Дарвоқе, Сўфийликнинг маънавий комиллик ила Мутлоқ гўзалликка интилиш ғоялари шеърият қатори қарийб барча санъат турларига ижобий таъсир кўрсатган. Бу таъсирни, хусусан, мумтоз шеъриятда кузатиш мумкин. Бунга Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961-1038) “Татиммат ал-Йатима” тазкираси яққол мисолдир. Табиийки, тасаввуфнинг самарали таъсиридан мусиқа санъати ҳам четда қолмаган. Айнан шу даврларга келиб самоъ (қалбан завқли тинглаш) амалиёти кенг ёйилди, мусиқага тасаввуф намояндалари томонидан нозик таърифлар берилди. Жумладан, таниқли муҳаддис, шайх Абу Бакр Бухорий-­Калободийнинг (вафоти 994 йил) ­“Нағма — жон қуввати ва руҳ озиғи турур” ибораси мазмунан теранлиги билан мусиқа ҳақида шаклланаётган қарашларга муҳим асос бўлди. Бу ибора ҳозирга қадар мусиқага берилган чуқур маъноли гўзал таърифлар қаторида маълум ва машҳур.

Аслида, қалбларни ҳаяжонга солувчи гўзал самоъ намуналари ислом динининг инсонни азизу мукаррам этишдек маънавий таълимотида мавжуд. Инсон руҳининг коинот сари юксалишига қувват бағишловчи бундай мўъжизавий самоъ намуналари, энг аввало, муқаддас Қуръони карим сура, оятларини мумтоз тажвид услубида “ўқиш” жараёнида зуҳур этади. Зеро, “Қуръон тажвиди (аммо унинг ўзи эмас) ва танаввули ҳам самоънинг таянчи ҳисобланади” (Абдуманноп Назаров). Бу ўринда самоъ тушунчаси мазмунида гўзал овоз билан жилоланган муайян интизомли товушларнинг юксакликка мақсадли интилган жонли ҳаракат жараёни ва уни қалбан завқли қабул қилиш (идроклаш) ҳолати англашилади. Қуръон тажвиди асосида Ўрта аср Шарқ мусулмон оламида ёқимли овоз (ёқимли товуш) эстетикаси қарор топди. Шу тариқа мусиқа санъатида ҳам сифат ўзгаришлари юзага келиб, жумладан, ўзбек мумтоз мусиқаси исломий қадриятлар устуворлигида камолот сари юксалди.

Таъкидлаш жоизки, самоънинг асосий сифатлари бўлган хуш овоз ва ёқимли куй эстетикаси билан илгари сурилган янги ижодий талаблар ечимига амалиётчилар (ижодкорлар ва ижрочилар) қаторида мусиқашунослик илми қўшган улуш ҳам салмоқли бўлган. Зеро, исломда улуғланган илм жабҳаси ва нуфузи фарз мақомига эга бўлган илм олишга интилишдек шарафли даъват ўлароқ турли фан соҳалари баробарида мусиқа илмига ҳам катта эътибор берилган эди. Жумладан, Насроний ўарб олами қадимги юнон илмий меросини таъқиб остига олган бир пайтда Бағдоддаги «Байт ул-ҳикма» академияси олимлари қадимгилар (Аристоксен, Никомах, Птоломей ва бошқалар)нинг мусиқа илмига доир бир қатор асарларини арабчага таржима қилдилар. Бу каби ишлар қадимги юнонларнинг мусиқий қарашлари нафақат Шарқ оламида, балки кейинчалик Fapб оламида ҳам кенг ёйилишида муҳим ўрин тутган. Ўша давр анъанасига кўра, аниқ фанлар (арифметика, геометрия, астрономия) доирасида тасниф этилган мусиқа илмида самоъга мувофиқ мусиқий асарларни яратиш учун, биринчи галда, уйғун товушлар нисбатига асосланган мукаммал пардаларни аниқлаш зарур бўлган. Бунга эришишнинг энг ишончли йўли сифатида эса Пифагорнинг математик усули эътироф этилиб, илмга жорий қилинган эди. Лекин қайд этмоқ керакки, Абу Наср Форобий ва унинг издошлари қадимги юнонларнинг илмий меросини ўз замонаси мусиқасининг қадриятларидан келиб чиққан ҳолда ижодий ўзлаштирган эдилар. Бу ҳол, жумладан, мусиқанинг илми таълиф (нағма, бўъд, жинс, жамъ) ва илми ийқоъ (вазн) масалаларини тадқиқ этишда кўзга ташланади. Бунга Форобийнинг Шарқ, мусулмон оламида мумтоз мусиқанинг универсал қонуниятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этган «Китаб ул-мусиқа ал-кабир», «Китаб ул ийқаъат» ва «Китаб фи ихсаул-ийқаъат» каби илмий асарлари яққол мисол бўлиши мумкин. Масалан, Форобий илк бор ритм-усул омили — мустақил бадиий аҳамиятга эга мумтоз ийқоъ назариясини ишлаб чиққан эди. Унинг ийқоъ таълимоти кейинчалик аллома Ибн Синонинг «Китоб уш-шифо», «Китоб ун-нажот» ва «Донишнома» илмий асарларида ривожлантирилган(А.Назаров, «Форобий ва Ибн Сино мусиқий ритмика хусусида»). Бинобарин, аллома ўзи яшаган даври мумтоз мусиқаси, шу жумладан, самоъ эстетикаси талабларидан келиб чиққан ҳолда бундай улкан ишларни амалга оширгани шубҳасиздир.

Хуллас, мусиқа илмида олиб борилган самарали изланишлар пировардида мумтоз мусиқанинг универсал қонуниятлари назарий шакллантирилди ва эришилган натижа пай­ғамбарларнинг самоъ мероси, бастакорлик ижодиёти ва Шарқ халқлари мусиқий қадриятларининг ўзига хос қомуси бўлган салобатли мақом тизимларининг яратилишида пойдевор, асос бўлди. Бинобарин, юқорида мухтасар тавсиф этилган ҳолатларнинг юзага чиқиши туфайли кишиларнинг онги ва савияси, мусиқа ҳақидаги тушунчалари, мусиқий-эстетик қарашлари юксалиб, шу аснода жаҳон санъатининг беқиёс намуналаридан мақом туркумлари шаклланиши учун барча омиллар юзага келди.

Оқилхон ИброҲимов,

Санъатшунослик институти бош илмий ходими.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг