Бобур қурдирган мақбара топилди

2

Биринчи мақола

Бобур Мирзо бизнинг бобомиз, бизнинг қонимиз, бизнинг болаларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиздир. У Андижонда туғилди, Андижонда камол топди. Мана шундай аждодларимиз борлиги, мана шулар Андижон фарзанди эканлигини ҳеч қайсимиз, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўзлигимизни англашни шундан бошлашимиз лозим.

                                                                                                                                                  Ш.М.МИРЗИЁЕВ

Бобур халқаро илмий экспедициясининг 2017 йил декабрь ойидаги сафари Қирғизистон Республикасининг Олабуқа тумани Оқтом кенти фуқаролар йиғинига қарашли Сафедбулон қишлоғига қаратилган эди. ­Экспедиция Ўш шаҳри бўсағасидаги “Дўстлик” (Ўзбекистон — Қирғизистон) чегара божхона постидан ўтиб, Ўшни ўнг қўлда қолдириб, Ўзганд томон йўлга тушди. Ўзгандга етганда шаҳардаги энг қадимий қабристоннинг чеккароғида ХI асрда яшаб ўтган улуғ сиймо — Бурҳониддин Қилич қабр-мақбарасини зиёрат қилдик. Маълумотларга кўра, мазкур шайх ва мударриснинг умри асосан Ўзганд, Андижон ва Хўжанд мадрасаларида кечган. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”да ҳам Бобурнинг пири Хожа Мавлоно Қози шажараси Бурҳониддин Қиличга бориб боғланиши алоҳида қайд этилган ва Бурҳониддин Қилич хусусида  қуйидаги маълумотлар берилган: “Шайх Бурҳониддин Қилич Ўрта Осиёлик шайх, саййидлар томонидан Иликхонлар авлоди, Ўзгандда туғилган Қорахонийлардан Буғрохон Абу Али ал-Ҳасан ибн Сулаймонга (1059 — 1077 йиллар) замондош бўлган. Фарғона водийси, Кошғар, Самарқанд ва Бадахшонда катта обрў-эътибор қозонган. Ривоятларга кўра, у ўзига ясаб олган ёғоч қиличи пўлат қиличдай кескир бўлгани учун “Қилич” лақабини олган”.

Хожа Мавлоно Қози Шайх Бурҳониддин Қилич авлоди сифатида “Бобур энциклопедияси”да тилга олинган. Бошқа хорижий энциклопедиялар ва қўлёзма манбаларда ҳам унинг Андижон ва Хўжанд­да кўп маротаба ва узоқ муддат бўлгани ҳақида маълумотлар қайд этилган. Бизнингча, Шайх Бурҳониддин Қилични Андижон ва Хўжанд диний-маърифий ва маданий-адабий муҳити кўпроқ ўзига жалб этган бўлса керак.

Ўзганддаги Шайх Бурҳониддин Қилич мақбарасидаги бир қайроқтош диққатимизни торт­ди. Ундаги ёзувдан ҳозирча “Шайх Бурҳониддин” сўзларини ҳижжалай олдик, холос. Буни ўрганиш ҳам галдаги вазифаларимиздан.

Сўнгра Жалолободга жўнадик. Жалолобод шаҳрида “Шоҳ Фазл тарихий-меъморий мажмуаси” қароргоҳини топиб, мажмуа директори Эркин ҳожи Бегимқулов билан учрашдик. Мажмуа раҳбари шаҳидлар манзили номида ўн уч асрдан буён машҳур бўлган мазорат ва Шоҳ Фазл тарихий-меъморий мажмуаси ҳақида билганларини гапириб берди ва ўз қаламига мансуб “Шаҳидлар макони”, “Оллоҳга шукур” китобларини бизга тақдим этди. Шу ўринда Эркин ҳожининг қуйидаги фикрларини алоҳида қайд этишни лозим топдик:

— Ҳозир Сафедбулон деб номланган қадимий қишлоқ ҳудудларида VII — X асрларда йирик тарихий ҳодисалар рўй берган, бу ер бутун Ахси воҳаси ҳамда Фарғона водийси шаҳар ва қишлоқларига ислом динини ёйиш ва барқарор этиш маркази бўлган. Ҳозирги вақтда биз Бобурнинг отаси Умаршайх мирзонинг Шоҳ Фазл мақбарасига кўмилгани ва бу муҳташам ёдгорлик билан боғлиқ кўплаб тарихий фактларни йиғиш билан машғулмиз. Ўйлайманки, Ўрта Осиё Уйғониш даврининг буюк вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий-илмий меросини ўрганаётган жамоалар билан ҳамкорликда бу муаммоларнинг ечимига эришамиз.

Эркин ҳожи тадқиқот ишлари натижалари, рисолалари, тош битикларга ёзилган илмий матнлар, Шоҳ Фазл мажмуаси тарихи, археологияси, эпиграфикасига доир материалларидан, бошқа муаллифлар китобларидан  бир нусхадан бизга ­совға қилди.

Гуруҳимиз салкам 400 км. йўл босиб, Сафедбулон қишлоғига етиб келди. Сафедбулондаги Шоҳ Фазл тарихий-меъморий мажмуаси директори ўринбосари Тожихон Тошпўлатова жамоаси билан бизни кутиб олди. Қош қорайиб қолгани учун зиёратни эртанги кунга қолдириб, Тожихон ая уйида меҳмон бўлдик. У киши Сафедбулон қишлоғи ҳамда зиёрати тўғрисида муфассал маълумотлар берди. Шоҳ Ҳаким Холиснинг “Сафедбулон қиссаси” (“ўазотномаи Шоҳ Жарир”) достонини ва мазкур тарихий-меъморий мажмуанинг собиқ раҳбари, тарихчи Турсунбой ҳожи Абдунаби ўғлининг “Сафедбулон тарихи” китобларини бизга совға қилди.

Олабуқа тумани Оқтом кентига қарашли Сафедбулон қишлоғидаги Шоҳ Фазл тарихий-меъморий мажмуаси жуда қадим тарихга эга улкан зиёратгоҳ бўлиб, унинг таркибига қуйидагилар киради: Шоҳ Фазл мақбараси, Булон мақбараси (Сафедбулон исмли хизматкор қиз қабри), Қирғин масжид, Каллахона, Мозор тепа, Хожа Аламдор (араб лашкарининг байроқдори ва унинг ўғлининг) қабрлари, Дўлана шаҳар, Жомеъ масжиди, араб ва форс тилларидаги битиктошлар.

Шоҳ Фазл мажмуасининг марказида дарвишлар кулоҳи шаклидаги бир улкан обида (баландлиги 15,7 метрли гумбазли мақбара) бор. Сафедбулон қишлоғида йиллар давомида комплекс тадқиқотлар ўтказган профессор В.Д.Горячева бу ҳақда  китоб ёзган, Сафедбулон қишлоғидаги улкан мақбара Х — ХI асрларга мансублигини қайд этган.

Ўрта Осиё меъморчилигининг дурдоналаридан бири Шоҳ Фазл мақбараси туркий халқ­лар маданияти, санъатини ўзида мужассамлаштириб турган тарихий, меъморий иншоот ҳисобланади. Ушбу ўзгача меъморий услубдаги маҳобатли ёдгорликнинг яратилиши ҳақида олимларнинг фикрлари турлича. ­Айримлари ёдгорлик X — XI асрларга мансуб бўлиб, қорахоний ҳукмдор  Муиз-ад-давла Арслон тегин Абулфазл Аббос бин Муҳаммад томонидан отаси Муҳаммад ибн Насрга атаб қурилганини тасдиқлашса, бошқа бир қисми эса бу улкан ёдгорликни тиклаш Амир Темур буйруғи ва маблағи эвазига шаҳид кетган ислом дини фидойилари учун қурилган ва қурилиш Соҳибқироннинг ўғли, Фарғона вилоятининг ҳукмдори Умаршайх мирзо  назоратида бўлган, деб ҳисоблашади.

Ҳар иккала фикрни ўртага ташлаб, муҳокама қилган В.Д.Горячеванинг ўзи ҳам ёдгорликнинг ички қисмининг ингичкалигини, номутаносиблигини ҳисобга олиб, ёдгорлик вайрона ҳолатга келиб, қайта тикланган, деб ёзади. Шунингдек, у А.Н.Бернштам фикрини ҳам инобатга олиб, ёдгорлик XIV асрда тиклангани эҳтимолини ҳам қайд этадики, бундан соҳибқирон Амир Темур хизматини кўриш мумкин.

В.Д.Горячева олимларнинг бу борадаги мулоҳазаларини таҳлил қиларкан, яна бир янгича ёндашувга диққатимизни тортади. Унинг­ча, бу бинонинг пастки қисми илгари сўфийлар учун хонақоҳ сифатида қурилган. Чунки икки томонида унга туташ бинолар бўлган. Кейинчалик шу ерлик бирор азиз авлиё ёки  арбобга аталиб, устки қисми билан қайта қурилган ва бинога мақбара мақоми берилган бўлиши ҳам мумкин. Муаллиф бу фикрини Сафедбулон қишлоғи ҳақида илк маълумот қайд этилган Жамол Қаршийнинг “Мулҳақот ус-Суроҳ” китобида (XIII аср) шаҳидлар ҳақида маълумот борлиги, бироқ унда Шоҳ Фазл ёдгорлиги тилга олинмагани билан далиллайди. “Демак, Шоҳ Фазл шахси ҳали лозим даражада эътироф этилмаган бўлса керак”, деган мулоҳазани ҳам айтади. Фикрлардаги бу каби ҳар хилликка Турсунбой Абдунабиевнинг “Сафедбулон тарихи” китобида қисман аниқлик киритилгандай: “Бу ҳақда “Сафедбулон қиссаси” асарида Мирзо Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо томонидан таъмирлангани айтилади”, деб ёзади муаллиф.

Ушбу қиссадаги маълумотга ишонсак, Умаршайх мирзо ибн Абусаид мирзо эмас, балки унинг ўғли — Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу қишлоққа келиб Шоҳ Фазл мақбарасига “…гунбаз айлади. Уч юз эллик тилло берди, анга марқад айлади. Гунбазини битуруб, кошин қилай деб чоғлади”. Буни ўқиб ҳайратга тушдик, хурсанд бўлдик.

Энди “Сафедбулон” қиссаси китобидан Шоҳ Фазл мақбараси эгаси кимлиги ҳақидаги бадиий маълумотга келсак, қуйидаги парча Биби Убайданинг ўғли Шоҳ Фазлни қабрга қўйгандаги ноласидан:

Келтуруб охир сани йўл бошида гўр айладим,

Мотамингда йиғлай-йиғлай кўзларим кўр айладим,

Фурқатингда оқибат ўзимни ранжур айладим,

Гумбазе қилса бино деб элга машҳур айладим.

 

Неча йил сўнг Мирзо Бобур келди, гунбаз айлади,

Уч юз эллик тилло берди, анга марқад айлади.

Гунбазини битуриб, кошин қилай деб чоғлади,

Фатарот бўлди замона, айғонидек бўлмади,

Бу шаҳидлар ичида машҳур мазорим, ёлғузум.

(“Сафедбулон қиссаси”, 143-бет.)

Кўряпмизки, Турсунбой ҳожи негадир ушбу Бобур қурдирган “машҳур мазор” – гумбазли мақбара ва сағана ҳақидаги аниқ маълумотни ҳисобга олмай, асарда бўлмаган ҳолат — Умаршайх мирзо таъмир қилгани ҳақида сўз юритган. Шу ўринда достоннинг уч-тўрт мисрасига эътибор қаратайлик. Она ўз ўғли Шоҳ Фазлни тупроққа топширди: “Келтуруб охир сани йўл бошида гўр айладим”. Демак, ҳали гумбаз йўқ. Она ният қилмоқда: “Гумбазе қилса бино деб элга машҳур айладим”. Ҳануз гумбаз қурилмаган. Она ва муаллиф орзусини эшитдик. Энди китоб муаллифи ва она маълумотлари мужассами:

Неча йил сўнг Мирзо Бобур келди гумбаз айлади.

Уч юз эллик тилло берди анга

марқад (сағана) айлади.

Гумбазини битуруб, кошин қилай деб чоғлади…

Демак, Мирзо Бобур келиб Шоҳ Фазлга мақбара бунёд этиб, сағана қўйган ва ичу ташини кошин қилишга навбат келганда ҳарбий тўполонлар ишни тўхтатиб қўйган.

Биз “Сафедбулон қиссаси” достонидаги бадиий ҳақиқат: Мирзо Бобурнинг бу ёдгорликка гумбаз қурдиргани, уч юз эллик тилло бериб марқад (сағана) бунёд эттиргани, энди кошинлашга навбат келганида фавқулодда ҳарбий вазият юзага келиб, сўнгги ният чала қолгани ҳақидаги маълумот билан ҳам танишдик.

Достонда муаллиф зиёратчиларга йўл кўрсатиб, шаҳидлар мозорида Қуръон тиловат қилишга даъват этаркан, гумбаз ичига кириб Шоҳ Фазлга ҳам фотиҳа ўқишни таъкидлайди:

Ўқуб “Қуръон” аларга ҳам дуо қил

Ки андин сўнг кириб гунбазга, эй ёр,

Қилинг Шоҳ Фазлга фотиҳа бисёр.

Маълум бўладики, бу улкан ёдгорлик Қорахоний ҳукмдорга эмас, балки Шоҳ Фазлга аталиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан бунёд этилган мақбара экан.

Хуллас, тарихий-адабий тадқиқотларга кўра, Ўрта Осиёда меъморий шакли жиҳатидан ўхшаши бўлмаган ушбу улкан обида ўша замонда халқ орасида ислом динини тарқатиш маркази бўлганлиги ва унинг яратилишида ислом динига ўта юксак эътиқодли соҳибқирон Амир Темур, ўғли Умаршайх мирзо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг буйруқлари, моддий эҳсон ва эътиборлари муҳим аҳамият касб этгани аниқдир.

Биз ҳозиргача Бобурнинг Ўшдаги Сулаймон (Барокўк) тоғида оқ уй – ҳужра қурдирганини “Бобурнома”дан билардик ва Ўшга бориб, зиёрат ҳам қилган эдик. Мана, Бобурнинг ўз ватанида амалга оширган бунёдкорлигининг иккинчи бир намунаси сифатида бугун кўз ўнгимизда бор бўй-басти билан, шарқона меъморий услубда қад кўтариб турибди.

Хўш, Шоҳ Фазл ким эди? Нима учун Бобур мирзо унинг қабри устига мақбара тиклаган ва сағана тоши қўйган?

“Сафедбулон қиссаси”да айтилишича, ушбу мунгли қисса асли араб тилида ёзилган. Уни Хўжандий тахаллусли шоир форс тилига таржима қилган. Шоҳ Ҳаким Холис бу таржимадан қониқмаган ва ўзи достонни қайта 1811 милодий (1226 ҳижрий) йилда ўгирган. Олдинги таржима маснавий шаклдаги достон ҳолида бўлса, Шоҳ Ҳаким Холис ўз таржимасига – достон мазмуни янада таъсирчан чиқишини кўзлаб мухаммас ва мураббаълар киритган.

Бу достонни тарих фанлари доктори, профессор Маҳмуд Ҳасаний ва Турсунбой Набиев уч нусха қўлёзмани таққослаб нашрга тайёрлаб, 1994 йили ўафур ўулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп эттирган.

“Сафедбулон қиссаси” мазмунига кўра, ҳазрати Усмоннинг фарзанди Шоҳ Жарир Ўрта Осиёга кўп мингли лашкар билан келиб, Косонсойни олади ва Ўнғор ҳокими Карвонбасга мактуб йўллайди. Косонсой ҳокими Ихшид Карвонбас билан тил бириктириб, Шоҳ Жарирга бўйсуниш ва мусулмон бўлишга тайёр эканликлари ҳақида сохта мактуб йўллашади. Ҳатто ишончни қозониш учун Карвонбас қизи  Убайдани Шоҳ Жарирга узатган ҳам. Аслида ерли ҳокимлар қулай фурсат ­кутиб, бир жума куни намоз пайтида исломга чорлаш учун келган 2772 нафар араб лашкарини қириб ташлаган. Шоҳ Жарир Биби Убайда билан қочиб, Мадинага боришган. У ерда Шоҳ  Жарир вафот этади. Биби Убайда норасида ўғли Фазлни камолга етказган. Ўғил қирқ ёшга етиб, Косонсой ва Ўнғор  халқини исломга қайтариш учун лашкар тортиб келиб, Ахси воҳасини эгаллаган. У ҳам Косондан уйланиб, ўғли ўн икки ёшга етганда, уни Косонсойга ҳоким тайинлаб тўй берган ва тўйда Шоҳ Фазл ҳам ўлдирилган. Биби Убайда Шоҳ Фазлни тупроққа топшириб, ўн икки ёшли неварасини олиб, Арабистонга қайтаётганида Қўқон атрофидаги ҳозирги Бувайда қишлоғидаги чўлда қор бўронига учраб халок бўлишади. Достон  Биби Убайданинг  Шоҳ Фазлни кўмгани ва аза тутгани ҳақидаги фожеали воқеа билан якунланади.

Бувайда туманидаги зиёратгоҳлар Биби Убайда ва Шоҳ Фазлнинг фарзанди Жарир Муҳаммад билан алоқадор эканлиги элга маълумдир. Халқ ёди ва тилида Жарир сўзи Жалил ҳолига келиб қолгани ҳам сир эмас.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Сафедбулон қишлоғидаги шаҳидлар мозори ва Шоҳ Фазл қабри зиёратидан кучли таъсирланган ва элни ислом нури билан мунаввар айлаган Шоҳ Фазл мақбарасини таъмирлаб, гумбазли қилиб юксалтириб, сағана қўйган.

Тарихий маълумотларга кўра, Сафедбулон қишлоғининг қадимий номи Испидбулон бўлиб, кейинроқ XX асрдаги  номи Мазор эди. Сўнг у Гулистон номига алмаштирилган ва ниҳоят, ҳозирги номи Сафедбулондир.

Сафедбулон исмли қиз Шоҳ Жарир ва Биби Убайданинг хизматкори бўлган. У қирғин пайтида бошқа жойда бўлган ва келиб  Шоҳ Жарир ҳамда Биби Убайданинг бошларини топиш учун минглаб каллаларни ювган, дейилади достонда. Чунки у Шоҳ Жарир ва Биби Убайданинг қочиб қутилганликларидан бехабар бўлган. Бу хизмати учун бўлса керак, бора-бора шаҳидлар мозори “Сафедбулон” номи билан шуҳрат қозонган.

“Сафедбулон” зиёратгоҳининг ҳозирги қиёфага келишида Эркин ҳожи Бегимқулов ва Тожихон Тошпўлатованинг савобли хизматларини  қайд этиб, бу хайрли ишларида уларга омадлар тиладик. Ўйлаймизки, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли Қирғизистон билан Ўзбекистон халқлари ҳамдўстлиги кучайган бир пайтда “Сафедбулон” мажмуаси келгусида бутун Ўрта Осиё халқлари учун азиз зиёратгоҳлардан бирига айланишига шубҳа йўқ.

(Ушбу мақоламиз давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси, зиёли подшоҳ Умаршайх мирзонинг қабри қаердалиги ҳақида сўз боради.)

Зокиржон МАШРАБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

Боқижон МАТБОБОЕВ,

тарих фанлари доктори, профессор,

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, бобуршунос олим

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here