Юракдан чиқмаса, муножот эрмас…

2

Мен кимман

Агар тўрт аллома бўлса дунёда,
Шуҳрати ҳаволаб юрган самода,
Буни айтмасам ҳам, ҳамма биладир:
Биттаси, шубҳасиз, бобом бўладир!

Агар тўрт шоирга тан берса олам,
Шундоқ мартабага эришса калом,
Буни айтмасам ҳам, ҳамма биладир:
Биттаси, шубҳасиз, бобом бўладир!

Дунёда от сурди не-не саркарда,
Манаман, дегани бўлса агарда,
Буни айтмасам ҳам, ҳамма биладир:
Биттаси, шубҳасиз, бобом бўладир!

Замонлар ўтадир санаб ҳар онин,
Буюк давлат бўлгай Ўзбекистоним!
Табаррук боболар, Оллоҳ биладир:
Ўзбекнинг қалбида мудом бўладир!

Отамни эслаб

Болалик дамларим эслайман ҳамон,
Урушдан кейинги бемеҳр замон,
Тирикчилик оғир кечарди у кез.
Отам дер онамга, қолмай қолса нон:
“Қатирма пиширгин, пиширақол тез!”

Иккита қатирма бизга қилмас кор,
Уч бола қорнига юқ бўлмас зинҳор.
“Яна! – деймиз. – Яна-а-а!..” – кўзларимиз лўқ…
Отам дер: “Дунёнинг расамади бор,
Энангнинг беҳисоб қатирмаси йўқ!..”

Англадим, отажон, ҳисобли дунё…
“Ҳисобли” сўзида кўп экан маъно.
Биров кўпидан ҳам бўлар норози,
Биров-чи, озидан ранжимас асло,
Бор экан барида ўлчов, тарози.

Отам дуо қилар, айлар насиҳат:
“Инсофли бўлгину тўғри юр фақат.
Сўзларим яхшилаб олгил қулоққа.
Ҳа-ҳа, тўғриликда жам бори ҳикмат,
Ўқ ҳам тўғриликдан кетар узоққа…

Кимдир сенга ногоҳ ўқ отса бир кун,
Билдирма. “Оҳ, яна тегмади!..” десин.
Ўз ўқи ўзига қайтиб боради!
Мард киши танг қолса ўқийди “Ёсин”,
Жигари куйса ҳам кулиб туради.

Тап тортма, қалбингга боққил, эй ўғлон,
Инсоннинг кўнглида чаманлар пинҳон.
Уларни кўрсатмоқ керак дунёга.
Илму зиё билан улуғдир инсон,
Интил, интил фақат илму зиёга!

Мабодо бировга яхшилик қилсанг
Шу лаҳза унутгил, инсофни билсанг!
Ҳеч кимдан ҳайиқма, юрма гумонлик.
Кимдандир азият чексанг, бўлма танг,
Қайтарма, айлама зинҳор ёмонлик!”

Ниятинг катта қил, осмонларга боқ,
Қаддинг тик, ёнингда юрсин гул дудоқ,
Туяни сўрасанг бия беради.
Ҳалол бўл, покиза, нопокдан йироқ,
Барини ҳақ-худо кўриб туради…”

Кун ўтар, ой ўтар, ўтар куз, баҳор…
Гоҳ ўғлим ториниб, бўлиб беқарор,
Савол-ла боқади, кўзлар эса лўқ.
Дейман: “Ҳа…Дунёнинг расамади бор,
Энангнинг беҳисоб қатирмаси йўқ!..”

* * *

Рост гапни айтурмен, иноят эрмас,
Юракдан чиқмаса, муножот эрмас.

Сеники сололди йўлга, эй инсон,
Ҳурматин тарк этмак ҳеч одат эрмас.

Шаҳло кўзлар кўпдир дунёи дунда,
Ҳар кўзга тикилмак ижозат эрмас.

Дуолар қилурсиз, нечун боғараз?
Билинг, ҳар дуонгиз ижобат эрмас.

Дилдагини шартта айтдим-да қўйдим,
Зинҳор дуогўйдан ҳисобот эрмас…

Тилак

Дўстлар, оламларга ёруғ юз билан
Боқмоқ насиб этсин ҳар биримизга.
Келинг, шунинг учун интилайлик шан,
Бир қараб қўяйлик, кўз қиримизга…

Ҳаёт жуда гўзал, ҳаёт муқаддас,
Улуғ бу неъматнинг қадрига етмоқ,
Уни ардоқламоқ осон иш эмас,
Осонмас, шаънига қасида битмоқ…

Оллоҳга шукрлар қилмоқ фараҳдир,
Ношукр йўллардан ҳеч ҳам ўтилмас.
Кимки шундай қилса соҳиби бахтдир,
Шайтон вос-восига асло тутилмас…

Шунда рост йўлидан юриб қоқилмас,
Ўз йўлидан дадил боргай инсонлар.
Ва ўзи адашиб қолганин билмас
Бизни адаштирмоқ бўлган шайтонлар…
Сен дединг…
Сен дединг: “Боғимда гулсафсар бисёр!”
Мен дедим: “Гулсафсар керакмас зинҳор.
Унинг баргларида яшринган ҳижрон,
Ҳижронга зормасман, ўзимда ҳам бор…”

Сен дединг: “Кўнглимда орзулар бисёр…”
Дедим: “Орзуларга эмасман ҳеч зор.
Самодан то замин – тўлиб ётибдур,
Нечоғлик керак-са, олурман, такрор…”

Сен дединг: “Ранг-баранг кўз ёшлар бисёр,
Тиниғу мусаффо, қизили ҳам бор…”
“Денгиз турганида, биров кўз ёшин
Нега интиқ бўлиб кутайин, дилдор?..”

Сен дединг: “Бўлмагин ўжар, беқарор,
Қарагин, атрофинг сара гул, гулзор…”
“Бултурги гулларга боққим йўқ асло,
Райҳонлар ичида атиргулим бор…”

Сен дединг: “Чексанг-да кўп ранжу озор,
Кўнглингда кўрмадим заррача ғубор!”
Сабаби… сабаби: бордир кўнглимда
Муҳаббат! Муҳаббат!.. Ҳеч сўлмас баҳор!

 

Амриқолик талаба билан суҳбат (Оқ шеър)

“Отам банкир эрур, номи чиққан зот,
Унинг бойлигига йўқ эрур қиёс.
Мен-чи, талабаман, менда йўқ бисот,
Қип-қизил йўқсулмен, ҳеч вақоим йўқ,
Отамдан минг доллар қарзим бор, холос…”

Ёқа тутиб қолдим, ҳанг-манг, лол, ҳайрон,
Қаранг, отасидан унинг қарзи бор!
Бўлурми отадан қарзи йўқ инсон?
Бўлурми онадан қарзи йўқ инсон?

Онасин етти бор елкага олиб
Ҳажга бориб келган ўғлон сингари,
Мен ҳам ҳиммат қилсам отажонимга,
Авайлаб, эъзозлаб, бошимга қўйиб,
Еттимас, етмиш бор кўтариб борсам,
Яна олиб келиб қўйсам уйимга…
Уза олурманми қарзимни?

…Еттита боласин ўқитиб берсам,
Еяр-ичаридан бўлсам бохабар,
Оқ ювиб, оқ тараб ўстирсам магар,
Уйласам, жойласам, танитсам элга,
Одам қаторига қўшсам барини,
Бари кўкрак кериб юрса эл ичра…
Уза олурманми қарзимни?..

Бошим етса ҳамки, ҳатто қуёшга,
Бирор иш қилдимми кўнгил тўларлик?
Отамни, онамни кўтариб бошга,
Ўсдимми уларга ҳасса бўларлик?..
Ҳар кун таҳоратга сув қилиб берсам,
Йўлларин супурсам, олиб бозордан
Иккита иссиқ нон, бир коса қаймоқ
Дастурхонга қўйсам тонгсаҳар агар,
Отажоним мамнун кўтарсалар қўл,
Онажоним яйраб қилсалар дуо,
Шундоқ дуоларин олсам жо-бажо…
Уза олурманми қарзимни?..

Эр билан хотин

Ишдан аста қайтар ҳорғин эр,
Қаршилайди хотини маъюс.
“Нима бўлди, хотинжоним? – дер, –
Нега бугун шахтинг жуда суст?”

Хотин бирпас сурганича ўй
Дейди ортга бир оз тисланиб:
“Маҳаллада кеча бўлди тўй…
Қўшним чиқди бирам ясаниб!

Қора япон панчо эгнида,
Ҳамма аёл боқиб қолди лол!..”
“Ана, шимнинг чап чўнтагида,

Пул турибди. Дарҳол сотиб ол!”

Бир ҳафтадан кейин яна эр
Кўрар, хотин турибди маъюс…
“Нима бўлди, хотинжоним? – дер, –
Нега бугун шахтинг жуда суст?”

“Гўзал кофта балқир эгнида,
Кеккайдики, мен суймас аёл…”
“Ана, шимнинг ўнг чўнтагида
Пул турибди. Дарҳол сотиб ол!”

Бир ҳафтадан кейин эр яна
Хотинидан ҳайрон қолибди:
“Нима бўлди?..” “Анов Мастона
Яман дурин тақиб олибди!..”

Эр хотиржам дейди: “Бемалол,
Шим турибди. Кийиб кетақол!..”

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here