- Ижтимоий ҳаёт, ЯНГИЛИКЛАР

Мангубердилари мангу Хоразм

Хива эли, Хоразм халқи бу улуғ воқеани роппа-роса 130 йил кутди. Туну кун, кечаю кундуз, тинимсиз ва муттасил кутди. Хоразм – буюк алломалар, дунёга Ал-¬Хоразмийдек жаҳоншумул зотларни берган ховари азим, бетимсол ва улуғвор кишварнинг қадим дурдона гавҳари, феруза кўзли узуги Хива, Хевоқ. “Тошкент – Хива” йўналишида қатновлари йўлга қўйилган поезднинг илк йўловчилари қаторида ярқираган вагон зинапоясига қадам қўярканман, кўнглимдан кечган бир ташбеҳ-иқтибосни манзилга етгунга қадар шеърга айлантирмоқни ният қилиб қўйдим.

130 йиллик муддатни кунларга айлантириб кўрилганда 47 минг 450 кунни ташкил этаркан. 47 минг 450 кун эса 1 миллион 138 минг 800 соатдан иборат эканини ҳисобга олсангиз, тарих билан янги давру замон қаршисида ҳайрат ва ҳавасларингиз ортган сайин ортаверади. 130 йил қайдаю 30 чақиримлик темир йўл қайда!.. 47 минг 450 кун – 1 миллион 138 минг 800 соатда амалга ошмаган улуғвор ишларни атиги бир йилда – 365 кун – 8.760 соат ичида жаннатдан чиққандай кўркамгина қилиб янги Хива вокзалини пешвозингизга чиқариб қўйса, бу мўъжизавий манзаралардан ҳайратланмай иложингиз йўқ. 130 йиллик ўтмиш – ортингизда, ярқираган келажак эса шундоққина кўз олдингизда турибди. Бошқасини билмадиму, 130 йилдан кейин Огаҳий, Феруз боболаримизнинг эвараларидан туғилган шоир авлодлари дафтарларига фахру ифтихор ила шундоқ сўзларни битмоғлари муқаррар: “Хива шаҳрина поезд Президент Шавкат Мирзиёев замонида, ул давлатли зотнинг бевосита саъй-ҳаракати ила сана 2018 йилнинг 4 декабрь кунинда кириб галди…”.
Бу тарихга бугунги янги давру замонларнинг янги-янги қасру қўрғонлари гувоҳлик бериб турибди.

Амударёлари абадий азим,
Мангубердилари мангу Хоразм,
Эмасдир шунчаки ногаҳий бобо –
Огоҳ нигоҳингдир Огаҳий бобо.
Муҳаммад Раҳимхон, Исломхўжалар,
Етти ёт юртлардан кутган муждалар –
Бир юз ўттиз йиллик армонларингдир,
Сегоҳдай нолаю афғонларингдир.
Фахр этсам арзигай, билло, бағоят,
Кутган карвонларинг келди ниҳоят.
Амударёлари абадий азим,
Мангубердилари мангу Хоразм,
Ичон қалъаларинг –
Ишонч қалъаларинг бўлди,
Дишон қалъаларинг –
Жаҳон қалъаларинг бўлди!

Тошкент – Хива – Тошкент

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan