Соҳилдаги гурунг

230

1958 йили институтни битирдим-у, «Ўзбекқишлоқмаш» заводига инженер-конструктор бўлиб ишга жойлашдим. Бу завод дегани аксар идоралардаги каби кечгача юмшоққина стулга чўкволиб, бир ерда қоқилган қозиқдек «ишлаб кетаверадиган» даргоҳ эмас экан. Цехлардаги тарақа-туруқ, гумбира-гум товушлар бир-бирига қўшилиб қулоқни қоматга келтирар эди. Мен ҳам ўз касбимдан мамнун ҳолда ана шу “дошқозон”га шўнғиб кетдим. Атрофга бундай зингил солиб қарасам, матбуотбоп материаллар ғиж-ғиж.

Дастлаб заводдаги янгиликлар ҳақида ёзсам, «Тошкент ҳақиқати» газетасига босишармикан, дея минг андиша билан кичик-кичик хабарларни юбора бошловдим, омадим чопганини қарангки, хабарларим узлуксиз босилиб турибди-да!

Ҳар куни газетанинг янги сонини интиқ кутаман. Газетада фамилиямга кўзим тушдими, тамом, бўй-бастим бир қарич ўсгандек бўлаверади.

Кунларнинг бирида газета таҳририятидан хат келиб қолди. Шоша-пиша очиб қарасам, саноат ва трансорт бўлими мудири Исмоил Сулаймонов имзо чекибди. Унда корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, рационализаторлик таклифлари, янги технологиялар ва ҳатто камчиликлар тўғрисида ҳам ёзиш илтимос қилинибди. Бу мактуб руҳимни кўтариб, янада кўпроқ ёзишга илҳомлантириб юборди. Гоҳи-гоҳида вақт топиб, газета таҳририятига қадам ранжида ҳам қиламан.

Ўша йиллар «Тошкент ҳақиқати» газетаси қошида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлимининг икки йиллик ишчи-мухбирлар университети ташкил қилинган эди. Ҳафтада бир марта бўладиган машғулотларга мен ҳам жон деб қатнай бошладим. Дарсларда тажрибали журналистлар, таниқли ижодкорларнинг маърузаларини тинг­лардик. 60-70 нафар тингловчи қатнаётган машғулотлар жуда қизиқарли, савол-жавобга бой, кўтаринки руҳда ўтарди. Биз тингловчиларга мақола, очерк, ҳикоя, фельетон қандай ёзилиши ҳақида сабоқ беришар эди.

Ўқишга қатнаб юрган кезларим «Тошкент ҳақиқати» газетаси таҳририятига серқатнов, ўрта бўйли, тийрак, доим лабида табассум, йигирма ёшлар атрофидаги жиккаккина бир йигит мен билан бот-бот саломлашадиган бўлиб қолди. Ўзи кичкинагина бўлса ҳам катта адабиёт ҳақида лўнда гапларни айтиб, кишини лол қолдиради денг. Кўзимга ёш бола бўлиб қўринган бу йигитчани тинглаб, гоҳ ҳайратланаман, гоҳ энсам қотади. «Ё, тавба! Адабиёт ҳақида шунча гапни қаердан биларкан», деб ёқамни ушлайман.

Бир гал заводда ишлайдиган илғор аёл ҳақида мақола ёзиб, “Қани, ўқитиб кўрай-чи, нима фикр билдираркан», деб унга кўрсатдим. У мақолани синчиклаб ўқиб чиққач, «Мошкичирини гулдор сопол лаганга сузиб келди» жумласини овоз чиқариб ўқиди-да, ҳаётий чиқибди деб мақтаб қўйди. Сўнг қаерини қандай тузатиш, қайси ғализ жумладан воз кечиш, умуман, қандай қилиб янада бадиийлаштириш ҳақида гапириб, худди катта ёзувчилардек ўз таклифларини баён этди. «Астағфирулло!» дедим-у, бошимни қашиганча лом-мим деёлмай қолдим.

Орадан кўп ўтмай у мени ўзига яқин тутиб, «Сиз билан бир суҳбат қуриб ўтиргим келди, йўқ деманг, Жаҳонгир ака», деб Ўрдадаги «Анҳор» кафесига таклиф қилди. «Бу болада бир гап бор-ов», деб таклифини рад эта олмадим.

Мана, икковлон сўлим, роҳатбахш қир­ғоқда ўтирибмиз. Таомдан сўнг суҳбатдошим папирос тутатди-да, аввал бир чуқур хўрсиниб олиб, сўнг ўз ҳаётидан гап бошлади…

Қаерда ким билан ўтирганимни ҳам унутиб, унинг ҳаяжонли ҳикоясини бамисоли нафас олмай тинглардим. Бошига тушган оғир севги изтиробини кичиккина жуссасида қандай кўтариб юрганига лол қолиб, бола фақирга юрагим эзилди. Йигит сўзини тугатгач, «Сиз нима дейсиз?», дея савол берди-да, кўзларимга тикилди. Мен эса нима дейишимни билмай каловланиб турардим.

Бундан роппа-роса 55 йил аввал анҳор соҳилида сидқидилдан қурилган суҳбат кечагидек ёдимда.

«Нима бўпти суҳбат қурган бўлсангиз? Ҳар ким ҳам бошқа биров билан ҳар ерда бунақа суҳбат қуриши мумкин-ку», дерсиз. Лекин ўша суҳбатдошим ҳеч кимга қиёслаб бўлмайдиган, ўхшаши йўқ инсон эди-да десам, балки ишонмассиз.

Мана шу —  бўй-басти елкамдан келар-келмас, мен дастлаб ёш бола деб, кўп ҳам писанд қилмаган жиккаккина йигит ҳали университетни битирмай туриб, талабалик йилларида – 22 ёшида «Чўл ҳавоси» деган қиссани қойилмақом қилиб ёзиб, Абдулла Қаҳҳордек атоқли ёзувчи мақтовига сазовор бўлган, умр­боқий ҳикоя, қисса, роман ва пьесалари билан мухлислар қалбини забт этган адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов эди!

Унинг асарларини қайта-қайта ўқимаган китобхон, китоблари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Жумладан, камина ҳам Ўткир Ҳошимовнинг барча асарларини мароқ билан ўқиб чиққанман ва ҳамон қайта-қайта ўқийман.

1965 йилда ёзувчининг «Одамлар нима деркин?» номли қиссаси дунё юзини кўрди. Ёзувчи ўшанда менга қиссадаги воқеани ўз бошидан кечиргандек ҳикоя қилиб берган экан! Балки ўз бошидан кечиргани ростдир, балки бошқа одамнинг бошидан ўтгандир. Бу – менга қоронғи. Аммо каминага берилган «Сиз нима дейсиз?» деган савол «Одамлар нима деркин?» деган қисса номига айнан мос келиши ажиб!

Ўткир Ҳошимов ижоди ҳақида адабиётшунос олимлар, ҳамкасблар, ҳатто китобхонлар ҳам кўп ёзишган. Келажакда унинг ижоди ҳақида яна кўплаб тадқиқотлар яратилади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад Ўткир Ҳошимов ҳақида: «Рассом ҳам яратаётган асарини неча марталаб, орқага бир-икки қадам чекиниб кузатади. Мен ҳам Ўткирни сал наридан туриб кўрмоқчи бўлдим… Ана шундан кейин мўъжизага ўхшаган бир ҳолатни сездим. Мен унчалик писанд қилмаган, баъзан назаримга илмаган ёзувчи бола кўз олдимда юксалиб, чинакам санъаткорга айланди», деган бўлса, Ўзбекистон Қаҳрамони, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов бир ҳазил шеърида:

Гарчи етмаса-да ёши ёшимга,

Гап бермайди, чиқиб олган бошимга.

Ўзи ҳам, сўзи ҳам, кўзи ҳам ўткир,

Тан бермай илож йўқ Ўткир Ҳошимга —

дея беозор кулги аралаш алқаган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, Давлат мукофоти совриндори Ўткир Ҳошимов асарларини миллионлаб китобхонлар қўлдан қўймай ўқиган, улар ҳозир ҳам севиб ўқилмоқда, шуб­ҳасиз, бундан буён ҳам ўқилаверади.

Жаҳонгир ПИРМУҲАМЕДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг