Митти ҳикоялар туркумидан: Устозлар…

242

Устозлар

Устозлар — биз учун энг мўътабар инсонлар. Уларнинг қилган меҳнатини тарозида тортиб бўлмайди, ҳар қандай ҳакам ҳам аниқ баҳолай олмайди. Ахир халқимиз бежиз: “Устоз — отангдек улуғ”, демаган. Қўлимиздан тутиб илк бор ёзишни, ҳарфларни қўшиб ўқишни ўргатган устоз ҳамиша қалбимиз тўрида. Вояга етганингизда ҳам сизни ўз фарзандидек кўради, мулойим гапиради, ютуқларингиздан қувонади, қайғули кунларингизда эса ёнингизда бўлиб, кўнглингизга таскин беради. Умр эса оқар сувдай жуда тез ўтиб кетади, жуда ҳам тез. Беғубор болалик, қадрдон мактаб, синфдошлар давраси ортда қолади. Бироқ устозлар ўз шогирдларини кўп эслашади, доимо фахрланишади: “Менинг ўқувчим, қобилиятли эди”, дея сизни ибрат қилиб кўрсатади ёш шогирдларига.

Аслида, улар содда, оддий одамлар. Қалбида ғубори йўқ, кеккайишни, манмансирашни билмайди. Улар сизга таълим-тарбия берган, меҳрини аямаган. Аммо, лекин… Ҳаётда шундай кунлар ҳам бўладики, устозларнинг ўзлари ҳам бир чимдим меҳрга зор, бир оғиз ширин сўзга илҳақ бўлади. Буни билганлар бор, билмаганлар бор. Балки сиз бугун оддий мутахассис, балки машҳур одамсиз, балки амалдорсиз, билмадим. Биргина ўтинч шуки, устозингизни эсланг, ундан бир оғиз ширин каломингизни аяманг. Ахир улар берган билим ақлингизни, меҳри эса қалбингизда нурлантириб турибди…

 

Мактаб ҳовлиси

Бу ҳаётда энг гўзал, энг гавжум, энг кўнгилга яқин жой, бу – мактаб  ҳовлиси. Бир қарашда, шунчаки бир майдон: тўрт томони девор, бағри гулзор, мевазор, дарахтзор. Соя-салқиндаги ўриндиқлар ўзига тортади. Беихтиёр ўтираман…

Танаффусга қўнғироқ чалинади. Атроф бир лаҳзада ўқувчилар шовқин-суронига тўлади. Юқори синфда ўқийдиган қизлар қўлларида китоб, атрофдаги тўполонга эътибор бермай, баҳслашишяпти. Кичкинтой синф­дошлар қувлашмачоқ ўйнашяпти. Ҳовлида ҳаёт қайнайди…

Футбол майдони ўғил болалар қий-чувига тўлган, терлаб-пишиб тўп тепишяпти. Қисқагина танаффусда ҳам тиниб-тинчимайди ишқибозлар. Атрофдаги мухлисларнинг кўзи ўйинда, ўз синфдошларини олқишлашяпти… Қўйингки, мактаб ҳовлиси гавжум, шовқин-сурон авжига чиққан.

Қўнғироқ жаранглаши билан болалар шошилиб синфга чопишади. Яна ҳовли сув қуйгандек жимжит. Бундай ёқимли сокинлик яна қайда бор?!..    

Синфдошлар

Ўқувчилик йиллари — болаликнинг унутилмас даври. Синфдошлардан-да қадрдон инсонлар борми ҳаётда?! Улар илк бор мактабда учрашган, қўл бериб танишган. Бир синфда ўқишган, бир партада ўтиришган. Сафларда ёнма-ён юришган, қўл ушлашиб ўйнашган. Бир олам орзулар, пок ниятлар уларга йўлдош бўлган. Севиб-севилишган, сирларини пичирлаб айтишган. Гоҳида бир-биридан хафа бўлган, хурсандлигини баҳам кўришган. Фақат гина сақлашмаган, бир зумда унутишган.

Битирув куни ёддан чиқмайди. Мактаб узра сўнгги қўнғироқ жаранглайди. Хайрлашув онлари… Тақдир уларни бошқа-бошқа томонларга бошлаб кетади. Мустақил ҳаёт, янги дўстлар, янги қадрдонлар. Ҳаёт сўқмоқлари, оғриқлари, шодликлари. Оила ташвишлари… Кимдир оддий ишчи, кимдир хизматчи. Кимдир амалдор, кимдир тадбиркор. Кўнгилда эса улар ўша-ўша – синфдошлар, сирдошлар.

Баъзан дийдорлашиб  қолишса, болаликларини эслашади, тўлиб-тошиб мактаб болаларидай шодланиб гапиришади. Чунки улар бошқача бўла олмайдилар.

Кўзмунчоқ

Тўғриси, кўзмунчоқни ким, қачон ўйлаб топганини билмайман. Буни ҳеч ким билмаса керак. Тавба, кўзмунчоққа қараган сайин қарагинг келаверади. Жуда чиройли, бежирим. Эҳтимол, унинг сеҳри ана шундадир.

Чақалоқ тўлишиб, кўзга кўрина бошлагач, уни яқинлари ўпиб-қучиб тўйишмайди. Кулса – кулишади, йиғласа — ташвишланишади. “Вой, кўз тегмасин, кўзмунчоқ тақиб қўйинглар”, дейишади.

Бошидан яхши-ёмон кунларни ўтказишган момолар кўзмунчоқни кўпроқ эъзозлашади. “Кўзмунчоқ тақ, кўз тегмайди,  бало-қазони олдини олади”, деб тайинлашади.

Кўзмунчоқ асли тақинчоқ эмас, тақинчоқдан қадрлироқ. У қизлар, аёлларнинг билагида товланиб-тусланиб туради, ярашгандан ярашади. Ошиқлар ҳайратини оширади.

Кўзмунчоқ ипининг узилишини хосиятсиз дейишади. Ерга тушдими, тамом, далага сепилган буғдойдек сочилиб кетади. Кўзмунчоқ йўқолса, ёмон кўзлар кўпаяди…

А.Бозорбоев Андижон вилояти Марҳамат туман халқ таълими бўлимида услубчи вазифасида ишлайди. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси. Муҳаммад Юсуф номидаги «Ёш ижодкорлар» адабий тўгараги раҳбари. “Ёнингиздаги бахт” деб номланган қатралар тўплами нашр этилган.

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг