- АДАБИЁТ, Адабиётшунослик

Адабий жараён: муаммолар ва мулоҳазалар

Ижодкорга далда бўлса бас… 

  1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?
  2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?
  3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?

 

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

  1. Биров адабиётимиз ҳозир ўсиш палласида дер, бошқаси эса аксинча дея далил келтирар, аммо ҳар икки ҳолда ҳам атиги борини қайд этган бўламиз, холос. Қанақа деб баҳоласак ҳам, бунинг адабий жараёнга ҳеч таъсири йўқ. Шунинг учун мен бошқа бир гапни айтиб кўрай.

Далани қайта-қайта ағдариб ҳайдаб, ўсиб турган жами набототни тупроққа кўмиб ташласангиз ҳам, эрта-индин яна янги ниҳоллар ниш ура бошлаганини кўрасиз. Сув қўйиб, озгина парвариш қилинса, гуркираб кетади, ҳаммаёқ яшилликка бурканади.

Эл-юрт бамисоли шу дала, бу заминнинг сизу биз ҳеч кутмаган бир ерларидан янги-янги истеъдодлар бўй чўза беради. Ахир, қаранг, бундан саксон йиллар бурун – 1937-38 йиллардаги мудҳиш қатағонлардан кейин ҳам ўзбек сўз санъатида, маданиятида катта бир кўтарилиш бўлган-ку: ўафур ўулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳордек адиблар, Аброр Ҳидоятов, Наби ўаниевдек санъаткорлар қандай улуғ асарларни майдонга келтиришган!

Назаримда, бугун ўзбек сўз санъати ва умуман, маданиятимиз юксалиш арафасида, шунинг тўлғоғи билан тургандек. Нимага десангиз, адабиётга яна алоҳида эътибор берила бошлади, ижод аҳлининг кўнглида умид, ишонч уйғонди. Ахир, руҳланмаган шоир, маъюс ёзувчи, тушкун рассомнинг қўли қаламга бормайди, ўзини қистаб “ижод” қилса, зўраки бирон нимани майдонга қўйган бўлади. Аммо елкасига офтоб теккан ижодкор ҳатто ўзи ҳам ҳайратда қоладиган нарсаларни яратишга қодир.

  1. Кенг, яъни фалсафий маънода, ҳеч бир муаммо мени ташвишга солмайди. Зеро, муаммо бўлсагина кураш юзага чиқади, ўсиш-ривожланиш юз беради. Тасаввур қилинг, муаммо – йўқ! Бунда адабиёт ўлади, ўлмаса ҳам, худди конфликтсизлик назарияси ҳукм сурган даврлардаги каби, бору йўқдай бўлиб кун кўради. Турмушдаги муаммолар сўз санъати ривожи учун қай даражада туртки берса, адабий жараён ичидаги муаммолар ҳам шу қадар керак.

Хўп, шу борадаги икки ташвишимни ўртага солай. Бири – китоб ўқишни оммалаштириш масаласи. Хабарингиз бор, яқин икки йилдан бери китобхонлик хўп тарғиб қилинди: байрамлар ўтказиб турилади, китобхонлар орасида танловлар уюштирилиб, ғолибларга ҳатто автомашиналар бериляпти…

Аммо нима қилайликки, китобхонлик биз кутган даражада тез ўсиб кетмаяпти. Ўттиз уч миллионлик элнинг етти ёшлисидан етмиш яшаригача саводхон ҳисобланган мамлакатимизда чоп этилаётган китоблар тиражи жуда кам. Ҳеч ким поездларда, автобусларда, метроларда бошқа юрт кишиларидек китоб ўқиб кетмайди, нари борса, телефон ўйнайди.

Менингча, фақат бир шароитда – ўқиганлар ўқимаганлардан яхшироқ яшаса, жамиятда обрўлироқ саналса, ўша миллат ўқий бошлайди. Бундай жамиятда ахлоқ юксалади, жиноят камаяди. Ҳозир, ишқилиб рост бўлсин, шунга қараб бораётгандекмиз.

Иккинчи ташвишим – Эркин Воҳидовнинг ўзи ўтирган дарахт шохини кесаётган одам ҳақидаги машҳур тўртлигига монанд. Қайсиям йили Қорақалпоғистонда бир йиғилишда одоб-ахлоқ, диний ва миллий қадриятларимиз ҳақида маъруза ўқидим. Яхши қабул қилишди. Аммо бир актрисанинг чиқиш навбати мендан кейин экан, у мен айтган гапларнинг тескарисини тарғиб этди: ёшмисан, хоҳлаганингни қил, яйраб қол, деган гапларни ашула қилиб айтди, ўйинга тушди. Начора, бунга ҳам қўшилишиб қарсак чалдик, ҳой тўхта, дейишга андиша қилдик. Оқибат, ҳар икки қараш тарғиби бир-бирига кушанда бўлди.

Яхши-яхши китоблар билан бир қаторда фаҳш ва ур-йиқит воқеалар тасвир этилган китоблар пайдарпай чиқиб турибди, ҳатто буларнинг тиражи кўп, бозори ҳам чаққон. Шунга мазахўрак бўлиб қолган ёзувчи, шоирлар ҳам бор: ҳар йили адабиётга алоқаси йўқ ўнлаб “нимарса”лари чиқади. Бундай асарлар кўп босилса, юксак адабиёт намуналари сояда қолиб кетавериши турган гап.

  1. Қанийди, ҳар кун китоб мутолаа қилсам. Аммо ҳар турли ташвишлар билан андармон бўлиб, гоҳо яхши-яхши асарларни ҳам “ўтказиб” юборяпмиз. Замондош адибларимиз кўп. Катта-катта ижодкорлар бор. Бироқ, хўп десангиз, асарлари менга маъқул бўлган икки ёш муаллиф ҳақида сўзласам. Яқинда Маъмура Зоҳидованинг “Сарҳадсиз садоқат” номли кичкина бир қиссасини ўқидим. Унда бир ит ҳақида ҳикоя қилинган экан. Лоп этиб, болалик чоғимда ўқиганим – Суннатулла Анорбоевнинг “Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари” қиссаси келди. Бироқ тафовут катта: С.Анорбоев асарида бир кучукнинг бошидан ўтган яхши-ёмон кунлар, жониворнинг кечинмалари одам нуқтаи назаридан тасвирланган бўлса, М.Зоҳидова асарида бунинг акси – бир хонадондаги одамларнинг ўзаро муносабати, тушунарли-тушунуксиз хатти-ҳаракатлари итнинг кечинмалари орқали баён қилинади. Ва бу, албатта, чандон мушкул тажриба. Хайриятки, ёш адиба буни уддалапти! Шундан кейин интернетни ковлаб, М.Зоҳидова ёзган яна беш-ўнта ҳикояни топиб ўқидим. Ижодкор сифатида бу синглимиз ёзганларининг энг катта фазилати, менингча – уларни аёл киши ёзгани сезилмаслигидир. Бошқа адибаларимиздан узр сўрайман, лекин, очиғи, кўпларида мавзу танлашдан тортиб тасвир ва ифода воситаларини қўллашига қадар, ҳамма жойда бу – аёл ижодкорнинг маҳсули экани, ўқувчи шуни ҳам ҳисобга олиб, қандайдир “чегирма” қилиши лозимлиги сезилиб туради-да!

Яқинда ўзини Муҳаммад Сиддиқ деб таништирган бир йигит “Пастлаб учган турналар” деган миттигина шеърий китобини ҳадя қилди. Очиғи, насрий асар мутолаасини кўпроқ ёқтираман. Шу сабаб китобчани нари-бери варақлаган бўлдим. Аммо иттифоқо шу сатрлар кўзимга ўтдай урилди:

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди,
Лекин ўтганини айтай ўзимдан.
Баногоҳ учраган бир пушти рўмол
Бутун дунёларни ёпти кўзимдан.

Ёр бошига танғиган биргина пушти рўмол кўзимиздан ой тугул, бутун дунёни ёпишга қодир! Мана шунинг ўзи топилдиқ! Муҳаммад Сиддиқнинг бошқа шеърларида ҳам сўзлар жилва қилади, янги-янги талқинларда намоён бўлади.

Албатта, мен бу икки ёш муаллиф асарларини фавқулодда кашфиётлар, деб баҳолашдан йироқман. Ҳар бир ўқувчи улар билан танишиб, ўзи баҳо бера қолсин. Аммо бу қаламкашлар янги гап айтишга интиляпти, шунга озми-кўпми эришяпти ҳам. Тажрибадан чўчишмаяпти, изланишяпти. Ахир, ижод соҳасида тажриба, ҳатто муваффақиятдан ҳам устун туради.

 Ана энди, анкетадаги биринчи саволга жавоб бериш лозим кўринса, мен ҳозир адабиётимиз ўсиш палласида, деган бўлардим. Эҳтимол, унинг суръати биз кутганчалик эмасдир, бироз сокинроқ, бироз салқироқдир. Аммо бундай сокинлик аксар ҳолларда кейинги шиддатли ўсишларга дебоча бўлиши бор гап.

Абдулла Қаҳҳор “ўзбек адабиёти келажакда буюк адабиёт бўлади”, деб башорат қилган эди, “ўша кун қачон келаркан”, дея улуғ адибнинг гапи рўёбга чиқишини ҳаммамиз интизор бўлиб кутаётибмиз-ку.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan