Митти ҳикоялар

324

Тошкент давлат Аграр университетининг  профессори, техника фанлари доктори Муҳаммад Тошболтаев кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалиги машиналарини яратиш, улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг илмий ва амалий муаммолари билан шуғулланиб келади. У кўплаб илмий рисола, монография, китоб, мақола ва ихтиролар муаллифи. Олим илмий ижод билан бирга публицистика, бадиий ижод соҳасида ҳам қалам тебратиб келмоқда. Унинг “Фикрат ҳосилалари”, “Олим, илм, кашфиёт ва тараққиёт”, “Кулдиргилар ва куйдиргилар” номли китоблари ўз ўқувчиларини топган.

Қуйида муаллифнинг ижод намуналаридан ҳавола этмоқдамиз.

Кексаликда болалик

У ёшлигида ўзини кексалардай тутишга интилди. Кексайди. Ёш болага ўхшади-қолди.


Ҳадик

Илмий ишлари хорижда ҳам тан олинган олим дўстим вафот этди. Таъзиясида одам кўп бўлмади. Ҳадиксираб қолдим: фандаги, ҳаётдаги тутумларимиз ўхшаш эди.


Битирув кечаси

Келаётганимизда у ҳам кулди, мен ҳам кулдим. Унга ҳам, менга ҳам шаҳодатнома топширилди. Қайтаётганимизда у ҳам йиғлади, мен ҳам йиғладим.


Тонгдаги товуш

Дўхтирлар уни обдон текширишди ва “Тузалибсиз”, дейишди. Лекин беш кун ўтса-да, ўрнидан туролмади. Олтинчи куни тонгда ногаҳон: “Ҳалиям ётибсанми, тур, пастга туш, машина кутяпти, қишлоққа жўнаймиз”, деган овозни эшитди. …У эллик йиллик синфдоши оғушида турарди.


 

Баҳор

Қабристондаги сокинликка отахоннинг баланд товуши чек қўйди. “Қандай одам эди?” …Ниҳоят уни “Яхши одам эди”, де­йишди.


Такаббур

— “Мен”сиз ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди, — деб кибрланди. “Ҳеч ким”лар уни тарк этишди. “Мен” ҳеч нарсага ярамай қолди.


Интиқлик

Ўғил ниҳоят тунда етиб келди. Онасининг ёнига чўккалади. Она унинг бошини аста силади. Эрталаб йиғи чиқаришди.


Вақт

Етилди. Мевасини ейишди. Қариди. Ўтин қилишди.


Туш

Ўғил отасини тез-тез тушида кўрадиган бўлиб қолди. У тўй бошлаб қўйган эди.

Муҳаммад ТОШБОЛТАЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг