Ой нечун, офтоб нечундир…

784

* * *
Мулки олам ичра менга
жонона йўқ сендан бўлак,
Ошиқ аҳли ичра содиқ
парвона йўқ мендан бўлак.

Ашки чашмимдан жунун саҳроси ҳам
алвон бўлур,
Ўртаниб куйган, дили сўзона
йўқ мендан бўлак.

Ишқ менинг туйғуларимни элга ошкор
айлади,
Сен такаллум айламайсан, пинҳона
йўқ сендан бўлак.

Барча ошиқ талпинурлар васлингга
етмоқ учун,
Сенга лек, жоним, ишонгил,
ҳамхона йўқ мендан бўлак.

Ой нечун, Офтоб нечундир —
хуш чиройинг олдида,
Истасанг, жонимни олгил,
мардона йўқ мендан бўлак.

Васфи васлинг — матлаби дил,
битгай ани Фармон мудом,
Андалибдек зору нолон
девона йўқ мендан бўлак.

* * *
Бир ҳимматинг аслида
бир дуога етгулик,
Мақсадинг эрса аён —
муддаога етгулик.

Илм иста, илмнинг
фазилати бисёрдир,
Ҳар ўқишнинг қиймати
кўп маънога етгулик.

Муҳаббатинг пеш қилиб,
айюҳаннос солмагин,
Кўздаги сийрати ишқ
дилрабога етгулик.

Панду насиҳатни кўп
этма мажлис аҳлига,
Бир ибратли лутф, ҳатто
минг донога етгулик.

Назари паст бўлмагин,
кўзда ошкор эътибор,
Беписанда қараш ҳам
иддаога етгулик.

Фармоно, умринг бўйи
эзгу ният-ла яша,
Саховат ва ҳимматинг
Таолога етгулик.

* * *
Аё дўстлар, ўзи ошно
дили бегонадин доғман,
Улусни гоҳ этиб туфроқ,
ўзи осмонадин доғман.

Бирор ишни тугал ижро этишга
ул эмас мойил,
Вале шуҳратталаб доим,
сўзи кибронадин доғман.

Бемаврид келмагай ҳеч ким,
бемаврид лек кетар гоҳи,
Бемаврид гар келур эрса
ажал, паймонадин доғман.

Машаққатсиз топиб давлат,
ўзича боз тўкиб савлат,
Кеча-кундуз айш-ишрат
қилур шодонадин доғман.

Писанд этмай ғарибларни,
амалдорга этар қуллуқ,
Лаганбардор, фаросатсиз,
суюқ парвонадин доғман.

Ўзи тўйса, кўзи тўймас,
тағин нолишини қўймас,
Шукрсиз ҳам қаноатсиз
тажанг ҳамхонадин доғман.

Нетонг, Фармон каби элда
эрур бисёр дили танглар,
Гоҳи нодонлара қолган
давр, давронадин доғман.

* * *
Қайда йўқким тоғу сой
саболар бўлмагай ҳаргиз,
Муҳаббатсиз юракларда
наволар бўлмагай ҳаргиз.
Магар сарбони элпарвар,
магар манзил аён, равшан,
Бу хил юртда на офат, ғам,
балолар бўлмагай ҳаргиз.
Шуурда гар илм камёб —
жаҳолатга етаклайдур,
Зиё келмас умрларда
сафолар бўлмагай ҳаргиз.
Вужудинг асрагил доим
ножоиз нафсу ишлардан,
Ёшинг ўтганда иллатга
даволар бўлмагай ҳаргиз.
Қайдаким эрку адолат
топмаса қадрин, ўшал
Элдаким содиқ ўғил-қиз
фидолар бўлмагай ҳаргиз.
Магар ёзганларинг, Фармон,
юракларга сурур бермас,
Уларга эътибор элдин,
баҳолар бўлмагай ҳаргиз.

Ватан
Бетакрор, беназирим,
Ягонам – Ўзбекистон.
Камолимни истаган
Парвонам — Ўзбекистон.

Замину ҳам фалакда
Номи абадий ўлка.
Олам аро тенги йўқ
Ҳур олам — Ўзбекистон.

Ўтмиши шон-шарафли,
Бугуни ҳам ҳавасли.
Маърифатли одамга
Ҳамхонам — Ўзбекистон.

Бундай ўлка биттадир,
Бундайин Ватан нодир.
Бахтли бўлсин, дер доим
Ҳар болам — Ўзбекистон.

Отамдайин пурҳикмат,
Онамдайин беминнат
Посбоним ҳам ғурурим
Мардонам — Ўзбекистон.

Ҳар кимники ўзига —
Ой кўринар кўзига.
Шул сабаб тилимдаги
Таронам — Ўзбекистон.

Номин айтсам, кўзда нур,
Кўнгилда фахр, сурур.
Фармон, дилдаги ишқим
Ҳаволам — Ўзбекистон.

Фармон ҚАРНАБИЙ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг