Қадамжолар тарихидан

294

Юртимиз қадим тарихи, бой анъаналари, алломаларию обидалари, зиёратгоҳлари билан дунёга машҳур. Пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳам азалдан илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бири сифатида оламга танилган.

2017 йил 26 май куни давлатимиз раҳбари
Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг ана шундай қадамжоларидан бири Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Сузук ота» мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эди.

Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшаётган муҳташам мажмуа қурилиши якунланаётган айни кунда таниқли ижодкор Асқар Обидов “Хожа Аҳмад Яссавий ва Сузукота” номли рисоласига тартиб бергани айни муддао бўлди. Ушбу рисолада кўҳна Сузукота маҳалласининг тарихи, маҳалла асосчиси Сузукота тўғрисида маълумот ва ривоятлар берилган. Қуйида мазкур рисоладан парча билан танишасиз.

 Таҳририят


 

СУЗУКОТА

Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Хуштож (Хуштари) ва Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида яшаган халифаси Сулаймон Валининг ўғли Хожа Валининг фарзанди Аҳмад ал-Қорачиқий Шайх (Алихўжа Ҳазрат)дан уч ўғил – Ҳазрат Имод Шайх (Омади Шайх), Абдул Вали (Содон Хожа) ва Мустафоқул (Сузукота, тахминан 1130/40 – 1217) туғилган.

“Сайрам тарихи” рисоласидан қуйидаги битикларни ўқийсиз: “Бу ерда марқади муборак Ҳазрати Шайх Мустафоқули Хожанинг турбатлари бор. Эшон фарзанди аржуманд Ҳазрати Алихўжаота эрдилар, Ҳазрати Султон Хожа Аҳмаднинг қизларидан бўлган набиралари эрдилар. Ёш болалик вақтида боболарининг хизматига борур эрдилар. Ногоҳ боболарининг назари мубораклари тушиб, муҳаббат билан айтдиларки: “Манинг сузугим, хуш келдингиз! Манинг сузугим, хуш келдингиз!”. Шунинг учун мардумлар Сузукота дейдилар”.

Ривоят қилишларича, иссиқ ёз кунларининг бирида ўсмирлар қаторига қўшилган Мустафоқул, акалари ва отаси билан бирга экинни чопиқ қилгани чиқибди. Чарчаган ва чанқаган, қўллари қабарган Мустафоқулнинг оғзидан: “Экилгани қолсин, бегонаси чиқсин!” деган сўз чиқиб кетибди. Шу онда даладаги барча экинзор бегона ўтлардан тозаланиб қолибди.

Бу ҳодисани кўрган отаси қаттиқ ранжиб: “Бели оғриб меҳнат қилиб, пешона тери билан топилган луқма ҳалол ва ширин бўлади. Агар истасам, шу онда бу мевани етиштириб ейишимиз ва барча ҳосилни йиғиб кетишимиз мумкин бўлар эди. Куч-қувватга тўладиган пайтинг, ҳозирдан осонлик билан луқма топишга ўрганма”, деб қаттиқ танбеҳ берибди.

Маҳаллада яшаган қурувчилар, дурадгорлар, қирмачи, мискар, тоқичи, ёғоч ўймакорлар Тошкентдаги кўплаб маҳаллаларда қурувчилик ва устачилик билан машғул бўлган. Шунинг учун жуда қадимдан бу маҳаллани усталар маҳалласи деб аташган. Ҳозир ўша усталарнинг авлодлари шу маҳаллада яшаб, боболари касбини давом эттириб келмоқда. Дастлаб бир нечта оиладан иборат аҳоли кундан-кунга кўпайиб, катта маҳаллага айланган. Маҳаллада яшовчилар асосан хўжалар оиласига мансуб бўлгани учун у ерни хўжалар маҳалласи деб ҳам аташган.

Маҳалла аёллари ҳам ўзларига муносиб ҳунар билан машғул бўлган. Палак, сўзана, кашта, дўппи, кўйлак, нимча тикиб, қизларига ҳам буни ўргатишган. Турмушга чиққан қизлар янги хонадонга борганидан кейин ҳам ўз касбини давом эттириб, рўзғорга ўз ҳиссасини қўшган.

Маҳалла аҳли шаҳар ташқарисидаги чекка жойларда боғ ва экинзорлар барпо қилиб, ёзда боғ ҳовлиларда деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб, шаҳардаги ҳовлиларда қишлаган. Дала ҳовлилари асосан Самарқанд дарвоза, Комолон дарвоза, Изза, Қаъни, Чўпонота, Чилонзор Оқтепаси каби мавзеларда бўлган.

Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида ёзилишича, Ўзбекхон тахтга ўтирганидан саккиз йил ўтгач, машойихлар ва мусулмонларнинг шайхи, авлиёларнинг қутби, ҳазрати Зангиота ишораси билан ҳазрати Сайидота гувоҳлигида ҳижрий 720 (милодий 1320) йили исломни қабул қилиш шарафига муяссар бўлди. Сайидота Дашти Қипчоқ, Урал ва Волга бўйидаги халқларни мусулмон қилишда анча самарали меҳнат қилади.

Сузукотанинг яна бир машҳур халифаси, қўшни маҳаллада яшаган Чўпонота бўлиб, у тахминан 1185 йили туғилган. Сузукотадан илм ўрганиб, унинг оқ фотиҳаси билан Самарқанд­даги Чўпонота тепалигида салкам йигирма йил фаолият кўрсатган. Кейин Тошкентга қайтиб, шаҳарнинг четидаги ҳозирги Чўпонота мавзесида кимсасиз ташландиқ ерларга сув чиқариб, боғ-роғлар барпо қилган. Одамлар қалбига эзгулик уруғини қадаган. У салкам бир аср умр кўриб, 1285 йили вафот этади ва шу мавзега дафн қилинади. Тарих саҳифаларида ёзилишича, 1420 йили Мирзо Улуғбек унинг қабри узра шинамгина мақбара қурдирган экан.

Сузукота узоқ-яқиндан шифо истаб ёки бирор бир илтимос ва ҳожат талабида келганларга ёрдам берган. Саёҳатга чиқаётганларга бехатар сафар, тижоратчиларнинг савдосига барака ва ривож тилаган. Диёримиздаги шаҳарлар ва қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини ўрнатиб, уста-ҳунармандлар сармоясининг кўпайишига сабабчи бўлган. Бу тиниб-тинчимас зот ҳар бир катта қурилишга ўзи бош-қош бўлар экан. Нафақат ўзи яшаган маҳалла, балки қўшни Мирлар, Чуқуркўприк, Ўқчи, Кўмирчи каби маҳаллаларда ҳам ҳунармандчиликка асос солган.

 …Сузукота билан бир даврда шаҳарнинг кўзга кўринган машҳур инсонлари умргузаронлик қилган. Зангиота (1162/65–1258) Сузукота яшаган маҳаллага қўшни бўлган мавзеда яшаган ва улар оналари томонидан қариндош (холавачча) бўлган.

Шайх Зайниддин бобо (1164–1259) Сузукота маҳалласидан икки маҳалла наридаги Кўкча мавзесида яшаган. Шайх Зайниддин бобонинг халифаси Хожа Нуриддин Басир (тахминан 1159–1242) ҳам Сузукота билан учрашиб, суҳбатлашган.

Сузукотанинг икки фарзанди ёш вафот этган. Уч ўғил ва уч қизи отасининг эзгу ишларини давом эттирган. Ўғиллари – Шайх Абулқосим, Шайх Абдуллоҳ ва Хожа Абдулҳай, қизлари – София, Эшонгули ва Нурбиби.

Шайх Абулқосимнинг авлодлари Европа мамлакатларида ва АҚШда ҳам бор. Шайх Абдуллоҳ авлодининг кўпчилиги Шарқ мамлакатларида умр кечирмоқда.

София қизлари “Каттабоғ” кўчасидаги Эшонгузар маҳалласига келин бўлиб тушган. Эшонгули эса “Чиғатой” маҳалласига келин бўлган. Усталар ёки Хўжалар деб аталган маҳалла Сузукотанинг вафотидан кейин Сузукота маҳалласи деб аталган.

Асқар ҳожи ОБИДОВ,

Сузукота маҳалла фуқароси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг