- АДАБИЁТ, Назм ва наср

Қўмсаш

Йўлнинг қаерига келдим – билмайман,
Недандир кўнглим ғаш, ичикмадимми?
Меҳрибон устозим, азиз устозим,
Сизни табриклашга кечикмадимми?

Гоҳо дарсингизга кирмаган эдим,
Сизга ҳатто гул ҳам бермаган эдим.
Вақтнинг шамоллигин билмаган эдим…
Сизни табриклашга кечикмадимми?

«Қадамда нокаслар учрар дунёда,
Яхшики, яхшилар ундан зиёда».
Сўзингиз дурлардан тузилган шода,
Сизни табриклашга кечикмадимми?

Япроқман, илдизни соғиниб келдим,
Истарали юзни соғиниб келдим,
Маънога бой сўзни соғиниб келдим
Сизни табриклашга кечикмадимми?

Ҳар лаҳза қўмсайман ўгитларингиз,
Ёдимда намланган киприкларингиз…
Сабабки – биз бебош шогирдларингиз,
Сизни табриклашга кечикмадимми?

Бежиз қўлга қалам олмас эдим-ку,
Бугунгидай ўйга толмас эдим-ку,
Шеър қандай ёзилар – билмас эдим-ку…
Сизни табриклашга кечикмадимми?

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan