Рақс сеҳри

411

Наво қадимдан инсонга ҳамроҳ бўлиб келган. Мусиқий оҳанг руҳиятимизга ижобий таъсир қилиб, уни тинчлантириш хусусиятига эга. Яна шундай куйлар борки, эшитганда беихтиёр рақсга тушиб кетасан, киши. Одамзоднинг ижод маҳсули бўлган мусиқадаги ўзига хос сеҳр ва унга ҳамоҳанг рақснинг уйғунлиги кўнгил торларини чертиб, жўшқинлик бахш этади. ­Халқаро “Олтин мерос” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари, фидойи ўлкашунос Комилжон Нуржонов суҳбатларнинг бирида Хоразм рақслари ҳақида шундай деган эди:

Жаҳондаги илк ноёб китоблардан бири “Авесто”да ҳам рақс санъати хусусида манбалар келтирилган. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гавҳар Матёқубова ана шундан фойдаланган ҳолда “Анахита” рақсини яратди. Ушбу рақс дурдонасини унинг шогирдлари дунё саҳналарида маҳорат билан ижро этиб, ­олқишларга сазовор бўлмоқда. “Авесто” музейимиздаги экспонатлар қаторида санъатга бағишланган кўргазмалар ҳам мавжуд. Айниқса, “Лазги” ҳақидаги кўргазмамиз олдида томошабинлар хийла туриб қолади. Ташриф буюраётган хорижлик меҳмонларнинг ҳам рақс санъатимизга қизиқиши катта.

Сўнгги йилларда юртимизда маданият ва санъатга жиддий эътибор қаратилиб, соҳани ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўлида саъй-ҳаракатлар қилинаётгани бежиз эмас. Айниқса, ўзбек миллий санъатини дунёга кенг намойиш этиш ва бу орқали туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар таҳсинга лойиқ. Бундан икки йил муқаддам кўҳна ва навқирон Хива шаҳрида ўтказила бошланган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ҳам шулар қаторида санъат дилларни дилларга, элларни элларга боғловчи ришта сифатида хизмат қилаётганидан далолатдир.

Бу йилги фестивалнинг ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ташкил этилиши учун  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хоразм вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят туризмни ривожлантириш департаменти, вилоят Маданият бошқармаси, Хива шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида пухта тайёргарлик кўрилди. Юртимиз ва хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситаларида роликлар, мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар мунтазам бериб борилди.

“Рақс сеҳри” фестивали уч кун давомида айнан оқшом пайти эртакмонанд Хива шаҳрига ўзгача тароват, меҳмонлар дилига завқу шавқ бағишлади. Кечки чироқларнинг шуъласи раққос ва раққосалар либосларидаги турфа рангларга уйғунлашиб, обидалар, осмонўпар миноралардаги рангдор нақшларга янада жило бағишлади. Ўша кунлари Ичан қалъа кўчаларида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган уста-ҳунармандларнинг ярмаркалари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари, ошпазлар маҳорати, фольклор-этнографик жамоалар, оқин ва бахшиларнинг дастурлари, вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрларининг томошалари намойиш қилинди. Тадбир доирасида “Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман, миллий рақс санъати бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Япон қизининг дутор чалиб, “Чаман ичра” ашуласини соф ўзбек тилида куйлаши, кунчиқар юрт раққоса қизларининг “Доира” рақсини худди ўзимизнинг раққосалардек ­қойилмақом ижро этиши барчанинг олқишига сазовор бўлди.

— Ўзбек халқининг миллий қадриятларига, айниқса, санъатига қизиқишим катта, — дейди япониялик Комазаки Машу. — Шу сабаб бой ўзбек тилини, миллий мусиқа асбобларингизни чалишни ўргандим. Репертуаримни халқингизнинг маънавий бойлиги саналган миллий қўшиқлари билан бойитиб ­боряпман. Ўзбек дўпписи ва адрасида саҳнага чиқиб куйлаганимда юртдошларим бу санъатни қандай ўрганганим, ўзбекларнинг урф-одатлари ҳақида мени саволга кўмиб ташлашади. Мен уларга бу ерда кўрганларим ва ўрганганларим хусусида эринмай гапириб бераман. Улар, албатта, Ўзбекистонга бир марта бўлса ҳам келишни ният қилишади.

Уч йилдан буён ўтказиб келинаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бу гал ҳам дилларни дилларга боғлади, шунинг баробарида мамлакатимизда туризмни ривожлантиришда янги саҳифаларга мавзу бўлди. Якунда фестиваль қатнашчилари турли номинациялар бўйича тақдирланишди.

Шоҳрух ИБОДУЛЛАЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг