- АДАБИЁТ, Адабиётшунослик, МУҲИМ ХАБАРЛАР

Диллар доғистонда дийдорлашди

Булбуллар ичра тинмас забонман,
Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман.
Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса,
Билгилки, аларнинг сардори менман.

Доғистоннинг улуғ шоири  Расул Ҳамзатовнинг мазкур шеъри ҳақида кўп ўйлаганмиз. Бу ёрга нисбатан айтилган дил изҳорими ёки… Негадир ҳар гал қалб бир сўзни такрорларди. Ватан! Бу улуғ шеърият ҳар бир юракнинг ўз гулзори, ўз булбули бўлиши кераклигини таъкидларди. Зеро, шоир айтгандай ҳар булбулнинг ўз қўшиғи бор. У дунёнинг турли қитъалари, мамлакатлари, ўлкаларида сайраши мумкин. У қаерда, қайси вақтда бўлмасин, аввало, бир муқаддас тушунча ҳақида куйлайди:

Булбул қўшиғини тинглаяпсанми,
Унда янграётган тантана тинмас.
Нима ҳақда куйлар англаяпсанми,
Аммо номаълумдир, ҳеч кимса билмас.

Иймоним комилдур, ишонч-ла айтгум,
Ватан ҳақидадур бу қўшиқ — бонглар.
Агар ўзга мавзу бўлганда шаксиз,
Жонига тегарди аллақачонлар.

“Доғистоннинг улуғ шоири”. Расул Ҳамзатов ҳамиша унга нисбат бериб айтилган бундай таърифга қарши бўлган экан. Унинг қарашича, “улуғ” нисбати, фақат бу дунёдан ўтган, ўз ижоди билан даврлар синовларига бардош бериб, халқ қалбидан жой олган шоирларга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Адабиёт, шеърият, шоирлар йўли азал-азалдан ҳамиша дунёнинг улкан чорраҳаларида кесишган. Шарқда Бағдод, Самарқанд, ўарбда Афина ва Рим… Аммо шоир даҳоси кичик бир ўлка ҳудудини дунёнинг энг таниқли адиблари йўли кесишадиган нуқтага айлантиришга қодир экан. Айнан Расул Ҳамзатов ижоди ва шахси сабаб Доғистон ана шундай адабий марказлардан бирига айланди.

Тўғриси, Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси Маданият вазири Зарина Бўтаева ва Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Магомед Аҳмедов томонидан юборилган таклифномага асосан, Расул Ҳамзатов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган XXXII Халқаро “Оқ турналар куни” фестивалида иштирок этиш учун уюшмамиз томонидан номзодимиз кўрсатилганини эшитиб, ўзимизда йўқ хурсанд бўлдик.

Доғистонда бўлиб ўтадиган тадбирлар мундарижаси бизни янада қувонтирди. Махачқала шаҳридаги Тарки-Таудаги шоир қабрини зиёрат қилиш, пойтахт марказидаги Расул Ҳамзатов ҳайкали пойига гуллар қўйиш, у яшаган хонадонга ташриф буюриш, шоирнинг оила аъзолари билан учрашиш,  Доғистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этиладиган давра суҳбатида иштирок этиш, шоирнинг 95 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда қатнашиш, Расул Ҳамзатов туғилган Хунзах тумани Цада овулига бориш, у туғилиб ўсган хонадон – ҳозирда унинг отаси Доғистон халқ шоири, Ҳамзат Цадаса уй-музейига ташриф буюриш…

Кутилган кун келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ишларимиз жуда тез битди. Аввалгидек узоқ вақт кутиш, ортиқча қоғозбозлик йўқ. Яшил коридордан ўтиб, рўйхатдан ўтиш пунктига бордик. Юкларимизни биратўла Махач­қалада олишимиз мумкинлигини айтишганда қувониб кетдик. Белгиланган йўлаклардан ўтиб самолётга ўтирдик. Хаёлимизда бўлажак тадбирлар…

У тоғлар бағрини макон этган қуш,
Тиканзор, буталар жаннатдан афзал.
У миллат кўраётган энг чиройлик туш,
Ҳақ ўзи кўнглига бергандур сайқал.

У қушнинг куйлаган қўшиғи мангу,
Бир кун гар тўхтаса сози дафъатан.
Доғистон халқи, сиз чекмангиз қайғу,
Қолур Расул Ҳамзат отлиғ бир Ватан!

Самолётимиз кўкка парвоз қилди. Зум ўтмай у қуюқ булутлар қопламини ёриб ўтиб маъво сатҳига чиқиб олди. Осмон кўм-кўк чексиз уммонни эслатади. Бу мовий олам узра атлас нурларини сочиб қуёш чарақлаб турибди. Пастда оппоқ булутлар, гўёки оппоқ қорлар узра кетаётгандаймиз.

Суҳбатимиз, мулоҳазаларимиз адабиёт ҳақида бўлади. Адабиётнинг қанчалар улуғ ва қудратли куч эканига Тошкентда ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тар­ғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Давлатимиз раҳбарининг “Адабий дўстлигимиз абадий дўстликка айлансин” деган даъватлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида “Ўзбек адабиётининг хорижий дўстлари кенгаши”ни тузиш ҳақидаги таклифлари нечоғли узоқни кўзлаб айтилганини дилдан ўтказдик.

2015 йил Доғистонда “Адабиёт йили” деб эълон қилинган эди. Ўша йили Доғистон адабиётининг энг яхши анъаналарини асраш ва ривожлантириш, дунё адабиётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёш ижодкорларнинг интилишларини рағбатлантириш, турли миллат ва элатлар аҳил яшаётган бу заминда барча тиллар ва адабиётларни ривожлантириш йўлида муҳим ишлар амалга оширилган.

Биз Доғистон адабиётидан кўпроқ Ҳамзат Цадаса, Абу Толиб, Расул Ҳамзатов, Фазу Алиевани биламиз. Аслида бу кўп миллатли адабиёт вакилларидан иборат гулзорда киши кўнглини шеъриятнинг муаттар бўйларидан баҳраманд этувчи турфа гуллар, Ватаннинг чин ошиғи бўлган булбуллар жуда кўп. Сулаймон Стальский, Али Казиев, Абдулла Магомедов, Хандулай, Тагир Хрюгский, Омарла Батирай, Анхил Марин, Ирчи-Казак, Маҳмуд-Козаб-Росо, Юсуп Хаппалаев каби қанчадан-қанча куйчилар, шоирлар, ёзувчилар ўтган. Уларнинг ижоди билан танишар эканмиз, Расул Ҳамзатов асрлар давомида ўз анъаналари, рамзлари, қадриятлари асосида ривожланиб келган бир бутун ҳикматгўй ва булбулзабон Доғистон заминида камол топгани бежиз эмаслигини англаймиз.

Эрта тонгда  Махачқала аэропортига қўндик. Биз тушган машина текис, равон йўлдан кетиб борарди. Ҳамроҳларимиз бири қўйиб, бири ўзларининг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари ва ҳайратларини сўйлаб кетишди. Бизни шундоқ Каспий денгизи соҳилида жойлашган “Приморская” меҳмонхонасига олиб келишди. Ичкарига кирибоқ, балкон сари ошиқдик. Чексиз мовий баҳр, оппоқ тўлқинлар, узоқда сузиб юрган кемалар… Тўлқинлар гувиллаб соҳилга урилади, қанчалик шиддат билан мавжланиб келган бўлса, шунчалар осо­йишта ортга қайтади. Бу ҳолат билан инсон умри, ҳаёти орасида ўхшашлик бордек туюлади.

Эрталаб меҳмонхонага Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Доғистон халқ шоири, Расул Ҳамзатовнинг шогирди Магомед Аҳмедов келди. Салом-аликдан сўнг унинг биринчи гапи шу бўлди:

– Президентингизнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тўғрисидаги қарорини ўқидим. Омадинглар бор экан. Қандай зўр Президент, қандай эътибор!

Нонуштадан сўнг меҳмонлар билан Доғистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюрдик. Бу бинода Расул Ҳамзатов 50 йилдан кўп, умрининг охиригача  уюшма раиси сифатида фаолият юритган. Миллий ширинликлар билан тузалган дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида дўстона танишув ва адабий алоқаларни ривожлантириш, ҳар бир ҳудудга хос тажрибалар билан танишишга қаратилган дўстона суҳбат бўлиб ўтди. Биз уларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун давлат раҳбари ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудида алоҳида миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини мужассамлаштирган янги бино қуриб берилгани, унга ёнма-ён ҳудудда “Адиблар хиёбони” ташкил этилгани, шундай йўлнинг нариги бетида ёзувчилар учун 120 хонадонли уй қурилгани, “Ижод”, “Илҳом” фонд­лари, “Дўстлар клублари”, ижод мактаблари, қўйингки, барча-барча ўзгаришлар, адабиёт ривожига кўрсатилаётган юксак эътибор ҳақида гапириб бердик. Россия Федерацияси Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Иванов “Барчамизнинг номимиздан ­Президент Шавкат Мирзиёевга адабиёт ривожига кўрсатаётган эътибори учун раҳматимиз ва миннатдорлигимизни етказишингизни сўраймиз!”, деди.

Бир зумда ҳамма бир-бири билан танишиб кетди. Суҳбат давомида нафақат бугунги, балки шу пайтгача бўлган адабий алоқалар ҳақида сўз кетди, ёзувчилар қаторида ўафур ўулом, Зулфия, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов номлари ҳам тилга олинди. Биз, ўз навбатида, анжуманга келган ёзувчи ва шоирларга Алишер Навоийнинг рус тилидаги “Сокровишница мыслей” ҳамда беш тилдаги “Ҳикматлар” китобини, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий нашрлари бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналларини тақдим қилдик.

Гарчи қўшиғини эшитиб таъсирланган, шеърини ўқиган бўлсак-да, “Турналар” биз ўйлагандан ҳам кўра машҳурлигини шу ерда билдик. Деворда “Турналар” шеърига бағишланган турли давлат ва ўлкалардаги ўндан ортиқ монументал ёдгорликлар сурати турарди. Улар қаторида Чирчиқ шаҳридаги обида сурати ҳам бор.

Доғистонда “Оқ турналар куни” фестиваль байрамини нишонлаш шоир ҳаётлик пайтиданоқ бошланган бўлиб, бу йил у ЮНЕСКО шафелигида ўттиз иккинчи марта ўтказилаётган экан. Биз шоир шеърлари асосида тайёрлаб борган “Оқ турналар” китобининг биринчисини Доғистон Ёзувчилар уюшмасига тақдим этдик.

Худди биздаги каби бу диёр халқи ҳам адабиёт, шеъриятни нон ва сув каби ҳаёт учун зарур неъмат деб билади. “Бошқа ёзувчиларнинг кутубхоналари китобларга тўла, менинг кутубхонам эса халқ билан тўла. Халқдан оламан, халққа бераман”, деб ёзганди бир пайтлар Расул Ҳамзатов. Устозлар, замондошлари таъкидлашганидек, у барча буюк шоирлар каби олганидан кўра кўпроқ берди. Шунинг учун ҳам унинг асарларида ҳар бир тоғлик шоирдек гаплашади. Ҳар бир шоирнинг қалбида ўша тоғлик шивирлаб туради.

Бу йил Расул Ҳамзатов ҳаёт бўлганида 95 ёшга кирган бўларди. Тарки Таудаги қабристон, дарвозадан  кириб ўнг томонга 30-40 метр чамаси юрилгандан кейин, шоирнинг қабр тоши кўзга ташланади. Дабдабадан холи, қора мармардан ишланган қабр тошида фақат исм-шариф битилган. Бир зумда улуғ шоирга эҳтиром сифатида унинг пойи гулларга тўлди. Биз ҳам қўлимиздаги қирмиз атиргулларни қабр пойига қўйдик, дуолар қилдик. Маҳаллий аҳоли вакиллари бизнинг Ўзбекистондан эканимиз, шоир хотирасига кўрсатаётган эҳтиромимиздан ниҳоятда таъсирланганини айтишди. Шундай олис юртдан Расул Ҳамзатов хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун келганимизга миннатдорлик билдиришди.

Зиёратдан кўнглимиз ёришиб қайтдик. Шу куни шаҳардаги Расул Ҳамзатов ҳайкали пойига ҳам гуллар қўйилди. Рус драма театрида шоирнинг 95 йиллигига бағишланган жуда катта адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди. Унда биз ҳам шоир даҳосига ўз эҳтиромимизни билдирдик.

Тадбир шу қадар пухта тайёрланган, ундаги ҳар бир чиқиш, экрандаги тасвирлар шу қадар бир-бири билан уйғун эдики, қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. Унда Россия халқларининг дўстлиги, Доғистондаги кўп миллатли оиланинг ҳамжиҳатлиги ифода этилганди. Шоир шеърлари, қўшиқлари турли тилларда янгради. Концертда дўстлик, миллий халқ маданияти ва санъатига чексиз меҳр, тоғликларга хос улуғворлик, шоир даҳоси, ижодига чексиз муҳаббат мужассам эди. 

Россия Федерацияси Президенти гранти, “Россия оқ турналар халқ бирлиги” маърифий лойиҳаси бўйича “Кўп тилли Россия шеърияти” рукни асосида турли миллатга мансуб ушбу юрт шоир ва ёзувчиларининг китоблари чоп этилаётгани барчани қувонтирди. Айниқса, бу рукндаги авар шоиралари Сабигат Магаметова, Беку Меседа Расулова, қўмиқ шоираси Шеит-хоним Алишева, даргин шоираси Аминат Абдулманопова, лезгин шоираси Билола Адилова, қабардин шоираси Бати Балкизова ижодига бағишланган рус тилига қилинган таржималар асосидаги китоблар улар шеъриятининг дунё бўйлаб таралиши учун кенг йўл очади.

Навбатдаги ташрифимиз Расул Ҳамзатов хонадонига бўлди. Бизни шоирнинг қизи Салихат Ҳамзатова кутиб олди. У айни пайтда шоир номидаги уй-музейнинг директори ҳисобланади. Деярли бутун дунёнинг энг машҳур шоир ва ёзувчилари, таржимон ва олимлари ташриф буюрган бу хонадонга келиш анча ҳаяжонли эди. Ўз даврида Ўзбекистон халқ шоирлари Зулфия, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқалар бу хонадонда азиз меҳмон бўлишган. У қанчадан-қанча шеърият, адабиёт ҳақидаги ҳаётбахш, бетакрор суҳбатлар, ўтли шеърият кечалари, мушоираларга гувоҳ бўлган.

Доғистонликлар анъанасига кўра бир хонадон, катта сулолада бир исм еттитагача одамга қўйилиши мумкин экан. Шу маънода Расул Ҳамзатов аёли, уч қизининг бири, ҳатто набирасининг исми ҳам Фатимат экан. Шоир уларнинг барчасини бирдай севар, ҳазиллашиб шундай дер экан: “Мен математик эмас, фатиматикман, фатиматик фанлари доктори…”. Бу сўз шоирнинг меҳр-муҳаббатга тўла мутойибаси сифатида халқ орасида тарқалиб кетган. Анъанага кўра хонадонда тўкин дастурхон атрофида бошланган суҳбатлар тилакларга, мушоирага айланди.

– Мен фурсатдан фойдаланиб ўзбекистонлик дўстларимизга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман, – деди Салихат Ҳамзатова. – Кеча театрдаги чиқишингиздан нафақат мен, балки бутун халқимиз қаттиқ таъсирланди. Отамни, унинг ижодини Ўзбекистонда бу қадар қадрли ва севимли эканлигини эшитиш биз учун катта бахт. Ватанингизда ҳам “Турналар” ёдгорлиги ўрнатилгани мени ҳайратга солди. Сиз тайёрлаб келган отамнинг ўзбек тилидаги шеърларининг янги таржималари асосидаги “Оқ турналар” китоби учун ҳам раҳмат айтмоқчиман. Ўйлайманки, ҳали сизлар томонингиздан отамнинг кўп шеърлари ўзбек тилига таржима қилинади.

Доғистон Республикаси бу кўп миллатли аҳил оилани эслатади. Унда турли миллат ва элат вакиллари дўст-қадрдон, қуда-анда бўлиб яшаб келяпти.

Доғистонда кечган кунлар тадбирларга, ижодий учрашувларга бой бўлди. Расул Ҳамзатов номидаги 50-мактабда ўқувчилар билан бўлган учрашувлардан ниҳоятда катта таассуротлар олдик. Айниқса, мактабдаги тадбир, унда турли миллатга мансуб ўқувчи қизларнинг турли тилларда Расул Ҳамзатов шеърларини ўқишлари, таълим даргоҳининг директори Махач Изиевнинг сўзларини эшитиш ниҳоятда мароқли эди. Мактабда ташкил этилган “Менинг Доғистоним” музейи ўқувчиларнинг шоир ижодига хос бадиий композициялар асосидаги чиқишлари ниҳоятда таъсирли эди.

Эртаси куни Доғистонда ташкил этилган “Шеърият театри”га ташриф буюрдик. Дастур бўйича бу ерда “Овул ва бутун жаҳон шоири” мавзусида Россия шеърият кечаси ўтказилиши мўлжалланган эди.

Ҳар бир тил, унда яратилган адабиёт, инсониятнинг энг катта ва нодир бойлигидир. Ҳар бир тил ўзи алоҳида бир дунё. Шоир ва ёзувчилар туфайли биз ана шу дунёга кирамиз, қалбан улғаямиз, руҳан покланамиз. Айтишларича, “Шеърият театри” Расул Ҳамзатовнинг энг катта орзуси бўлган экан. Икки қаватли, ҳовлиси кўркам, ўнг томонда Расул Ҳамзатов, чап томонда Александр Пушкин ҳайкаллари ўрнатилган. Давлат бюджети асосида молиялаштириладиган бу кошона ҳақиқатдан ҳам шеърият ошёни саналган Доғистоннинг ўзига хос туморидай эди.

Мезбонлар эртаси куни учта йўналиш бўйича Доғистон бўйлаб сафар тайёргарлиги кўрилганини айтишди. Уччаласи ҳам тарихий жойлар – Дарбанд, Гуним ва Хунзах. Биз Расул Ҳамзатов туғилган Хунзахга, Цада овулига боришимизни айт­дик. Эртасига тонг саҳарда йўлга тушдик. Кета-кетгунча Доғистон халқ шоираси Залму Батирова, Қорачой-Черкас Республикаси халқ шоираси Лариса Шебзухова, таниқли россиялик шоирлар, Доғистон шеърияти таржимонлари Юрий Шчербаков, Виктор Петров, Валерий Латинин ва бошқалар билан қизғин суҳбат қуриб кетдик.

– Бу ҳали тоғлар эмас, ҳақиқий тоғларни Хунзахда кўрасизлар, – дейди кулиб мезбонлар.

Гарчи куз фасли бошланган бўлса-да, тоғлардаги дарахтлар ҳали ям-яшил, пастдаги водийлар кўм-кўк.

– Уч марта ҳаж сафарида бўлдим. Энди ягона орзум Самарқанддаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишдир, – дейди кекса ҳамроҳимиз, Доғистон халқ шоираси Залму Батирова. – Таниқли ўзбек шоираси Зулфия билан жуда қадрдон эдик. У Расул Ҳамзатовнинг 75 йиллигига бағишланган анжуманга келганида икки кун хонадонимизда меҳмон бўлган эди. Ажойиб шоира, бетакрор қалб соҳибаси эди.

Биз Залму хонимга ҳозирда Ўзбекистонда истеъдодли қизлар учун Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилгани, совриндор қизлар давлат гранти асосида кириш имтиҳонларисиз олий ўқув юртларига қабул қилиниши, Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбони ва Жиззах шаҳрида Зулфия ва Ҳамид Олимжонга ҳайкаллар ўрнатилгани, 2015 йилда шоиранинг 100 йиллиги кенг нишонлангани, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Жиззах шаҳрида икки улуғ ижодкор номидаги ижод мактаби барпо этилгани ҳақида сўзлаб бердик.

Опа бундан ниҳоятда қувонди. Машина ойнасидан тоғларга тикилди. Бу унинг қишлоғига элтадиган йўл, эҳтимол, шу тобда умрнинг ўткинчилиги-ю, тоғларнинг абадий эканлиги, ҳақиқий шеърият ҳам худди мана шу тоғлар каби мангуликка дахлдор бўлажаги ҳақида ўйлаётгандир.

Тоғ манзаралари бизни бир зум зерикишга қўймайди. Хунзах туманига кираверишда ҳудуд ҳокимлиги раҳбарияти, аҳоли вакиллари, икки ёнига Россия ва Доғистон байроқлари ўрнатилган машиналар кутиб олди. Тоғликлар одати бўйича меҳмонлар миллий таомлар ва ширинликлар билан иззат қилинди. Шундан сўнг яна йўлга тушдик. Айтишларича, улар ҳар байрамни нафақат Доғистонни, балки Цада овулини бутун дунёга танитган шоири Расул Ҳамзатовни барча дўстлари ва меҳмонларини шу жойда кутиб олиб, яна шу жойдан кузатишар экан. Хунзах тумани нимаси биландир биздаги Бойсунни эслатарди. Яна бир қизиқ жойи Доғистоннинг машҳур кишилари, олимлар, ёзувчи ва адибларининг кўпчилиги шу ҳудуддан етишиб чиққан экан.

Ниҳоят, Цада овулига етиб келдик. Атрофи кўм-кўк тоғлар билан ўралган жуда катта ям-яшил сайхонлик. Унинг ўртасига иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бағишлаб, шоирнинг машҳур шеъри асосида “Оқ турналар” ёдгорлиги ўрнатилган. Тумонат одам йиғилган, ҳаво бироз салқин, узоқдаги тоғлар бошида қорамтир булутлар ўша жойда ёмғир ёғаётганидан дарак беради. Ёдгорликнинг икки томонига хотира лавҳалари ўрнатилган. Бизни Доғистон миллий кийимидаги йигит ва қиз нон-туз билан кутиб олди. Уларнинг атрофида оппоқ турналар либосидаги болалар. Лавҳаларга кўз ташлайман. Иккинчи жаҳон уруши даврида биргина мана шу тоғли Хунзах туманидан 2634 нафар йигит урушга чақирилиб, улардан 1227 нафари қайтади. 1407 нафаридан эса қора хат келади. Шоир “Турналар” шеърини Японияга қилган сафари давомида ёзади. Атом бомбасидан нурланган қизга шифо тилаб, эзгу ниятлар ила миллионлаб болаларнинг оқ турналар ясаб кўкка учиришидан шоир қаттиқ таъсирланади. Шеър асосида яратилган қўшиқ Расул Ҳамзатовни бутун дунёга машҳур қилади. Марк Бернес ижросидаги қўшиқ миллионлаб кишилар қалбидан жой олади. Қанчадан-қанча юртларда, жумладан, шоир туғилган Цада овулида ҳам “Оқ турналар” ёдгорлиги ўрнатилади. Расул Ҳамзатовнинг икки акаси ҳам фронтдан қайтмаган. 1986 йилда Гуним ҳудудида биринчи марта жангчи аскарлар хотирасига “Турналар” ёдгорлиги ўрнатилади. Ёдгорлик пойидаги мангу оловни ёқиш учун Иккинчи жаҳон урушида тўртта ўғлидан жудо бўлган она хонадонидан олов олиб келинади.

“Турналар” монументи пойида Расул Ҳамзатовга бағишланган музей бўлиб, унда ушбу шеърнинг жаҳоннинг турли тиллардаги таржималари ўрин олган. Бизга берилган сўз давомида “Турналар” шеърининг ўзбек тилидаги таржимасини ҳам ўқиб бердик. “Оқ турналар” китобидан бир нусхани эса туман раҳбариятига тақдим қилиб, келгусида музейда ушбу шеърнинг ўзбек тилидаги таржимаси ҳам ўрин олиши умидида эканлигимизни айтдик. Анжуман ниҳоятда қизиқарли ўтди, шеърлар қўшиқларга, қўшиқлар куй ва рақсларга уланди.

Цада қишлоғидаги Расул Ҳамзатов туғилган ва болалиги ўтган, шоирнинг отаси Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадаса уйига, тўғрироғи, уй-музейига йўл оламиз.

Паст шифтли, икки қаватдан иборат уй. Оддий хонадон, тарихий расмлар, ашёлар, шоирнинг отаси, онаси, овулдошлари билан тушган суратлари, Ҳамзат Цадаса ҳаёти ва ижодидан сўйловчи нодир намуналар… Девордаги бир сурат эътиборимизни тортди. Унда Ҳамзат Цадаса минбарда, ортида Алишер Навоийнинг портрети турарди. Яқинроқ бориб ўқиймиз: “Алишер Навоийнинг 500 йиллиги, Тошкент, 1948 йил”, “Ҳамзат Цадаса ва ёзувчи Кравченко, Тошкент, 1948 йил”. Айтишларича, Ҳамзат Цадаса ўз ўлкасининг таниқли шоири бўлиш билан бирга, арабшунос олим ҳам бўлган экан. Буни музейдан ўрин олган араб ёзувидаги кўплаб нодир китоблар ҳам тасдиқлаб турибди.

Навбатдаги кун илтимосимизга биноан бизни маҳаллий халқ тилида “Узбек городок” деб аталадиган жойга олиб боришди. Айтишларича, 1970 йилда Доғистонда зилзила содир бўлади. Қурилиш-тиклаш ишларида ватандошларимиз ҳам иштирок этади. Бу ҳудуддаги бир қанча беш қаватли уйларни тошкентлик бинокорлар қуриб беришади. Барча қурилиш материаллари ҳам Ўзбекистондан келтирилади. Айланамиз, қатор уйлар, унга ёндош жойда бозор, унинг ёнида “Тошкент” номли савдо магазини. Барибир Ватандан олисда Она юртинг, давлатинг пойтахти номи ёзилган жойларни кўриш кишига ўзгача руҳ бағишлайди.

Азим шеърият туфайли бугун дунёнинг қайси бир бурчагида бўлмасин, Расул Ҳамзатов деса Доғистонни, Доғистон деса Расул Ҳамзатовни эслашади. У ана шундай буюк муҳаббат билан нафақат Доғистонни, Россияни, унинг турфа халқларини, дунё аҳлини сева билди, севганда ҳам бирини иккинчисидан айирмай, бирини тепа, бирини паст, бирини оқ, бирини қора демай севди. “Бутун ер юзи аҳолисини қулочимни кенг олиб бағримга босишни қанчалар истардим…”, дерди у. Унинг оламга, инсониятга бўлган севгиси, улкан муҳаббат ва эътироф бўлиб ўзига қайтди.

Сафаримиз давомида Ҳамзат Цадаса ёдгорлигини ҳам зиёрат қилдик. Айтишларича, Ҳамзат Цадаса асал бермайдиган арилар ва тухум бермайдиган товуқларни ёқтирмаган экан. Ўзи ҳам ҳамиша одамлар дарди, қувончи билан яшаб, оддий одамларни куйлаб, уларга хизмат қилиб ўтган экан.

Хунзахда бўлганимизда кўнглимиздан бир фикр ўтди. Расул Ҳамзатов мана шу тоғлар бағридаги овулда, оддий хонадонда дунёга келди. Шу ердан бориб ўз сўзи, шеърияти билан дунёни забт этди. У бу ерларни ташлаб кетмади. Балки қалбига кўчириб олиб кетди.

Адабиёт, шеъриятнинг бирлаштирувчи кучи бор, дейдилар. Ҳар йили “Оқ турналар куни” фес­тивалида Расул Ҳамзатов шеърияти дунёнинг қанчадан-қанча мамлакатларидан келган шоир ва ёзувчиларни Доғистон заминида бирлаштиради. Қалбларни қалбларга, элларни элларга боғлайди. Дунёда дўстликдан ортиқ неъмат йўқ. Дунё шоирлари мана шундай тадбирлар боис дўст бўлиб яшаса, улар мансуб бўлган халқлар ҳеч қачон бир-бирларига ёв назари билан қарамайдилар. Қани энди бир бутун дунё халқлари бир-бирлари билан дўст, оға-ини бўлиб яшашса! Дунё шоирларининг энг катта орзуси ҳам аслида шу эмасми?!

…Самолётимиз қанча денгизу дарёлар, тоғлару чўллар, шаҳарлару қишлоқлар узра учиб ўтади. Ке­йинги кунларда кўнглимизда авж олган Ватанга, яқинларга бўлган соғинч борган сари каттара бошлайди. Эҳтимол, Расул Ҳамзатов ҳам ўзга юртларга борганда Доғистонни шундай ичикиб соғингандир. Ватанни севмасдан, соғинмасдан яшаш мумкинми ўзи?! Аслида шоирнинг шоирлиги ана шу соғинчлар, ана шу улкан муҳаббат билан эмасми?!

Олис манзилларни ортда қолдириб, самолётимиз пастлай бошлайди. Заминга боқамиз: дарахтлар, далалар, қадрдон манзаралар, барчаси кўзимизга иссиқ кўринади. Самолёт аста қўнади. Салондаги барча бирдек қарсак чалиб юборади, биз ҳам! Ана шу аснода кўзларимиздан бир томчи ёш сизиб чиқади. Унда Ватаннинг, Ўзбекистоннинг қуёши жилваланади.

Минҳожиддин МИРЗО,

Жўрабек ЖАҲОН

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan