- АДАБИЁТ, Назм ва наср

Ўтирик (Ҳикоя)

Муюлишдан чиқиб келган оппоқ “Ласетти” қассобхона биқинида жонсарак турган, олача чопон, кўк саллали, жиккак жусса қария ёнида тўхтади.

— Йўл бўлсин, отахон? — деб сўради олд ўриндиқда ўтирган, хумкалла, қош-қабоғи солиқ, қоп-қора одам.

Қария серсавлат уловга ҳуркинқираб яқинлашди.

— Жалпоқтошга.

— Ўтиринг, Чалпактепагача етиб оласиз.

— Маъқул, улим, барака топинг, — деди қария машина орқа эшигига қўл чўзаркан, — нариёғи яқин, бир амалларман.

— Тезроқ қимирланг, бува, —  деб қўйди ҳайдовчи норизо оҳангда.

Орқа ўриндиққа ястаниб олган қуюқ сочлари ораста, силлиқ киши илкис сурилиб қарияга жой берган бўлди.

— Келинг, отагинам.

Қария жойлаша-жойлаша машинадаги ҳар уч киши ҳам кулранг “комуфляжка” кийимда эканини пайқади.

“Аскарларми дейман” — хаёлидан ўтди унинг.

— Ота, тортинманг, — деди орқа ўриндиқдаги ҳамроҳ узун-қисқа салом-аликдан сўнг. — Чалпактепагача, э-ҳе-е, яна қирқ километр, йўл нобоп, қулай жойлашиб ўтиринг.

— Раҳмат, улим, раҳмат.

Туман маркази, гавжум кўчалар, серҳашам уйлар ҳаш-паш дегунча ортда қолди. “Ласетти” дала-дашт йўлига чиқиб олди. Ўнгу сўлда экин майдонлари, ариқ-зовурлар, яккам-дуккам уйлар кўзга ташланади.

— Ҳалиги ерда нима қилиб тургандингиз, бува? — деб сўради ҳайдовчи пешойнадан қарияга кўз ташлаб.

— Улашнингма, Жобирнингма “Дамас”и кеп қолармикан деб кутиб тургандим. Шу иккови Жалпоқтошдан қатнайди-да.

— Марказга нега келгандингиз? Бозорга тушдингизми? — яна сўради ҳайдовчи.

— Э-э, бозор қаёқда, болам, — деб қария сийрак соқолини ўйчан силаб қўйди, — са-ал ташвиш билан ҳокимликка келгандим.

Унинг ёнидаги ҳамроҳ чолга ажабланиб кўз ташлади.

— Ҳокимликка дейсизми?

— Ҳа, ҳоким қабулига келгандим. Бизнинг Жалпоқтош тап-тақир дашт. Овулимизга, ҳечқурса, битта қудуқ керак. Қўни-қўшни мени илтимос билан жўнатишди. Ҳокимга учрашиб, арзимизни етказинг, дейишди. Шуйтиб марказга келиб эдим.

— Ҳокимга учрашдингизми? — яна сўради ён ҳамроҳ.

— Ҳа, — ўйчан бош ирғади қария, — кирдим, кўрдим.

— Қандай одам экан ҳоким?

— Оппоқ, келишган, бўйинбоғли одам экан.

Ён ҳамроҳ пиқиллаб кулиб юборди. Ҳайдовчи ҳам илжайган кўйи пешойнадан қараб қўйди.

— Эй, — деб пўнғиллади хумкалла, — ғийбат қилишга ҳокимдан бошқа одам қуриб қолганми санларга.

Қария, булар сўзларимга ишонмади, деган хаёлда шоша-пиша айтганларини исботлашга киришди.

— Чин, яхши одам экан. Мени кулиб  кутиб олди, чой қуйиб берди.

— Ҳатто, чой ҳам қуйиб бердими, — ён ҳамроҳ қарияга худди ҳайратлангандек тикилди.

— Ҳа. Эшиккача кузатиб ҳам қўйди.

— Арзингизни тингладими?

— Ҳа, ҳал қилиб берамиз деб айтди.

— Сизни алдаб-сулдаб чиқариб юборган, — деди ён ҳамроҳ бош чайқаб, — У илтимосингизни бажармайди.

— Нега бажармайди? — ажабланиб унга тикилди қария, — ана, Президентимиз халққа қайиш, ёрдам бер деб ҳар куни айтиб турибди-ку. Юртбошимизнинг ишонган вакили бўлгандан кейин бажаради-да.

— Сиз ҳоким Президентнинг ишонган вакили деб ўйлайсизми?

— Ҳа-да, ишонганидан унга амал берган-да. Биров бир нимани ишониб топширгандан кейин бажариш керак, эсам, лафзсизлик бўлади, улим. Бу катта гуноҳ.

—  Демак, — яна завқ билан кулди ён ҳамроҳ, — сиз ҳам ҳамқишлоқларнинг ишончини қозониб, ишни дўндириб қайтаяпсиз-да.

Қария кафтлари билан юзини силаган бўлиб кўзини яширди.

— Ҳа, энди…қўлдан келганича…

Машина  сап-сариқ, тап-тақир дашт қўйнида узалиб кетган, эгри-бугри, паст-баланд йўл бўйлаб оҳиста елиб борарди. Ур-калтакдан шишиб кетган бадандай қир-тепаликлар бирин-кетин ортда қола бошлади.

— Узр, улим, — деди ён ҳамроҳига юзланиб қария, — сизларга йўл бўлсин? Чўпонларнинг отарига борасизларма?

Ён ҳамроҳ узун бир ҳомуза тортиб олгач:

— Шўрсойда ишлаётган геологларни кўрганмисиз, — деди.

— Анови буровойчиларни айтаяпсизми? Ер ковлагичларни? Ҳа, кўрганман.

— Мен ўшаларнинг бошлиғи бўламан. Ишга кетяпман.

Қария беихтиёр унинг қўлидан ушлади.

— Сизни менга Худо етказди, улим. Худди сиз керак эдингиз менга?

— Ия, нега?! Тинчликми? — деди ён ҳамроҳ чинакамига ажабланиб.

Ҳайдовчи ҳам пешойнадан қизиқсиниб қараб қўйди.

— Ҳа, сиз керак эдингиз, — деди қария қувончдан кўзлари порлаб.

— Хизмат борми?

— Ҳа. Бизнинг қишлоққа қудуқ ковлатиб беринг, илтимос.

— Ия, гапингиз қизиқ бўлди-ю, ҳозиргина идорага кириб чиқдим, ҳоким муаммони ҳал қилиб беради, деб айтдингиз-ку?!

Қария худди ичи оғриётгандай юзларини буриштирди.

— Туврасини айтайми сизга?

— Туврасини айтинг.

— Боя, — деди қария минг бир хижолат ичида, — сал-пал ўтирик сургандим.

— Ўтирик?! Ўтирик сургандим?! Нима деганингиз бу?

— Ёлғон гапиргандим демоқчилар, — изоҳ берган бўлди ҳайдовчи.

Ён ҳамроҳ илжайди.

— Ҳа-а, шунақами ҳали….жа-а..қув кўринасиз-а, отахон.

— Шундай бўп қолди-да, улим. Гапнинг тувраси, ҳокимликнинг иморатини кўрган пайтим тиззам қалтираб кетди. Ахир бу ерда чакана одамлар ўтирмайди-да, туврама?

— Тувра.

— Шуйтиб, ана кейин…ўйладим, ҳоким давлатнинг одами, зарил-зарил ишлари кўп, биздайчакинлар билан шуғулланишга вақтиям, ҳафсаласи ҳам йўқ, майда-чуйда илтимос билан у кишининг бошини қотирмайлик деб…ана кейин…эшикнинг олдида туриб-туриб изимга қайтдим.

— Ия, ғалати-ю, отахон, ҳамқишлоқларнинг илтимоси нима бўлди, ҳали ўзингиз айтгандай, ишонч масаласи нима бўлди?

— Гапни охиригача эшитинг, улим…ана ­кейин…қишлоққа бориб, ҳокимга учрашдим, шанба куни кел, маблағ бераман, шу пулга қудуқ қаздириб оласизлар, деб айтди дейман.

— Нега айнан шанба куни? — сўради ён ҳамроҳ тобора қизиқиши ортиб.

— Ана кейин…шанба куни беш-олти қўй ҳайдаб бозорга тушаман, сотаман, пулини овулга олиб бораман, мана, ҳоким сўзида турди, маблағ бериб юборди, дейман, буровойчилар билан гаплашиб, шу пулга қудуқ ковлатамиз, деб маслаҳат соламан.

Пешойнадан қараб-қараб қўяётган ҳайдовчи таажжубланиб сўради:

— Ўзингизнинг ҳисобингиздан қудуқ ковлатмоқчимисиз?

— Ҳа, энди-и, улим, мол кетса, кетар,    лекин одамларнинг ишончи ўлмасин, уйдан  шу ишни бўйинга олиб чиққанман, ўртада  лафз бор, харажат қиламан-да. Бошланишига шу пул етар, қолганига ҳам Худо пошшо.

— Харажатни сиз қиласиз, югур-югур ҳам сизнинг бўйнингизда, иззат-обрў ҳокимга экан-да, — деди ён ҳамроҳ қарияга синовчан кўз ташлаб.

— Ҳа, энди-и, — деб жилмайди қария, — у киши ҳам шу эл учун куйиб-пишиб юрибди, қайишганимиз маъқул-да.

— Сиз жа-а ғалати фикрлар экансиз, отахон.

— Улим, — қария яна ён ҳамроҳнинг қўлини кафтига олди, — илтимос, ёрдам беринг, харажатга тайёрман, айтганингизни бераман, юзимни ёруғ қилинг.

Ён ҳамроҳ яйраб кулди.

— Отахон, сизнинг юзингиз ҳамиша ёруғ. Сиз ўтирик сурганингиз йўқ. Сиз чиндан ҳам ҳокимга учрашдингиз, илтимосни етказдингиз.

— Йўғ-а, қайтиб?

— Ана, — ён ҳамроҳ олд ўриндиқда ўтириб, гўё дала-даштни кузатиб кетаётган хумкалла, қоп-қора кишига ишора қилди, — сиз айтган оппоқ, келишган ҳоким шу ерда…

Ҳайдовчи баралла кулиб юборди.

Ҳоким ҳам мийиғида илжайиб ортга ўгирилди.

— Нега куласанлар? Отахон ўтирик сурмайди, кўнгли оппоқ, нияти тоза одамлар булар, шунинг учун  кўзларига ҳамма оппоқ, келишган кўринади.

Машина салони яна қаҳ-қаҳалардан ларзага келди.

Эй, сен, майнавоз, — деди ҳоким ҳайдовчига юзланиб, — тувра Жалпоқтошга ҳайда. Отахон ҳокимни ҳам, қудуқ кавловчини ҳам олдига солиб келганини ҳамма кўриб қўйсин.

Луқмон БЎРИХОН

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan