- АДАБИЁТ, Назм ва наср

Тонг чоғи боғим аро

Андижонга келинг

Боболаримдан қолган бобо юртим,
Момоларимдан қолган момо юртим,
Кўнгли юксак осмон, хушҳаво юртим,
Менга Худо айлаган ато юртим –
Андижонга келинг, жон Андижонга!

Бунда тонглар орзу бўлиб отади,
Саҳарлар элини қуш уйғотади,
Қорадарё мавжига ой ботади,
Адирлари Бобурни ўйлаб ётади –
Андижонга келинг, жон Андижонга!

Бир ёнда Наманган, бир ён Фарғона,
Уч оғайни ботир, учта мардона,
Уч паҳлавон битта, битта пешона,
Истиқлол тахтига олтин остона –
Андижонга келинг, жон Андижонга!

Бу элнинг орзуси, армонлари мўл,
Тоза виждон янглиғ хирмонлари мўл,
Пахталари мўлдир, ҳам донлари мўл,
Баркаш ойга монанд оқ нонлари мўл,
Андижонга келинг, жон Андижонга!

Бобур ўсган ерга гар талпинсангиз,
Нодира шеърини сиз соғинсангиз,
Оташин Чўлпонни агар билсангиз,
Тўлан Низомни ҳам кўзга илсангиз –
Андижонга келинг, жон Андижонга!

Ёз манзараси

Саратон чўғида қовжирар япроқ,
Най чалар ариқча,
Ҳовуз жимиллар.
Бир сўлим кўланка кўлдай лимиллар,
Йўлдан оқиб ётар чўғ бўлиб тупроқ.

Бунда боғ на қилсин,
шаббода сарин?
Кетмон.
Этик.
Яна… ғўза қаторлар…
Қуёшдан авайлаб қари чинорлар
Бағрига тортади деҳқон қизларин.

Бобур таваллоси
Ишқ аро йўл қани, йўлдош қани,
Қўлламоққа қўл қани, қўлдош қани?

Дил лиммо-лим, сир қани, сирдош қани,
Бирман деган бир қани, бирдош қани?

Қонга тўлдим, шеър қани, шеърдош қани,
Қайга борай, ер қани, ердош қани?

Ишқи хорман, гул қани, гулдош қани,
Бошни ёрган ул қани, ул тош қани?

Хокисорман, қон қани, қондош қани,
Бир ўзимман, жон қани, жондош қани?

Танбур навоси

Юракка қуюлди танбур навоси,
Беаёв чўғ солди ўртанган жонга.
Ноламдан титради ҳижрон самоси,
Нетай, сиғмайдирман энди жаҳонга.

Сардоба

Кимсасиз дашт аро сардоба юпун
Ёлғиз, бир етимдек сокин турибди.
Сув чўккан, руҳ чўккан, қаровсиз, беун,
Қартайган тошлар минг хаёл сурибди.

Замонлар кафтида қуламай, мангу
Дўппидай турибди қадимий гумбаз.
Сукунат юракка ташлайди ғулув,
Қоронғи чоҳига тикилсанг бирпас.

Сардоба – сув эмас, энди йиққан ғам,
Аччиқ тақдиридан толади хаёл.
Менга худди мендай термулар у ҳам,
Вақтни қаритган бу саҳройи чол…

Тўлқин (Қора денгизда)

Қайсар тўлқин тиним билмайди:
Эрк истаб қояга ташланар.
Урилару харсанг тошларга
Чекинади, яна ғашланар.

Парчаланиб кетади тўлқин,
Гижинглайди энди тулпордай.
Яна сапчир, силкитиб ёлин,
Қояларда алами бордай.

Охир оқёл аждарҳо каби
Ўшқиради тоқатлари тоқ.
Сўнг тинчийди, нима ҳам қилсин,
Ер-ку қаттиқ,
Осмон ҳам узоқ!

Шамол

Тонг чоғи боғим аро ўйнар шамол,
Ранг-баранг гул бўйидан қувнар шамол.

Ул, эҳтимол, омадим, бахтим билур,
Олам кезиб, кўрганларин сўйлар шамол.

Эркалайди сочларимни тортқилаб,
Менга ҳам бир яхшилик ўйлар шамол.

Соғинганим, зорлигим билдимикан,
Мен сари ёрим бўйин бўйлар шамол.

Дам-бадам кўнглим учун теграмда ул
Ҳол сўраб, минг ўргулиб куйлар шамол.

Дил яйратиб нозанин қизлар мисол
Мен Низомийга таъзим айлар шамол.

Суҳбат

Бахтим қайда дедим, меҳнатда дединг,
Тахтим қайда дедим, заҳматда дединг,
Югурдим ва елдим, роса саксон йил
Нақдим қайда дедим, ҳурматда дединг.

Бедорлик

Кўнгил тўниб қолса, сен дарёга боқ,
Ўзлигинг йўқотсанг, сен дунёга боқ.
Мозорни тавоф эт, бозорни айлан,
ўафлатда қолмагин, бўл бедор, уйғоқ!

Меҳр

Иккаласи узоқ-узоқ жим
Бир-бирига хўп термулади.
Бу бир достон, қай тилдалигин
Ўз бошидан ўтган билади.

Тўлан НИЗОМ,
Ўзбекистон халқ шоири

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan