Исми ҳикматли шоир

202

Жамшид — Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома” асаридаги афсонавий подшоҳнинг номи бўлиб, улуғ, улкан, муаззам деган маънони билдиради. Ҳар гал ажойиб инсон, садоқатли дўст Жамшидни кўрганимда, асарларини ўқиганимда унинг исмидаги ҳикматли маънони эслайман. Донишмандларнинг гувоҳлик беришича, одамнинг исми унинг ­кейинги тақдирига, феълу  атворига ўз таъсирини ўтказар экан. Адабиётни, ижодни муқаддас  қадрият янглиғ кўнглига жо этган ва умрнинг етмишинчи манзилини  кўзлаб турган дўстимизнинг мазмунли ҳаёт йўли бу фикрнинг тасдиғидир.

Таниқли шоир, форс-тожик адабиётининг заҳматкаш таржимонларидан бири Жамшиднинг баракали, сермазмун ижоди китобхонларга яхши таниш. Унинг турли  йилларда чоп этилган “Зангори япроқлар”, “Карвон” “Бўладиган эл” шеърий китоблари мухлислар кўнглидан жой олган. Шунингдек, “Майса ҳиди”, “Хазонрез кунлар”, “Ёруғ сўз”, “Ишқ жоми”, “Тийра моҳ”, “Кўнгил  кўзгуси”, “Моҳи тобоним”, “Сайланма”, “Ибодат” шеърий мажмуалари ҳам тилга тушган, кўпчиликка манзур бўлган.

Серқирра истеъдод соҳибининг шеърияти ҳақида  кўп  ва хўп гапириш мумкин. Унинг асарлари мавзуси ранг-баранг, лирик қаҳрамони кечинмалари тиниқ  ва таъсирчан,  китобхонни бефарқ  қолдирмайди, қалбини  тўлқинлантиради. Бундай  фазилатлар эса юксак истеъдод эгасига хосдир. Зеро, ҳар  қандай истеъдод ва унинг меваси заминида  инсоннинг бетакрор “Мен”и — шахсияти туради.

Ҳаётда яхши дўстлар орттириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Атоқли адиб Асқад Мухторнинг шундай бир  армонли гапи бор: “Дўстлик бор, дўстлар йўқ”. Менингча, ҳаётда дўст орттиришнинг оддийгина бир  сири бор: одамнинг ўзи, аввало, дўстликка муносиб, лойиқ бўлиши  керак. Тўла ишонч билан айта оламанки, Жамшид  дўстликка лойиқ инсон. Бунинг исботи — унинг яхши дўстлари  кўп. Ҳаётнинг маъносини ўша дўстлари билан мулоқотда  кўради. Табиийки, дўстларининг аксарияти ижодкорлар – қалам аҳли, шоир  ва ёзувчилар. Эътиқод  ва дунёқарашларнинг муштараклиги бундай дўстликнинг мустаҳкам заминидир.

 Жамшид Тошкентга келганда, биринчи галда, дўстларини  йўқлайди, уларнинг ҳаёти ва ижодларидаги  янгиликлар, ютуқларни эшитиб суюнади, Дўрмонга бориб, дўстлари билан мириқиб гурунглашади. Туғишган  укаси, таниқли ёзувчи Шойим Бўтаев билан кўришиб, болалик хотираларини  эслашади.

Шоир дўстимнинг  фаолиятидаги мен  ҳавас  қиладиган ва  кўпларга ибрат  қилиб  кўрсатадиган яна  бир муҳим фазилати — адабий меросимизга, таниқли шоир  ва ёзувчиларнинг ижодига  чексиз эҳтиромидир. Бундай фазилат  шахсий доирадан  кўтарилиб, икки  қардош халқларнинг азалий дўстлигига, муштарак  қадриятларимизга хизмат  қилаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Жамшид хазрат Навоий ғазалига, шунингдек,  Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Ўлмас Жамол, Зулфия Бобоева ғазалларига мухаммаслар бағишлагани ана ўша эҳтиромнинг бир далили, десам хато бўлмайди.

Тожикистонда яшаб, ижод қилиб, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини қардош ўлкада тарғиб-ташвиқ қилиб келаётгани ҳам унинг серқирра фаолиятидан далолатдир.

Жамшиднинг “Шарқнома” журналининг 2017 йил, биринчи  сонида “Мен шоирман” дея номланган Абдулла Орипов ҳақидаги хотираларини зўр ҳаяжон билан ўқидим. Муаллифнинг нозик ва  теран кузатишлари, шоир ижодига чексиз меҳру ихлоси айни ҳақиқат бўлишидан ташқари, Абдулла  Орипов мухлисларининг ҳам кўнглидаги фахру ғурурга, армонларга монандлиги билан диққатга сазовордир.

Жамшид  ижодкор  умрининг  айни етуклик палласида. У бетакрор, баракали  ижоди билан ҳали мухлисларини  кўп  ва хўп хушнуд этишига ишонаман.

Шодмон  ОТАБЕК,

Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг