Ноёб тамойиллар, янгича кузатишлар

324
  1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?
  2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади. Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?
  3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

  1. Ардоқли газетамиз таҳририяти қўйган саволлар бир қарашда оддий, тушунарли, айни пайтда жиддий ўйлаб кўрилгудек – ўта мураккаб ҳамда зиддиятли. Илк саволда айтилганидек, кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир унинг аксини тасдиқлайди. “Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?” дея довдиратиб қўяди. Дарҳақиқат, ҳозирги адабий жараёнга синчиклаб назар ташланса, бир томондан, у юксалиш палласида, бунинг тасдиғи учун исталганча далиллар келтириш мумкин. Иккинчи томондан, бошқа бир китобхон, борингки, мунаққид наздида, у инқироз жараёнини бошдан кечираётгандек. Ўта талабчан китобхон, қолаверса, мунаққидларимиз ўтган асрда яратилган довруғли асарларни бирма-бир рўкач қилиб, қани уларга тенглаша оладиган шеър, ҳикоя, қисса, романлар, дея тилингизни тийиб қўймоқчи бўлади. Далил сифатида Қодирий романлари, Чўлпон, Фитрат, Ҳамза, ў.ўулом, Ойбек, А.Қаҳҳор, Саид Аҳмад, О.Ёқубов, П.Қодиров насри, драмаларини, Э.Воҳидов, А.Орипов шеъриятини ёдга солади. Буларга чидаш мумкин, аммо бу ўжар мухолиф-мунаққид китобхоннинг мана бу даъвоси олдида тил тишлаб қоласиз: улар айтганидек, мамлакат аҳолиси 15-20 миллиондан иборат бўлган ўша кезлари адабий газета, журналлар, чоп этилган китоблар адади ҳозиргидан 50-100 баробар ортиқ эди. Ўтган аср охирида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси адади салкам миллион нусхага етгани кўпчиликка аён. Ҳозирда 32 миллионли халқнинг лоақал ўттиздан бири ҳам адабий китоб, газета, журнал ўқимай қўйган бўлса, бу ажаб ҳол-ку! Кишини таажжубга соладиган мана бу ҳолга нима дейсиз: яқинда ХХ аср ўзбек адабиёти дарғаси Абдулла Қодирийнинг беш жилдли ҳозирча энг мукаммал асарлари мажмуаси чоп этилди. Мажмуадан адиб ҳаёти, ижодига оид муҳим мақолалар ҳам ўрин олган. Ҳар бир жилднинг адади бор-йўғи 1000 нусхадан деб белгиланган. Буни кўриб ёқа ушлайсан киши…

Камина адабиётшунос сифатида салкам олтмиш йиллик фаолиятимнинг деярли ярмини Қодирий мавзусига бағишлаганман, кўплаб мақола, китобларим чоп этилган. Ўзга етук адибларни асло камситмаган ҳолда, миллат эрки, озодлиги, руҳияти, маънавияти, орзу-интилишлари ифодаси, кашфи борасида ўтган асрда бадиий ижод аҳли орасида ҳеч ким бу аллома даражасига кўтарилмаганини эътироф этиш керак. Ҳар бир ўзбек хонадони тўридаги китоб токчасида Қуръони карим, Навоий “Хамса”си ёнида “Ўткан кунлар” ҳам туриши лозим деб биламан.

Бугунги адабий жараёнда заиф, адабий танқид ибораси билан айтганда, “танқиддан тубан” асарлар тўлиб-тошиб ётибди. Камина бир вақтлар мунаққид таҳлил, тадқиққа арзийдиган чин асарлар устидагина бош қотириши, “танқиддан тубан” битиклардан узоқда туриши лозим деган фикрда юрардим. Адашган эканман. Кейинги йилларда “танқиддан тубан” бу хил битиклар шу қадар ўтлаб кетдики, уларни чеклаш чораси топилмай қолди. “Пул бўлса – чангалда шўрва” деганларидек, адабиёт даргоҳига ёпирилиб кириб келаётган “тадбиркор” шоввозлар саёз битикларини китоб ҳолида чоп эттиришда ҳаммамизни доғда қолдиряпти…

Омадни қарангки, қалбаки, ясама битиклар тўзони ичида ҳам ярқ этиб кўзга ташланадиган чин, ардоқли, юрак амри, илҳом шавқи билан битилган, теран таҳлил, талқинларга, қизғин баҳс-мунозараларга озиқ берадиган асарлар ҳам яратил­япти. Улар фақат ўзимизда эмас, хорижда ҳам  қадр-қимматини топмоқда. Ўтган аср охири, кейинги янги аср давомида Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Назар Эшон­қул, Иқбол Мирзо, Исажон Султон сингари, шоир ибораси билан айтганда,“аввалгиларга ўхшамас” замонавий жаҳон адабиёти намояндалари қаторида туришга лойиқ янги авлод қад ростлади, уларнинг насрий, шеърий битиклари фақат диёримизда эмас, ундан ташқарида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Биргина мисол. “Истиқлол даври адабиёти” рукнида “Исажон Султон насри бадиияти” номи остида қирқдан ортиқ хорижий ва ўз юртимиз етук мунаққидларининг Исажон Султон ижодига оид мақолаларидан иборат қарийб 400 саҳифали салмоқдор тўплам чоп этилди. Айни шундай тўпламни Исажоннинг сафдошлари ижоди ҳақида ҳам тайёрлаш мумкин, улар бисотида ҳам жаҳонга кўз-кўз қилгудек етук, беназир асарлар бисёр. Уларнинг саъй-ҳаракати, изланишлари туфайли замонавий жаҳон адабиётидаги янгича тамойилларга туташ, айни пайтда миллий қадриятларимиз заминида шаклланган бетакрор адабий оқимлар юзага чиқаётир.

Тан олиш даркор, бошда ўарбга хос модерн йўналишдаги оқимларга баъзан кўр-кўрона эргашиш ҳоллари ҳам юз берди, улар теварагида қизғин баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтди. Ажаб ҳол, синчиклаб назар солинса, аксар етук янги авлод адибларимиз ғарбдагилардан ўзгача йўналишдан бордилар, улар бу борада миллий-исломий қадриятларимиз анъаналарига содиқ қолдилар. Бу ўзига хос адабий ҳодиса хорижлик адиб ва адабиётшунослар диққатини ҳам тортмоқда. Яқин ўтмишда ўзимизда содир бўлган бу ғаройиб жараён, қолаверса, бугунги адабиётимизда кечаётган ноёб тамойиллар янгича талқинларни тақозо этаётир. Қисқаси, бугунги етук адабий авлод тафаккур тарзи, изланишлари туфайли замонавий жаҳон адабиётидаги янгича тамойилларга туташ, айни пайтда миллий қадриятларимиз заминида шаклланаётган бетакрор, ўзига хос миллий адабий оқим тарзида намоён бўлмоқда. Энг муҳими, бу жараён хориждаги зукко адабиёт намояндалари томонидан ҳам эътироф этилмоқда, унинг сара намуналари хорижий тилларга таржима қилинмоқда. Мана шу ноёб ҳодисадан бехабар ҳолда нуқул бугунги адабиётимиз ҳолидан нолиётган кимсаларга ачинасан киши.

  1. “Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?” деган саволга юқорида қисман жавоб бериб ўтдим. Кишини ташвишга соладиган, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар бисёр, уларни бартараф этиш йўлларини белгилаш – кўрсатиш айтишга осон. Афсус, минг афсус, уни амалда ижро этиш… нима ­десам экан, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун жасорат, шижоат, мислсиз фидойилик лозим. Очиғи, ҳозир cизу бизда айни шу хислат, саъй-ҳаракат етишмаяпти.
  2. Очиғини айтай, авваллари адабиётимизда пайдо бўлган жамики асарларни қолдирмай ўқиб борар эдим. Боз устига, мени ҳаяжонга солган барча асарлар хусусидаги таассуротларимни, аввало, университет талабаларига, сўнг матбуот орқали кенг китобхонларга етказиш йўлини тутардим. Ҳозирги ёшимда бунинг иложи йўқ. Дилга яқин ҳамкасб китобхон шогирдларим тавсия қилган, ўқишга арзийдиган асарларнигина мутолаа қилиб бораман. Ўқишга арзигулик асарларнинг ҳам даражаси турлича. Кўнглим тўлмаган асарлар ҳақида гапирмай қўя қолай. Лекин улар орасида қалбни жунбишга келтирадиган, ҳаяжонга соладиган, ўй-мушоҳадаларга ундайдиган битиклар ҳам борлиги каминага қувонч бахш этади. Яна ўша қадрдон иниларим – Хуршид, Улуғбек, Исажон, Иқболлар қаламига мансуб асарлар шу кунда кечаги ва эртанги адабиётимизни ўзаро боғловчи кўприк бўлмоқда, назаримда. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз”, Иқбол Мирзонинг “Зарб”, Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан” қиссалари қўлма-қўл ўқиляпти, давраларда улар ҳақида баҳс-мунозаралар бўляпти… Чунончи, Ислом Академияси тингловчилари даврасида диний-исломий руҳ билан йўғрилган “Ҳазрати Хизр изидан” қиссаси теварагида теран илмий руҳда кечган муҳокама-мунозара, жумладан, каминада яхши таассурот қолдирди. Муҳокама чоғи амин бўлдимки, бу турдаги асар руҳи, моҳиятини англаш, у ҳақида сўзлаш, ёзиш учун адабий-танқидий билимдан таш­қари малака, диний-исломий сабоқ ҳам даркор экан мунаққидга.

Юзлаб нашриётларда чиқаётган юзлаб адабий-бадиий китоб­лар орасида оз бўлса-да, ана шундай нодир намуналар борлигидан қувонасан киши. Бугунги кунда шундай асарлар борлиги, яратилаётгани кўнгилга таскин беради, миллий адабиётимизнинг бугуни ҳамда эртасига  умид уйғотади.

Умарали НОРМАТОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг