Карманалик  камтар ижодкор (2018 йил 39 сон)

662

Юртимиз гўшаларида адабиётга фидойи ижодкорлар кўп. Улар орасида бир самимий ва заҳматкаш шоир бор. Ўзини ҳам, ёзганларини ҳам қадрлай биладиган шоир. Айрим ижодкорлардек турли давра, минбару микрофонларга ҳадеб ўзини уравермайди. Мабодо бирор тадбир ёки учрашувга таклиф қилсангиз, албатта, боради ва сиёҳи қуримаган янги шеър ўқийди. Уни Кармананинг камтар шоири, деб алқашади.

Гап Навоий вилояти, Кармана тумани, Дўрмон қишлоғида туғилиб, ўз дилтуғён шеърлари билан танилган Шойим Шерназар ҳақида бораётир. Бу хокисор шоирни ёши улуғлар “Шойимжон”, тенгқурлари “Шойимқул”, кичик ёшлилар ­“Шойим ака” деб атайдилар. Камина уни ўзимга яқин олиб, “Шойимбой” дейман. Бир шоир бой бўлса, бўлибди-да.

Шоир шеърларини ўқисангиз, соф ва беғубор туйғуларга, теран фалсафий мушоҳадаларга, хуллас, куюнчак ва жўшқин қалб манзараларига дуч келасиз. Шеърбулоқ юракдан тўкилган қувончу изтироблар сизнинг ҳам кўнглингизга кўчади:

Жиловин маҳкам тутсанг,

Чопқир бўлар тулпорлар.

Қаламингдан дард тўксанг,

Қалбни ёқар қоғозлар…

Унинг шеърларини синчковлик билан ўқисангиз, “дард тўкилган” қоғозларда “қалбни ёқар” мисралар ҳар қанча топилади.

Шоир ўзи туғилиб ўсган юрт – Карманани жон-дили билан, фидойилик билан севади. Бу юрт унинг ижодида асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Кармананинг гоҳ уқубатга тўла ўтмиши, гоҳ ҳозирги жўшқин ҳаётини қаламга олади:

…Илҳом жўшиб шоирлари қаламин йўнар,

Боғларида фаришталар кезган Кармана.

Шойим Шерназар шеърлари оҳорли ташбеҳлар, фалсафий хулосалари билан ажралиб туради. Масалан, “Момом саваб қўйган пахтадек, / Кўк тоқида парча булутлар”, “Девордаги соат миллари, / ўафлатнинг умрини санайди”, “Толлар гурунг қилар зўр давра қуриб, / Сарҳовуз жимирлаб ой нурин ичар…”. Шоирнинг ҳаёт фалсафаси акс этган шеърларини ўқиганда, унинг Абдулла Орипов ижод мактаби сирларини ҳамон пухта ва чуқур ўрганаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Чунончи, унинг  “От” деган шеърига диққатни қаратайлик:

Ҳамма отга минмоқ истайди,

Мансаб қули ҳаммаси, ҳайҳот.

Кўриб туриб кулгим қистайди:

Нима қилсин, битта бўлса от…

Шойим Шерназарнинг шу вақтгача “Тун эртаги”, “Соғинч даласи”, “Сунбула”, “Истара”, “Кўнгил йўли” мажмуалари ва “Япроқ умри” сайланмаси чоп этилган.

Бу кун  умрининг олтмишинчи бекатига етиб келган шоир укамизнинг бундай сатри бор: “Бир сўз излаб, куйиб яшадим”.

Қаламингиз ёниқ СЎЗни излашдан асло толмасин. Шеър ишқида ёниб яшаш завқи сизни асло тарк этмасин.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг