Мўъжизавий санъат қудрати

182

Бир неча кун давомида жаҳон мусиқа ихлосмандлари диққат-эътиборини жалб этиб турган қадимий ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Халқаро мақом санъати анжумани 10 сентябрда ўз ишини якунлади. Беш кун давомида шаҳар узра хорижлик ва ўзбек санъаткорлари ижросида қадим ва бетакрор мақом ашулалари янгради. Танлов қатнашчиларининг чиқишларини Оқсарой майдонига тўпланганлар мароқ билан тингладилар.

Мумтоз ашула байрами Оқсаройдан ташқари Қашқадарё вилоятининг Китоб, Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларида ҳам кўтаринки кайфиятда давом этди. Бу туманларда чет эллик санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурлари том маънода дўстлик тадбирларига айланиб кетди. Санъат мухлислари ва ижрочилар ўртасида самимий ришталар боғланишига хизмат қилган бу концертлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Анжуман доирасида бўлиб ўтган “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам мақом санъати билан боғлиқ назарий муаммоларни атрофлича муҳокама қилишда, бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши тайин.

Ўнинчи сентябрь куни Шаҳрисабзнинг Оқсаройдаги амфитеатрида биринчи Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Анжуманнинг бош сов­рини — Гран-при Тожикистоннинг “Мақом академияси”га насиб этди.

Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Эроннинг “Настар” ансамбли ва Ҳиндистондан Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи, Туниснинг “Al Ghardi Twins”, Япониянинг “SPCP Japan” жамоалари ҳамда Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга муносиб топилдилар.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Нуфузли форумлар якуни ҳамиша ҳаяжонли, беҳад қувончли бўлади. Олқишлар ва қарсаклар остида ҳис-ҳаяжонини зўрға босиб олган тожикистонлик санъаткорлар, фахр ва қувончга тўла овоз билан мухбирларга таассуротларини сўзлаб беришди.

— Биз ҳозир жуда ҳам хурсандмиз, айни пайтда қаттиқ ҳаяжондамиз, — деди ансамбль солисти Жамшид ­ЭРГАШЕВ. — Аввало, буюк мақом санъатига бағишланган халқаро фестивални ўтказиш ташаббускори бўлган ва уни қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Президенти ­Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз. Менинг­ча, бунга бошқа давлатлар санъаткорлари ҳам қўшилишса керак. Ўзининг кўлами жиҳатидан ниҳоятда кенг миқёс касб этган бу байрам мақом ва унинг қимматини, бугун ва келажак учун зарур бўлган беқиёс аҳамиятини, шу санъатни ўзида сақлаб, авайлаб келаётган халқ маънавиятининг нақадар бой эканини дунё халқлари олдида баралла намоён этди.

Тўғри, биз совринли ўринлардан бирини қўлга киритишни орзу қилгандик. Лекин бундай юқори савиядаги анжуманда юксак мукофотга сазовор бўлишимизни кутмагандик. Гран-при учун форум ташкилотчиларидан, ҳайъат аъзоларидан, бизни қўллаб-қувватлаб турган томошабинлардан миннатдормиз. Шубҳасиз, бундай ютуқда устозимиз Абдували Абдурашидов раҳбарлиги остида жиддий тайёргарлик кўриб, намойиш этган дастуримиз катта аҳамиятга эга бўлди. Мазкур фестивалнинг қадимий Шаҳрисабзда ўтгани, айнан шу ерда мумтоз мусиқанинг имкониятлари кенг намоён бўлиб, янги овозлар кашф этилгани ҳам қувонарлидир.

Шаҳрисабз шаҳри ҳокимияти вакили Ҳайдар БЕРДИЕВнинг сўзларини бутун Қашқадарё элининг фикри деб қабул қилиш мумкин:

— Барча шаҳрисабзликлар, вилоятимиз аҳли, бошқа ҳудудлар аҳолиси номидан айтишим мумкинки, биз айнан қадимий ва навқирон шаҳримиз улкан умумжаҳон форуми ўтказилиши учун танланганидан хурсандмиз. Бу мақом ижроси бўйича маҳоратларини намойиш этган дунё мамлакатлари санъаткорларининг ҳам, тарихий-мусиқий меросни асраб-авайлаб келаётганларнинг ҳам эътирофидир. Биринчи форум муваффақиятли ўтди. Демак, бу иш яна давом этади. Чунки бошланган хайр­ли ишнинг охири бўлмайди, яхшилик абадиятга қўйилган қадамдир.

Беларуслик продюсер Сергей ЖДАНОВИЧ форумнинг деярли барча тадбирларида қатнашди. Биз билан суҳбатда у ўз ҳис-ҳаяжонини яшира олмади:

— Мен жуда кўп фестиваль ва танловларнинг гувоҳи бўлганман. Лекин бундай бағрикенгликни, меҳмондўстликни, ниҳоятда истеъдодли халқни биринчи кўришим. Ушбу форум нафақат мен, балки барча қатнашчилар кутганидан-да, зиёда ўтди. Ҳайъат аъзоларига тасанно: мақомдек тарихий санъат турининг энг маҳоратли усталари таклиф этилган. Айнан шу биринчи форум тадбир истиқболига пойдевор қўйди.

Шаҳрисабз ҳақидаги машҳур қўшиқ фақат менинг болалигим қўшиғи бўлмай, балки биз бугун биринчи марта кўриб турган мамлакатни, унинг одамларини, шаҳарни эслатиб турувчи асардир. Бу ерда барча кўрганларим ва эшитганларим келгусидаги профессионал амалиётимда ўз аксини топади. Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ватани дунё санъатининг барча турлари намояндаларини лол қолдириб келган ва бугун ҳам шундай. Бу буюк шахс даврида, ундан сўнг ва бугунги кунда юртингизда амалга оширилаётган ишлар жаҳон аҳлини ҳайратлантиряпти.

Танловда “Сақил” (Тошкент) ансамб­ли билан бирга биринчи ўринга сазовор бўлган Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Соҳиб Пошшозода раҳбарлигидаги “Мақом” ансамблининг­ ижро маҳорати нафақат Шаҳрисабз форуми қатнашчилари ва томошабинлари, балки пойтахтимиз мусиқа шинавандаларига ҳам завқ бағишлади. “Туркистон” саройи ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтининг томошабинлар билан тўла залларида ўтган концерт дастурлари бунинг яққол далилидир. “Мақом” ансамбли раҳбари Соҳиб ПОШШОЗОДА таассуротлари ҳақида шундай деди:

— Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Кўп миллатларни бағрига сиғдириб, дўстона муносабатлар оғушида яшаётган бу мамлакат одамлари самимийлиги, меҳмондўстлиги, бағрикенглиги билан мени ҳайратга солади. Ўтган йилги “Шарқ тароналари” фестивалида Гран-прини қўлга киритганимдаги ҳаяжонларим ҳали ёдимдан кўтарилмай туриб, Мақом фестивалида ансамб­лимизнинг биринчи ўринни эгаллаганидаги бахтиёрлигимни тасаввур қилолмайсиз.

Ўзбек томошабинлари билан илгаридан танишман. “Шарқ тароналари”дан ташқари, шу йил май ойида Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ёшлар симфоник оркестри билан биргаликда концерт бергандим. Мақом форумидан кейин берган иккита концертимизни ташкил этишда кўмаклашган Ўзбекистондаги Озарбайжон элчихонасига ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон марказига миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, юксак савияда ўтган Мақом форуми учун Президентингиз Шавкат Мирзиёевга ҳам жамоамиз номидан раҳмат айтамиз. Зеро, биз санъаткорларнинг асосий вазифаси қадим мусиқа меросимизни авайлаб-асраб авлодларга етказиш, айни вақтда жаҳон мусиқий маданияти ривожига ҳисса қўшишдир. Ўзбек ва Озарбайжон мусиқа санъати азалдан қондош ва жондош. Барча иштирокчиларнинг чиқишларини алоҳида завқ-шавқ билан, тушунган ҳолда қўллаб-қувватлаб турган шаҳрисабзликларга раҳмат. Шаҳрисабз — дунё бўйича мақом маркази бўлиб қолиши керак. Юртингиз санъаткорларини биргаликда катта концерт дастурлари намойиш этиш учун Озарбайжонда кутиб қоламиз.

Флора ФАХРУТДИНОВА

тайёрлади.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг