Сўзлашармиз қушлар тилида

220

Буюк жароҳат

Харобалар ичра қанча сирлар бор,
Сўнгсиз фарёдлар бор тугаб битмаган.
Ернинг она бағрин эзиб ётган зор,
Номаълум қабрлар бордир титраган.

Бари дардларини ичига ютиб,
Чўкиб бораётган шу туманларга.
Отилган ўқларга кўксини тутиб,
Етиб келолмаган ёруғ кунларга.

Шуълалар келтирган бўлса ҳам беун,
Ҳеч кимнинг кўнглидан ўтмаган, ахир.
Оловларга кириб шу Ватан учун,
Тўкилган хасчалик топмаган қадр.

Ҳали битмай туриб дилдан яраси,
Тарихлардан ўчган, қалблардан ўчган.
Унут вайроналар, ғоратлар аро
Ҳатто эзгу номи тошлардан кўчган.

Бўғзига ботганча ҳайқириқлари,
Мунгга тўлиб турса ҳамки нигоҳи.
Аммо кулиб боқар шу озод Шарққа,
Шу Туронга қараб юксалар руҳи.

Балки у ҳали ҳам кўз ўнгимизда
Кишанлар жарангин унутолмаган.
Дунёни бўшатиб асирликдан жим,
Ўзи тутқунликдан қутулолмаган.

Минг йиллик исёнлар оқар қонида,
Ҳали ҳам яшайди бир ҳовуч нур деб.
Бир сиқим тупроқ чун жонини берар,
Оҳ, бунча ҳурталаб, бунча нурталаб.

Азобга кўмилган шу шонлар ҳаққи,
Ёдини қолдирманг маломатларга.
Эрк учун тўкилган шу қонлар ҳаққи,
Тегиб кетманг буюк жароҳатларга.

Биздан кўра кўпроқ ҳақли шу ерга,
Қанча шарафласак шунча ҳаққи бор.
Чунки мангуликка журъати билан,
Жасорати билан улар дахлдор!

Уйғониш азоби

Нур билан зулматнинг оралиғида
Юрагим ғижимлаб ётар бир андуҳ.
Дунёда борлигим сезмайди биров,
Ҳамма ҳам ёнимдан ўтмоқда беруҳ.

Ҳамма ўз кўйида, кўз ёшига ғарқ,
Ичида қандайдир инжиган ғамлар.
Қачон ўз-ўзидан ўзади бу халқ,
Қачон бир-бирини англар одамлар?!

Бир хил йиғлагани, кулгани каби
Дарди ҳам бир бўлар қалбда бегумон.
Юз йиллик адоват ғурубларидан
Қаҳру ғазаблари тарқалар қачон?

Тангри кезиб юрган эҳромлар аро
Буюк қитъаларнинг етар тубига.
Қачон ёвлашишдан бир лаҳза бўшаб,
Ажралмай яшайди икки қутбга.

Қутулади барча ваҳму гумондан,
Ишқ билан ювилар кўнгил занглари.
Қасос ўтларини ўчириб қондан,
Битар кечмишининг қора ранглари!

Хаёл пучмоқларин ёритар қуёш,
Мангу тугаб битар ғурбат фироғи.
Дарёлар ортида қалқимас кўз ёш,
Оналар билмайди фарзанд доғини.

Сизни билмадиму…

Сизни билмадиму менга танишдек
Уфқ ортидаги пуштиранг йўллар.
Кўзим дарёсида яшаётгандек
Нурларга ғарқ бўлиб неча минг йиллар.

Айни шу лаҳза ҳам ёруғ сирларга
Кўмилган дунёга келганман бирров.
Қонимдан то ўтли нафасимгача
Кўксимни куйдирар ишқ деган олов!

Санобар тушлардек бариси аён,
Оққушлар руҳимни уйғотар огоҳ.
Қачондир елкамда қанот бўлганин
Менга эслатади осмон баногоҳ.

Ноумид эмасман агар айрилсак,
Соямиз қўшилар суман гулида.
Қайсидир ҳаётда яна учрашсак,
Балки сўзлашармиз қушлар тилида!

Ҳақ хаёли

Умримми – беқадр тўкилган хазон,
Ё эрта очилиб дўлда қолган гул.
Қавс боғларида изғиган мезон –
Адашган ул қамар сенмисан, кўнгил?

Сенмисан – тириклик базмидан сархуш,
ўамини кўзимга яширган дунё.
Ҳақнинг хаёлида кезиб юрган туш,
Мангу бир азобга айланган рўё.

Кетиб шу ердаги эзғин зорлардан,
Ҳеч қачон ортига қайтмаган ошиқ.
Тирик чиқиб бўлмас қайғузорлардан
Омон олиб чиққан сенмисан, эй ишқ?!

Сенмисан – дилимга туйғулар солиб,
Кимнингдир йўлига маҳтал қаратган.
Юракнинг энг гўзал жойидан олиб,
Бахтимни негадир кемтик яратган.

Ўзимни ахтариб чарчадим бекор,
Топганим шу шеър, шу маҳзун чироқми?
Шунча йилдан буён ё, парвардигор,
Ҳали ҳам дунёга келганим йўқми?!

Ишқ

Дилим асрорига етарми олам,
Ерда сир қолмади очилмайдиган.
Менга бир ишқ бергин – қиёматда ҳам
Илоҳий шарори сочилмайдиган.

Ҳамма-ҳаммасига зимдан қўл силтаб,
Қисматдан ўкситмай сўйлатадиган.
Бағримни қон қилган кўз ёшим артиб,
Бир ойдин қўшиқлар куйлатадиган.

Бари гуноҳимдан ўтгувчи кулиб,
Умрим бермайдиган қора селларга.
Энди етганимда қалбига тўлиб,
Ташлаб кетмайдиган аро йўлларда.

Шу қадар топ-тоза, шу қадар ҳалол,
Юракдаги доғни поклайдиган ишқ.
Туннинг боғларига тўкилсам беҳол,
Гулу хазонимда йўқлайдиган ишқ.

 

Адиба УМИРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг