Ижодда  ҳам  рақобат  зарур

272
  1. Мен ўзбек адабиёти юксалиш босқичида, деганларни ҳақ деб ҳисоблайман. Холис қаралса, бугунги адабиётимиз ҳам миқдор, ҳам сифат, ҳам кўлам жиҳатидан илгари хаёл қилинмаган миқёсга етганини кўриш мумкин. Катта ёшдагилар яхши билади: бундан чорак аср олдин йилига бир-икки роман чоп этилса, катта ижодий воқеа юз берган саналарди. Истиқлолгача энг сермаҳсул носиримиз ҳам умри давомида бешта роман ёзган эди. Эгаменликдан сўнг Омон Мухторнинг ёлғиз ўзи ўн тўртта роман яратди. Истиқлолга қадар ўзбек адабиётида биргина трилогия бор эди. Ҳозир қатор-қатор трилогиялар, нечалаб тетралогиялар, иккита пенталогия, ҳатто кўп китобдан иборат романлар туркуми яратилди.

Тўғри, гап сонда эмас, аммо фалсафада миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига айланиш қонуни борлигини ҳам ёдда тутиш керак. Айримларда: “Миқдор ўзгаришлари ҳамиша ҳам ижобий сифат ўзгаришларига олиб келаверадими?” деганга ўхшаш қитмир савол пайдо бўлиши мумкин. Элимизда: “Кўп йиғилса, йўқ топилар”, “Кўпнинг кўланкаси – олтин” деган мақоллар бежиз пайдо бўлмаган. Бадиий асарларнинг ҳам кўплаб яратилиши табиий равишда мусобақа, рақобат вазиятини вужудга келтиради. Шу боис миқдорий ўсишдан ҳам самара умид қилинса, янглиш бўлмайди.

Шиддат билан кечаётган адабий жараёндан яхши хабардор бўлмаган айрим одамларга бугунги ўзбек адабиёти турғунлик ёки таназзул даврини бошидан кечираётгандек туюлиши мумкин. Чунки бундай кишилар кейинги вақтда яратилаётган сон-саноқсиз асарлар билан таниш эмаслар. Билмаганликлари учун ҳам уларга адабиётда ҳеч нарса йўқдай туюлади. Адабиёт ўзи шундай ҳодиса – ҳар қандай бадиий битик ўқиганлар учунгина бор, ўқимаганлар учун эса йўқ.

Ўзбек адабиётининг сифат жиҳатидан ҳам юксалаётганини кўрсатувчи бир жиҳат бор. Олдинлари адабиётнинг асосий эътибори долзарб мавзуни қаламга олишга қаратилган бўларди. Бу ҳол ижодкорларнинг одамга турли томондан ёндашиш ва бадиий тад­қиқ этиш имкониятини чеклар эди. Эндиликда адиблар ҳар қандай турдаги бадиий асарда одам ва унинг тинимсиз ўзгаришлар оғушидаги руҳий дунёсини исталган ракурсда тасвирлашга диққат қаратмоқдалар. Эътибор қилинса, бугунги яхши битикларда турли табиатли одамларнинг турфа руҳий олами теран акс эттирилаётганини кўриш мумкин.

  1. Ўқирманларнинг кескин камайиб кетганидан кейин мени энг кўп ташвишга соладиган муаммо – ёзувчи-шоирларнинг бир-бирлари ижодидан хабарсизлиги, бунга лоқайдлиги. Қайралмаган ханжар ўтмаслашиб қолгани каби ижодий истеъдод ҳам тинимсиз қайраб турилгандагина ўткирлашиб боради. Ўзгаларнинг асари билан танишиб бориш ёзарман учун ижодий қайроқ вазифасини бажаради. Менингча, ўқирманнинг камайиб кетганидан ҳам кўра ижодкорлар бир-бирининг битганларини ўқимай қўйиши, асарларини ўзаро муҳокама қилмаслиги адабиёт ривожига кўпроқ зарар келтиради. Чунки бундай ҳолда ички ижодий мусобақа юзага келмайди, бинобарин, бадиий тасвир савияси юксалмайди. Афсуски, бу муаммони ечиш йўлини кўрсатишга ожизман. Чунки ижодкорлар бир-бирининг битикларини ўқимаслигига истакнинг йўқлигидан бўлак объектив сабаб бўлмаганидек, ўқимоқлари учун ҳам хоҳишдан ўзга ташқи туртки керак эмас. Адибларимиздаги бу иллатни бартараф қилишнинг универсал йўли ёки рецепти борлигини эса билмайман.
  2. Яқин орада ўқиган китобларим жуда кўп. Лекин уларнинг орасида менга қаттиқ таъсир қилган, яхши таассурот қолдирган битиклар сифатида Ҳалима Худойбердиеванинг “Осойишта шам”, Усмон Азимнинг триптих ҳикояси, Луқмон Бўрихоннинг “Қуёш ҳали ботмаган” қиссаси, Фахриёрнинг “Излам” шеърий тўплами, кўпчиликка маълум бўлмаган ёзувчи Сайим Исоқнинг “Қиёматга қолмаган қасос” тарихий-детектив романи, Назар Эшонқулнинг “Қўл” ҳикояси, Ойдиннисонинг “Авф” достони, Исмоил Шомуроднинг “Қамал” романини айтишим мумкин.

Ҳалима Худойбердиеванинг охирги китобига кирган “Осойишта шам” ва “Ўлимни машқ қилдим” деган икки шеър­нинг ўзиёқ ифода жозибаси ҳамда поэтик маъно салмоғига кўра очундаги энг юксак шеърий талабларга тўла жавоб бера олади.

Фахриёрнинг “Излам” тўпламидаги ҳар бир шеър тушуниб ўқиган одамни ўзида ўзини излашга мажбур қилиши, ўзбек сўзида энг нозик инсоний туйғуларни ҳам нафис ифодалаш имкони борлигини кўрсатиши билан ажралиб туради.

Ойдиннисо  “Авф” достонида авф қилингани сабаб қамоқни тарк этаётган аёлнинг тутқунликдаги саккиз соатлик ўю кечинмаларини ретроспектив тасвирлаш орқали уни жиноятга ундаб, чексиз фожиалар гирдобига улоқтирган омилларни улкан дарду куюнчаклик билан ифодалай билган. Шу сабаб асар ўқирманни лоқайдликдан чиқариш ва кўнглини тозартиш қудратини касб этган.

Усмон Азимнинг “Ишхонадаги кўргазма”, “Бир даста қизил атиргул”, “Ходимлар бўлими бошлиғи” дея номланган триптих-учлик ҳикоясида эзгулик, гўзаллик, эрк ва одамийлик сингари юксак туйғулар инсонни улуғлашию одамлараро муносабатларнинг чигал ва тушунарсизлиги оригинал воқеалар тасвири асносида улкан маҳорат билан кўрсатилган. Бу асарлар тасвирнинг ҳаққоний ва таъсирчанлиги, тилининг жозибаси, сюжетнинг пухталиги, персонажлар руҳиятининг теран ифодасига кўра очун ҳикоячилигининг энг сара намуналари билан бемалол беллаша олади.

Луқмон Бўрихоннинг шиддат билан ривожланиб борадиган қизиқарли сюжетга эга, гўзал бадиий тилда битилган “Қуёш ҳали ботмаган” қиссасининг қаҳрамонлари романтик табиати, ҳаётга ташналиги, эзгу амалларга иштиёқи билан бугунги ёшларга намуна бўларли қудратга эга.

 Ўқирманлар орасида унчалар таниқли бўлмаган ёзувчи Сайим Исоқнинг “Қиёматга қолмаган қасос” романи ҳам ўткир сюжети, ҳам ғоят жозибали тили, ҳам муаллиф позициясининг аниқлиги боис диққатингизни ўзига михлаб қўяди. Ёзувчи миллий адабиётимиздаги илкинчи тарихий-детектив романида ўтмишнинг ёғдули қирраларини таъсирли ва қизиқарли тасвирлаган.

Назар Эшонқул “Қўл” ҳикоясида ёвузликка қарши курашда бирлик, елкадошлик, сезгирлик бўлмаган жойда на шахсий ва на оммавий ҳаловат бўлишини ўзига хос рамзий-ишоравий йўсинда акс эттиради.

Исмоил Шомуроднинг “Қамал” романида тарихга муносабат борасида тамомила янгича концепция илгари сурилади. Ёзувчи миллионлар қаторидаги оддий одамни тарихий воқеа-ҳодисаларга шунчаки илова эмас, балки тарихни яратувчи, баъзан ҳатто унинг йўналишини тамомила ўзгартириб юборувчи куч сифатида жуда таъсирли акс эттиради.

Ўқиб, кўнглим тўлмаган асарлар эса жуда кўп. Бир қатор асарларда қизиқарли ва фавқулодда воқеалар тасвирига зўр берилади-ю, одам ва унинг фикр-туйғулар олами ёддан чиқарилади. Жуда кўпчилик битикларда тил ғариб, образларда ўзига хослик, тириклик аломати сезилмайди. Улар муаллифнинг буйруғи билан ҳаракатланадилар, сўзлайдилар. Персонажлар нутқи жонли одамники эмас, тароватсиз. Муаллифлар сўзни ҳис қилмаганлари боис тилимизнинг кўрку жозибасини беролмайдилар. Қандайдир воқеани шунчаки қайд этиш билан адабиёт яратилади, деб ўйлайдилар. Асл адабиёт намуналарини кам ўқиганлари сабаб чинакам бадиий асар қандай бўлишини билмайдилар. Афсуски, асарларида шундай етишмовчилиги бор ёзувчилар номини ҳозир айтолмайман. Сабаби – юзаки, саёз ёзилган асарлар номини тилга олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Негаки, мақтовни асослаш шарт эмасдир, аммо танқидни, албатта, исботлаш керак бўлади. Бунинг учун эса анчагина вақт ва жой талаб этиладики, менда вақт тақчил бўлгани каби, газетангизда жой камчил.

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,

педагогика фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг