Янги рукн! Адабий  жараён: муаммолар ва мулоҳазалар

289

Қадимги юнон файласуфи Гераклит: “Бир дарёнинг сувида икки марта чўмилиб бўлмайди”, деган эди. Мутафаккир бу билан дарё суви бетиним оққани боис ҳар лаҳзада ўзгариб, янгиланиб туришига ишора этган, албатта. Миллат руҳиятининг бадиий сўздаги тажассуми бўлган адабиёт ҳам бирор дақиқа ҳаракатдан тўхтамайди. Унда янги асар, янги тенденциялар бамисоли оқимга айланиб, муттасил ўзгариш, янгиланишларни юзага келтиради.

Адабий жараён шу қадар мураккаб, шу қадар кўламли ҳодисаки, уни  ҳатто тафаккур ҳам тўлиқ қамраб олмоққа қодир эмас. Лекин, шунга қарамай, барча даврларда бу жараённи имкон қадар теранроқ англашга,  адабиёт ривожи билан боғлиқ муаммоларни аниқлаб, ечим топишга интилишлар бўлган. Шу жиҳатдан, “ЎзАС” таҳририяти ҳозирги адабий жараённинг долзарб масалаларига доир саволлар билан ижодкорларга, адабиётшунос ва мунаққидларга мурожаат этаётгани табиий ҳол, албатта. Саволлар қуйидагича:

  1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?
  2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади. Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?
  3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб.  Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига олинган илк жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

Таҳририят

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг