Мақом – бебаҳо бадиий қомус (2018 йил 38 сон)

391

Кеча қадимий ва навқирон Шаҳрисабзда 1-Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари Амир Темур бобомиз барпо этган Оқсарой майдонида ўтаётган 1-Халқаро мусиқа анжумани иштирокчилари ва меҳмонлари, ЮНЕСКО вакилларини самимий қутлаб, жаҳон халқларининг мусиқий хазинасига айланган мақом санъатини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш мазкур анжуманнинг асосий мақсади эканини алоҳида таъкидлади.

Анжуманда дунёнинг етмишдан зиёд мамлакатидан ташриф буюрган уч юзга яқин машҳур хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар иштирок этмоқда. Тадбир қатнашчилари санъат усталари ижросида янграган мақом дурдоналаридан баҳраманд бўлдилар.

Кўҳна Кеш улкан издиҳомда. Муаззам Оқсаройдан то Кўкгумбазу Дорус саодат мажмуасига қадар қадди очилган обидалар қалъасимон яхлит меъморий ансамбль яратган. Улар гўё осмону фалак буржларидан яшил шаҳар анжуманига ороланиб, нозланиб тушиб келганга ўхшайди.

Эҳтимол, бундай афсонавор гўзалликка ҳали кўзимиз кўникмагандир, шу сабаб бир ҳайратимиз ўн ҳайратга айланади. Кўҳна обидалар атрофи гулзорлар, сарву санобарлар билан чирой очган. Тинимсиз маржон-маржон марварид сочаётган эртакмонанд фавворалар узра салқин сабо кезади. Улардан баҳра олиб хиёбонлар, йўллар бўйида раста-раста райҳонлар мавжланади. Мавжлар узра жаннат ифори уфуради. Гўё бутун оламни муаттар бўй тутиб кетгандек.

Балки қадим Шаҳрисабз ўз тарихида бундай анжуманни кўрмагандир. Фақат 614 йил муқаддам Кичик Осиёдан улкан зафар билан қайтган ҳазрат соҳибқиронни кутиб олгани чиққан аркони давлат Амир Темур бобомизни ана шундай буюк меҳр билан шарафлагандир. Бугун ул муборак зотнинг барҳаёт руҳи яна ўз юртига қайтиб, халқаро мақом санъати анжумани қатнашчиларини қутлаётгандек бўлиб туюлади. Етмишдан зиёд мамлакатдан ташриф буюрган машҳур санъат усталари буюк соҳибқиронни камолга етказган заминга ўз эҳтиромини изҳор этмоқдалар. 

Илму адаб қуббаси дея довруқ қозонган кўҳна Кеш олти ярим аср муқаддам Темурбек бобомиз ҳокимият тепасига келиши арафасида расман Шаҳрисабз деб номланди ва соҳибқирон салтанатида янги давлатнинг илк пойтахти бўлиб тарихга кирди. Шаҳрисабз, аввало, инсоният тамаддунининг қадим бешикларидан бири сифатида қадр топди. Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек: “Агар унинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, гарчи бошқа тилларда ижод қилишган бўлса-да, туркий улусдан тарқалган ва мана шу юртнинг зурриёди ҳисобланган жаҳон шеъриятининг султонларидан бири бўлмиш Хусрав Деҳлавий, жаҳон шеъриятининг гултожларидан бўлмиш Мирзо Абдулқодир Бедил, Шарқ ғазалиётининг энг беназир вакили Мирзо ўолиб каби не-не муборак зотлар ҳам бир-бир хаёлдан ўтади. Кейин яна шу хаёлдан ўтадики, бу буюк шаҳарнинг таъриф-тавсифи Мир Алишер Навоий ҳазратлари ижодида алоҳида ўрин тутган. Сабабким, Навоий бобомиз Самарқандга ўтаётиб ҳам, қайтаётиб ҳам шаҳри Кеш, яъни Шаҳрисабзда бўлган ва энг гўзал байтларини, достонларидаги кўркам қиссаларни қадим шу шаҳар билан боғлаб ижод қилган”.

Бу қадим кентнинг улуғвор нафасини кўзига тўтиё этган Абу Муҳаммад Кеший,  Шамсиддин Кулол ва Ҳазрати Башир каби азиз-авлиёлар, Фироқий, Хиромий, Равнақий, Фақирий сингари шоиру алломалар ҳам шу муборак сардафтар саҳифаларини ўз шонлари ила безадилар. Абдулла Қутб мадрасасида таҳсил олиб, пурвиқор тоғлар бағрида ўсиб-улғайган, ҳарбу зарб илми билан жаҳонни титратган соҳибқироннинг тарих майдонига чиқиши эса, бу қутлуғ заминга оламшумул шон-шуҳрат бахш этди. Йўлида учраган жамики ободликни ер билан яксон қилган мўғул яғмосидан ярим дунёни қутқарган енгилмас баҳодир шаҳарсозлик ва меъморлик, фан ва маданият, муқиқа илмининг гуркираб равнақ топиши учун ҳам ғамхўрлик кўрсатди…

Ҳурриятимизнинг йигирма етти йиллиги тантаналари арафасида Шаҳрисабзга цивилизация мўъжизаси бўлмиш “Афросиёб” поезди қадимият шукуҳини бугун билан боғловчи кўприк сифатида кириб келди. Олис Испаниядан йўлга чиққан бу поезд олти аср муқаддам Амир Темур саройига азму ихтиёр қилган Рюи Гонзалес Клавихо сингари буюк соҳибқиронни улғайтирган шаҳарга ўз эҳтиромини изҳор этмоқда, гўё. Унинг бағрида қадим Туркистон кенгликларидан завқ туйиб Шаҳрисабзга келган меҳмонлар ҳам алёр айтмоқдалар. Шаҳар узра инсоният маданий тамаддуни мўъжизаси – мақом оҳанглари таралмоқда.

Фақат Шаҳрисабзнинг ўзи эмас, уни қуршаган осмонталош чўққилар ҳам ҳайратда. Сеҳру жозибага бой Ҳисор тоғларининг ҳар қадамида мусаффо чашмалару қадимият мўъжизалари. Оқсув дарасининг тоғ тўшидаги ўилон қишлоғидан то Ҳисораккача бўлган қарийб қирқ беш километрлик қисми ЮНЕСКОнинг “Жаҳон табиий ва маданий мероси дурдоналари” рўйхатига киритилган. Амир Темур ғори, Сувтушар шаршараси, динозавр сўқмоғи, Ҳазрати Султон чўққиси ва унинг ёнидаги 1,6 ва 1,4 километр узунликдаги абадий музликлар, Қалъаи шерон – Қашқадарёнинг бир вақтда йилнинг тўрт фаслини намоён этган гўзал тимсолларидир. Айрим манбалар гўзал байтларини Шаҳрисабзга боғлаб ижод қилган ҳазрат Алишербекнинг тоғалари зоти-будини ҳам шу шаҳарга мансуб деб қайд этадилар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқаро мақом санъати анжуманига мезбонлик қилиш учун айнан Шаҳрисабзнинг танланишида катта ҳақиқат бор. Бу шаҳарнинг миллий мусиқа меросимиздаги бетакрор ўрни халқимизнинг қадимият анъаналарига туташдир. Атоқли санъатшунос олим Муҳсин Қодировнинг ёзишича, Шаҳрисабзда Бухоро, Самарқанд ва Хоразм сингари зардўштийлик ва унинг муқаддас китоби «Авесто» кенг тарқалган. Шу боис тўй маросимлари, Наврўз, Меҳржон, Сада байрамларида, Қурбон ва Рўза ҳайитларида тунги бозорларда намойиш этиладиган томоша ва ўйинлар зардўштийлик тимсоллари билан боғлиқ бўлган. Фасл байрамлари, расмий тантаналарда тўйхонаю майдонлар, сайлгоҳларда гулханлар ёқилиб, базму томоша уюштирилган. Тўйларда раққослар гулхан атрофида Анахита қиёфасида созанда ва хонандалар жўрлигида рақсга тушишган, Митранинг Анахитага севги изҳор қилиши ва уйланиши намойиш этилган.

Халқаро мақом санъати анжумани арафасида Шаҳрисабзнинг тарихий марказида фаолият бошлаган Мақом музейи экспозициялари билан танишиб яна шунга ишонч ҳосил қилиш мумкинки, Узунқирдан топилган милоддан аввалги I асрларга оид уд чалаётган аёл терракота-ҳайкалчалари мусиқа санъати бу ҳудудда эрадан аввалги VIII – VII асрлардан бошлаб ривож топганини кўрсатади. Шаҳрисабз моддий маданият тарихи музейи раҳбари Набижон Хушвақтовнинг гувоҳлик беришича, Юмалоқтепа харобаларидан олинган оссуарийларда ҳам кўплаб мусиқачи-фаришталар тасвири бор экан. Улардан бирида арфа чалаётган, ғоят башанг кийинган фаришта тасвир этилган. Тасвирларнинг ниҳоятда жонли ва ҳаққонийлиги улар ўз даврининг машҳур мусаввирлари томонидан яратилганини кўрсатади. Самарқанднинг Мўминобод қишлоғидан уч минг йил олдин ясалган най топилган.

Салкам уч минг йил илгари Марказий Осиёда илк давлатлар ташкил топди. Бақтрия, Сўғдиёна, Хоразм, Марв каби салтанатлар вужудга келди. Шу вақтдан йирик шаҳарлар тўхтовсиз тараққий топа бошлаган. Таниқли шарқшунос Ричард Фрайнинг таъбирича, Сўғдиёна қадимда Марказий Осиё юраги эди. Жанубий ва шимолий Сўғднинг туб замини Қашқадарё ва Зарафшон дарёлари водийси бўлган. Суғдийлар минг йилдан кўпроқ вақт давомида Буюк Ипак йўлида ҳукмронлик ўрнатган. Бу йўл орқали ҳунармандлик буюмлари, турли товарлар, шу билан бирга мусиқа маданияти ҳам Хитой, Корея ва ҳатто Япониягача етиб борган. Сун Сяннинг ёзишича, V асрдан Х асргача суғдийларнинг қўшиқлари, рақслари ва мусиқа асбоблари Хитой императорлари саройлари, шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб таралиб турган. Марказий Осиё ва Шарқий Туркистондан келган мусиқачиларга катта ҳурмат кўрсатилган. Япониялик олим Кисибэ Тан империяси саройида фаолият кўрсатган шу каби ўттиздан ортиқ мусиқачи номини аниқлаган.

Илк ўрта асрларда умумшарқ мусиқа маданияти ривожига улкан  ҳисса қўшган тарихий шахс – Борбаддир. У VI асрнинг 80-йиллари охирида Марвда таваллуд топган. Борбад Мовароуннаҳр халқлари мусиқа маданияти ривожига  ҳам улкан таъсир кўрсатган. Борбад мусиқий-илмий  фаолиятини асосан Сосонийлар саройида яратган. Айнан шу даврда Саркаш, Бамшод, Некиса, Ромтин, Фитна, Навогар, Саркаб, Робуст каби санъат намояндалари ҳам етишиб чиққан. Муҳаммад Тусийнинг “Ажойиб ул-маҳлуқот ва ғаройиб ул-мавжудот”, Абдурашид ал-Боқувийнинг “Китаб талхис ул-асар ва ажойиб ал-малик ул-қаҳҳор” асарларида Борбаднинг мусиқа илми ва ижрочилигида улкан ютуқларга эришгани хусусида халқ орасида кўп ривоятлар юргани ёзилган. Фирдавсий, Унсурий, Манучеҳра, Ҳофиз, Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий достонларида Борбад ҳақида маълумот келтирилган. Борбад биринчилар қаторида кўп асрлик мусиқий анъаналарга янгилик киритган. Шашмақом туркумлари таркибидаги айрим мақомлар ўша даврда яратилган. Мавригихонлик анъанаси ҳам шу даврдан бошланган, деган фикрлар бор.

Албатта, томоша санъати тарихида кўтарилиш ва тушкунлик даврлари ҳам бўлган. Уч бора намоён бўлган бундай ёрқин кўтарилиш, яъни уйғониш даврининг бири V-VII асрларда кузатилган. Буюк Ипак йўли орқали Кеш савдогарлари Узоқ Шарқ шаҳарлари, Хитой ва Кореядан ўтиб Японияга, ўарб йўналишида Мисргача бориб келганлар. Улар билан бирга қадимий Кеш маданияти, томоша ва мусиқа санъати ҳам кенг ёйилган. Хитой манбалари гувоҳлик беришича, умуман сўғдлик ва бақтриялик санъаткорлар хитойликларга мусиқа ва рақсдан сабоқ берганлар.

– Яна шуни ҳам айтиш керакки, VII-VIII асрларда араб босқинчилиги авж олган даврда уйлар ва саройлардан мақом оҳанглари эшитилиб, урушлар тўхтаб қолган, – дейди кўплаб моҳир хонандалар устози, Шаҳрисабз шаҳар болалар мақом ансамблининг бадиий раҳбари Элмурод Боймуродов. – Мақом ана шундай илоҳий қудратга эга…

 Иккинчи уйғониш даври IX-XII асрлар бўлиб, қадимги маданият ислом ва халифалик таъсирида ўзгариб, янги шакллар касб этган. Бу даврда Шаҳрисабзда ҳам касабаи созанда ташкил бўлиб, томоша санъатлари ривожига туртки беради. Ўн икки мақом ижрочилиги кучаяди. Ансамбль бўлиб ижро этиш анъана тусини олади. Шаҳрисабздан чиққан Бўзар исмли созанда шуҳрат топади.

Мовароуннаҳрда IX-XI асрларни қамраб олган ренессанс даври мусиқа маданиятини ҳам четлаб ўтмаган. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Ал-Хоразмий каби  буюк қомусий олимлар мусиқа маданияти муаммолари билан ҳам жиддий шуғулланганлар, Мовароуннаҳр халқларининг минглаб йиллик мусиқий меросини илмий таҳлил қилганлар.

Форобий “Китаб ал-мусиқи ал-кабир” асарида ҳатто антик давр юнон мусиқа назариясида кўплаб ноаниқликлар мавжудлиги, муаммолар тўлиқ ечилмагани ушбу илмий асарни ёзишига сабаб бўлганини қайд этади. Уд сози Форобий яшаган даврдан минг йиллар муқаддам пайдо бўлган ва унинг замонида мукаммаллик касб этган. Олимлар мусиқа назарияси асосларини яратишда асосан удга, унинг имкониятларига, товушларига, уд ҳамроҳлигида ижро этиладиган қўшиқларга суянганлар. XVII асрда Бухорода яшаган мусиқа назариётчиси Дарвеш Али Чангий ҳам удни товуши ёқимлилиги, диапазони кенглиги билан барча мусиқа асбобларининг подшоси деб ҳисоблаган.

Учинчи уйғониш даври эса Амир Темур ва Темурийлар салтанати билан чамбарчас боғлиқ. Энг муҳими шуки, Амир Темур Шаҳрисабз маданияти ва санъатининг туркий тилда, миллий анъаналар руҳида ривожланиши учун шароит яратди. Бахшилар чиқиши, кўпкари, чавгон, қобоқ ўйин каби чавандозлик ўйинлари, кураш, камон отиш сингари майдон томошалари, қиличбозлар, паҳлавон ва зўргарларнинг мусобақалари одатдаги ҳолга айланди. Машҳур мусиқачи Хожа Абдулқодир Мароғий (1340-1435) Амир Темур саройида яшаб ижод қилган. Соҳибқирон таклифи билан Бағдоддан Самарқандга кўчиб келган Мароғийга мусиқа илми билан шуғулланиши учун барча имкониятлар яратиб берилган. У Амир Темур, кейинроқ Мирзо Улуғбек ва Шоҳруҳ саройларида хизмат қилиб, 200 дан зиёд асарлар яратган. «Чаҳор зарб», «Зарб ал-фатҳ»,  «Майатайн»,  «Тасниф-и Хожа Абдулқодир», «Амал-и Тарона», «Амал-и Гулистон», «Амал-и Бўстон», «Амал-и Хористон» кабилар шулар жумласидандир. “Зафарнома”да ўз хонишу навозандалиги билан элга танилган устод Қутбиддин Найий, Ҳабиб Удий, Абдулмўмин гўянда, Муҳаммад нафирчи каби муғаннийлар тилга олиб ўтилган. Бу даврда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий каби улуғ шоирлар ҳам мусиқий рисолалар яратган. Санъатда, шу жумладан, томоша ва байрамлар бобида темурийлар даврида шаклланган анъаналар кўп асрлар мобайнида ўзини намоён этиб келди. Мовароуннаҳрда сиёсий ҳокимиятни эгаллаган Шайбонийлар даврида ҳам мусиқа маданияти ривожланишдан тўхтамади. Убайдуллахон ва ундан кейинги ҳукмдорлар даврида йирик мусиқашунос олим Нажмиддин Кавкабий  яшаб, ижод қилган. Унинг  «Рисолайи  мусиқи» ва “Рисолайи дар баёни Дувоздаҳмақом” каби мусиқа илмига оид асарлари етиб келган.

Кейинчалик Бухоро амирлиги ҳудудида юзага келган бадиий мактаблар таъсирида Шаҳрисабзда ҳам «Шашмақом» тароналари ва мавригихонлик куйларида ўйинга тушувчи раққослар, аёл яллачи ва ўйинчилардан иборат созандалик дасталари фаолият кўрсатган. “Умумжаҳон мероси” рўйхати (ЮНЕСКО)га киритилган шаҳарнинг тарихий марказида жойлашган мақом музейи билан батафсил танишиб, нафақат инсониятнинг илк тамаддун даврларидан бошлаб ривож топган қадим Кешнинг миллий томоша ва мусиқа санъати, айни пайтда, асрлар оша қудратли маънавият манбаи бўлган Ўзбекистон халқларининг миллий мусиқа маданияти, машҳур муғанний ва бастакорлар ҳақида ҳам тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Улардан бири XIX асрда Шаҳрисабзда яшаб фаолият олиб борган Абдураҳмонбек бўлиб, у “Шашмақом” таркибидан ўрин олган Бузрук мақомининг наср бўлимига кирувчи Савти Сарвиноз  шўъбаси асосида яратилган “Абдураҳмонбеги”нинг муаллифидир. Ёзувчи Неъмат Арслоннинг халқаро мақом санъати анжумани арафасида чоп этилган “Савти Сарвиноз” романида машҳур мақомсоз бастакорнинг ҳаёт йўли ва миллий санъатимиз ривожига қўшган ҳиссаси тарихий манбалар асосида бадиий талқин этилган.

Мусиқашунос олимларимиз қайд этишича, ўзбек мусиқа меросида тўртта маҳаллий (локал) услуб мавжуд. Улар – Фарғона -Тошкент, Бухоро-Самарқанд, Қашқадарё-Сурхондарё ва Хоразм услублари. Ўз навбатида Қорақалпоғистон бадиий ижодиёти ҳам алоҳида учта маҳаллий услубга эга. Табиийки, Фарғона–Тошкент, Бухоро–Самарқанд, Қашқадарё–Сурхондарё ва Хоразм воҳаларининг мусиқий удум-анъаналари ўртасида ўзига хос муштараклик мавжуд. Ҳар бир макон учун ҳам ўзига хос мусиқий анъаналар характерли бўлиб, достончилик анъанаси Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм воҳалари учун муштарак жиҳатларга эга.

* * *

Бугун Оқсарой ёнида қайта тикланган Самарқанд дарвозадан қалъасимон шаҳарга қадам қўйишингиз билан сизни, олти аср аввал бўлганидек, ҳунармандларнинг бир-биридан гўзал расталари қарши олади. “Ҳунармад” уюшмасининг вилоят бўлими анжуман қатнашчилари ва хориждан келган меҳмонлар учун бир қанча кўргазмалар ташкил этган. Ўзбекистон халқ устаси Баҳодир Ниёзовнинг айтишича, Касби кулоллари ва тандирпазлари шу ердаги рамзий кулоллар уйида ўз маҳоратини амалда намойиш этаётган бўлса, уларга ёнма-ён жойлашган чироқчилик ва миришкорлик гиламдўзлар, косонлик темирчилар, варганзалик ироқи дўппи усталари, Шаҳрисабз каштачилари, ғилонлик созгарлар ва пичоқчилар ҳам дастгоҳлари ёнида халқимизнинг барҳаёт ҳунармандлик санъатини кўз-кўз этишаётир. Шаҳрисабзнинг юксак тоғлар белидаги ўилон қишлоғидан келган моҳир чолғу ясовчи усталар билан бирга Қашқадарёнинг турли туманларидан таклиф этилган ўн бешдан ортиқ моҳир созгарлар ҳам ўзлари ясаган чолғулар савдо-ярмаркасини ташкил этишган. Айни чоғда, Оқсарой майдони ҳудудида барча вилоятларнинг моҳир ҳунармандлари ва бадиий жамоалари ҳам ўзига хос миллий урф-одат ва анъаналарини, ранг-баранг этнографик санъатини, турли саҳна кўринишлари, куй-қўшиқ ва яллаю лапарларини намойиш этишаётир.

Амир Темур ҳазратларининг муҳташам ҳайкали пойидаги улкан амфитеатрда эса, ҳар оқшом турли халқларнинг мақом оҳанглари таралиб, барчани улкан анжуманга чорламоқда.

Халқаро мақом санъати анжумани 10 сентябргача давом этади. Анжуман доирасида она Ватанимиз тимсолида Қашқадарё вилоятининг сарқирра туристик салоҳияти ҳам намойиш этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев халқаро мусиқа байрамининг тантанали очилиш маросимидаги нут­қида таъкидлаганидек, бугун Шаҳрисабз­нинг мовий гумбазлари остида жаҳондаги кўплаб халқлар ва мамлакатларнинг мусиқий хазинасига айланган, ўзининг теран фалсафаси, илоҳий қудрати билан минг-минглаб қалб­ларни мафтун этадиган мақом садолари баралла янграмоқда. Дарҳақиқат, мақом оҳанглари кўнгилларни ғубордан поклаб, инсониятни тинчлик ва ­тараққиёт йўлидаги буюк мақсадлар сари чорлайверади.

Мурод АБДУЛЛАЕВ,

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири    

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг