Ватанни севмоқ иймондандир: Тарих – жасорат сабоғи (2018 йил 26-27 сон)

401

Милоддан олдинги асрларда эронлик аҳмонийлар 200 йил, сўнгра грек-македонияликлар 180 йил, араб халифалиги салкам 200 йил, мўғуллар 150 йил, аор Россияси ва аовет давлати 130 йил бу ўлкани ўз ҳукми остида ушлаб турди. Умумлаштирсак, бу даврлар салмоғи 850 йилдан ошади. Бироқ шунча зулм ва зўровонликларни бошидан кечирса-да, халқимиз ўз ғурури, тили, урф-одатлари ва қадриятларига суяниб ўзлигини сақлаб қолди. 

Донишмандларнинг, “Зўрлик билан куч ишлатиб банди қилинган одам қул эмас, балки ўзининг қуллигига рози бўлган одамгина қулдир”, деган сўзлари айнан бизнинг халқимиз ҳақида айтилгандек. Ватанпарвар аждодларимиз босқинчиларга қарши тинимсиз кураш олиб бордилар. Бу муросасиз кураш ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий манзиллар юртимизда жуда кўп учрайди. Улар бизга ўтмишнинг қора ва мусибатли кунлари ҳақида сўзлайди, жасорат ва мардликдан сабоқ беради…

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманига қарашли “Камолон” маҳалласидаги кўча четида мақбарага ўхшаш кичик ғиштин гумбаз қўнқайиб турибди. Бу митти иншоот кўринишиданоқ чор Россияси даври меъморчилиги услубини эслатади. Эски ўзбек маҳалласига “бегона” бу гумбаз қандай пайдо бўлган?

Суриштириб билсак, бунинг узун ва таассуфли тарихи бор экан. 

…Мусибатли 1865 йил. Саркарда мулла Олимқул шаҳид бўлган. Аскарлар ва аҳолининг қаҳрамонона қаршилигига қарамасдан, бир неча хоинлар касофати билан Тошкент шаҳри қўлдан кетган илк кунлар. Босқинчи генерал Черняев – Туркистоннинг яна бир муҳим шаҳри забт этилганидан хурсанд. У кўҳна Тошкентга нопок қадамини қўяркан, бу воқеага ўзича тантанавор тус бермоқчи бўлади. Шу мақсадда “Камолон” дарвозасига олиб борувчи йўл четига мағлублар – маҳаллий аҳолини қатор қилиб тизиб қўйишади. Черняев ўз қўшини билан шу дарвозадан шаҳарга киришни мўлжаллайди. Аммо охирги дамда кўнглига ғулғула тушиб, оқ отга ўзининг адъютантини ўтқазади. Маккор босқинчининг қўрққанича бор эди: аҳоли ночор бош эгса-да, уларнинг кўзидаги ўт кўксига найзадек қадаларди гўё.

Мағлубият аламига чидай олмаган бир баҳодир дарвоза олдидаги каттакон ўрик шохлари панасида қўлида ўқ-ёй билан пайт пойлаб турарди. У барабанлар садоси остида, оқ отда ўтаётган басавлат полковникни Черняев деб гумон қилади. Бутун нафратини пайконига жамлаб, камондан ўқ узади. Қоқ кўксидан ўқ еган босқинчи тўнғиздек бўкириб, отдан ағдарилади-ю, шу заҳоти жон беради. Ногаҳон юз берган бу воқеадан ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетади. Босқинчиларнинг тантанали тадбири барбод бўлади.

Кейинроқ полковник ўлган жойда биз юқорида тилга олган иншоот – “часовня” қурилган. Тарих китобларида, ҳатто унинг исми-фамилияси ҳам дарж этилган! Ҳалиги қаҳрамонни эса ўша заҳотиёқ топиб, шаҳид этган бўлсалар керак. Бу шерюрак қасоскорни, эҳтимол, жиноятчи ёки террорчи деб таърифлагандирлар. Айни шу сабабга кўра, мард ва жасур халқ қаҳрамонининг исми ҳам, қабри ҳам номаълум, унутилган. Ҳолбуки, унинг жасорати келгуси авлодлар учун буюк ватанпарварлик намунаси бўлиши мумкин эди…

Мулла Олимқул кучлар нисбати тенг бўлмаса-да, ёв устидан бир неча ёрқин ғалабаларга эришган.

Саркарда 1865 йилнинг 9 май куни бўлган жангда тўп ўқи парчасининг қорнига келиб тегиши натижасида шаҳид бўлади (Муаррихнинг ёзишича, саркарданинг қорнидан ичаклари осилиб қолади. Саркарда отдан тушмай уларни йиғиштириб олади, бошидаги салласи билан қорнини маҳкам боғлаб, яна жангга киради. Бироздан сўнг секин четга чиқиб, отидан тушади-ю, калима қайтариб, жон беради).

Фақат шундан кейингина ёв Тошкентга кира олган.

Шу ўринда бир қанча саволлар туғилади: хўш, душманнинг замонавий тўплари ва бешотар милтиқларига қарши асосан қилич-найзалар билан жанг қилиб, жасорати ила ёвни қаттиқ таҳликага солган саркарда мулла ­Олимқул додхоҳнинг қабри қаерда? (Ҳатто, генерал Черняев ўша пайтларда унинг қабрини ҳарбийча ҳурмат юзасидан зиёрат қилган). Мулла Олим­қулга ҳайкал ўрнатилганми? Унинг номи кўчаларга қўйилганми? Бу зот ҳақида китоблар битилганми? (Кинолар ҳақида гапирмай қўя қолайлик…)

Бугун ана шундай аламли-аччиқ саволлар олдимизда кўндаланг бўлиб турибди. Жумладан, босқинчиларга қарши мардларча курашган Ёқуббек додхоҳ, Жўрабек додхоҳ, Абдумалик тўра, Қурмонжон додхоҳ, Мадаминбек, Иброҳимбек, Шермуҳаммадбек, каби саркардалар, Мунаввар қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Алихонтўра Соғуний сингари аллома, ватанпарвар зотларнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасорат ва маърифатга чорловчи меросини ўрганиш борасида ҳам айтиш мумкин.

Катта унвон ва мансабларни “забт этган” қанчалаб тарихчи олимларимиз бор. Лекин бу савлатли домлалар ҳатто, суҳбат орасида ҳам мулла Олим­қулни эсламайдилар! Жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш борасида қилиниши лозим бўлган жуда кўплаб ишлар кутиб турибди.

Яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорга кўра ҳар ҳафтанинг жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” деб белгиланди. Мазкур ҳужжат нафақат ҳарбий соҳада, балки бутун жамиятимизда амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга дастур бўлади. 

Тунов куни интернет ижтимоий тармоғида “Камолон” маҳалласидаги тарихий иншоот хусусида бошланган баҳсда жуда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилди. Маълум бўлишича, аксарият юртдошларимиз бу иншоот тарихидан мутлақо бехабар. Шунга қарамасдан, ҳар ҳолда, “бу қандай иншоот, унинг тарихи нимадан иборат?” деган савол қўйилиши – бугунги ёшларимиз ўртасида тарихимизга қизиқиш бироз жонланганидан дарак беради. Ушбу саволга йўлланган жавобларда лоқайдлик иллати ҳануз кучли эканлиги ҳам акс этган. Яна, қурилмани бузиб, ғиштини сотиш, “пайнет” шоҳобчасига айлантириш, “туристларга кўрсатиб пулини олиш” сингари антиқа таклифлар ҳам билдирилганки, буларнинг бариси ёшлар ўртасида китобхонлик ҳамда маънавий-маърифий ишлар кўламини янада кенгайтириш нақадар долзарб вазифа эканини кўрсатади.

Бироз саёз фикрлар билдирилса-да, ҳар ҳолда, ёшларимиз ўртасида кўҳна тарих ва миллий қаҳрамонларимиз тарихига қизиқиш кучаяётгани қувонарли ҳол. “Соҳибқирон” сўзининг маъноси нима? Яна кимлар бундай унвонга сазовор бўлган? Шайбонийхон ҳақида маълумотлар нега кам? Оқсаройни қайта тиклаш мумкинми? Тошкентнинг ўн иккита дарвозаси қайта қуриладими?, каби саволларнинг пайдо бўлиши ёшлар ўртасида тарихимизга бўлган қизиқиш жонланаётганидан далолатдир. Тарих ҳаммавақт ватанпарварлик, мардлик ва жасоратдан сабоқ бераверади.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг